Қиличқора

Уч оғайни бор экан. Тўнғичининг оти Юлдузсанар, ўртанчасининг оти Дарёбоғлар, кенжасининг оти Қиличқора экан. Буларни оталари уйлантирмабди. Уч оғайни маслаҳатлашиб, битта одамни восита қилиб айтибдилар:
— Отамизга чиқиб айтинг, бизни уйлантирадими, йўқми? Оталари:
— Дарвоқе, мен ўғилларимни уйлантирганим йўқ эди. Учовига уч ойдай хотин олиб берайин, — дебди. Ҳалиги одам чиқиб ўғилларига: “Учалангизга уч ойдай хотин олиб берар экан”, дебди.
Ўғиллар саёҳат қилиш учун йўлга чиқишибди. Чўл-у биёбонлар кезиб бир жойга борганда бир қўрғонни кўришибди. Қўрғон деворининг тепасида кўп одамлар тўпланиб турганмиш. Улар бир чўпондан сўрабдилар:
— Бу ерда нима ҳодиса бўляпти? Одамлар нимага тўпланиб турибдилар?
Чўпон айтибди:
— Бу ишни сўраб нима қиласиз? Шу қўрғонда бир аждар туради.
Аждарнинг емаги учун шу шаҳарнинг подшоҳи ҳар бир уйга бир қўй, бир бола беришни буюрган эди. Бугун подшоҳнинг ўзига навбат келди. Подшоҳнинг битта-ю битта қизи бор эди. Шу билан бир қўй келтириб қўйганлар. Шуни томоша қиляпмиз.
Қиличқора айтибди:
— Подшоҳ аждарни ўлдирган одамга қизимни бераман демадими?
— Шундай деган эди. Лекин шуни қиладиган одам чиқмади-да.
Қиличқора акаларига:
— Акалар, сизлар бир такяга бориб туринглар, мен бу аждар билан олишиб кўраман. Аждарни нобуд қилсам, олдиларингизга бораман. Агар нобуд қила олмасам, мендан умид қилманглар, — дебди.
Юлдузсанар ва Дарёбоғлар шаҳардаги такяга — мусофирхонага қараб кетишибди.
Қиличқора деворга ирғиб чиқибди. Қараса, подшоҳнинг қизи билан бир қўй бойлоғлиқ турганмиш. Қиличқора тушиб, қизни томга чиқариб қўйибди.
— Синглим, сиз шу ерда туринг, сизни ейдиган аждар мени есин, — дебди. Қиличқора қизнинг ўрнига келиб турибди. Бунинг қилган ишига қараб турган халойиқ ҳайрон бўлибди. Шамол, тўполон билан аждар келиб, қўрғонга яқинлашибди. Қўйни домига тортибди. Қиличқоранинг бир исфаҳон қиличи бор эди. Аждар Қиличқорани ҳам домига тортганда, у қиличини пешонасида ушлаб аждарҳони икки нимта қилибди. Подшоҳнинг полвонлари: “Аждарни мен ўлдирдим”, деб мақтанибдилар. Подшоҳнинг қизи саройга қайтиб келибди. Қизи соғ-саломат келгач, подшоҳ севиниб:
— Аждарҳони ким ўлдирди, қизим?— деб сўрабди.
— Бир йигит ўлдирди. У бу ерлик эмас, — деб жавоб берибди қиз. Подшоҳ:
— Қизим, ўлдирган одамни танийсанми?
— Албатта, танийман.
Подшоҳ қизининг қўлига бир олма бериб, шундай дебди:
— Олти яшардан олтмиш яшаргача бўлган кишиларни чақиртираман. Аждарни ўлдирган одамни олма билан урасан, — дебди.
Подшоҳ олти яшардан олтмиш яшаргача бўлган одамларни чақиртириб: “Ҳамма менинг равоғим тагидан ўтсин” дебди. Олти яшардан олтмиш яшаргача бўлган одамларнинг ҳаммаси подшоҳнинг равоғи тагидан ўтибди. Қиз ҳеч кимни урмабди. Подшоҳ сўрабди:
— Ҳеч ким қолдими?
Бир бобо айтибди:
— Менинг уйимда уч мусофир йигит қолди.
