Қўнғиз бикач

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадимги замонда бир Қўнғиз бикач бор экан. У ёлғиз яшар экан. Кунлардан бир кун Қўнғиз бикач эрга тегмоқчи бўлиб, йўлга чиқибди. Неча ой, неча кун йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб бир саҳрода кетаётганда, бир мол боқиб юрган подачига дуч келибди.
Подачи:
— Ҳа. Қўнғиз бикачойим, қаёққа?
— Эрга теккани кетяпман.
— Эрга тегсангиз, менга тега қолинг.
— Хўп, сенга тегаман. Аччиғинг келса нима билан урасан?
— Қўлимдаги мол ҳайдайдиган таёғим билан ураман. Бу гапни эшитган бикач кеккайиб:
— Сари кавиш, санама жувон. Гул-гул кўйлак, гулама жувонман. Сенга тегиб, калтак егунча итга тегай, — деб йўлида кетаверибди.
Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир манзилга етганда, бир қўй боқиб юрган чўпон билан учрашибди. Чўпон:
— Ҳа, Қўнғиз бикачойим, қаёққа?
— Эрга теккани кетяпман.
— Эрга тегсанг, менга тега қол.
— Хўп, сенга тегай. Аччиғинг келса, нима билан урасан?
— Қўй ҳайдайдиган калтагим билан ураман.
— Сари кавиш, санама жувон. Гул-гул кўйлак гулама жувонман. Сенга теккунча, итга тегай, — деб йўлида кетаверибди.
Йўлда кетаётиб Сичқонбой билан учрашибди. Сичқонбой:
— Ҳа, Қўнғиз бикачойим қаёққа?
— Эрга теккани.
— Эрга тегсанг, менга тега қол.
— Аччиғинг келса, нима билан урасан?
— Нимага сени урарканман. Думим билан силаб, токчага чиқариб қўйиб, сени боқаман, — дебди Сичқонбой.
Шундай қилиб Қўнғиз бикач Сичқонбойга тегибди.
Сичқонбой уни токчага чиқариб қўйиб ош, гўшт, нон, сув олиб келиб боқаверибди.
Кунлардан бир кун Қўнғиз бикач эшикка сувга чиқиб, кўприк тагида лойга ботиб қолибди. Кўприкдан ўтаётган кишиларнинг оти ундан ҳуркиб ўтолмабди. Шунда у отлиқларга қараб:

Дупур-дупур отлиқлар-а,
От бошини тортинглар-а,
Қўнғиз бикач ўлди, деб-а,
Сичқонбойга айтинглар-а, —
дебди.

Отлиқлардан бир раҳмдили Сичқонбойга айтибди.
Сичқонбой чиқиб уни қутқазиб олибди. Шундан сўнг сувга яқинроқ деб Қўнғиз бикач билан Сичқонбой кўприк тагида яшайверибдилар.