Пуфаквой

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир шаҳар четидаги чорбоғда бир чол билан кампир бор экан. Улар ҳалол меҳнат билан, деҳқончилик қилиб кун кечирар эканлар. Чол-кампирнинг фарзанди йўқ экан. Шу сабабдан улар қаттиқ қайғурар эканлар. Йиллар ўтибди, чол-кампир яна қариб, беллари букчайибди, кўзлари хиралашибди, оғир ишга ярамайдиган бўлиб қолибдилар.
— Э, кампирим, — дебди кунлардан бир куни чол, — агар фарзандимиз бўлганда эди, қўлимиздан ишимизни олар эди. Жуда бўлмаганда дастёрлик қилар эди. Энди дунёдан кўзимиз очиқ кетадиган бўлди-да.
Кампир уни юпатибди. Кунлардан бир кун эрталаб кампир чолни уйғотибди:
— Туринг, чол, — дебди кампир, — ўғиллик бўлиб қолдик.
— Нималар деяпсан, кампир, қандай ўғил, кимнинг ўғли? —деб сўрабди чол ҳайрон бўлиб.
— Кимники бўлар эди, ўзимизнинг ўғлимиз. Туринг, қаранг, тўпдай чиройли, думалоққина бола! —дебди кампир.
Чол ўрнидан ирғиб туриб қараса, уйнинг ўртасида оёқлари чиллакдек, қорни мешдек бир бола чол-кампирга қараб, тиржайиб турган эмиш. Хурсанд бўлиб кетган чол болани қучоқлаб бағрига босиб эркалабди ва унга от қўйиш тўғрисида кампир билан маслаҳатлашибди. Унга исми-жисмига муносиб бўлсин деб, Пуфаквой деб от қўйибдилар. Шу кундан бошлаб чол-кампир Пуфаквойга ўзлари емаган яхши таомларни едириб, ичмаганларини ичириб юра берибдилар. Уларнинг нияти Пуфаквойни тезроқ катта қилиб, дастёр қилиш экан. Пуфаквой кундан-кунга семириб, қорни катта бўлаверибди. Чол-кампир уни кўп эркалатар эканлар, шу сабабдан талтайган Пуфаквой чол-кампирни менсимайдиган бўлиб қолибди. Кейинги вақтларда Пуфаквой жуда очкўз бўлиб кетибди, чол-кампирнинг берган овқатларига қаноат қилмай, кўзига нима кўринса “Ҳўпла, оғзим” деб ютиб юбораверадиган бўлиб қолибди. Бир куни чол ўғли Пуфаквойни далага қўш ҳайдашга олиб борибди. Пуфаквой кечгача чолга ёрдамлашибди. Кечқурун қорни очиб қолиб уйдаги овқатга етиб келишга ҳам сабри чидамай, “Ҳўпла, оғзим” деб бирдан қўш ҳўкизни ютиб юборибди. Чол: “Ҳўкизлар қани?” деган экан, Пуфаквой: “Ўтлоққа ҳайдаб юбордим”, деб жавоб берибди.
Эртаси бозор куни экан, чол бир бозор қилиб келай деб, кўчага чиқиб кетибди. Чолга қорама-қора Пуфаквой ҳам бозорга жўнаб қолибди. У аввал кўчада бир эшакка миниб, бир қанча хўроз ва товуқларни бозорга олиб келаётган кишини кўрибди. Пуфаквой: “Шу товуқларни олса, маза қилар эдим”, деб ўйлабди. У бирдан “Ҳўпла, оғзим” дейиши билан ҳалиги эшакдаги киши эшак-пешаги ва хўроз, товуқлари билан унинг оғзига кириб кетибди. Пуфаквой қатиқ ва сузма кўтариб кетаётган бир кишига дуч келибди. “Ҳўпла, оғзим” деган экан, у киши ҳам халтадаги сузмалари, хурмачадаги қатиқлари билан Пуфаквойнинг оғзига кириб кетибди. Яна Пуфаквой бозор томон бора берибди: у йўлда кўринган ҳамма нарсаларни очкўзлик билан ютаверибди. Қўй ҳайдаб кетаётганларни ҳам, мол ҳайдаб кетаётганларни ҳам, арава-арава юк олиб кетаётганларни ҳам, йилқиларни ҳам, туяларни ҳам одам-подами билан ютиб юбораверибди. Охири Пуфаквой бозорга етибди. Бозор дарвозаси олдида туриб “Ҳўпла, оғзим” деган экан бозорда ҳеч зоғ қолмай Пуфаквойнинг оғзига кириб кетибди.