— Уларни ҳам олиб келинглар, — дебди подшоҳ.
Ҳалиги бобо уч мусофирни олиб келибди. Равоқнинг тагидан тўнғичи олдин, ўртанчаси ўртада, Қиличқора эса энг кейин ўтибди. Ўтишлари билан қиз Қиличқорани олма билан урибди. Кишилар буларни дарров оқ наматга солиб кўтариб, равоққа олиб чиқибди. Подшоҳ қирқ кун тўй-томоша қилиб берибди. Қирқ кун бўлгандан кейин куёвга сарпо олиб чиқибди. Қиличқоранинг олдига қўйибди. Қиличқора сўрабди:
— Сизнинг расмингизда тўнни ёқасидан киядими, этагидан киядими?
— Эй меҳмонжоним, тўннинг ёқасидан киймай, этагидан киядими, — дебди. Қиличқора туриб айтибди:
— Бўлмаса, менинг шу икки акам бор. Қизларини катта акамга берсалар, минг марта биз рози, бермасалар яна ўзлари биладилар.
Шунда подшоҳ: “Акасига берсам берайин”, дебди. Сарпони акаси Юлдузсанарга қўйибди.
Қиличқора билан Дарёбоғлар йўлга равона бўлибди. Улар йўлда кетаётганларида бир тегирмонтош кўринибди. Қиличқора кучини синаб, тегирмонтошни кўтариб кўрса, унинг тагида бир қанча чумоли босилиб қолган экан. Улар тош остидан чиқиб, хурсанд бўлиб яйрабдилар. Чумолиларнинг подшоҳи Қиличқоранинг қўлига бир тутатқи берибди:
— Қандай мушкул ишингиз бўлса, тутатсангиз, биз ҳозир бўламиз — дебди.
Шундан сўнг Қиличқора юриб-юриб бир подшоҳнинг мамлакатига борибди. У подшоҳнинг бир қизи бор экан. Вазирлар подшоҳга:
— Тақсир, қизингизнинг бўйи етибди, куёвга беринг, — дейишибди.
— Менинг иккита шартим бор. Шуни ким бажарса, қизимни ўшанга бераман. Биринчи шартим шуки, отамдан қолган бир ноғорам бор, шуни кимки бир тепиб ёрса; иккинчи шартим — бир туяга кўтаргунча икки қоп тариқ юклайман. Шуни етганича ерга сепади. Яна қайтиб битталаб қопга солади. Туяга ортиб ўз жойига олиб келиб қўяди. Мана шу шартни бажарган одамга қизимни бераман, — деб юртга жар солибди.
Буни эшитган одамлар, подшоҳнинг ўрдасига қараб келаверибдилар. Подшоҳ ўрдасига шодиёна ноғорасини олиб чиқиб қўйибди. Келган одам бир мартадан ҳалиги шодиёна ноғорани тепиб ўтибди. Уч кунгача ҳеч ким ёролмабди. Подшоҳ сўрабди:
— Ҳеч қаерда одам қолдими?
Бир одам:
— Меникида иккита мусофир одам қолди, — дебди.
— Ўша мусофирларга айтинглар. Келиб улар ҳам ноғорани тепсин, армонда қолмасин, — дебди.
Ҳалиги киши келиб мусофирларга айтибди:
— Подшоҳнинг ана шу иккита шарти бор. Шуни ҳар ким қилса, подшоҳнинг қизини олади. Сизлар ҳам бориб тепиб кўринглар, армонда қолманглар, — дебди.
Қиличқора билан Дарёбоғлар иккови сакраб ўрнидан турибди. Подшоҳнинг ўрдасига қараб юрибди. Йўлда кетаётиб Қиличқора акасига:
— Шу шодиёна ноғорани тепиш сизнинг навбатингиз эди. Энди бемалол бўлса, шу навбатингизни менга берсангиз, ноғорани мен тепсам, — дебди.
