Эртагиё эртаги, эчкнларнинг бўртаги, қирғовул қизил экан, қуйруғи узун экан, кўк музга минган экан, мурути синган экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан, ола қарға азончи, қора қарға қозончи, чумчуқ чақимчи экан, тўрғай тўқимчи экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, эртагимнинг эри бор, етти кунлик ери бор, етти кунлик ерида думи калта бўри бор.
Кунларнинг бирида тулки кетаётган экан, бир товус думини сетора-сетора қилиб келаверибди. Шунда тулки айтибдики:
— Эй товус, ажаб-ажаб ўйинларинг бор экан, бир яхшилаб ўйнаб бергин.
Товус думини сетора-сетора қилиб ўйинга туша берибди. Тулкининг қорни оч экан, ўйнаб турган пайтида уни ушлаб олибди. Бир вақт товус қараса, тулкининг авзойи бузуқ, уни емоқчи бўлиб турибди. Товус:
— Эй тулки, нима қиляпсан? — дебди. Тулки айтибди:
— Менинг қорним оч, энди сени егим келиб қолди.
Товус:
— Хўп майли, мени егин, лекин кўз олдимда, бир фотиҳа ўқиб есанг, ҳеч армоним қолмас эди, — дебди.
Шунда тулки пичир-пичир қилиб қўлини кўтарибди:
— Омин, оллоҳу акбар, — деган экан, товус тулкининг олдидан «вар» этиб учиб кетибди. Тулки қўлини кўтарганича товусга қараб туриб шундай деб фотиҳасини давом эттираверибди:
— Овқат емасдан олдин фотиҳа ўқиган аҳмоқ экан, овқатни еб бўлиб, ундан кейин фотиҳа ўқиш керак экан, омин оллоҳу акбар, — деб фотиҳасини тамом қилибди.