Озодачеҳра

Бор экан, йўқ экан, Балх шаҳрининг подшоси бор экан. Унинг фарзанди йўқ экан. “Фарзандим бўлса, тахтимга эга бўларди”, деб кеча-ю кундуз йиғлар экан.
 Орадан бир қанча вақт ўтиб, тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқа деганда подшонинг хотини бир қиз туғибди. Туғибди-ю ўлибди. Подшо болани энагага бериб боқтирибди. Етти ёшда қизни мактабга берибди. Қиз ўн олти ёшга етганда билимли бўлиб чиқибди. Ҳар юртдан подшолар қизга совчи юбора берибди. Подшо унамабди. Кунлардан бир кун подшонинг ўнг қўл вазири туриб:
— Э, шоҳим, қизингиз ўн олти ёшга етди, биттани “ўпоқ” дейсиз, биттани “сўпоқ” дейсиз, ҳеч кимга қизингизни бермайсиз. Бунинг маъноси нима? — дебди. Шунда подшо:
— Шу битта-ю битта қизимдан бошқа фарзандим йўқ, бўлак юртга берсам, узоққа кетиб қолади, ўз шаҳримга берсам, ҳар куни кўриб турардим. Башарти, бу шаҳарда ўзимга муносиб киши бўлса, албатта берардим, — дебди.
Бир куни вазир шаҳар ичида айланиб юрган экан, Балхнинг дарвозасига яқин жойда Саид деган бир савдогарни учратиб, уни подшога мақтаб, қизингизга жуда муносиб, — дебди.
Подшо ўша савдогарга қизини берибди. Ойдан ой, йилдан йил ўтиб, подшонинг қизи бир қиз туғибди, бироз вақтдан кейин боланинг онаси касал бўлиб ўлибди. Савдогар қизини тарбиялаш учун энагага берибди. Бу қизга Озодачеҳра деб ном қўйибдилар. Қиз ўн тўртга кирибди. Илмни, сироҳигарчиликни бекам-кўст ўрганибди. Ўзи беҳад чиройли экан: ой деса юзи бор, кун деса кўзи бор, қизил гулнинг новдасидек бўйи бор.
Бир кун савдогар қизига бундай дебди:
— Қизим, сен ўн тўртга кирдинг, менинг ота касбим савдогарчилик эди. Энди бир савдогарчиликка борсам, топганимни тўйга сарф қилиб, сени чиқарсам; келгунимча сени подшо бувангга омонат топширсам.
Савдогар қайнатаси ҳузурига бориб, унга салом бериб:
— Ижозат берсангиз неварангизни сизга топшириб, ўзим савдогарчиликка бориб келсам, — дебди.
Подшо куёвига дебди:
— Менинг ишим кўп, қизингдан хабар олиб туролмайман. Менинг Суҳайл деган бир вазирим бор. Бизнинг подшоҳликда бундай яхши одам йўқ. Қизни ана шу кишига топшир!
Савдогар бориб вазирга салом берибди ва айтибди:
— Менинг бир қизим бор, тақсир, ўзим савдога кетмоқчиман, агар малол келмаса, қизимни сизга омонат топшириб кетсам, дейман.
Вазир савдогарга:
— Олиб кел, ўзинг ой бориб, омон келсанг, қизингни қўлингга эсон-омон топшираман, — дебди.
Савдогар қизини бир қанча пул, мол билан вазирга топшириб, ўзи савдога жўнаб кетибди.
Вазир бир куни қўл ювиш учун ҳовлига чиқибди. Қараса, юзига парда тутган бир қиз ҳовли супуриб юрган эмиш. “Бу кимнинг қизи экан”, деб хаёл суриб турганда, шамол келиб қизнинг бетидан пардани кўтарибди. Бу бадбахт вазир қизни кўриб ошиқи-беқарор бўлибди. Гўё ўткир тиғ унинг юрагини тилиб кетибди. Вазир фикр қилиб: “Ҳар иш қилсам ихтиёр ўзимда, қорани оқ десам, оқни қора десам сўзимга ҳамма ишонади”, деб олтин лаганга турли ноз-неъмат тўлғазиб келиб, қизга тутқазибди ва “Ол қўлимдан”, дебди. Вазирнинг тўрт хотини бор экан, “Бугун ота-онангизни кўриб, ҳол-аҳвол сўраб келинглар”, — деб уларни уйларига юбориб, уйни холи қилибди.