Акаси рухсат берибди. Укаси бориб, подшоҳнинг ўрдасига кириб, турган одамларга таъзим қилибди. Ҳеч ким одамларга бу йигитдай таъзим қилмаган эди. Қиличқора бир зарба билан ноғорани тепибди, оёғи ноғоранинг нарёғига ўтиб кетибди. Тўпланиб турган халқ: “Баракалла кучингга!” деб офарин ўқибди. Подшоҳ Қиличқорага:
— Энди яна битта шарт бор: мана шу туядаги тариқни олиб чиқиб ерга сепиб, қопни бўшатиб, иккита одамга кўрсатиб, яна шу тариқни битталаб териб, қопга солиб, мана шу жойга олиб келиб қўясиз, — дебди.
Йигит қабул қилибди. Туядаги тариқни Қиличқора билан уч киши олиб бориб далага сепибди. Қопни бўшатиб икки киши ҳалиги жойга қайтиб келибди. Қиличқора ўзи якка қолиб, чумолининг тутатқисини тутатибди. Бирпасда ҳамма ёққа чумоли тўлиб кетибди. Чумолиларнинг подшоси айтибди:
— Бошингизга нима мушкул иш тушди?
— Шу ерга икки қоп тариқ сепилган, шуни териб, қопга солиб берсангиз.
Шундан кейин чумолиларнинг подшоси чумолиларга:
— Мана шу ерга сепилган тариқни териб, шу қопга солиб беринглар, — деб буюрибди.
Ҳалиги икки қоп тариқ, чумолининг баъзисига тегиб, баъзисига тегмай қолибди.
Қиличқора чумолилар териб берган тариқларни икки қопга тўлдириб, туяга ортиб жойига олиб келиб қўйибди. Подшоҳ шартни бажарган ботирга қирқ кун тўй-томоша қилиб қизини бермоқчи бўлибди. Қирқ кундан кейин куёвга сарпо олиб чиқибдилар. Қиличқоранинг олдига қўйибдилар. Қиличқора айтибди:
— Эй азизлар, сизларнинг расмларингда тўнни ёқасидан киядими, этагидан киядими?
Шунда саркардалар:
— Эй йигит, тўннинг ёқасидан киймай, этагидан киядими? — дебдилар. Қиличқора:
— Битта-ю битта акамиз бор. Қизларини акамизга берсалар, биз хурсанд бўлар эдик, — дебди.
Саркардалар бу сўзни подшоҳга етказибдилар. Подшоҳ айтибди.
— Кимга берсам ҳам ихтиёрим. Майли бердим.
Сарпони Дарёбоғларга кийгизиб, қиз билан йигитни қўшиб қўйибдилар.
Қиличқора хайр-маъзур қилиб, чўл-у биёбонларга чиқиб кетибди.
Неча кун чўл-биёбонда юрибди. Бир куни чўлда бир қўрғон кўринибди. Қўрғонга қараб бораётган экан, бир ялмоғиз кампир йўлни тўсиб чиқибди. Иккови уч кеча-ю уч кундуз тутқилашиб олишибди. Ахири Қиличқора ялмоғиз кампирнинг бошига шамшир солибди. Ялмоғизнинг калласи чўрт узилиб кетибди.
Кампирни ўлдириб, қўрғонга кириб борибди. Қампир бир Халчаой деган қизни қўрғонда сақлар экан. Кўп хушсурат, яхши қиз экан. У йигитга қараб:
— Эй ака, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бу ерга нима учун келдингиз?— деб сўрабди.
Қиличқора айтибди:
— Жамолингизга тасаддуқ бўлай, сизнинг ишқ-муҳаббатингиз мени тортиб келди. Ана шу ерда ялмоғиз кампир билан уч кеча-ю уч кундуз олишиб, тутқилашиб, уни ўлдириб келдим, шунга хурсандмисиз, — дегандан сўнг, ҳаддан ташқари севиниб кетган Халчаой туриб, айтибди:
— Агар сиз мени деб шунча машаққатларга бардош қилган бўлсангиз, мен сизга ўз ихтиёримни бердим.
Шундай қилиб, иккови эр-хотинликни қабул қилибдилар. Шу ерда кун кечираверибдилар. Булар бу ерда тураверсин, энди икки калима сўзни Кўктемир подшоҳдан эшитинг.
