Бор экан-да, йўқ экан, қадим замонда бир камбағал деҳқон ўтган экан. Унинг ҳовлисида бир туп токи бор экан, шу токдан олган ҳосилни сотиб қишин-ёзин тирикчилик қилар экан. Бир кун деҳқон бетоб бўлиб ётиб қолибди. Шунда у ёлғиз ўғлини ёнига чақириб бундай дебди:
— Ўғлим, менинг куним битганга ўхшайди. Сенга айтадиган бир гапим бор. Шуни қулоғингга исирға қилиб тақиб ол. Гапим шуки, токларимизнинг орасига икки хум тилла кўмилган. Шу тиллани йилда икки маротаба — баҳор ҳам кузда ковлаб олиб, тирикчилигингга ишлат. Зора шу билан бойиб кетсанг.
Отаси шу гапларни айтибди-да, оламдан ўтибди. Бу пайт қиш экан, бола баҳорни орзиқиб кутибди. Оламни гуллолага ўраб баҳор ҳам келибди. Йигит кетмонни қўлига олиб, токларнинг тагини белбоғ бўйи қилиб ковлаб чиқибди. Бироқ олтин топилмабди. Шу орада токлар куртак чиқариб япроқ ёза бошлабди. Йигит тилла қидиришни вақтинча тўхтатиб, ток билан овора бўлиб қолибди. Шу йили ток чунонам ҳосил берибдики, йигит уни пуллаб тамом қила олмабди. Келаси йил кўкламда ҳам йигит олтин қидириб боғнинг тит-питини чиқариб юборибди. Яна олтин топилмабди.
Бироқ бу йил ток ўтган йилдагидан ҳам кўп ҳосил берибди. Йигит уни пуллаб жуда ҳам бойиб кетибди. Лекин ҳамон йигитнинг хаёли отаси айтган олтинда экан. У шу тўғрида хаёл суриб ўтирган экан, отасининг қадрдон ошнаси келиб қолибди. Йигит унга воқеани айтган экан, чол хохолаб кулибди-да, кейин:
— Болам, отанг айтган олтинларни олибсан-ку, — дебди.
— Отахон, боғдан бир мисқол ҳам олтин топганим йўқ, — дебди йигит.
— Нега ёлғон гапирасан? Бўлмаса, бу бойликларни қаердан орттирдинг? — дебди чол.
— Меҳнат қилиб топдим.
— Сен меҳнатни мўл ҳосил олиш учун эмас, олтинни топиш учун қилдинг. Отанг раҳматли кўп ақлли одам эди. У сенга меҳнатдан унадиган олтинларни айтган, — дебди чол.