Сўнгра:
— Кел, қизим, қўлимга сув қуй, — дебди. Вазирнинг бир кумуш обдастаси бўлар экан, ҳамиша у қўл ювадиган бўлса, қиз шу обдаста билан сув қуяр экан. Қиз одатдагича вазирнинг қўлига сув қуйибди. Вазир бадбахт эса дилини бузиб, қизнинг билагига қўл солибди. Қиз “Мен-дан гуноҳ ўтган бўлса, тавба қилдим”, деб теракнинг баргидек титраб, йиғлаб юборибди.
Вазир: “Гуноҳингдан ўтдим, сув қуй”, дебди. Қиз сув қуйиб турганда вазир унга тегишибди. Қиз вазирнинг феъли бузилганини билиб, қўлидаги кумуш обдаста билан вазирни шундай урибдики, обдастанинг таги вазирнинг пешонасида бир парча тамға қолдирибди. Вазир беҳуш бўлиб йиқилибди. Қиз бетига ниқоб тутиб подшо ўрдасига кетибди.
Вазир ҳушига келиб кўзини очса, қонга бўялиб ётган эмиш, шунда дод-фарёд қилиб подшо ҳузурига кирибди. Вазирнинг қонга бўяганлигини кўрган подшо ундан:
— Эй Суҳайл, менинг замонамда сенга ким зулм қилди? — деб сўрабди. Бунга жавобан вазир: ”Дод, золим қиз дастидан! Мен хотинларимнинг ҳаммасини ота-онасиникига юбориб, ”Қизим, уйни пойлаб ўтиргин”, деган эдим. Бироздан кейин бир хабар олай, якка қолиб хафа бўлмасин, деб уйга кирсам, бу нобакор қиз меҳмонхонада тўрт йигит билан базм қилиб ўтирган экан. Мени кўриб, шу аҳволга солди. Бу ишларга сенинг набиранг сабаб бўлди”, деб йиғлайверибди.
Подшо қаттиқ ғазабланиб, бошидан тожини олиб улоқтирибди, ер тепинибди, ўнг қўл вазирига қараб:
— Жаллод! У нобакор қизни дорга ос! — деб қичқирибди. Жаллод дарҳол қизнинг қўлларини орқасига боғлаб, ҳар қадамда бошига қамчи уриб, подшонинг ўрдасига келтирибди. Ўнг қўл вазирнинг қизга раҳми келиб, подшодан ўтиниб сўрабди ва:
— Шоҳим, бу беақл қизнинг ихтиёрини менга берсангиз. Мен уни шундай хор-зор қилиб ўлдирайки, бошқаларга катта ибрат бўлсин, — дебди.
Подшо ўнг қўл вазирининг таклифига рози бўлиб, неварасини унга берибди.
Ўнг қўл вазир бир хуржуннинг иккала кўзини талқонга тўлғазибди-да, қизни бир биёбонга олиб чиқиб: “Э, қизим, ишинг ҳақ бўлса оқлиққа чиқ, ноҳақ бўлса гўштингни қузғунлар есин”, деб қиз билан хайрлашиб, уни биёбонга ташлаб қайтибди. Подшо: “Ҳар ким неварамдан гапирса, боши ўлимда, моли талонда!” деган фармон чиқарибди.
Шу-шу ҳеч ким қиз тўғрисида гапирмайдиган бўлибди.
Энди икки оғиз сўзни қиздан эшитинг:
Қиз кечани кеча, кундузни кундуз демай, дашт-у биёбонларда етти йил сарсон-саргардонликда юрибди. Гиёҳларнинг илдизларини еб кун кечирибди, лекин бирор шаҳар ё қишлоқ кўринмабди. Ёруғ дунё кўзига қоронғи бўлиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз бир луқма таом, бир ҳўплам сув топиб ичолмабди. Ташналик ва очликдан хароб бўлиб, ахири бир кўкаламзор жойга келибди-да, ўзини таппа ташлабди.
