Қашқа номли бир қуён бор экан. Бир кун у эшагига минибдида, хўтигини эргаштириб, чангалзор орқасида яшайдиган холасиникига кетибди.
Ариқ лабида қумзамбарак ўйнаб ўтирган қуёнчалар:
— Чангалзор қўрқинчли, ёлғиз борма! — дейишибди қичқиришиб, қашқа кўнмабди.
Кун қизиган, туш пайти экан. Шўх хўтик бошидаги попукларини силкитиб диркиллар, бўйнидаги қўнғироғи ҳадеб жиринглар экан.
Чангалзорда ота, она ва бола тулкилар яшар эканлар. Қўнғироқ овозини эшитиб, уларнинг қулоқлари диккайибди.
— Қайсар қашқа келяпти, — дебди бола тулки.
— Адабини берамиз, — дебди она тулки, — мен эшагини олиб қочаман.
— Мен хўтигини олиб қочаман, — дебди ота тулки.
— Мен кийимларини, — дебди бола тулки.
Қашқа чангалзорнинг қоқ ўртасига етибди. Қашқа эшакни ҳайдаб олдинда бораверибди, чарчаган хўтик эса, анча кейинда қолиб кетибди. Қашқа ортига қарайвериб, охири бўйни оғрибди ва:
— Хут-хут-хут, — деявериб чарчабди. Энг охири у: “Қўнғироқ жиринглаяпти-ку, хўтик келаяпти-да”, деб ўйлабди. Кейин бемалол кетаверибди.
Буни кўрган ота тулки аста келиб, хўтикдан қўнғироқни ечиб олибди-да, эшакнинг думига боғлаб қўйибди. Кейин хўтикни олиб қочибди.
Муюлишда — дарахтлар орасида бирдан она тулки пайдо бўлиб қолибди.
— Ҳой қуёнча, якка ўзинг қаёққа кетаяпсан? — деб сўрабди у. Қашқа: “Тағин шум тулки хўтигимни олиб қочмасин”, деб шартта қайрилиб қарабди, қараса, хўтик йўқ.
— Бой хўтиккинам… қайда қолдинг? — деб бирдан йигиаб юборибди.
— Йиғлама, — дебди она тулки, — хўтигинг қаёққа боришини билмай, нариги муюлишда турибди. Бориб ҳайдаб кел. Мен эшагингга қараб тураман. Қашқа суюнганидан эшакни қолдириб, орқасига қараб югурибди.
— Вой лапашанг-е, — деб кулибди она тулки ва эшакка мина солиб қочибди.
Қашқа хўтикни тополмай, қуруқ қайтиб келибди. Қараса, эшаги йўқ. Бирам қўрқиб кетибдики, асти қўйинг. “Энди ўзимни ҳам ўғирлаб кетмасалар эди…” деб ўйлабди.
Қашқа чопқиллаб кетаётган экан, кўл лабида йиғлаб ўтирган жажжигина бола тулкига йўлиқибди.
— Эй биродар, — дебди бола тулки, — шўрим қуриди. Бозор бораётган эдим, бир ҳамён олтиним сувга тушиб кетди, энди нима қиламан. Отам ўлдиради…
— Йиғлама, — дебди қашқа, раҳми келиб.
— Сузишни билсанг, олиб чиқиб бер. Юз тангасини сенга бераман, — дебди бола тулки.
Қашқа ўйлабди: “Юз танга. Эшак билан хўтикнинг баҳоси юз танга турса керак, бунга эшак сотиб олсам бўлади…”
— Бўпти, — дебди қашқа. У ҳаш-паш дегунча, кийим-бошини ечиб, сувга шўнғибди.
— Муродимга етишдим, — деб кулибди бола тулки.
Қашқа олтинни тополмай чиқса, кўл лабида бола тулки ҳам йўқ эмиш, кийимлари ҳам… Шу-шу, қашқа чангалзорда ҳеч ёлғиз юрмайдиган бўлибди.