Бурунги замонда бир подшо ўтган экан. Бир куни подшо бир камбағалнинг қизини олмоқчи бўлиб, совчи юборибди. Совчилар келиб, подшонинг сўзини қизга айтишибди. Камбағалнинг қизи совчиларга:
— Подшога бориб айтинглар, олмоқчи бўлса, мен ҳам розиман. Лекин подшо бир ҳунар билсагина тегаман, агар билмаса ўргансин, — дебди.
Совчилар подшо олдига келиб қизнинг шартини айтишибди. Подшо бу гапни эшитиб, аввалига аччиғи келибди, сўнг ўйланиб туриб, қизнинг гапи таъсир қилибди. “Подшолигим ҳунар эмас экан-да. Хайр, ҳунар ҳам ўрганай”, деб ўз ўрнига вазирини қолдириб, ҳунар ахтариб чиқиб кетибди. Ҳамма ҳунарларни кўриб, гиламчилик маъқул бўлибди. Гилам тўқийдиган бир яхши устани топиб, шунга шогирд тушибди. Уч йил-у уч ой деганда гилам тўқишни ўрганибди. Бир гилам тўқиб, қизнинг уйига юборибди. Подшо “Ҳунар ўргандик, шартини бажардик”, деб айтиб юборибди. Қиз:
— Подшо шартимни бажарган бўлса, мен ҳам сўзимда турибман, энди тегаман, — дебди.
Подшо тўй-томоша қилиб қизни олибди, хотинидан кўнгли тўлиб, подшолигини қилиб юраверибди.
Кунлардан бир куни шу подшо мамлакатидаги элнингсавдогарлари, катта-катта бойларидан бир қанча киши йўқ бўлиб қолибди. Бу хабар пбдшога етибди. Қанча-қанча амалдорлар ахтариб, бойларнинг дарагини топмабди.
Подшо “Буларни ўзим ахтарайин, шаҳарда бир сир борга ўхшайди, буни билмасам бўлмайди”, деб подшолик кийимларини ечиб, бошқа кийимлар кийиб, одам танимайдиган бўлиб, кечаси эл-у халқ ётгандан кейин шаҳарни айланмоқчи бўлиб, чиқиб кетибди. Бир куни айланиб юрса, узоқдан бир чироқ кўринибди. Подшо тўғри шу чироқ кўринган жойга борса, бир ошхона эмиш. Ошхонанинг ичида кўп одам овқат еб ўтирган эмиш. Эшикни очиб қараши билан ошхона эгасининг кўзи унга тушибди ва:
— Нима ишингиз бор? — деб подшодан сўрабди. Подшо:
— Қорним оч, овқат емоқчи эдим, — дебди. Ошхона эгаси:
— Қани, ичкари киринг, тўрга ўтинг, — деб уни ичкари уйга олиб кирибди. Подшо тўрга ўтаётиб ернинг остига тушиб кетибди. Қараса, рўпарасида бир одам турибди. У одам подшонинг қўлидан тутиб, ичкари уйга олиб кирибди. Уйда одам жуда кўп экан. Подшо қўрқиб, индамай турганида бир киши ўтирган еридан қўзғалиб, қўлига катта пичоқни ушлаб:
— Қани, ҳозир навбат кимники? — деб, тўғри подшонинг олдига келиб, уни сўймоқчи бўлибди. Бирови келиб калласидан ушлабди. Подшо эсдан адашиб, хаёли қочибди. Сўймоқчи бўлганларга:
— Сизлар кимсизлар, сизга жон керакми, мол керакми, пул керакми? — дебди. Улар:
— Бизга жондан бошқа бари керак, у бўлмаса жон керак, ҳозир сенинг калланг керак, — дейишибди. Подшо:
— Пул, мол топиб берсам бўладими? — дебди. Улар:
— Бўлади, — дейишибди. Подшо:
— Ундай бўлса бир ҳунар кўрсатаман, менинг айтганимни қиласизлар. Мен бир гилам тўқиб бераман, шуни подшога олиб борсанглар, минг тилла беради, — дебди. Улар:
— Қани, ҳунарингни кўрайлик, — дейишибди. Подшо “у керак, бу керак”, деб гилам тўқиш учун керакли нарсаларни айтибди. Ҳалиги одамлар бозорга бориб, подшонинг айтган нарсаларини олиб келишибди. Подшо ипакдан бир гилам тўқиб:
— Мана шу гиламни подшога олиб боринглар. Подшо сизга минг тилла беради, — дебди.
Ҳалиги одамлар гиламни кўтариб, подшо саройига олиб боришибди. Саройдан бир маҳрам чиқиб, гиламни ичкарига олиб кириб, кимга беришини билмай, вазир билан маслаҳатлашибди. Булар подшони йўқотиб, ҳайрон бўлиб юрган эканлар, гиламни подшонинг хотинига кўрсатишибди. У ўзининг эри тўқиган гиламни таниб, гилам келтирган одамларга минг тилла бериб юборибди ва орқасидан одам қўйибди. Ўғри тиллаларни олиб, суюниб тўғри ошхонага кириб борибди. Орқасидан пойлаб келган одам вазирга хабар берибди. Вазир бир қанча аскарларни олиб келиб, ошхонани ўраб, ичкарига кирибди, подшони қутқаришибди. Подшо ўзига ўхшаб қўлга тушган барча одамларни озод қилибди, ўғри ва қароқчиларнинг қўлларини боғлатиб, аскарларига ҳайдатиб саройга келибди ва ҳаммасини дорга остирибди.