Энди гапни бўлак жойдан эшитинг:
Бир юртда бир подшо бор экан, унинг шаҳзода Бахт деган ўн олти яшар ўғли бор экан. Бола шу ёшга етгунча иккита улфатга қўшилиб, кўчада битта чой ичиш у ёқда турсин, қўйинг-чи, уйдан эшикка ҳам чиқмаган экан. Подшонинг вазири бир куни: “Э, подшоҳим, ўғлингиз ўн олтига кирди, мактабга бермадингиз ёки сироҳигарчилик илмини ўргатмадингиз; сиздан кейин тахтга ким эга бўлади?” дебди. Вазирнинг бу гапи подшога маъқул тушиб, ўғлини қирқ йигит билан овга чиқарибди. Уч кеча-ю уч кундуз юриб ов қилолмабди, қўлидаги қарчиғайи учиб кетибди. Шаҳзода Бахт қирқ йигит билан қуш орқасидан от қўйибди. Бир неча кундан кейин йигитларнинг оти чарчаб, ҳар жойда қолиб кетибди. Шаҳзода Бахт тўққиз кеча-ю тўққиз кундуздан кейин қушни бир тепада кўрибди. Қуш ҳадеб бир тарафга қараб талпинар эмиш. Шаҳзода Бахт ўша ёққа бориб қараса, бир гўзал қиз ўн тўрт кечалик ойдек барқ уриб, оғзидан кўпик чиқариб беҳуш ётган эмиш. Шаҳзода Бахт қиличини қинидан суғуриб, қизнинг дамига тутган экан, қиличининг тиғи хираланибди. Шаҳзода “Хайрият, тирик экан”, деб севинибди, ёнидан шарбат олиб қизнинг лабига томизибди. Бироздан кейин малика кўзини очибди ва тепасида бир соҳибжамол йигит йиғлаб ўтирганини кўрибди. Шунда қиз:
— Э, йигит, йиғлайдиган вақт эмас, мени отингга миндир, юртингга олиб бориб, хоҳласанг чўри қил, хоҳласанг сотиб юбор, — дебди.
Шаҳзода Бахт хурсанд бўлиб, қизни ўз юртига олиб борибди. Қизни уйга қўйиб ўрдага борибди, ичкарига кириб, отасига салом берибди. Отаси ҳол-аҳвол сўраб туриб, дебди:
— Ўғлим, ҳамма йигитларинг қуруқ келди, сен ҳам қуруқ келдингми? Қўлингда ҳеч нарса йўқ, қайда эдинг?
Шаҳзода отасига таъзим қилиб, бундай дебди:
— Э, ота, мен биёбондан бир қиз топиб олиб келдим. Шуни менга хотинликка олиб берсангиз?
Буни эшитган подшо ғазабланибди:
— Э, аҳмоқ! Мен подшоман, биёбондан топилган қиз сенга хотин бўлармиди? Ким билади унинг асли-наслини. Биёбонда ётган бир чўл кезар қиздир-да. Мен эл-халқдан номус қиламан.
— Шу қизни олиб бермасангиз, — дебди шаҳзода, — бу шаҳарнинг сувини ўзимга ҳаром билиб, бош олиб кетаман!
Подшонинг ўнг қўл вазири туриб: “Э, подшоҳим, кекса хотинлар қизнинг аҳволи билан танишсин. Қайси жойдан келганлигини билсин, ўғлингизга кейин ғазаб қилинг”, дебди.
Тўртта кампир ўрдага кириб қизни гапга солишибди. Қизнинг ишдан, гапдан кам-кўсти йўқ экан.
Қиз сўз бошлабди: “Менинг отим Озодачеҳра. Ўзим бир савдогарнинг қизиман, отамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Отам савдога жўнаш учун қирқ туя мол қилди. Бир туянинг ёнига бир кажава боғлаб унга мени ўтқазди. Йўлда қирқ қароқчига йўлиқдик. Қароқчилар молларимизни талаб, отамни ўлдиришди. Буни кўриб туядан ўзимни ерга отиб, бир бута тагига бекиндим. Жуда қаттиқ қўрққанимдан ўзимдан кетиб қолибман. Кўзимни очсам, тепамда йиғлаб ўтирган бир йигитни кўрдим. Унга: “Хоҳласанг мени қул қил, хоҳласанг чўри қилиб сотиб юбор”, деган эдим. Бугун уч кундирки, ўша йигитни кўрмайман”, дебди.
Кампирлар подшо ҳузурига бориб, қизнинг бу сўзларини унга бирма-бир айтиб берибдилар. Шу онда вазир ўрнидан туриб:
— Подшоҳим, ўғлингиз билан қиз иккиси бир-бирини хоҳласа, дарҳол тўйни бошлаб юборинг. Борди-ю, ўғлингиз бош олиб шаҳардан чиқиб кетса, қиз бошқа ёққа йўл олса, эл-халқдан бизга кўп қаттиқ гап тегар, — дебди.
