Подшонинг мот бўлиши

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бўлган экан. Подшонинг ўнг қўл вазирининг оти Ҳасанумайманоз, чап қўл вазирининг оти Пахтак экан. Икковининг бир-бирини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ экан. Доим Пахтак вазир Ҳасанумайманоз вазирни йўқотиш пайида юрар экан. Ҳасанумайманоз вазир Пахтак вазирнинг ёмон ниятларини сезса ҳам ҳеч парво қилмас экан. Подшонинг икки ёнида ўттиз бештадан етмиш ўрин бўлиб, ҳар бир киши ўз ўрнига ўтирар экан, бири иккинчисининг жойига ўтиришга ҳаққи йўқ экан. Анниқса ўнг қўл вазир Ҳасанумайманоз Пахтак вазирнинг ўрнига, чап қўл вазир Пахтак эса Ҳасанумайманоз вазирнинг ўрнига ўтирмас экан.
Кунлардан бир кун подшо ўнг томонига бундоқ қараса, Ҳасанумайманоз вазири ўрнида йўқ эмиш. Подшо ён-атрофдагиларидан:
— Нима учун Ҳасанумайманоз йўқ? — деб сўрабди. Кейин: —Ясовулларга айтинглар, уйидан чақириб келишсин,— деб буюрибди.
Шунда Пахтак вазир ўрнидан ирғиб туриб:
— Подшоҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир арзим бор, — деб икки қўлини кўксига қўйиб тураверибди.
Подшо:
— Кечдим, айт арзингни, — дебди.
— Ҳасанумайманозни суюб, доно вазир деб биласиз. Унинг ўтирадиган ўрнига бир парча юқа қоғоз қўйсак, агар вазирингиз Ҳасанумайманоз ҳақиқатан ҳам билағон, доно киши бўлса, қани, шу қоғозни билсин-чи, агар билмаса ундай бефаҳм вазирга сиздек улуғ подшоҳнинг даргоҳида жой бўлмаслиги керак, — дебди.
Бу гап подшога ҳам, ўтирганларга ҳам маъқул тушибди. Шунда подшо:
— Бир парча пиёз пардасидек қоғозни Ҳусанумайманознинг ўтирадиган жойидаги кўрпачанинг орасига қўйинглар, агар қоғоз борлигини сезса, бошидан оёғигача зарга кўмаман, борди-ю, билмаса, калласини танасидан жудо қиламан, — деб буйруқ қилибди.
Подшо буюрганидек қилиб, бир парча пиёз пардасидек қоғозни Ҳасанумайманоз вазир ўтирадиган кўрпачанинг қатига қўйишибди.
Бир пайт Ҳасанумайманоз вазир салом бериб кириб келибди. Барча турганлар «Ҳасанумайманоз қогоз борлигини билмайди, энди калласи танасидан жудо бўлади», деб унга тикилганича турган эмиш.
Ҳасанумаймаиоз ўз жойига бориб ўтириб, ерга бир қарабди, кейин осмонга қарабди.
Шунда подшо:
— Эй Ҳасанумайманоз вазир, нима сабабдан жойингизга ўтирибоқ бир ерга, кейин бир осмонга қараб қўйдингиз? — деб сўрабди. Ҳасанумайманоз вазир ўрнидан туриб:
— Подшоҳим, бугун ер ё пиёз пўстидек бпланд кўтарилибди, ёки осмон бир парда пастлабди, — дебди.
Подшо Ҳасанумайманоз вазирнинг донолигига қойил қолиб, бошидан оёғигача олтинга кўмибди.
Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтаверибди.
Ҳасанумайманознинг обрўсига обрў қўшилиб бораёгганлигини кўрган Пахтак вазир, ўзини қўярга жой, кирарга ковак тополмай қолибди, кундан-кун ғазаби орта борибди. Фикр-зикри рақибини йўқотиш бўлибди.
