Туҳматга учраган келин

Ўтган замонда Тутжар қишлоғида бир хасис бой яшаган экан. Унинг давлати, моли мулки кўкка сиғмас экан, бироқ қўли қаттиқликда тенги йўқ экан. Бойнинг камбағал, ўз меҳнати билан кун кўрувчи бир ғариб укаси бор экан. Бой укасига ҳеч қандай ёрдам бермаган экан. Натижада, у қийналиб вафот этган экан. Маҳалладаги кишилар, элу хешлар пул тўплашиб бечоранинг ўлигини кўмишган экан. Бу камбағалдан қолган бир ўғил қишлоқда подачилик билан кун кечирган экан.
Кунлардан бир кун ҳалиги подачи бола шу қишлоқлик бир деҳқоннинг қизини яхши кўриб қолибди. Қиз ҳам йигитга ўз розилигини билдирибди. Қизнинг ота-онаси бу ишдан хабар топиб, тўй қилиб, уни подачи йигитга беришибди.
Йигит билан қиз қишлоқда тинч ҳаёт кечира бошлабди.
Кунлардан бир кун хасис бой йўлда кета туриб, сув олиб келаётган келинчакка кўзи тушиб қолибди. Бой унинг ҳуснини кўриб, ошиқ бўлибди. Ёнида кетаётган кишидан:
— Бу келинчак кимнинг хотини? — деб сўрабди.
У киши «билмайман» дебди. Хасис бой келинчакнинг орқасидан қорама-қора бораверибди. У қараб турса, келинчак укасининг вайрона хонасига кириб кетибди. Бой бу келинчак жиянининг хотини эканини билиб, унинг пайига тушибди. Шу кунгача укасининг ҳолидан хабар олмаган, очликдан ўлганида ҳам нарво қилмаган бой подачи йигитни чақириб: «Укамдан қолган жияним, аҳволинг қалай, нега мендан қочиб юрибсан? Сен менинг укам ўрнида қолгансан. Менда ҳамма нарса бор, нега келмайсан?» — дебди.
Шунда йигит: «Бу қандай бўлди? Отам борида, ўлганида бир марта хабар олмаган, ёрдам қилмаган одам, энди нега ҳолимни сўраяпти? Ё кўнглига худо раҳм солдими? Нима бўлди экан», — деб ўйлабди.
У бойга:
— Нима хизматингиз бўлса айтинг, амаки, қўлимдан келганча бажараман, — дебди.
Бой унга:
— Мен сен ўйлаган ёмон одамлардан эмасман, сен ўзимникисан, сенга ишонаман, яна икки кундан сўнг менинг карвонларим йўлга тушади, сен ҳам шулар билан бир савдога борсанг, эсон-омон яна қайтиб келасан. Аста-секин сен ҳам мана шу қаттиқ кун — камбағалчиликдан қутулиб қоласан! — дебди.
— Амаки, мен карвонлар билан савдо ишига борар эдим-ку, бироқ хотиним ёлғизликда қийналиб қолади, — дебди йигит.
— Эй, қизиқ одам экансан, сен хотинингни ташвишини қилма, келгунингча мен ўзим келинга қараб тураман, — дебди бой.
Йигит карвонлар билан кетишга рози бўлибди. Бой савдогарларга:
— Шу болани олиб кетинг, хизматингизни қилади, — дебди.
Уларга йигитни топшириб, узоқ йўлга жўнатиб юборибди. Бой бир неча ой келинга оз-моз қарашиб турган бўлибди, кейин мутлақо ёрдам бермай қўйибди. Бир кун бой укасининг уйига кириб келибди. Келин ундан:
— Нима бўлди, жиянингиз сафардан кечикиб қолдилар, қачон қайтиб келадилар? —  деб сўрабди.
