Бир куни лайлак тулкини зиёфатга чақирибди. Тулки лайлакникига келибди. Лайлак суюқ ош қилибди, кўзага қуйиб ўртага қўйибди.
— Қани, тулкивой, овқатдан олинг, — деб тулкини овқатга таклиф қилибди. Тулкивой бўйнини чўзиб, роса уринибди. Барибир бўлмабди, оғзи ошга етмабди. Шунда тулки:
— Қани, лайлаквой, ўзларидан бўлсин, менинг қорним тўқ, — дебди. Шунда лайлак кўзанинг ичига баҳузур тумшуғини тиқиб, хотиржам овқатини еяверибди. Лайлакнинг ўзи қорнини тўйғазиб олибди. Тулки:
— Ҳа, бопладинг-ку, — дебди ўзига-ўзи.
Эртаси куни тулки лайлакни зиёфатга чақирибди. Тулки кулчатой қилиб тахтанинг устига юпқа қилиб яйратиб, ўртага қўйибди. Шунда тулки:
— Қани, лайлаквой, олинг таомдан, — дебди.
Лайлак тумшуғини тахтага урибди, аммо оғзига ҳеч нарса кирмабди. Лайлак кўп уриниб, ҳеч нарса ея олмабди, у:
— Эй, тулкивой, ўзингиз олаверинг, менинг қорним тўқ, — дебди. Шунда тулки баҳузур тилини ёйиб, тахта устига кулчатойнинг ҳаммасини ўзи еб тугатибди. Лайлак очдан ўладиган бўлиб, уйига қайтибди. Кетаётганда тулки:
— Эй лайлаквой, дўстим, эртага ҳам келинг, бир ғалати ўйин бор, шуни ўйнайлик, дебди.
Лайлак эртасига ҳам тулкиникига меҳмон бўлиб келибди:
— Қани, нима ўйининг бор, кўрсат, — дебди. Шунда тулки:
— Эй, дўстим, сен менинг устимга чиқ. Сен кўрмаган мамлакатларни кўрсатаман, — дебди.
Лайлак тулкининг устига чиқиб, ўтириб олибди. Тулки лайлакка:
— Дўстим, икки қанотингни устимга ёзиб, икки учини менга тишлатиб қўй, мен баланд ерлардан ирғисам, йиқилмайсан, — дебди. Лайлак икки қанотини тулкига тишлатиб қўйибди. Шунда тулки лайлакнинг икки қанотидан тишлаб, қаерда дўлана, тўқай бўлса, ўшанинг ичига кириб югураверибди. Лайлакнинг қанотлари тўкилиб, қип-қизил гўшт бўлиб қолибди. Шунда тулки тўхтаб, лайлакни устидан туширибди. Лайлак айтибди:
— Раҳмат, тулкивой, бўлганича бўлдим. Ўйин шунчалик бўлади, бундан ортиқ бўлмайди.
Шундан кейин лайлак дарёларнинг бўйида қурбақалардан ушлаб еб, қирқ кун ўзини боқиб, ухлаб дам олибди, ўз уйига келибди, қирқ кунда лайлакда пат ҳам пайдо бўлиб, учадиган бўлибди ва тулкининг олдига учиб келибди. Лайлак:
— Дўстим, омон-есон юрибсанми? Бизникига бор, сенинг ўйининг жуда қизиқ экан, мен ҳам сенга ғалати ўйинларни кўрсатаман, — дебди.
Тулки лайлакникига борибди, лайлак:
— Қани дўстим, устимга чиқ, — деб тулкини устига ўтқазиб олибди-да, секин-аста учиб, тулкини осмонга олиб чиқибди ва:
— Ер кўриняптими? — деб сўрабди.
— Ҳа, кўриняпти, — дебди тулки.
— Лайлак яна баландроққа кўтарилиб учибди. Бир соатдан кейин:
— Тулкивой, ер кўринаяптими? — деб сўрабди. Тулки:
— Йўқ, кўринмаяпти, — дебди. Шунда лайлак:
— Энди манзилга яқинлашдик, бу қанотим толди, энди бу қанотимга ўт, — дебди. Тулки секин қўзғалиб лайлакнинг у қанотидан бу қанотига ўтай деганда, лайлак бир ағдарилиб, тулкининг оёғини осмондан қилиб юборибди. Тулки дам боши, дам оёғи билан айланиб-айланиб ерга тушаверибди.
Бир қўйчивон пода боқиб пўстинини ечиб, ерга тўшаб, хотиржам ўтирган экан. Бир вақт қўйчивон осмонга қараса, осмондан бир нарса тушиб келаётган эмиш. Уни кўриб қўйчивон: “Ҳа, бу Худонинг балоси бўлса керак”, деб ўрнидан туриб, қўйларни ташлаб қочибди. Тулки келиб ҳалиги қўйчивоннинг пўстини устига тушибди. Пўстинни судраб, бир тошнинг ёнига бориб, пўстинни тагига солиб ётаверибди.