Пуфаквой энди сал-пал қорни тўйгандек бўлиб уйга қайтибди. Энди Пуфаквойнинг қорни жуда катта гумбаздек бўлиб шишиб кетибди. У шаҳарнинг кўчаларига аранг сиғиб уйига етиб келибди, кампир кўчада катта гумбаз думалаб келаётганини кўриб ҳайрон бўлиб қолибди. У қўрққанидан эшикни бекитиб, уйга кириб кетибди. Пуфаквой эшик ёнига келиб кампирни чақирибди, кампир ўғлим келди, деб эшикка чиқса, ҳалиги гумбаз девордан мўралаб турган эмиш. Кампир яна уйга қочаётган экан, Пуфаквой:
— Ойи, мен келдим, қўрқманг, сизни еб қўймайман, қорним тўйди, бозордагиларни еб келдим, — дебди. Кампир ўғли ялмоғиз эканини сезиб қолибди. Пуфаквойни алдаб ухлатиш фикрига тушибди. У ухлаганда ўзим билиб ишимни қиламан, дебди кампир. Кампир Пуфаквойни силаб-сийпаб, болам-бўтам қилиб:
— Болам, қорнинг тўқ бўлса ҳам чарчагандирсан, сенга бир яхши жой қилиб берай, салқинда бир маза қилиб ухлаб олгин, сен тургунингча мен чой қайнатиб, истасанг ширингина атала ҳам пишириб қўяй, — дебди. Пуфаквой уйга сиғмагани учун кўчадаги дарахтлар тагида ётмоқчи бўлибди. Кампир кўчаларни супуриб сув сепибди, катта кигизни ёзиб, Пуфаквойга юмшоққина ўрин солиб берибди. Пуфаквой ўлгудек чарчагани учун дарров ётиб уйқуга кетибди. Кампир аталага олов ёқиб, чойдишни қозон ёнига илибди, оташкуракни ўчоққа ташлаб қўйибди. Пуфаквойнинг ёнига яқинроқ келган экан, унинг қорнидан: хўрозларнинг қичқириғи, эшакларнинг ҳанграши, отларнинг кишнаши, туяларнинг бўкириши, қўй, сигир ва ҳўкизларнинг маъраши ва ниҳоят одамларнинг қий-чуви эшитилаётган эмиш. Кампир кўчаларда ҳеч ким кўринмаганидан хавотир бўлиб ўтирган экан. Энди ҳамма воқеани тушунибди. “Менинг ялмоғиз ўғлим бозордаги ва кўчадаги ҳамма нарсаларни, одамларни ютиб юборган бўлса керак. Мен бу бечораларни Пуфаквойнинг қорнидан чиқариб юборишим керак, бўлмаса шаҳарда одам қолмайди”, деб ўйлабди кампир. Ўчоқдаги оташкурак лаққа чўғ бўлганда кампир уни секин олиб келиб, ухлаб ётган ялмоғиз ўғли Пуфаквойнинг қорнига босибди. Катта гумбаздек қорин тўп отгандек “пақ” этиб ёрилиб кетибди. Унинг қорнидан чиққан одамлар ҳеч қандай зарар кўрмай, севинишиб, кулишиб ўз нарсаларини олиб уйларига тарқалишибди. Улар орасида чол ҳам бор экан.
Чол кампирга ўғли Пуфаквойнинг қилиқларини бирма-бир гапириб берибди. Иккиси қорни ёрилиб ётган ўғилларига жуда ачинибди, Пуфаквойнинг тепасига келиб, қарашса, ҳали жони бор эмиш. Пуфаквой секин кўзини очиб ота-онасига ялинибди:
— Менинг қорнимни тикиб қўйинглар, бўлмаса мен ўламан, энди тузалсам, ҳеч кимни емайман, яхши бола бўламан, сўзингизга кираман, нима иш буюрсангиз қилайин, — дебди. Чол жарроҳга борибди, жарроҳ келиб Пуфаквойнинг қорнидаги чўзилиб, катта бўлиб кетган ҳамма ичак, томирларини кесиб ташлаб, тикиб қўйибди. Пуфаквойни чол-кампир яна қирқ кун тарбия қилишибди. Унга ҳар куни озгина-озгина атала ва ширчой қилиб берар эканлар. Охири Пуфаквойнинг қорнидаги яралари тузалибди. Қирқ бир кун деганда у ҳовлида аста-аста юра бошлабди, кейин бутунлай тузалиб кетибди. Чол Пуфаквойни далага олиб бориб, унга деҳқончиликни ўргатибди. Пуфаквой яхши деҳқон бўлиб етишибди.
Чол-кампир дам олиб ётар экан. Пуфаквой ҳамма ишни бир ўзи бажариб келар экан. У қариб қолган ота-онасига қандай меҳрибон бўлса, бошқа одамларни ҳам шундай яхши кўрар экан. Шундай қилиб чол билан кампир мурод-мақсадига етибди.