Шунда, бой бир хўрсиниб; «Уҳ» дебди-да:
— Келин, сиз хафа бўласиз, деб айтмай юрган эдим, бандалик-да, жияним ҳам дунёдан ўтибди, — деб жавоб берибди. Келин бу сўзни эшитиб, дод деб йиғлаб юборибди.
— Нега айтмадингиз? Қачон ўлибди? —  дебди келин.
— Жиянимнинг ўлганига уч ою беш кун бўлди. Шариат қонуни бўйича, аёл эрини уч ою ўн кун кутади. Бу муддат ўтгандан кейин эрга тегиши мумкин, — дебди бой.
Келин уввос тортиб йиғлаб, уйга қайтиб кетибди. Шу кечани йиғи билан ўтказибди.
Бой эрталаб келиннинг олдига бориб:
— Келин, хафа бўлманг, йиғламанг. Ўлган учун ҳеч ким қайғириб ўлган эмас, кўз ёшидан фойда йўқ. Менда бир маслаҳат бор, — дебди.
— Қандай маслаҳат? —  деб сўрабди келин. Бой унга:
— Энди сиз эрга тегинг, менга тега қолинг, — дебди.
Келин жуда хафа бўлибди:
— Ҳали менга берган маслаҳатингиз шуми? Кетинг, уйимдан йўқолинг, — дебди.
Бой эса, келиндан кўз узмай, унга қўлини чўзиб тегишмоқчи бўлган экан, келин жаҳл билан ёнида турган офтобани олиб бойнинг бошига отибди.
Бой беҳуш бўлиб йиқилибди, келин эса бойни судраб, кўчага олиб чиқиб ташлабди.
Бир оздан сўнг бой ўзига келиб, бошидан оққан қонни артиб, ўрнидан туриб, уйига кетибди. Бой ўйлаб туриб, ўз қошига икки одамни чақирибди. Уларга пул бериб сўз ўргатибди.
Уларни бой ўзига «гувоҳ» қилиб олибди. Кейин бой подшога бориб арз қилибди:
— Укамнинг ўғли бир жойга бориб келай, деб хотинини менга топшириб кетган эди. Унинг хотини ярамас, бузуқ одамларни уйига йиғиб, ҳар оқшом бўлмаган ишлар билан шуғулланади. Бир кун мен ўз кўзим билан кўриб, ушлаган пайтимда, ярамас одамлар мени уриб бошимни ёрдилар.
— Бу ишга шариат бўйича гувоҳинг борми? — деб сўрабди подшо.
— Ҳа, тақсир, икки гувоҳим бор, — дебди бой. Шунда подшо бой билан бирга келган кишиларни чақириб:
— Бойнинг шу айтган сўзлари тўғрими? —  дебди. «Гувоҳлар» бойнинг ўргатган сўзларини қайтарибдилар.
Подшо:
— Ундай бўлса, бу иш ҳақиқат экан. Бориб гуноҳкор келинни олиб келинглар! — дебди.
Келинни подшонинг олдига олиб келишибди. Подшо ғазаб билан:
— Эй фалокат, нега бундай ёмон ишларни қилдинг? Сенга қаттиқ жазо бераман! — дебди.
Келин ўз арзини тинглашни сўрабди. Бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб, бойнинг туҳмат қилаётганини айтибди. Подшо янада ғазабланиб:
— Рўйисиёҳ , сенинг қилган ишингга икки гувоҳ ҳам бор. Сенинг жазонг ўлим, — дебди. Подшо ясовулларини чақириб:
— Буни йўл ёқасидаги чуқурга кўмиб, устидан тош тўкинг! — дебди. Ясовуллар ҳам хизматга тайёр бўлиб турган экаи, келинни йўлнинг ёқасидаги чуқурга ташлаб, устидан тош тўкибдилар. Чуқурни тош билан тўлдириб, уни ўлган қилиб кетиб қолибдилар.
