Сичқонсуловой

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир замонда бир Сичқонсуловой ўтган экан. Унинг бир ўғли билан бир эчкиси бор экан. Бир куни ўғлининг ўртоқлари, юр, ўт терамиз, деб айтишиб келишибди. Сичқонсуловой ўғлига: — Бор, сен ҳам ўртоқларинг билан ўт териб кел, — дебди. Сичқонсуловойнинг ўғли ўртоқлари билан ўт теришга кетибди. Улар ўт теришиб келаётганда йўлда зовур учрабди.
Сичқонсуловойнинг ўғли ўртоқларига, келинглар, зовурдан сакраб ўтамиз, — дебди. Ўртоқларининг ҳаммаси ўтибди. Лекин Сичқонсуловойнинг ўғли зовурнинг ўртасига тушиб кетибди. Ўртоқлари роса йиғлашибди, кейин Сичқонсуловойга келиб:
— Ўғлингиз зовурга тушиб кетди, — дейишибди. Сичқонсуловой тоза йиғлабди. У йиғлаб-йиғлаб, қирқ битта соқолини юлибди. Эртаси куни у эчкисини боғига олиб чиқиб боғлабди. Кейин эчкиси Сичқонсуловойдан:
— Нега соқолинг кам, — деб сўрабди. Сичқонсуловой:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Эчки:
— Ҳа, нима бўлди, — дебди. Сичқонсуловой:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди, эчки шохини синдирмайдими? — дебди. Шунда эчки шохини дарахтга уриб синдирибди.
Сичқонсуловойнинг боғида бир туп чинори бор экан. У чинорга ҳар куни бир ҳакка келиб қўнар экан. Эчкининг шохи синганини кўриб, чинор эчкидан:
— Ҳа, эчки, шохинг нега синган? — дебди.
Эчки:
— Мендан ҳол сўра. Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди, эчки шохини синдирибди. Чинор баргини тўкмайдими? — дебди. Чинор дув этиб баргини тўкибди.
Ҳакка келиб, чинорга қўнибди:
— Ҳа, чинор, нега баргинг йўқ, — дебди. Чинор:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Ҳакка:
— Нима бўлди? — дебди. Чинор:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди, эчки шохини синдирибди, чинор баргини тўкибди, ҳакка қанотини синдирмайдими? — дебди. Ҳакка қанотини синдирибди. Ҳакка ҳар куни дарёга сув ичгани борар экан. Шу куни ҳам борибди. Шунда дарё:
— Ҳа, ҳакка, нега қанотинг йўқ? — дебди. Ҳакка:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Дарё:
— Нима бўлди? — дебди. Ҳакка:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди. Эчки шохини синдирибди. Чинор баргини тўкибди. Ҳакка қанотини синдирибди, дарё сувини қуритмайдими? — дебди. Дарё сувини камайтирибди.
Бир чўри ҳар куни дарёдан сув олишга чиқар экан. Чўри кўзани кўтариб чиқса, дарёнинг суви пасайиб кетибди. Чўри:
— Ҳа дарё, нега сувинг оз? — дебди. Дарё:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Чўри:
— Нима бўлди? — дебди. Дарё:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди. Эчки шохини синдирибди. Чинор баргини тўкибди. Ҳакка қанотини синдирибди. Дарё сувини қуритибди. Чўри кўзасини синдирмайдими? — дебди. Шунда чўри кўзасини тошга уриб синдирибди. Чўри уйга кирса, подшонинг хотини:
— Ҳа, чўри, кўзанг қани? — дебди. Шунда чўри:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Подшо хотини:
— Нима бўлди? — дебди. Чўри:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди. Эчки шохини синдирибди. Чинор баргини тўкибди. Ҳакка қанотини синдирибди. Дарё сувини қуритибди. Чўри кўзасини синдирибди. Ойим сандиғини синдирмайдими? — дебди. Ойим сандиғини болта билан уриб синдираётган экан, подшо келиб қолибди:
— Ҳа, ойим, нима бўлди? — Ойим:
— Мендан ҳол сўра, — дебди. Подшо:
— Нима бўлди? — дебди. Ойим:
— Сичқонсуловойнинг ўғли ўлибди, қирқ битта соқолини юлибди, эчки шохини синдирибди, Чинор баргини тўкибди. Ҳакка қанотини синдирибди. Дарё сувини қуритибди. Чўри кўзасини, ойим сандиғини синдирибди. Подшо ўзини пичоқламайдими? — дебди. Шунда подшо ёнидан ханжарини олиб, ўзини ўлдирибди.