Подшо тўйга тайёргарлик кўра бошлабди. Ниҳоят, қирқ кунгача эл-халққа ош бериб, тўй-томошалар билан шаҳзода Бахтга Озодачеҳрани никоҳлаб берибди.
Орадан бир қанча вақт ўтибди. Озодачеҳра бир ўғил туғибди. Подшо бу хабарни эшитиб кўп хурсанд бўлибди. Болани яхши парвариш қилибдилар. Бола етти ёшга кирибди.
Озодачеҳра бир кун кечаси тушида отасини кўриб, чўчиб уйғонибди ва чуқур бир оҳ тортибди, бу овоз билан эри уйғониб, ўрнидан турибди, қўлига қиличини олиб, Озодачеҳрага:
— Биёбонда ётганинг эсингга тушиб оҳ тортдингми?! — дебди.
Бунга жавобан Озодачеҳра гап бошлабди:
— Жоним шаҳзода, мени кечиринг. Сизни алдаган эдим. Мен Балх вилояти подшосининг невараси бўламан. Қирқ канизим билан овга чиқиб неча турли қушларни ов қилиб юрганимда, қирнинг орқасидан бир кийик югуриб чиқди. Қўлимдаги қарчиғайни кийикка солган эдим. Кийик бир камарга ўзини олди. Қарчиғай ҳавода бир айланиб, бир дарахтнинг тагида ётган шерга човут қилди. Шер керилиб ўрнидан турди, кела солиб мени отим билан бирга кўтариб ҳавога отди. Кўзимни очиб қарасам, тепамда сиз турибсиз. Қирқ канизим қайда қолганини билмайман. Асли зотим шу. Балх вилоятидан бўламан. Шаҳзода ташқарига чиқиб отасининг эшигини қоқибди.
— Тунда эшик қоқаётган ким? — дебди подшо.
— Очинг, мен ўғлингиз шаҳзода Бахтман.
Подшо эшикни очибди:
— Нима дейсан, ўғлим? — деб сўрабди подшо. Ўғли бўлган воқеани отасига айтиб берибди.
— Эрта билан тахтга чиқай-чи, бир маслаҳат қилармиз, — дебди подшо.
Подшо эртаси куни барча вазир-вузароларини йиғиб сўрай бошлабди:
— Менинг келиним Балх вилояти подшосининг невараси экан. Неча йил, неча замондан бери ота-онасини кўрсатмай унга жабр қилдик. Шуни қандай йўл билан юборсак экан?
Ўнг қўл вазир таъзим билан сўз бошлабди:
— Шоҳим, агар эр-хотин боришса, “Қандай топишдинглар”, деб отаси эл-халқдан номус қилиб, дарҳол иккаласини ўлдиради. Келинингизнинг ўзи беш-ўнта кампир билан бир қанча совғалар олиб борса шоядки, подшо қизи билан куёвини ўлимдан қолдирса.
— Бу ишларнинг уддасидан ким чиқади? — деб сўрабди подшо.
Чап қўл вазирнинг ярамас ниятли Баҳром деган ўғли бўлар экан. У дарҳол ўрнидан туриб:
— Бу хизмат мендан бўлсин, — деб қуллуқ қилибди.
Қирқ туяга хилма-хил мол, мушки анбар юкланибди, бир қанча лашкарни ўнг-у сўлга қўйилиб, тилладан арава, атласдан соябон ясатибдилар. Маликани беш-ўнта кампир билан аравага ўтқазиб, етти яшар ўғлининг бошига тож қўйиб, онаси билан бирга Балхга жўнатибдилар. Улар кечани кеча, кундузни кундуз демай, чўлма-чўл, кўлма-кўл юриб, ахири бир кўркам сабзазорга қўнибдилар. Бу жой гуллар очилган, булбуллар тинмай сайраган, булоқлар қайнаган ажойиб хушҳаво бир жой экан.
Бир куни ярим кечада саройда малика айланиб юриб эшикка чиққанда, ухламасдан ётган Баҳром Озодачеҳрани кўриб, ошиқ бўлиб қолган экан. Кейин суриштириб унинг шаҳзода Бахтнинг хотини Озодачеҳра эканини билган экан. Шундан буён у Озодачеҳрани йўлдан уриш ниятида юраркан, сафарга чиққанининг сабаби ҳам шу экан. Бу ерга келиши билан маликани бир ҳийла билан қўлга олиш пайига тушибди. Ўрнидан туриб, ярим кечада маликанинг чодирини ханжар билан тилиб ичкари кирибди. Малика ўн тўрт кечалик ойдай барқ уриб, кўкка қараб ухлаб ётган экан. Баҳром ўнг тиззаси билан маликанинг қўлидан босибди. Малика чўчиб уйғонибди, жон ҳолатида:
— Кимсан?! — деб сўрабди.