Келин ярим оқшом бўлганда ўзига келиб инграб, йиғлабди. Шу кеча кўчадан карвонлар ўтаётган экан. Карвон бошлиғи йиғи товушининг чуқурдан чиқаётганини билиб, тошларни олган экан, чуқурдан ҳамма жойи қонга бўялиб ётган аёл чиқибди. У аёлни кўтариб, туясига қўйибди, сўнг уйига олиб кетибди. Бир неча кун уни парвариш қилибди. Келиннинг яралари тузалиб, ўз ҳолига қайтибди. Бой унинг ҳуснига қараса, у ўзи яшаб турган қишлоқдаги ҳамма аёллардан чиройли экан. Шунда бой келинга айтибди:
— Энди сиз менга ихтиёрингизни беринг, — дебди. Келин унга:
— Сиз мени ўз қизингиз каби боқиб, парвариш қилдингиз. Энди бу сўзни айтишга қандай юзингиз чидади? —  дебди.
Бой:
— Сен ундай дема! Мен сени ўлимдан қутқариб парвариш қилдим, тирик қолдинг, энди менга хотин бўл, — дебди. Келин:
— Менинг сафарга кетган эрим бор. Қандай қилиб сизга хотин бўламан? — деб жавоб берибди.
Бойнинг хотини келинга ёмон қарай бошлабди, рашк қилиб келинга озор берибди. Бой бўлса унга уйланиш орзуси билан юраверибди.
Бойнинг эшигида бир хизматкор қул бор экан. У келинни кўриб, ошиқ бўлиб қолибди. Бир кун келин сувга чиққанда, хизматкор унга қўл узатиб тегишибди.
Келин:
— Ҳув қўлинг шол бўлгур, — деб қарғабди. Ўша куни кечаси хизматкорнинг бир қўли шол бўлиб қолибди. Хизматкор келиндан ўч олмоқ пайига тушибди. Бир кун кечаси эл ётганда хизматкор уйнинг туйнугидан тушибди. Ичкари кирибди. Бойнинг уч ёшли ўғлига пичоқ уриб уни ярадор қилибди. Пичоқни эса келиннинг ёстиғи остига қўйибди-да, кейин ўзи туйнукдан чиқиб кетибди. Бола пичоқ зарбидан додлаб йиғлабди. Уйдагилар туриб қарасалар, бола яраланган, у ёқ-буёқни кўздан кечириб, келиннинг ёстиғи тагидан қонли пичоқни топиб олибдилар.
Бой ҳайрон бўлиб:
— Бу қандай иш? —  деб келиндан сўрабди. Келин бу ишдан бехабар эканини айтибди. Бой: «Хотиним келинга рашк қилиб туҳмат қилмоқчи бўлгандир, келинда гуноҳ бўлмаса керак», деб ўйлабди-да, келинга:
— Энди сен бу ерда турма, бошқа бирор жойга бор, — деб жўнатиб юборибди.
Келин бойнинг уйидан чиқиб йўлга равона бўлибди. У бир жойга борганда одамлар тўпланиб турганини кўрибди. Подшонинг жаллодлари бир одамни дорга осмоқчи бўлиб турган эканлар.
Келин бориб бир кишидан:
— Бу одамни жаллодлар нима учун дорга осмоқчилар? —  деб сўрабди:
У киши:
— Бу ўғриларнинг бошлиғи, ким қирқ тилла берса, буни озод этиб юборадилар, — дебди.
Яна бир киши:
— Буни туҳматдан шундай қиляптилар, — дебди. Келиннинг ёнида қирқ тилласи бор экан, уни жаллодларга бериб, ўғрини ўлимдан қутқариб олибди-да, яна йўлга равона бўлибди. Ўғри эса, келиннинг изидан бораверибди. Шу вақт, келиннинг олдидан карвон чиқиб қолибди. Орқадан бораётган ўғри:
— Ҳой карвонлар, ўша аёлни тутинглар! — деб бақирибди. Келин карвонларга бўлган воқеани айтибди. Карвонлар унинг гапига қулоқ солмай, ушлаб турибдилар.
