Бир бор экан, бир йўқ экан, бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг ёлғизгина ўғли бор экан. Улар ўғлини орзу-ҳавас билан уйлантиришибди. Ўғил ҳам фарзанд кўрибди. Улар иноқ яшай бошлабдилар. Набира олти ёшга кирибди. Чол билан кампир эса, жуда қариб, қўллари қалтирайдиган бўлиб қолибди. Улар овқат есалар косаларини, чой ичсалар пиёлаларини қўлларидаи тушириб синдирадиган ҳолга етиб, уйдаги коса-пиёлаларни синдираверибдилар.
Бир куни келин эрига қараб:
— Мен ота-онангиз билан яшамайман, улар менинг бутун идиш-товоқларимни синдириб ташлаяпти, — дебди.
Унинг гапига эри ҳайрон бўлиб, хотинига: — Отам ҳам, онам ҳам жуда қариб қолган, улар ишга ярамайдилар, биздан бошқа ҳеч кимлари йўқ. Мен уларни қандай қилиб ажратиб қўяман, — дебди.
— Бўлмаса, ота-онангизга ёғочдан идиш-товоқ ясаб беринг, уларни алоҳида уйга ўтирғизиб қўйинг, — дебди хотини.
Ўғил бунга рози бўлибди. Ота-онасини бошқа уйга кўчирибди, болта, теша ва ёғоч олиб келиб, уларга идиш-товоқ ясашга киришибди. Шу пайтда олти яшар ўғилчалари келиб:
— Дада, нима қиляпсиз? — деб сўрабди.
— Бувинг билан буванг қариб қолишди, улар чинни идиш-товоқларни синдиришяпти. Уларга ёғочдан идиш-товоқ ясаб бермоқчиман, — дебди дадаси.
Орадан бир неча кун ўтибди. Чол билан кампир кўз ёши қилиб, тақдирларига тан бериб яшай бошлабдилар. Ўғли билан келинига бир оғиз ҳам сўз демасдан, «кексайсанг шу экан-да», — деб умр кечира берибдилар. Кунлар кетма-кет ўтаверибди. Бир куни келини билан ўғли ўз уйларида роса қаҳ-қаҳлашиб ўтирсалар, ўғилчалари болта, теша ва ёғочни хонага олиб кириб тақ-туқлата бошлабди. Дадаси билан ойиси унга қараб:
— Нима қилаётибсан? — деб сўрашса, ўғилчаси:
— Сизлар қарияпсизлар, энди сизларга ҳам ёғочдан идиш-товоқ қилиб бериб, бошқа уйга ўтқазиб қўйишим керак, — дебди.
Эри ялт этиб хотинига, хотини тилини тишлаб эрига қараб, нима деярларини билмай қолибдилар. Бир вақт ўғилчалари қараса, дадаси ҳам, ойиси ҳам ерга қараб ўтирганмишу, икковларининг кўзидан ёш оқаётган эмиш. Шунда хотини эрига маъюсгина боқиб:
— Мени кечиринг, бирга кириб ота-онамизнинг кўнглини олайлик, бундан кейин бирга яшайлик, — дебди.
Эри ҳам худди шуни кутиб турган экан, хотини билан бирга чол-кампирнинг олдига кириб, узр сўрабдилар ва қилган ишларига тавба қилиб, кампир билан чолни ўзларининг ёнларига олиб келиб, ёғоч идиш-товоқларини отиб ташлаб, чинни идишларда овқат бериб, яхши хизматини қилиб, иноқ яшай бошлабдилар. Чол билан кампир ҳам яна ўғли, келини ва невараси билан хушвақт яшаб, муроду мақсадларига етибди. Отангга қилганингни ўғлингдан, онангга қилганингни қизингдан кўрасан дегани шу экан.