Ўтинчи чол билан тулки

Бир камбағал чол бор экан. Ҳар куни чўллардан ўтин-чўп, янтоқ териб, эшагига ортиб келиб, бозорда сотар экан. Ҳар куни чол чўлга ўтинга чиқиш вақтида хотини иккита чавати  қилиб берар экан. Кунларнинг бирида чол чўлга кетаётса, бир тулки йўлини тўсиб, икки чаватисини олиб еб қўйибди. Шу билан тулки ҳар куни чолнинг чаватисини ейдиган бўлибди. Чол кампирга айтмас экан, кампир чолга чавати пишириб бераверар экан. Бир куни чол ўйлаб туриб: «Мен ҳар куни чўлга боришимда шу йўл билан бораман, тулки чаватимни еб қўяди, бугун бўлак йўл билан борай», деб бошқа йўлга тушибди. Йўлда кетаётиб эшак устида ухлаб қолибди. Бир нарсадан чўчиб уйғониб қараса, эшаги бир катта чинор ёнида тўхтаб турибди. Чинор тагида бир супа, супа устида қирқта дев ухлаб ётибди. Чол девларни кўриб жуда қўрқибди. Девлар ҳар ухлаганда қирқ кун ухлар экан. Уларнинг ухлаганига ўттиз тўққиз кун бўлган экан. Бир кунлик уйқуси қолган девлар одамзод ҳидига уйғониб қолишибди. Девлар қараса рўпарасида бир одам турибди. Девлар бир-бирини туртишиб, бир-бирига шивирлашиб қолишибди. Чол булардан қўрқиб: «Булар мендан гап сўраса нима десам бўлар экан. Агар бирор гап сўраса, мен Азройилман дейман, шу ерда қирқта дев бор экан, худо мени «шуларнинг жонини олиб кел» деб юборди, шунга келдим, деб айтаман», деб ўз гапини ўзи маъқуллаб девлар қошига борибди. Девлар чолга қараб:
— Келинг ота, кимсиз? — дебди. Чол:
— Мен худонинг юборган Азройилиман. Шу жойда қирқта дев бор экан. Шуларнинг жонини оламан, — дебди.
Девлар қўрқиб: «Бу чол Азройил экан, энди нима қиламиз», деб маслаҳат қилишибди. Девлардан бири:
— Эй жўралар, отамиздан қолган бир тилла кели билан келисоп бор. Бу бизнинг жонимиздан азизми, шуни берайлик, — дебди. Бошқа девлар:
— Албатта жонимиздан азиз эмас, лекин келисини берсагу, сопини олиб қолсак, — дейишибди. Бу маслаҳатга ҳаммаси розилик беришибди.
Девлардан бири чолга:
— Бирор нарса бериб, сизни хурсанд қилсак, жонимизни олмайсизми? — дебди. Чол:
— Эй девлар, менга ҳеч нарса керак эмас, Менга фақат девнинг жони керак, — дебди.
Шунда девлар бир-бири билан маслаҳатлашиб, кели билан келисопни ҳам бермоқчи бўлишибди.
— Эй чол, бизнинг отамиздан қолган тилла кели билан келисоп бор, шуни сизга берамиз, бизни ўлдирманг, — дебди.
Чол ўзини тутиб:
— Бўлмаса келтиринглар, эшагимга юклаб беринглар, гуноҳларингдан ўтсам ўтайин, — дебди.
Чол тилла кели билан келисопни эшагига юклаб ўз уйига кетибди. Орадан икки кун ўтгандан кейин девлар «Азройил» чолдан қутулганликлари учун бўри билан тулки дўстларини чақириб, қирқ қулоқли қозонни осиб зиёфат қилишибди. Чолнинг чаватисини еб юрган тулки девларга қараб ҳазиллашиб:
— Эй девлар, отангизнинг ўлганига неча йиллар бўлиб кетган бўлса, нечук бугунга келиб ис чиқаряпсизлар? —  дебди. Девлардан бири:
— Ҳай дўстим, оғзингни очма, худонинг юборган Азройилидан қутулганимизга зиёфат қилаётибмиз, — дебди.
Тулкй:
— У қандай одамзод экан? — дебди. Дев:
— Соқоллари узун, белида арқони бор, эшак минган бир чол, — дебди. Тулки қарсак уриб кулибди:
— Сенлар ҳам девман деб юрибсанлар. Мен ҳар куни у чолнинг икки дона чаватисини еб юрар эдим. Икки кундан бери бу йўлдан юрмасдан, бошқа йўлдан юриб кетибди. Шунда сизларга тўғри келиб, сизларни алдаб кетибди. Мен сизларни чолнинг уйига олиб бораман, юринглар, — дебди.
Девлар ҳайрон бўлишибди. Тулки бешта девни ўзи билан бирга олиб, чолнинг уйига жўнабди. Девлар қўрққанларидан бир-бирларини ушлашиб келишибди.
Чол илгари қийналган ўтинчи экан. Тилла кели, кели сопни олиб, озгинадан майдалаб бозорга сотиб, турмуши жуда яхши бўлиб кетибди. Бир куни хотини хамир қилиб ўтириб чолга қараб:
— Ҳай чол, ўтин ташланг, хамир кўпчиб қолди, — дебди.
Чол ўтин ташлаб туриб шундай кўчага қараса, ҳалиги чаватисини еб юрган тулки бешта девнинг думидан ушлаб келаётган эмиш. Чол билан кампир: «Илгари ўлмасак ҳам энди ўламиз», деб қўрқиб кетишибди. Чол ўйлаб туриб: «Шу тулкининг шаънига бир ёмон гап гапирсам, қутулсак ажаб эмас», деб:
— Ҳа, тулки, сен отангдан қолган қарзларинг учун бу бешта девни олиб келяпсанми, менга улар керак эмас, ўзимнинг ҳақимни бер, — дебди. Шунда девлардан бири:
— Ҳа, бизни отангдан қолган қарзинг учун олиб келаётган экансан, — деб тулкининг думидан ушлаб ерга бир урибди. Тулкининг оғзи қийшайиб, тиши иржайиб ўлиб қолибди. Девлар орқасига қарамай, қочиб кетибдилар. Чол томдан тушиб, тулкининг терисини ажратиб олиб келиб, телпак қилиб кийиб олибди, Бешта дев ҳаллослаб бориб шерикларига:
— Тўғри, у чол худонинг юборган жаллоди экан. Тулкининг ундан қарзи бор экан. Бизни шу қарзи учун чолга топширмоқчи бўлган экан, тулкининг думидан тутиб ерга урдик, жойидан қимирламай ўлиб қолди, — дебди.
Девлар чолдан ва тулкидан қутулганликларига зиёфат қилибдилар. Чол ҳам тулки билан девлардан қутулиб яхши турмушга эга бўлибди. Чол ҳозиргача тулки телпагини кийиб юрган эмиш.