Ўғри етиб бориб:
— Бу аёл менинг хизматкор чўрим. У менинг уйимдан қочиб кетаётир, — дебди. Ўғри келинни карвонларга сотибди.
Келиннинг арзи-додига карвонлар қулоқ солмай, уни ўзлари билан бирга олиб кетибдилар.
Келин кетаётиб, ўғрига қараб: «Сен пес бўлгин!» деб қарғаган экан, ўғри пес бўлиб қолибди. Келин карвонларнинг чўриси бўлиб кетаверибди. Карвонлар бир дарёга етибдилар. Карвонлар кемага тушиб, дарёда кетаётганларида, қаттиқ шамол ва бўрон бўлибди. Кема ғарқ бўлибди, карвонлар дарёга чўкиб кетибдилар. Келин эса, бир тахта пора устида қолибди. Дарё уни оқизиб қирғоққа чиқариб қўйибди.
Келин эркак кийимини кийиб, йўлда бораётганида, қирқ ўғрига дуч келибди. Ўғрилар бунинг эркакми, аёлми эканини билмай, ундан кимлигини сўрабдилар.
Келин ўғриларга:
— Отим Ҳасан, — дебди. Ўғрилардан бири:
— Ҳасан, Ҳасан эмас, қизга ўхшайди, кўзи қизларнинг кўзидек, ўзи эркак эмас, асли қиздир, — дебди.
Келин ўғрига қараб:
— Ҳе, кўзинг кўр бўлсин! — деган экан, ўғрининг кўзи кўр бўлиб қолибди.
У ўғрилар орасидан тезлик билан қочиб, жўнаб кетибди.
Келин йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир шаҳарга етиб борибди. Қараса, шаҳарнинг дарвозаси берк, қулфланган экан. Келин шу кеча дарвоза олдида ётиб қолибди.
Бу шаҳарнинг расми шундай экан: подшо ўлса, шаҳарга ким биринчи бўлиб кирса, уни подшо қилиб кўтарар эканлар.
Ўша кеча шаҳарнинг подшоси ўлган экан. Тонгда шаҳар халқи йиғилиб, дарвозани очиб қарасалар, бир йигит дарвозанинг олдида турган эмиш. Шаҳар халқи ундан ҳеч нарса сўрамай, уни тўғри подшо саройига олиб кетибдилар.
Эркакча кийинган келин:
— Вой дод, мен нима қилдим. Мен бир бегуноҳ бечора, фақир бўлсам, ҳеч кимга зарарим тегмаса, ҳаттоки дарвозани ҳам тақиллатган бўлмасам, қаёққа олиб борасизлар! — дебди.
Оломондан бири:
— Эй ғариб, сен аввал тушуниб ол, бу бизнинг расмимиз. Биз сени олиб бориб, подшо қилиб кўтарамиз, — дебди.
Келин:
— Қаерга боришга макон тополмай сарсон бўлиб юрган бир ғариб киши ҳам подшо бўладими? — деб аввалгидан баттар йиғлайверибди. Одамлар бунинг сўзига қулоқ солмай, кўшкка олиб бориб шоҳона либослар кийдириб, тахтга миндириб, подшо кўтарибдилар.
Келин юртни сўрай бошлабди. Бир неча вақт ўтгач, бу одил подшонинг донғи дунёга кетибди. У шаҳарни обод қилибди, халқнинг камчилиги бўлса, уни тўлдирибди. Ҳатто ўзи подшоликдан ташқари вақтларда табибликни ўрганиб, зўр ҳаким бўлибди, оғир касалларни ҳам тузатиб, элга машҳур бўлибди.
Шундай қилиб келин одил подшолигича тура турсин, эндиги сўзни келиннинг севган ёри — йигитдан эшитинг:
Йигитнинг амакиси — хасис бой ўз бойлиги ва давлатидан ажралиб, икки кўзи кўр бўлиб қолган экан.
