Бир эшак меҳнат қилавериб қийналибди. У: “Хўжайиндан қочиб қутулмасам бўлмайди. У мени ўлгунимча қийнайди”, — деб уйдан чиқиб қочиб кетибди. Эшак йўлда кетаётса, бир қўй учрабди. Қўй:
— Қаерга кетяпсан? — дебди. Эшак:
— Чўлга, — дебди. Қўй:
— Мен ҳам сен билан кетаман, — дебди. Улар иккалови бир бўлиб кетишибди. Йўлда уларга хўроз учрабди:
— Қаёққа кетяпсизлар? — дебди. Қўй:
— Бизлар чўлга кетяпмиз. Ҳозир чўл кўм-кўк ўт билан қопланган.
Улар бирга кетишибди. Йўлда сичқон дуч келибди.
— Қаерга кетаяпсизлар? — деб сўрабди сичқон қўйдан. Қўй:
— Чўлга, — дебди. Сичқон:
— Мен ҳам сизлар билан, — дебди.
Улар йўлда маслаҳатлашибдилар. Қўй эшакка дебди:
— Қорнинг тўйганда ҳанграмагин, бўри эшитиб қолади. Келиб бизларни еб кетади. Сен, — дебди хўрозга, — қичқирмагин.
— Мен озиб кетганман, ҳанграмайман, — дебди эшак.
Уларнинг қорни тўйибди, яхши яшабдилар. Эшак ҳанграй бошлабди, хўроз қичқирибди. Бўри буларнинг овозини эшитибди. “Бу ерда эшак бор экан”, деб келибди. Қўй узоқдан бўрини кўриб эшакка дебди:
— Мен сенга ҳанграма, бўри эшитади, деган эдим-ку!
Эшак ўрнидан туриб:
— Сен қўрқма, у келиб менинг чотимга ёпишади. Шунда унинг бошини маҳкам қисиб оламан. Сен эса, шохинг билан уни сузасан. Хўроз, сен унинг кўзини чўқийсан. Улар “маъқул”, дебдилар. Бўри келиб, эшакнинг чотига ёпишибди. Шунда эшак унинг бошини сиқиб олибди. Қўй уни сузиб, хўроз кўзларини чўқий бошлабди. Сичқон ерни ковлайверибди. Қўй бўрини сузиб қовурғасини синдирибди. Улар бўрини қўйиб юборибдилар. Бўри қочиб қолибди. Йўлда унга зағизғон учрабди.
— Қаёққа чопиб кетаяпсан? — дебди зағизғон. Бўри:
— Мен эшак овозини эшитдим. Уни ейман деб келсам, бир нарса, ё у эшак, ё баҳайбат махлуқ. Унинг бешта оёғи бор. Мен бориб унинг чотига ёпишдим. У бирдан бошимни қисиб олди, қўйвормади. Мени урдилар, қовурғамни синдирдилар. Биттаси бўлса менга гўр қазий бошлади. Бир амаллаб қочиб қутулдим. Агар қочмасам, улар мени ўлдириши турган гап эди, — дебди Зағизғон:
— Юр, мени унинг олдига олиб бор, бир кўрай, ким экан, елкасини тумшугим билан бир чўқиб олай, — дебди. Зағизғон билан бўри эшак томон кетишибди. Бўри қўрқиб берироқда тўхтабди. Эшак зағизғонни кўриб “кел”, дебди. Зағизғон келиб эшак устига ўтирибди ва эшак кетини чўқий бошлабди. Эшак эса унинг тумшуғини қисиб олиб думи билан савалай бошлабди. Унинг патлари, қанотлари тўкилиб тушибди. Эшак уни қўйиб юборибди. Зағизғон қочиб кетибди. У “Ё эшак, ё қандайдир махлуқ”, дебди. Иккови жўнаб қолибди.
Эшак, қўй, хўроз ва сичқон яхши яшабдилар. Ёз кетиб, қиш келибди. Улар ўз хўжайинларининг уйларига қайтибдилар, мурод-мақсадларига етибдилар.