Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда узоқ юртда бир подачи бор экан. Унинг хотини анча вақт касал ётиб, ахири ўлибди-да, ёлғизгина бир қизи етим қолибди.
Подачи бир тул хотинга уйланибди, иккинчи хотин бир қиз эргаштириб келибди. Етим қизга ўгай она ҳадеб зулм қилаверибди, етим қизнинг ранг-рўйи заъфарондай сарғайиб кетибди. Она ўз қизига кунда ёғлиқ нон берар экан-да, ўгай қизга қотган нон бериб, оғир-оғир ишларни буюрар экан.
Етим қизга онасидан бир сигир, бир хўроз ва бир товуқ қолган экан.
Ўгай она ҳар куни: “Бир сават пахтани йигириб, сигирни боқиб кел!” деб қизни далага ҳайдаб юборар экан. Қиз чархни олдига олиб, қаттиқ нонни совуқ сувга ивитиб еб, ўгай она айтган ирнинг ярмисини ҳам йигиролмай келар экан. Ўгай она қиз шўрликнинг сочларидан тортиб урар экан, аъзойи баданини ўймалаб, кўкартириб юборар экан. Отаси ҳам кейинги хотинининг гапига кирар экан. Қиз бир кун далада сигирини ўтлатиб қўйиб, ўзи чарх йигириб ўтирса, бирдан қаттиқ шамол турибди-ю, пахтасини учириб кетибди. Қиз уни ушлаб оламан деб югуриб кетаверибди, лекин тутолмабди. Охири пахтани шамол тоғ бағридаги бир ғорга олиб кириб кетибди. Қиз ғорнинг ичига кирса, оппоқ сочли кампир ўтирган эмиш. Қиз дарҳол икки қўлини кўксига қўйиб:
— Ассалому алайкум, бувижон! — дебди.
— Ваалайкум ассалом, кел, қизим, кел! Хўш, нима кулфат тушди бошингга? — деб сўрабди кампир.
Қиз бошидан кечирган ҳамма воқеани кампирга бирма-бир айтиб берибди.
Шунда кампир:
— Эй, болам, хафа бўлма, ўгай онангнинг берган пахтасини сигирга едир, кейин сигирнинг елинидан ирларни тортиб ўриб олавер! — дебди ва қизнинг бошини силаб туриб:
— Агар бошингга бирор кулфат тушса менга кел, мушкулингни ўзим осон қиламан, — дебди.
Қиз севинчини ичига сиғдиролмай, тезда сигир олдига борибди, пахтани сигирга едириб, елинидан сут соғгандай ирни тортиб олаверибди. Бир текис ингичка ир чиқаверибди. Бир нафасда бир неча калава ир соғиб, ўгай онанинг олдига келса, у:
— Мунча кеч келдинг?! Бор, сигирнинг тагини тозала, ҳовлини супур! — деб ўдағайлабди.
Ўгай она кунда-кунда неча сават пахта берса ҳам, қиз бечора ҳаммасини силлиқ қилиб, ирга айлантириб келаверибди. Ўгай она бунга чидаёлмай пойлабди, қарасаки, воқеа ҳалигидек эмиш.
Бир куни кечқурун эри ишдан келганда:
— Адаси, ҳадемай қиш киради, менинг мол гўшти егим келяпти, иложи бўлса сигирни сўйиб берсангиз, — дебди.
Лақма эри “Хўп” деб сигирни сўйиб, гўшт-ёғини саранжомлабди. Етим қиз шўрлик йиғлаб-йиғлаб ғордаги кампир олдига яна борибди. Шунда кампир қизнинг бошини силаб туриб:
— Йиғлама, болам, ҳечқиси йўқ! Уйингга бориб сигирингнинг суякларини, терисини, дум ва шохларини йиғиб, бир жойга кўм. Пайти келганида кунингга ярайди, — дебди.