Йигит сафардан қайтибди. Кўр амакиси билан кўришиб, йиғлашиб, ўтган воқеаларни эслашибди.
Бой жиянига:
— Эй ука, сен кетганингдан сўнг аёлинг уйига рўйисиёҳларни йиғиб, кайфу сафо қилиб, шарманда бўлди. Мен буни кўриб ярамасларни ушламоқчи бўлганимда, улар тош билан уриб, менинг бошимни ёрдилар. Охири келинии подшо тошбўрон қилдириб, ўлдириб юборди, — дебди. Йигит бу сўзга ишониб, хотинидан ғазабланибди. Бой бир оҳ тортибди.
Йигит бойга:
— Биз савдодан қайтиб келаётганимизда бир шаҳарни кўрдик. У шаҳарнинг подшоси одил экан. У подшо ҳар бир дардга даво топа олар экан. Мен сизни ўша подшонинг олдига олиб борайин, балки кўзингизнинг очилишига ёрдам берар, — дебди.
Бой бу сўзни маъқул кўриб, амаки ва жиян йўлга тушибдилар. Йўлда кетиб бораётганларида уларга қўли шол бўлган хизматкор учрабди, одил подшони таъриф қилганларида: «Мен ҳам бораман», деб биргалашиб, йўлга равона бўлибди.
Йўлда буларга яна бир пес одам қўшилибди. Тўрт киши одил подшонинг саройига етиб борибдилар. Қоровуллардан саройга киришни сўрабдилар. Қоровул подшога хабар берибди.
— Тақсир, тўрт киши сизнинг олдингизга келишди. Сизга айтадиган арзлари бор эмиш, — дебди. Подшо киришга рухсат этибди. Булар подшо олдига кирганларида, келин ҳаммаларини танибди. Лекин буларнинг ҳеч бири ҳам уни танимабдилар.
Подшо:
— Қани, нима арз билан келдингиз? —  дебди. Келганларнинг ҳар бири ўз дардини баён қила бошлабди.
Подшо аввал икки кўзи кўр бўлган бойнинг арзини эшитибди:
— Балки сен бир катта гуноҳ қилгандирсан, шу сабабдан кўзинг кўр бўлгандир, — дебди.
Бой:
— Йўқ, мен ҳеч гуноҳ қилган эмасман, — деб гуноҳини яширибди.
Подшо:
— Йўқ, тўғрисини айт, сен катта гуноҳ қилгансан, буни ўз бўйнингга олишинг керак! — дебди.
Бой.
— Шоҳим, мен ҳеч қандай гуноҳ қилган эмасман, — деб яна қайтарибди.
Подшо ғазабланиб:
— Жаллод! — деб чақирибди. Бой:
— Тўхтанг, подшо, тўхтанг! Мен қилган гуноҳларимни бирма-бир айтиб бераман, — дебди. У ўз бошидан кечирган воқеаларни, қилган гуноҳларини, бирма-бир сўзлаб берибди.
Бу сўзларни эшитиб турган жияни қичқириб юборибди:
— Бой, лаънати, сен ҳали менга дўст бўлиб, душманнинг ишини қилган экансан-да, сен ҳароми менинг хотинимга шунчалик зулм ўтказган экансан-да! — Йигит ўзини тутолмай, мушт кўтариб уни урмоқчи бўлганда, подшо:
— Тўхтанг, йигит, ҳовлиқишнинг ўрни йўқ, охирини эшитайлик. Менинг олдимда шундай беадаблик қилсангиз. ясовулларни чақираман, олдига солиб керакли жойга элтиб қўяди, — дебди.
Подшо хизматкорга қараб:
— Сен ҳам бир гуноҳ қилганга ўхшайсан, бўлмаса, сенинг қўлинг шундай шол бўлмас эди. Сен ҳам тўғрисини айт! — дебди. Бу аҳволни кўрган хизматкор қўрқиб, ўз гуноҳларини бирма-бир ҳеч қолдирмай айтиб берибди:
Бундан ғазабланган йигит:
— Подшоҳим, рухсат берсангиз, бунинг бошини танасидан жудо қилай, — дебди.