Кўктемир подшоҳга етиб маълум бўлдики, бир йигит келиб ялмоғиз кампирни ўлдириб, Халчаойни олибди. Кўктемир подшоҳ:
— Кимки бориб Халчаойни олиб келса, бўйи тенги зар бераман, — дебди. Бир писмиқ кампир:
— Бир сандиқча ерни лаҳим қилиб ковлайдиган асбоб, бир извошчи билан уч ойлик овқат берасан. Биз бориб олиб келамиз, — дебди.
Подшоҳ унинг айтганини муҳайё қилибди. Нарсаларни олиб, кампир йўлга тушибди. Булар йўлда кетаверсин, энди икки калима сўзни Қиличқорадан эшитинг.
Қиличқора ухлаб ётиб эди, уйқусида бир киши: “Эй Қиличқора, сенинг ёнингдаги шамшир қиличинг қачон йўқолса, ўша куни ўласан. Ёнингдан жудо бўлмаса ўлмайсан”, дебди. Чўчиб уйғонибди. Нонушта қилиб овга чиқиб кетибди. Бу овини овлаб юраверсин, икки калима сўзни кампирдан эшитинг.
Булар бир жойга келибдилар. Қарасаки, кўклама майдон, ўтлоқ жойлар экан. Кампир айтибди.
— Извошингни шу ерда тўхтат!
Шу ерда извошни тўхтатибди. Кампир айтибди:
— Э извошчи, қўл-оёғимни, кўзимни боғлаб анави жойга — йўл устига ташлаб келасан, кейин шу ерга қайтиб келиб, қимирламай ётасан.
Мен бир ойда келаманми, ярим ойда келаманми, шунгача кутасан.
Извошчи кампирни олиб бориб, айтганидан зиёда қилиб қўл-оёғини ва кўзини боғлаб, юмалоқ қилиб ташлаб кетибди. Кампир “Вой-вой”лаб ётаверибди. Қиличқора овни овлаб келаётганида, “Вой-вой” деган овозни эшитибди. Келиб қараса, биров бир кампирни юмалоқ қилиб боғлаб ташлаб кетган экан. Қиличқора сўрабди:
— Эй кампир, нимага бундай қилиб ётибсиз?
— Эй болам, менинг битта-ю битта ўғлим бор эди. Келиним айтдики: “Ё энангни дегин, ё мени дегин, энангни десанг, менга жавоб бергин, мени десанг, энангни йўқотгин!” Хотинининг сўзига кирган ўғлим мени олиб келиб шу ерга ташлаб кетди, — дебди кампир.
Қиличқора айтибди:
— Эй она, мен уйимга олиб кетсам, хизмат қилиб юрасизми?
— Эй болам, жоним билан юраман.
Қиличқора уйига олиб кетибди. Халчаой буни кўриб аччиғланибди. Қиличқоранинг қўлидаги илвасинларга ҳам қарамабди: Қиличқора:
— Нимага хафасиз, ойим? —деб сўрабди. Халчаой айтибди:
— Сиз билмайсиз, мана шу ёқда Кўктемир деган подшоҳ бор. Неча марта менга совчи юборганда, ялмоғиз кампир еб қўйган. Мен шу кампирни Кўктемир деган подшоҳ юборганмикан деб қўрқаман, деб ўз шубҳасини билдирибди.
— Шундай ёмон ялмоғиз нима қилди, бу нима қиларди. Яхши бўлса ошини, ёмон бўлса бошини ер! — дебди Қиличқора.
Хайр, шу билан Халчаой индамай қолаверибди. Кампир бир неча кун хизмат қилиб юра берибди. У пойдеворнинг тагидан мўлжаллаб Қиличқора билан Халчаойнинг иккови ётадиган жойгача лаҳим ковлаб, етиб олибди. Халчаойим билан Қиличқора иккови нимаики деган бўлса, кампир барчасини эшитиб ётар экан. Бир куни Қиличқора йўғида кампир айтибди:
— Эй, Халчаой, шундай ёлғиз қўрғонда зерикмай ўтирар экансиз-да? Халчаой:
— Ўзимнннг ўрганган жойим, бўлмасам нима қилай? —дебди.