Баҳром жавоб берибди:
— Мен вазирнинг ўғли Баҳромман. Сизни саройда бир марта кўриб, шундан бери кеча-кундуз фироқингизда йиғлардим. Бугун қўлимга тушдингиз.
Баҳромнинг ўнг қўлида ханжари бор экан.
— Ёнимда ётган боламдан тап тортмайсанми? — дебди малика.
Баҳром буни эшитиб, етти яшар бегуноҳ боланинг бошини ўша ондаёқ сапчадай узиб ташлабди. Шунда малика:
— Яхши иш қилдинг. Бу воқеани бола билса, иккимизни ҳам уятга қолдирар эди, аммо мен бугун ўликни саранжом қилай, эртага сен билан бўлай. Подшодан ва бу тахт-салтанатдан менга сен афзал, — деб уни алдабди. Баҳром эртагача кутадиган бўлиб, чиқиб кетибди.
Малика ўғлини ювиб, кафанлаб, кўмибди. Эркакча кийим-бош кийиб, эҳтиётдан заҳар олибди. Отга миниб, одамлар орасидан чиқиб кетибди.
Эрта билан Баҳром қараса, хотин ҳам, боланинг ўлиги ҳам йўқ эмиш; улардан асло дарак тополмай ноилож қайтиб кетибди. Подшога бориб:
— Келин биёбонда ўғли билан қочиб, ғойиб бўлди, — дебди. Шаҳзода Бахт буни эшитиб, кўзидан ёш ўрнига қон тўкибди, бир уйни хилват қилиб маликанинг ишқ-у фироғида йиғлаб ётаверибди. Баҳром ҳам шаҳзоданинг ёнига кириб: “Сиз ётганда мен юриб нима қиламан”, деган бўлиб, аслида у ҳам маликанинг ишқида куйиб ётаверибди. Воқеадан бехабар шаҳзода Бахт “Баҳром мени деб ётибди”, деб унга кўп илтифотлар қилибди.
Эндиги сўзни маликадан эшитинг:
Озодачеҳра бир кеча-ю бир кундуз йўл юриб, сувсизликдан жуда қийналибди. Ахири, бир баланд тепага чиқиб қараса, узоқдан бир қўрғон кўринибди. От қўйиб бориб, қўрғон дарвозасини қоқибди. Қўрғондан икки одам чиқиб, от жиловини ушлабди. Улардан бири сўрабди:
— Э, меҳмон йигит, йўл бўлсин?
— Рўпарамда кўринган қора дарахтга бораман, чанқаб бу ерга сув излаб келиб эдим.
— Қани, отдан тушинг, сув берамиз.
Малика отдан тушибди. Учовлари ичкарига кирибдилар. Малика қараса, гуллар очилган, булбуллар сайрамоқда эмиш. Хилма-хил мевалар пишган, булоқлар мавж урган, боғнинг ўртасида шоҳсупа, унда яккам қирқта йигит қимор ўйнаб ўтирган эмиш, маликани бошлаб кирган икки киши билан улар қирқ киши бўлишибди. Қароқчилар ўз тилларида “Бизга шундай соҳибжамол бола келди: қирқ кунгача базм қиламиз, кейин уни ўлдирамиз”, дейишибди. Малика бўлса, уларнинг сўзларидан бу ер қирқ қароқчининг макони эканлигини билибди. Дастурхон ёзилибди, шароблар тортилибди. Ўғрилардан бири меҳмонга бир пиёла шароб тутибди. Меҳмон ўрнидан туриб, “Ҳурматли оталар, сизлар мендан каттасизлар, мен ёшман. Сизларнинг қўлингиздан қирқ пиёла шароб ичсам ҳам маст бўлмайман. Менинг қўлимдан бир пиёла шароб ичсангиз, қирқ пиёла ўрнини босади, шаробни мен қуйиб берсам”, дебди. Ўтирганларга бу гап маъқул тушиб, кўзани унинг ёнига суриб қўйишибди. Озодачеҳра косагул бўлибди. Ёнидан заҳар чиқариб, секингина кўзага солибди, кўзани бир-икки чайқатиб ҳаммага бир пиёладан шароб тутибди. Шароб ичганлар бирин-кетин йиқила берибдилар. Шундай қилиб, Озодачеҳра қирқ қароқчини ўлдириб бўлиб, Балх вилоятига қараб йўл олибди.