Қиз кампирнинг айтганларини қилибди. Бир кун ўгай она ўз қизини роса ясатиб, меҳмонга олиб кетибди. Ўгай қизнинг олдига бир халта гуруч билан бир халта мошни аралаштириб:
“Мен келгунча мана шу мош билан гуручни бир-биридан ажратиб қўй”, деб қизнинг бошига бир мушт уриб, эшикни устидан қулфлаб кетибди. Қизнинг онасидан қолган ҳалиги битта товуғи билан битта хўрози келиб, йиғлаб ўтирган қизга ёрдам берибди: бир нафасда мошни мошга, гуручни гуручга ажратибди. Қиз қувона-қувона кампир олдига борибди. Кампир қизнинг бошини силаб:
— Болам, қизларимдан тўрттасини сенга қўшиб берай. Сен улар билан юрт подшосининг тўйига боргин, кўмиб қўйган суяк, тери, дум ва шоҳларни очиб қара-чи, нима сир кўрар экансан, — дебди. Ўша онда тўртта қиз пайдо бўлиб, кампирга салом берибди. Подачининг қизи улар билан бирга уйига бориб, кўмиб қўйган нарсаларини очиб қараса, сигирнинг териси бир либос бўлибдики, тилла тугмалар қадалган, ялт-ялт товланармиш. Сигирнинг туёқлари бир ғалати кавуш бўлибдики, худди қошиққа ўхшармиш; суяклари эса дур, гавҳар, маржон бўлиб қолибди. Ҳалиги қизлар олиб келган кўйлакларни, либос, кавушларни қизга кийдириб, рўмол ўратиб, гулоб билан юзини ювганларида қиз ўн тўрт кунлик ойдек бўлиб, унинг ҳусн-жамоли ҳалиги қизлар ҳуснидан юз чандон ошиб кетибди. У қизлар подачининг қизига чўри бўлишиб, тўйга боришибди.
Тўй эгаси “Аллақайси юрт подшосининг қизи келди”, деб ўйлаб, қизни уйнинг тўрига ўтказибди. Қизнинг ўгай онаси ҳам тўйга борган экан, пойгакда қолиб кетибди. Зиёфат жуда қуюқ бўлибди, қанд ўрнига новвот, сув ўрнига шарбат тортилибди. Зиёфат ўтгандан кейин қиз дастурхондаги мева-чеваларни ўгай онасига узатибди. Ўгай она, қизни танимай, суюна-суюна овқатларни олиб қайтибди. Қиз кўп иззат-ҳурмат билан тўйдан чиқибди, уйига тез бориш учун шошилибди, шошилганлиги сабабли оёғидан бир пой кавуши тушиб қолибди. Ўгай онаси боргунча, ҳеч нарсани кўрмагандек, уйга келиб ўтирибди.
Бир вақт ўгай она ўз қизи билан уйга келиб, ўгай қизига мақтанибди:
— Биз ажойиб томошаларни кўрдик, қуюқ зиёфатда бўлдик, бир подшонинг қизи келди, ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, ширин-шакар сўзи бор, ўз олдидаги хилма-хил овқатларни бизга берди. Сен нима қилиб ўтирибсан, қўйиб кетган мош-гуручларни нима қилдинг?
Қиз бир халта мош, бир халта гуручни онаси олдига олиб чиқиб қўйибди. Буни кўрган ўгай онасининг дами ичига тушиб кетибди.
Подшонинг тўйини ўтказиб келаётган кампирлардан биттаси йўлда ботқоққа ботиб қолган чиройли кавушнинг бир пойини топиб олибди.
“Бу қанақа кавуш бўлди, умримда бундай чиройли, бежирим кавушни кўрмаган эдим”, деб тўппа-тўғри подшонинг олдига оборибди.
Подшонинг кўзига кавуш яхши кўриниб:
— Шу кавушнинг эгаси жуда чиройли қиз бўлса керак. Ким бўлса ҳам ўшани оламан, юрт-у оламни қидириб, шу кавушнинг эгасини топинглар! — дебди.
Икки кампир уйма-уй юриб, ҳалиги кавушни ҳар бир қизга кийгизиб кўрибди: ҳеч қайсисининг оёғига тўғри келмабди. Подшо “Энди кимнинг уйи қолди”, деганда “Фалон подачининг уйи қолди”, дейишибди.
Подшо:
— Подачининг уйига боринглар! — дебди. Кампирлар подачининг уйига келиши билан ўгай она етим қизни тандирга қамаб, тандир оғзини беркитиб қўйибди. Ўз қизини ясатиб кампирларга рўпара қилибди. Кавушни қизга кийгизмоқчи бўлишса, оёғининг учи ҳам сиғмасмиш. Буни кўрган онаси каловлаб қолибди.
Кампирлар энди кетайлик деб турганда, товуқ билан хўроз тандир бошига чиқиб: “Биби, биби, мунда”, дермиш. Кампирлардан биттаси “Тавба, товуқ ҳам гапирадими? Тандирда бир гап борга ўхшайди”, деб уни очиб қарашса, бир қиз ўтирган эмишки, гўё ҳур-паридек. Сўнгра уни тандирдан чиқариб олиб, кавушни кийгизиб кўришса, оёғига лоппа-лойиқ келибди.
Кампирлар подшо олдига бориб: “Суюнчи, суюнчи!” дейишибди ва “Шунақа бўйи толма, икки юзи олма, оғзи ангишвонадек маҳпора қизга лойиқ келди”, деб қизни таъриф қилишибди. Подшо ҳар иккала кампирга бош-оёқ сарпо берибди, тўй ҳаракатига тушибди. Ўгай онанинг жони ҳалқумига келиб, хўроз билан товуқнинг бошларини узиб ташлабди.
