Қалдирғоч

Дунё биринчи марта барпо бўлганда Худо ҳар хил ҳайвонлар ва одамлами яратибди, уларга ейдиган овқатларигача айтиб берибди. У энг кейин илонни яратибди, унга:
— Сен ўзинг меҳнат қилиб ўз ризқингни ўзинг топ, — дебди. Лекин илон кўнмабди:
— Мен, — дебди илон, — меҳнат қилмай ейман, ўзинг энг яхши гўштларни топиб берасан, — дебди. Худо унга айтибди:
— Бўлмасам сен ўзинг бориб ҳамма ҳайвон ва одамларнинг гўштидан еб кўр ва қайсисининг гўшти сенга ёқса менга келиб айтасан.
Илон бориб ҳамма ҳайвонларнинг гўштидан еб кўрибди. Унга одамни гўшти жуда ёқиб қолибди. Одам гўшти ширин эканда. У Худонинг олдига келаётиб, осмонда учиб келаётган қалдирғочни кўриб қолибди. Унинг ҳам гўштини еб кўрмоқчи бўлибди. Лекин қалдирғоч ўз гўштини едирмабди. Илон яқинлашиб оғзини очганда, тилини чўқиб олибди. Ва учиб кетибди. Илон тилсиз бўлиб қолибди. У Худонинг олдига келиб, одам гўшти ширинлигини айтмоқчи бўлибди, лекин тили бўлмаганидан ғулдираб айтолмабди. Худо эса:
— Бор бақаларни еявер, — дебди. Шунда илон яна ғулдирабди. Худо илонни думидан ушлаб сувга улоқтириб юборибди. Шундан бери илон бақа, балиқ каби ҳайвонларни еб тирикчилик қилар эмиш.
Қалдирғоч қилган бу яхшилиги учун ота-боболаримиз уни уйларида сақлар, унга уячалар ясар ва унга озор бермас эканлар.