Юра-юра охири бир чўпонга йўлиқибди. Чўпоннинг уст-боши билан итига малика ўз уст-боши билан отини алишиб, чўпон тусида Балхга кириб борибди.
Отаси Саид савдогар кўча эшиги олдига чиқиб турган экан. Орқасида ит, қўлида таёқ билан келиб бир йигит салом берибди. Савдогар алик олибди ва:
— Э, болам, йўл бўлсин? — деб сўрабди.
— Ота, мен ўғли йўққа ўғил, қизи йўққа қиз бўлсам, дейман. Ўзим бир қўйчи савдогарнинг чўпони эдим. Хўжайиним: “Бир серканинг жунини бевақт олибсан, совуққа ўлади” деб, мени ура-ура ҳайдаб юборди, — дебди қиз.
— Бўлмаса менинг қўйимни боқа қол, — деб савдогар уни уйга бошлаб кирибди. Йигит тусида бўлган Озодачеҳра қирқта хизматкорга қўшилиб қўйларни боқаверибди.
Бир кун кечаси Саид чиқиб қараса, ҳамма хизматкор ухлаб ётган эмиш. Аммо бу янги қарол ухламасдан, қўйларнинг тагини, охурларини супуриб, тозалаб юрган эмиш.
Савдогар Озодачеҳранинг меҳнатини, ғайратини кўриб, уни қирқта чўпонга бош қилиб қўйибди.
Кунлардан бир куни шаҳзода Бахт билан Баҳром иккиси: “Бу ётганимиздан фойда йўқ, энди бу шаҳардан бош олиб кетайлик”, деб қаландарлар суратига кириб, иккови сафарга чиқибди. Улар бир неча ойда бир қанча юртларни кезиб, ахири Балх шаҳрига етибдилар. Саид савдогар бу гал ҳам кўчада ўтирган экан, икки қаландарни кўриб, улардан сўрабди:
— Э, қаландарлар, йўл бўлсин?
— Биз дарвешмиз, шаҳарма-шаҳар кезиб юрибмиз.
— Бугунча бизнинг кулбага меҳмон бўлинг, шаҳарга эртага киринг. Каминангизда бола-чақа йўқ, гаплашиб, ҳасратлашиб ўтирамиз, — деб Саид уларни уйга таклиф қилибди. Улар ҳам бунга рози бўлишибди.
Озодачеҳра қўйхонадан чиқиб келаётганда кўзи қаландарларга тушибди, уларни танибди-ю, индамабди. Саид меҳмонларни ўтқазиб, улар олдига дастурхон ёзиб турган чоқда Балх подшосининг икки ясовули келиб, қаландарларга “Сизларни подшо чақиради”, дебди.
Улардан бири:
— Шоҳнинг гадода, гадонинг шоҳда иши бўлмас, — дебди. Шунда ясовуллардан бири айтибди:
— Бундан уч ой илгари бир юрт подшосининг ўғли билан вазирнинг ўғли бир кечада йўқ бўлган экан. Бизнинг подшога: “Ҳар қандай мусофир шаҳарга кирса, уни тутиб бизга юборинг”, деган хабар келибди. Шаҳарни ахтариб чиқдик, лекин сизлардан бошқа мусофирни топмадик.
Саид уларга жавобан:
— Подшога меҳмон керак бўлса, ўзлари шу ерга келсинлар, ҳар қанча гап бўлса меҳмондан сўрасинлар, — дебди.
Ясовуллар бу гапни подшога етказибдилар. Подшо: “Мени ва қирқ вазирим, сироҳим, тўрт юз акобир-у уламоларимни меҳмондорчиликка чақирса, бораман”, — дебди.
Саид бунга рози бўлиб, меҳмондорчилик кунини тайинлабди.
Тайинланган кунда подшо ўзига қарашли одамлари билан Саидникига меҳмонга келибди.