Кампир ҳар хил гапларни айлантириб, ўсмоқчилаб дебди:
— Қиличқора билан гаплаша туриб, сизнинг жонингиз қаерда туради, деб сўранг. Бир шапалоқ, ярим шапалоқ урган билан ҳеч нарса бўлмайди. Кейин “Нима қиласан” деб сўраса, сизнинг жонингизга мен жонимни қўшиб қўйсам, ўйнашиб юрса, деб айтинг. Кейин жонининг турган жойини артиб беради, — дебди.
Қиличқора келгандан сўнг Халчаой кечаси Қиличқорадан кампир айтганини сўрабди. Қиличқора айтибди:
— Ёнимдаги исфаҳон қиличим — менинг жоним.
Бу сўзни кампир эшитиб олибди. Кампир ярим кечада уйқусидан уйғониб чиқиб Қиличқоранинг исфаҳон қиличин олиб, эшигининг тагида бир дарё бор экан, шу дарёга ташлаб юборибди.
Халчаой эрта билан туриб қараса, эри ўлиб ётибди. Кампирни чақириб айтибди:
— Эй она, нимага ўғлингиз қимирламайди?
Кампир келиб қараса, Қиличқора қимирламас эмиш. Кампир айтибди:
— Эй болам, икковимиз бир жойга кўмайлик.
Халча айтибди:
— Эй она, ўликни қирқ кун сақлайман.
Халчаой қўлидаги нигин — узугини мурданинг қўлига солибди. Этагини ғирача қилиб ёпиб қўйибди, уйни қулфлаб чиқибди. Кампир айтибди:
— Эй болам, Халчаой, бу ерда диққат бўлиб қоласиз. Энди бизнинг жойимизга бориб икки кунгина айланиб келайлик.
Халчаой хўп деб жўнабди. Кампир Халчаойни бошлаб, извош турган жойга олиб келибди:
— Эй извошчи, фалон ерга неча пулга олиб борасан, — дегач, извошчи:
— Ўн сўм берасиз, — дебди.
— Хўп бўлади, — деб извошга чиқадиган бўлишибди. Кампир айтибди:
— Эй болам, извошда юрмагансиз, йўлда кўзингиз тинади, сандиққа тушиб олинг, — дебди.
Халчаой сандиққа тушиб олгач, сандиқнинг қопқоғини бекитиб олиб:
— Ҳайда! — дебди кампир.
Кампир Халчаойни подшоҳнинг даргоҳига олиб борибди:
— Олиб келдим, — дебди.
Подшоҳ кампирга бўйи тенги зар берибди. Кампирга битта беланчак қилиб, битта чўрини тайинлаб қўйибди. Подшоҳ чўрига:
— Умрбод шу кампирнинг хизматида бўласан, — дебди.
Халчаойни бир уйга олиб кирибди. Халчаой айтибди: “Эй подшоҳ, менинг сўзимга бовар қилгин. Қирқ кунгача қирқта чўри билан идда сақлайман. Қирқ кундан кейин сенга жавоб бераман, — дебди.
Подшоҳ “Хўп” дебди-ю, қирқта чўри билан бир боғи эрамга чиқариб қўйибди.
Энди икки калима сўзни Қиличқоранинг акаларидан эшитинг:
Қиличқоранинг акаси Юлдузсанар маликага:
— Иккита укам мени уйлантириб қўйиб, кетаверди. Мен хабар олмадим. Тезлик билан менга отангиздан рухсат олиб беринг. Укаларимни кўриб келайин, — деб айтибди. Хотини подшоҳга чиқиб:
— Дада, куёв ўғлингиз укаларимни кўриб келаман, рухсат берсалар, деб сўраяпти, — дебди.
Подшоҳ қирқта лочинга ўхшаган йигитни куёвига қўшиб юборибди. Булар йўлда кетаверсин, икки калима сўзни Дарёбоғлардан эшитинг. Бу ҳам қайин отасидан рухсат олиб, қирқта йигит билан акаси томонга жўнабди. Иккала оғайни йўлда учрашибдилар. Икковлари сўрашиб бўлгач, акаси сўрабди:
— Қиличқора уканг қаёққа кетди?
Дарёбоғлар укасининг кетган томонини кўрсатибди. Юлдузсанар:
— Бошла, — дебди.