Подшонинг отмиш икки мингта оти бўлар экан, шулардан бири энг яхши кўрган тулпор оти экан. Ўша от доим подшонинг кўз олдида эгарланган, юганланган ҳолда турар экан, подшо шу отга нима ном қўйиш керак деб, кўп ўйлабди. Кейин:
— Шу отимга лойиқ ном топиб берган кишининг бошидан зар тўкаман, — дебди.
Подшонинг кўнглидаги номни тополмаслигини билиб, ҳеч ким индамабди.
Шунда чап қўл вазир Пахтак ирғиб ўрнидан туриб:
— Э подшоҳи олам, бир парда қоғозни билган ўнг қўл вазирингиз Ҳасанумайманоз отингизнинг отини топмай қўярмиди, — дебди.
Подшо ўнг қўл вазирига қараб:
— Отимга ном топасизми, Ҳасанумайманоз? —  деб сўрабди. Ҳасанумайманоз одоб билан ўрнидан туриб:
— Муҳлат берсангиз отингизга ном топишга ҳаракат қилиб кўраман, — дебди.
Подшо хурсанд бўлиб кетиб, бир ойга муҳлат берибди.
Ҳасанумайманоз қуллуқ қилиб, хайрлашиб саройдан чиқиб кетибди. Подшонинг отига муносиб ном топаман деб қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар кезиб чиқибди. Хуллас, Ҳасанумайманоз кирмаган кўча, бормаган қишлоқ, юрмаган шаҳар қолмабди. Йигирма кун кезиб юриб, отнинг номини тополмай, энди ўз шаҳримга қайтмасам бўлмас экан деб қайтибди. Йўл юриб чарчаб, сув ичмай чанқаб, уйқудан қолиб, юриб-юриб бир жойга келиб қолибди. Қараса, бир пахса девор билан ўралган қўрғонча эмиш. Қўрғонча ичида иккита том, томнинг орқасида бир туп уруғи пишиб турган наша ўсиб турган эмиш «Шу жой, ажаб яхши жой экан, отни шу нашага бойлаб, унинг тагида ўзим бир-икки соат ухлаб олсам яхши бўларди», деб ўйлаб отнинг бошини қўрғончага бурибди. Ҳасанумайманоз вазир отдан тушиб, уни нашага боғлаб, «яна беш-ўн кун муҳлатимдаи бор-ку», деб ётиб кўзи уйқуга кетибди.
Бир пайт оти нашага суйканиб, пишган нашаларни тўкиб юборибди. Шунда қўрғончадан бир қиз чиқиб:
— Э, ҳаром ўлгур, ҳайбар-чашбар-зуҳбар от экансан-ку, — дебди.
Бу гап Ҳасанумайманознинг қулоғига кириб сапчиб ўрнидан туриб кетибди. Кейин қизнинг ким эканлпгини суриштириб билиб, унга уйланмоқчи бўлибди. Совчи қўйиб, ўзига сўратибди. Қизнинг биргина кампир энаси бор экан, олдинига подшо кишиларига бермайман, дебди. Ҳасанумайманоз вазирнинг ҳали уйланмаган, ақлли ва доно йигит эканлигини суриштириб билиб, қизини беришга розилик билдирибди. Ҳасанумайманоз вазир ўзида йўқ хурсанд бўлиб, шаҳарига қайтибди. Подшонинг ҳузурига борибди. Пахтак вазир бошлиқ уламолар, Ҳасанумайманоз вазирни кўриб:
— Бу отнинг номини топиб келолмаган, подшо илгари ўлдирмаса ҳам энди ўлдиради, — деб туришибди. Ҳасанумайманоз вазир аста бориб ўз ўрнига ўтирибли. Подшо:
— Э, вазирларнинг сарвари Ҳасанумайманоз, отимга ном топдингизми? —  дебди.
Шунда Ҳасанумайманоз вазир:
— Шаҳарингизнинг чеккасидаги кичик қўрғончада бир кампир билан унинг қизи яшар экан. Отнинг номини ўша кампирнинг қизи айтиб берди. Отингизнинг номи «Ҳайбар-Чашбар-Зуҳбар» экан, — дебди.