Бир куни тулки пўстиннинг устига ўтирган экан, бир бўри унинг олдига келибди ва ундан сўрабди.
— Эй тулкивой, бу тўнни ким тиккан?
— Ўзим бичиб тикканман, — дебди тулки. Бўри:
— Э, сиз чевармисиз? Чевар бўлсангиз менга ҳам шундай бир пўстин тикиб берсангиз. У қанча қўйнинг терисидан бўлади? дебди. Тулки:
— Ўн тўрт қўйнинг терисидан бўлади, сиз катта одамсиз, сизга ўттиз бешта қўйнинг териси пўстин бўлади, — дебди. Шунда бўри ўттиз бешта қўйни ҳайдаб келиб сўйиб, гўштини ажратиб, тулкига ҳаммасини тайёр қилиб берибди. Тулки қўйларнинг териларини тўплаб, унинг устига чиқиб ўтираверибди. Ўттиз бешта қўйнинг гўшт-ёғини еб ётаверибди. Бир ойдан кейин бўривой келиб:
— Эй чевар, пўстин битдими? — дебди.
— Пўстин битди, лекин ёқасидан қиядиган жойи бор, сиз шу ерда ўтириб туринг, мен қўшниларникидан қайчи олиб чиқиб ёқа, енгини қийиб устингизга кийгазиб қўяман, — дебди ва тулки бўрини ўтқазиб қўйиб, қочиб кетаверибди. Тулкини кутиб бўри кечгача ўтирибди. Тулки келмабди. Шундан кейин бўри тулкидан алданганини билиб қолибди ва ўрнидан туриб, тулкининг уясига кириб қараса, пўстин ҳам йўқ, тулки ҳам йўқ эмиш. Бўри баландликка чиқиб қараса, тулки бир ерда пусиб кетаётган эмиш. Бўри қувиб кетаверибди. У тулкига етай деб қолибди. Тулки бир вақт орқасига қараса, бўри етай деб қолибди. Тулкининг ковакка кўзи тушиб қолибди. У бориб, ўша кавакка кириб кетибди. Бўри ҳам унинг кетидан кирмоқчи бўлибди. Бироқ у ҳар қанча уринса ҳам кавакка сиғмабди. Уч кунгача қимирламай тулкининг чиқишини кутиб ётаверибди, оч қолибди. Шунда бўри бир деҳқоннинг кўзасини олиб келиб, тулки кириб ётган кавакнинг оғзига тўғрилаб қўйибди. Шамолда кўза бўридай увуллай бошлабди. Тулкига бу худди бўри увуллаётгандай бўлиб эшитилибди. Тулкининг ҳам қорни ниҳоятда очибди. У ковакдан бошини секин чиқариб қараса, бўри йўқ эмиш, тулки бўридан алданганлигини кўриб, мени алдаган сенми, сенинг ҳам бир адабингни бериб қўяй, деб кўзани думига боғлаб, уни чакалакка олиб бориб:
— Жон тулки ака, дегин, — дебди. Кўза индамабди. — Сени дарёга бориб чўктириб оидираман, — деб судраб бориб, уни сувга солибди, кўзага сув тўлиб чўка бошлабди, шундай қилиб, у тулкини ўзи билан бирга дарёга судраб, тушиб кетибди. Тулки сувга чўкатуриб, кўзага:
— Жон кўза, қўйиб юбор, — деб ялина бошлабди. Кўза қўйиб юбормабди, тулки думини узиб юбориб, зўрға қутулибди.
Тулки думи юлиниб, чўлтоқ бўлиб келаётса, бир ерда қирқта тулки ўйнаб юрган эмиш. Ҳалиги тулкилар:
— Ҳой калта дум, — деб орқасидан юриб, уни кечгача масхара қилишибди.
Бир куни чўлтоқ тулки уларни узумхўрликка олиб борибди. Қирқ тулки қарасалар, ранг-баранг товланиб узумлар ишкомда пишиб ётган эмиш. Кўриб хурсанд бўлишибди. Чўтоқ тулки уларга:
— Ҳали қувонишга вақт эрта. Чунки узумлар қорнингиз тўймасдан қочиб қолишлари мумкин, — дебди.
— Унда иш чатоқ экан, — дейишибди хафа бўлиб тулкилар.
— Хафа бўлманглар. Бунинг ҳам иложи бор, — дебди чўлтоқ тулки. — Ҳаммангиз токнинг зангига думингизни маҳкам боғлаб қўйсаларингиз, улар қочиб кетаётганда ушлаб қоласизлар. Бу гап тулкиларга маъқул тушибди. Думларини ток зангига маҳкам боғлаб қўйиб, узум ея бошлабдилар. Кўп ўтмай сўйил кўтариб, боғбон келиб қолибди. Чўлтоқ тулки осонгина қочиб қутулибди. Қирқ тулки бўлса калтак зарбидан думлари узилиб, аранг қочиб қутулибдилар. Шу-шу уларнинг ўзлари ҳам думсиз қолиб, чўлтоқ тулкини масхара қилмайдиган бўлишибди.