У ҳам қирқта йигити, бу ҳам қирқта йигити билан йўлга тушиб жўнабди. Бир неча кун йўл юрибдилар. Кечаси Дарёбоғлар акасига дебди:
— Эй ака, Қиличқоранинг юлдузини қаранг-чи, борми, йўқми?
Юлдузсанар осмонга қараб, юлдузларни санаб:
— Эй ука, Қиличқоранинг юлдузи йўқ, — дебди. Бир жойга бориб дарёга рўпара келишибди. Шу ерга тушишибди. Тонг отибди. Юлдузсанар Дарёбоғларга:
— Эй ука, дарёни боғла, — дебди.
У дарёни боғлабди. Дарёга тушиб, юриб кетаётганларида Юлдузсанар Қиличқоранинг исфаҳон қиличини кўрибди ва дарров қўлига олибди:
— Эй ука, Қиличқоранинг қиличини бу ердан топдим, энди мана бу қўрғонга киришимиз зарур, — дебди.
Дарё ёқасидаги қўрғонга кириб қарасалар, қирқта ҳужра бор экан.
Ҳаммаси қулфланган. Дарёбоғлар билан Юлдузсанар бир уйни очиб Қиличқоранинг ўлигини топиб олибдилар. Қиличқоранинг кўкрагига қўлларини қўйиб туришибди. Қиличқора акса уриб ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа қараб, акаларини кўрибди. Акалари:
— Сен шундай ётган экансан, бошқа нарсани кўрмадик, — дебдилар. Қиличқора:
— Хай майли, акалар, менинг орқамдан юраверинглар, — дебди. У Кўктемир подшоҳнинг шаҳрига қараб йўл бошлабди. Неча кун йўл юриб, шаҳарга яқинлашибдилар. Қиличқора айтибди:
— Эй йигитлар, сизлар шу ерда туринглар. Биз уч оғайни шаҳарга кириб чиқамиз.
Ҳар учови шаҳарга кирса, Халчаойнинг қирқта каниз билан ўтирган боғи олдидан ўтибдилар. Қарасаки, бир жувон бир офтоба сувни олиб Боғи Эрамга кириб кетаётибди. Қиличқора ҳалиги жувонни чақириб олиб сўрабди:
— Эй синглим, сувни қаерга олиб борасиз?
Жувон айтибди:
— Эй ака, подшоҳ Халчаой деган қизни шу ерга олдириб келган эди. Халчаой қирқ кунга муҳлат олган эди. Шу бугун муҳлат тамом бўлиб, тўйи бўлаётир, шуларнинг қўлига сув олиб бораётирман.
— Бўлмаса тўхтанг, — деб Қиличқора узугини офтобага солибди. — Олдин ҳамма чўриларга сув беринг. Халчаойнинг қўлига энг кейин сув қуйинг, — дебди.
Бояги жувон айтгандан ҳам зиёда қилиб, сув қуйибди. Халчаойнинг қўлига жилдиратиб-жилдиратиб қуймоқда экан. Халчаойнинг аччиғи келиб, “Қуй!” дебди. Жувон шарқиратиб сувни ағдариб юборибди. Узук Халчаойнинг қўлига тушибди. Халчаой қараса, эрининг қўлига солиб келган узуги. Ҳалиги жувонга қарабди, узукка қарабди. Халчаой ҳалиги жувонни чеккага чақириб олиб:
— Бу узукни сенга ким берди? —дебди.
— Кўчада уч отлиқ турибди. Узукни ўшалар берди, — дебди. Халчаой кўчага чиқиб қараса, ўзининг эри.
— Тасаддуғинг бўлай, — деб бўйнига ёпишиб йиғлабди.
Эри отга миндириб, жўнабди. Йигитларнинг олдига етиб келганда орқасидан чанг пайдо бўлибди. Булар Кўктемир подшоҳнинг аскарлари экан.
Улар Кўктемир подшоҳ билан уришиб, уни енгибдилар ва Юлдузсанар турган мамлакатга қараб жўнабдилар. Ҳар уч оғайни тинч меҳнат қилиб, ўз севганлари билан яшаб, мурод-мақсадларига етибдилар.