Подшо:
— Менинг юртимда ўз гуноҳини бўйнига олган одамга ўлим йўқ, — деб ўлдиришга рухсат бермабди.
Подшо пес бўлган ўғрига қараб:
— Сен нима дейсан? — дебди.
— Мен уйтешар ўғриман, подшо мени тутдириб дорга осмоқчи бўлганда, йўлдан ўткинчи бир аёл менинг аҳволимни кўриб раҳми келиб, жаллодларга қирқ тилла бериб мени ўлимдан қутқариб қолди. Мен бўлсам, у аёлга яхшилик қилиш ўрнига, унинг кетидан қувиб: «Бу менинг чўрим, қочиб кетаётир», деб карвонларга сотиб юбордим. У аёл: «Мен сенга яхшилик қилдим, сен менга ёмонлик қиласанми?!» деб қанча ялинса ҳам, қулоқ солмадим, ноинсофлик қилдим. Аёл менга қараб, «пес бўл!» деган эди, мен шу заҳоти пес бўлиб қолдим, — дебди. Подшо:
— Гуноҳингиз маълум бўлди. Касалларингизни билдим. Энди сизлар меҳмонхонага кириб, дамларингизни олинглар. Лекин бир-бирингиз билан уришманглар. Касалларингиздан қутуласизлар, кўзларингиз очилади, дардларингизга шифо топасизлар, — дебди.
Улар меҳмонхонага кириб ўтирибдилар. Ярим кечада подшо ясовул юбориб, йигитни чақиртирибди. Йигит хавотир олиб:
— Нимага подшо мени чақирган экан. Подшо энди мени ўлимга буюради, — деб ваҳимага тушибди. Ясовул билан подшонинг олдига борибди. Йигит қараса, ўз севгили ёри бош эгиб салом бериб турган эмиш.
Келин йигитга:
— Келинг, эй севгили ёрим, бу тахт сизники бўлсин, мен сизнинг вафодор ёрингизман, — дебди.
Йигит ўйлаб қараса, хотнни подшо бўлган экан. У, ўз ёри билан қучоқлашиб кўришибди. Кейин ўз бошидан кечирган воқеаларни бирма-бир айтиб берибди. Эрини подшо қилибди.
Йигит:
— Сенга зулм қилган гуноҳкорларни ўлимга буюрайлик, — дебди.
Хотини унга:
— Йўқ, улар билан тенг бўлиш керак эмас, — деб жавоб берибди.
Касалга йўлиққан меҳмонлар эрта билан туриб қарасалар, ўз дардларига шифо топган эмишлар. Кўр: «кўзим очилди!» деса, ўғри: «баданимдан песлик ариди!» дермиш. Хизматкор бўлса: «қўлим ёзилди!» деб шодланар эмиш.
Меҳмонхонага подшоликдан ясовул келиб:
— Сизларни подшо чақиради, — деб уларни саройга олиб борибди. Улар қарасалар, тахтда йигит подшо бўлиб ўтирган эмиш. Келин эса, унинг ёнида турган эмиш. Келганларнинг ҳушлари бошларидан учиб кетибди. Худди устларидан қайноқ сув қуйилгандек бўлибди. Бошларини эгиб қолибдилар.
Келин:
— Энди танидингизларми? — дебди.
Улар қўрқканларидан нима дейишлармни билмай, жавоб қайтаришга оғизлари бормай қолибди.
Келин:
— Энди бундай қўрқиб, титрашиб турманглар, меи сизлар билан тенг келиб ўтирмайман. Сизлар энди ўз йўлингизга кетаверинглар, — деб уларни жўнатиб юборибди. Келин билан куёв биргаликда элни сўраб мурод-мақсадларига етган эканлар.