Озодачеҳра жуда хурсанд бўлибди. Подшо бир чеккада ўтирган қаландарлардан:
— Қайдан келдингиз, қаёққа борасиз? — деб сўрабди. Қаландарларнинг бири оҳ тортиб:
— Э, подшоҳи олам, биз мусофирмиз. Бир созанда машқ қилса ё бир ашулачи ашула айтса, ҳеч бўлмаса, бир эртакчи уч-тўрт оғиз сўз айтса, кўнглимиз озгина ором олиб, сўнгра аҳволимизни сизга баён қилар эдик, — дебди.
Бу сўзларни эшитган Озодачеҳра сочларини телпаги остига бостириб, белини боғлаб, эшик олдига келибди ва остонада туриб:
— Шоҳим, агар ижозат берсангиз, мен камина қулингиз, дунёда эшитганларимдан, кўрган-билганларимдан баъзиларини айтиб берсам, — дебди. Подшо Озодачеҳрага қараб заҳарханда билан:
— Сен тоғдаги арчани-ю, тариқдан бўза қилишдан бошқа нимани билар эдинг?! — деган экан, вазир подшога қараб:
— Шоҳим, чўпонлар эртакка уста бўлади. Нима, айтса айта қолсин, — дебди.
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтаман, чунки ҳар гапимда подшоларга, вазирларга қаттиқ тегаман, сиз кўнглингизга олмасангиз айтаман, — дебди чўпон.
— Хўп, — дебди подшо.
Чўпон сўз бошлабди:
— Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда сизга ўхшаган бир подшо бор экан. Ёши қирққа етганда бир қиз кўрибди. Қизини катта қилиб, менинг мана шу хўжайинимга ўхшаган савдогарга берибди. Савдогар ҳам бир қиз кўрибди. Қиз катта бўлганда савдогар сафарга чиқадиган бўлибди. “Мен келгунча қизни сизга омонат топширай”, дебди подшога. Подшо: “Менинг ишим кўп, лекин бир вазирим бор, қизни шунга топшир”, дебди. Подшонинг мана шу вазирингизга ўхшаган бир ноинсоф вазири бор экан, — деб вазири Суҳайлни кўрсатибди ва сўзида давом этибди, — Савдогар қизини шу вазирга топшириб, ўзи жўнаб кетибди. Вазир қизни кўриши билан унга ошиқ бўлибди. Бир куни хотинларини ҳар ёққа жўнатибди, уйни хилват қилибди. Сўнг қизни чақириб: “Кел, қизим, қўлимга сув бер”, дебди. Қиз вазирнинг қўлига сув қуйиб турган пайтида вазир қизнинг билагига чанг солибди. Қиз ўзини орқага тортиб, “Гуноҳим бўлса, тавба қилдим”, дебди. Вазир қизни яна сув қуйишга буюрибди, қизга яна тегишибди, қиз қўлидаги кумуш обдаста билан вазирнинг пешонасига чунон урибдики, обдаста теккан жой мана шу вазирингизнинг пешонасидаги тамғага ўхшаш тамға бўлиб қолибди, — дебди. Гап шу ерга келганда, вазир:
— Чиқ эшикка. Бу сўздан фойда йўқ! — деб бақирибди.
Қиз:
— Малол келса, сўзимни тўхтатаман, — дебди.
Подшонинг аччиғи келиб:
— Э, бола, остонадан ичкари кириб, кўзингни юмиб айтавер, — дебди.
Озодачеҳра ичкарига кириб, сўзини яна давом эттирибди:
— Қиз қочиб ўз уйига, отасининг ўрдасига борибди. Вазир бориб подшога йиғлаб: “Қизинг тўрт йигит билан базм қилиб ўтирган экан, мен кириб: “Сен подшонинг набирасисан-ку, шу ишни қиласанми?” десам, мени қиз шу аҳволга солди”, деса, подшо ҳақиқат қилмай қизни жаллодга буюрибди, подшонинг худди ана шу ўнг қўл вазирингизга ўхшаган бир раҳмдил вазири бор экан, у киши қизга раҳми келиб: “Бу қизнинг ихтиёрини менга беринг”, деб қизни ўлимдан қутқариб, саҳрога олиб чиқибди: “Ишинг ҳақ бўлса оқлиққа чиқ, ноҳақ бўлса гўштингни қузғунлар есин”, деб қизни биёбонга ташлаб кетибди, — дебди.
Озодачеҳранинг сўзи шу ерга етганда подшо уни чақириб:
— Юрагимдаги ярага малҳам қўяяпсан, болам, гапир, — дебди.