Тўй яқинлашган сари ўз қизини парвариш қилаверибди. Ўгай қизнинг икки кўзини ўйиб, ўзини қамишзор тўқайга ташлабди ва унинг ўрнига ўз қизини узатиб борибди. Подшо қараса, қиз жудаям хунук эмиш.
Бир бўзчи чол тўтиларга найча қилиш учун тўқайга борса, бир қиз мук тушиб йиғлаб ётган эмиш. Чол бориб:
— Э, болам, нима бўлди сенга, нега йиғлайсан? — деб сўрабди. Шунда қиз воқеани бирма-бир айтиб берибди.
Чолнинг қизга раҳми келиб:
— Болам, менда на ўғил, на қиз бор. Уйда биргина кампирим бор, у бояқиш чарх йигириб ир қилиб беради, мен бўз тўқийман, шу билан кун кўрамиз. Энди сен менга қиз бўлгин, ёлғизлик кампирнинг ҳам жонига теккан, — дебди.
Қиз рози бўлибди. Кейин чол қизни етаклаб уйга олиб борибди, кампир хурсанд бўлибди.
Қиз кулса оғзидан гулдаста, йиғласа кўзидан дур тўкилар экан.
Кунлардан бир кун кампир бир қизиқ нарса гапирган экан қиз қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборибди, шунда оғзидан гулдасталар тўкилибди. Қиз чолга қараб:
— Отажон, мана шу гулларни саватга териб, подшо қасри олдидан ўтаверинг. “Гул келди!” ”Гул келди!” денг. Агар подшо хотини чиқиб, “Гулингизни сотасизми?” деса, ”Кўзга алишаман!” денг, — дебди.
Чол қиз айтганидай қилиб, “Гул келде-е-е! Гул келде-е-е!” деб ўтаверса, подшонинг хотини уни чақиртириб сўрабди:
— Гулинг неча пул?
— Гулимни пулга сотмайман, кўзга алишаман, — дебди чол.
Подшонинг хотини етим қизнинг сандиқда сақлаган икки кўзини чолга чиқариб берибди. Кечаси қиз кўзларини ўз ўрнига солиб ухлаб ётса, ғор ичидаги кампир келиб, қизнинг кўзларини тузатибди. Қиз уйғонса, кўзи чироқдек очилиб кетибди, ҳамма ёқни дур босибди. Кулган сари оғзидан гулдаста тўкилармиш.
Чол кунда сават-сават гулларни, дурларни сотавериб, бойиб кетибди. Олтиндан қўрғонлар ясаб, чўл-биёбонларга сув чиқарибди. Тўқайларни гулистонга айлантириб юборибди.
Бир куни ўша юртнинг подшоси овга чиқибди. Қараса, чўл-биёбонлар обод бўлиб, тоғ тепасида мустаҳкам қўрғонлар пайдо бўлган эмиш. Илгариги ов жойларида булбуллар, тўтилар, қумрилар сайрашаётган эмиш. Подшо одамлардан:
— Бу ерни ким обод қилди? —деб сўраган экан, кишилар:
— Бўзчи чолнинг қизи обод қилди, — деб жавоб беришибди.
Подшо “Шу қизни бир кўрсам, ўлсам ҳам армоним йўқ эди”, деб кеча-кундуз орзуда бўлибди.
Қиз бир кун дугоналари билан овга чиқибди. Шу куни подшо ҳам ёлғиз овга чиққан экан. Улар дарё ёқасида учрашиб қолибдилар. Шу пайт шамол келиб қизнинг юзидан пардани кўтарибди. Подшо қизни кўриши билан ҳушидан кетиб, отдан йиқилибди. Қизлар подшони саройга олиб борибдилар. Қиз подшога:
— Э, подшо, агар лойиқ кўрсангиз, вазирларингиз, қирқта йигитингиз ва уй ичингиз билан бизникига меҳмон бўлиб келсангиз, — дебди.
Подшо рози бўлибди. Орадан кўп ўтмай вазир-у вузаролари ва навкарлари билан қизникига меҳмон бўлиб келибди. Қиз уларнинг тагига етти қават кўрпача солибди. Қирқ қўйни сўйдириб, турли ноз-неъмат билан уларни кутиб олибди. Ярим кеча бўлганда юзига етти қават парда тутиб, дутор чалиб, бошидан ўтганларни бирма-бир айтиб берибди. Кейин юзидан пардани олиб ташлабди. Подшо бу гапларни эшитиб воқеага тушунибди, бераҳм қайнонаси билан хотинини ўлимга буюрибди.
Эл-юртга тўй бериб, подачининг қизига уйланибди. Яхши яшаб, яхши ошаб, мурод-мақсадларига етишибди.