— Ҳа, сенга учраган қиз кўп ақлли экан, отнинг отини топибди, — дебди подшо хурсанд бўлиб.
Шундай қилиб, Ҳасанумайманоз вазир ўлимдан қолибди.
Орадан бир кун ўтказиб, Пахтак вазирнинг маслаҳати билан подшо отнинг отини топган қизни ахтариб йўлга чиқибди, сўраб-сўраб кампирнинг уйини топибди-да, қизни ўзига хотинликка олмоқчи бўлибди. Қиз жуда ҳам ақлли, доно экан. «Саройда яшагунча бу ерларда мол боқиб ўтиб кетганим маъқул», деб ўйлабди. У подшога қараб:
— Тақсир, биз кенг далада ўсган далағовил одаммиз, саройингизга сиғмасмиз, — дебди.
— Йўқ, саройга сиға берасан, хотинларим орасида биринчиси бўласан, — дебди подшо.
Шунда қиз подшо билан ади-бади айтишиб ўтиргани билан иш битмайди, дебди ўзига-ўзи. Кейин подшога қараб:
— Майли, мен рози, аммо уч ҳафта муҳлат берасиз, —дебди
Подшо ноилож кўнибди. Подшо қайтиб кетгандан кейин, қиз эркакча кийиниб, шаҳарга келиб, Ҳасанумайманоз вазирни топиб, бўлган воқеани айтиб берибди.
Ҳасанумайманоз вазир билан қиз биринчи бор кўришганидаёқ бир-бирларини севиб қолишган экан.
— Бўпти, сиз кета беринг, мен подшонинг бир иложини қиламан, — дебди Ҳасанумайманоз вазир қизга. Қиз уйига қайтибди. Эртасига Ҳасанумайманоз вазир кампирникига бориб, қиз билан маслаҳатни бир жойга қўйибди.
— Икки дона кўмоч қилиб, сизнинг икки қўлтиғингизга қистириб қўямиз, — дебди энасига қиз.— Подшо овга ўтадиган куни эшикка чиқиб ўтираверасиз. Подшо яқин келганда «Эй подшоҳим, сизга арзим бор», деб қўлингизни кўтариб юборасиз. Кўмоч ғилдираб подшонинг отининг туёғи остига боради. Шунда подшо отининг жиловини тортиб, тўхтатиб: «Айт арзингни?» дейди. Шунда сиз, Ҳасанумайманоз вазирингиздан дод, боғчамга сув бермайди, дейсиз. Қолганиии кейин кўрасиз, — дебди.
Кампир икки дона кўмочни икки қўлтиғига қўлтиқлаб ўтирган экан, сиёсат билан подшо ўтиб қолибди. Кампир: «Подшоҳим арз», деб икки қўлини кўтарган экан, ҳалиги кўмочлар қўлтиғидан тушиб, ғилдираб подшонинг отининг туёғи остига бориб қолибди. Подшо отининг жиловини тортиб туриб:
— Айт арзингии, — дебди. Шунда кампир:
— Ҳасанумайманоз деган вазирингиздан дод, сув бермайди, экинларим қуриб кетди, — дебди.
Шунда подшо ўнг қўл вазири Ҳасанумайманозга қараб:
— Нима учун бу кампирнинг боғчасига сув бермадингиз? — деб сўрабди.
Шунда Ҳасанумайманоз:
— Подшоҳи олам, бу кампирнинг боғчасига бундан икки ҳафта олдин бир тўнғиз оралаган экан, шунинг учун тўпғиз ҳалол жойга ҳаром қадамини босиб ифлослабди, деб сув бермадим, — дебди.
Подшо вазирнинг нимага шама қилаётганини билиб, нима дейишини билмай, орқасига қайтибди. Ҳасанумайманоз қишлоқда қолиб, қизга уйланиб, яхши ҳаёт кечириб, муроду мақсадига етибди.