“Чўпон” яна сўзида давом этибди:
— Қиз дашт-биёбонларда бир неча йил сарсон-саргардон бўлиб, ўзини билмай, ҳушидан кетиб бир жойда ётиб қолибди. Бир юрт подшосининг мана шу бурчакда ўтирган қаландар йигитга ўхшаган ўғли бор экан. Шу шаҳзода бир куни овга чиққанда, чўлдан ҳалиги қизни топиб олиб кетиб, хотин қилиб олибди. Ундан бир ўғил туғилибди. Бола етти ёшга кирибди. Бир кеча хотин эрининг ёнида ётганда бир оҳ тортибди. Эри “Нимага оҳ тортасан”, деганда, “Ота-онамни соғиндим, мен подшонинг невараси эдим”, дебди. Подшо билан вазир кенгаш қилиб, “Келинни отасиникига ким олиб боради?” деганда, бир вазирнинг мана шу ўтирган қаландар йигитга ўхшаган хоин ўғли бор экан, ўша “Бу хизмат мендан бўлсин”, дебди.
Ҳикоя шу ерга етганда, ўтирган қаландар йигит туриб:
— Чиқ ташқарига! Бунақа сўзнинг бизга кераги йўқ! — дебди.
Шаҳзода қаландар: ”Ўтир жойингга!” — деб шеригини ўтқазиб қўйибди:
Малика ҳикоясини айтаверибди:
— Бир қанча мол-дунё билан аёл юриб-юриб бир жойга келиб тушибди. Кечаси вазирнинг ўғли аёлнинг чодирини ханжар билан кесиб кириб унинг қўлига тиззасини қўйибди. Қиз кўзини очиб: “Кимсан?” деганда: “Мен вазирнинг ўғлиман, энди қўлимга тушдингми? Хўш, сўзимга кира-санми, йўқми”, дебди. Аёл: “Етти яшар боламдан тап тортмайсанми”, деган экан, вазирнинг ўғли ухлаб ётган боланинг бошини қилич билан сапчадай узиб ташлабди. Аёл: “Мен бугун боламга мотам тутай, эртага сен билан бўлай”, деб уни алдаб чиқарибди, боласини ювиб, кафанлаб кўмибди, эркакча кийим кийиб, кечаси йўлга чиқибди. Йўлда қирқ қароқчига учрабди. Улар аёлни йигит фараз қилиб, у билан базм қилмоқчи бўлишибди. Аёл базмда шароб қуйиб туриб, ёнидаги заҳарни секингина олиб, кўзага солибди. Шаробни ичган қароқчиларнинг ҳаммаси ўлибди. Шоҳим, ишонмасангиз бориб кўринг.
— Сен эртак айтяпсанми ё кўрганингними, болам? — дебди подшо.
— Ҳар нима бўлса ҳам рост гапни айтяпман, — деб сўзини яна давом эттирибди малика:
— Шундан кейин аёл уст-бошини бир чўпоннинг уст-бошига алмаштириб, шаҳарга кирибди, ўз отасига чўпон бўлибди. Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин икки қаландар эшикдан кириб келибди. Қараса, бири — эри, бири — вазирнинг ўғли эмиш. Шунинг устига подшонинг ясовуллари келиб, мусофирларни олиб кетмоқчи бўлибди. Саид қаландарларни бермай, “Подшо ўзлари шу ерга келсинлар”, дебди. Подшо ўзига қарашли ҳамма кишилари билан меҳмондорчиликка келиб ўтирибди. Қаландарлардан савол сўрабди. Улар “Бизга бир эртакчи топиб беринг”, дейишибди. “Камина қулингиз ҳикоя қилди”, — деб малика бошидан телпагини олган экан, қирқ тола кокили бўйнига ёйилиб тушибди. Оламни мушк-анбар ҳиди тутибди.
— Мендан ўтган бўлса, маъзур тутинг, — деб малика эшикка чиқиб кетибди. Подшо фарёд уриб йиғлабди, ўз набирасига зулм қилгани учун вазири Суҳайлдан ўч олибди, уни азоблаб ўлдирибди. Чап қўл вазирнинг ўғли Баҳромни эса дорга остирибди. Подшо қирқ кунгача тўй-томошалар қилиб, Озодачеҳрани шаҳзода Бахтга қайта никоҳлабди. Улар мурод-мақсадларига етибдилар.
Бизлар ҳам етайлик муродга, сизлар ҳам етинг муродга, ўқиб, эшитганлар ҳам етсин муродга, душманлар қолсин уятга.