Тан-сиҳатлик — туман бойлик

Ўтган замонда бир қашшоқ донишманд чолнинг олдига келиб:
— Ота, ейишга ноним, кийишга кийимим йўқ, жуда қийналдим, нима қилишимни билмай қолдим. Энди қаерга бориб дод десам экан? — дебди. Чол:
— Сен камбағалмисан? — деса, у:
— Ҳа, бола-чақаларим ва ўзим очман, кийим-кечагимиз йўқ, — деб ниҳоятда зорланибди.
Чол:
— Хўп, бўлмаса менга ўнг қўлингни сот, неча пул берай? — деса, ҳалиги йигит:
— Йўқ, ўнг қўлим ўзимга керак, сотмайман, — дебди, Шунда чол:
— Бўлмаса ўнг кўзиигни сот, — дебди. Йигит:
— Нега мен ўнг кўзимни сотар эканман, у менга доимо керак, — дебди.
Чол шу тарзда йигитнинг тана аъзоларини бирма-бир сотгин, деб айтиб чиқибди. Йигит «йўқ» жавобини қайтаравергач, чол йигитга:
— Ҳа, бутун мучаларинг соғ бўлса, турмушдан зорланиб нима қиласан. Кишининг тан-жони соғлиги — туман бойлиги-ку. «Соғ танда, соғ ақл», деб бекорга айтмаганлар. Соғ бўлсанг қандай иш бажарсанг, қўлингдан келади. Кунинг ўтади, — деб жавоб қайтарган экан.