Олтмиш оғиз ёлғон гап

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бир подшо бор экан. У подшонинг бўйи етган қизи бор экан. Подшо жарчи қўйиб:
— Кимда-ким олтмиш оғиз ёлғон гапирса, шу ҳикоя билан қизимни гапиртирса, ўшанга қизимни бераман, гапиртира олмаса, ўлдираман, — дебди. Бу хабарни эшитиб кўп кишилар келиб, подшонинг қизини гапиртира олмай, каллалари кетибди. Бу мамлакатда бир кал бор экан.
Бу кал олти ой ётиб ўйлабди. Сўнгра у олтмиш оғиз ёлғон гапни топибди. Югуриб подшонинг олдига келиб:
— Подшоҳим, мен отамнинг белида, онамнинг қорнида эдим, ўша вақтда бобомнинг олти юз олтмиш олтита оти бор эди. Мен отбоқар эдим. Кунлардан бир куни бобомнинг отларидан биттаси йўқ бўлиб қолибди. У бўғоз эди. Кўп ахтардим. Тоғга чиқиб қарадим, кўрмадим, тепага чиқиб қарадим, топилмади, қалпоғимни тўнкариб устига чиқиб қарасам, от ўн икки тошлик йўлга бориб туғибди. Қидириб кетаётганимда, йўлда Амударё учради. Дарё етти қават яхлабди. Оёғим билан ўтай дедим, ўта олмадим. Қўлим билан ўтай дедим, ўта олмадим. Бошимни қўйиб пириллаб ўтиб кетибман. Бориб, байтални топиб, миндим-у, боласини олдимга олай десам, кўтара олмадим, боласини миндим-у, онасини эгарга ўнгариб олиб келдим. Амударёдан бир ҳатлаб ўтиб кетдим.
Бобомнинг бир эшаги, бир қалдирғочи бор эди. Қалдирғочи уч кеча-ю уч кундуз учди. Бир балиқнинг думидан қанотигача аранг етди. Балиқнинг суягидан ёғоч кесдик. Олиб келиб бир сарой солдик. Бир ёғида бобомнинг ўзи ётади, бир ёғида эшаги ётади, бир ёғида хотин, бола-чақаси ётади. Бир ёғида йўловчи, ўтадиган савдогарлар ётади. Бир куни бобомнинг эшаги ўлди. Терисини шилиб олдик. Уни уста пишириб, бичиб берди. У тўқсон жуфт зайфана, саксон жуфт мардона бўлди. Худди кун кўрмас жойидан бир жуфт этиклик кесдим. Уста тикиб берди. Бозорга бордим, бир пуд ёғ олдим. Ёғни суркасам, бир тоқига аранг етди, бир тоқига етмади. Бир тоқи аразлаб кетди. У бориб-бориб, бир бойникида икки қоп тариққа мардикор юрган экан. Мен ахтариб бордим. Мени кўриб, у теракнинг тепасига чиқиб кетди. Мен чиқа олмадим. “Тушасанми, тушмайсанми”, деб кесак отавериб, отавериб, отган кесагим бир-икки ботмон ерни шудгор қилиб қўйибди. Бу шудгор бекор кетмасин, деб тарвуз экдим. Тарвузлар жуда яхши бўлди. Бир тарвуз кичкина еридан тешилибди. Қўлимга етти дона шамни олиб, тарвуз ичига кириб, ҳалиги бир тоқ этигимни уч кун ахтардим. Тарвуз ичига қўшнимизнинг бир туяси ҳам кириб кетган экан, қидириб топиб чиқдим.
Этигимни алдаб-сулдаб, теракдан тушириб олдим. Бой билан ҳисоб-китоб қилишдик. Бой икки қоп тариқ берди. Тариқни қопга солдик — турмади, халтага солдик — турмади. Бобомдан қолган бир йиртиқ қоп бор эди, шунга солдик— турди. Уни туяга ортдик — кўтара олмади, отга ортдик—кўтара олмади, эшакка ортдик — кўтара олмади. Бобомнинг хўрози бор эди, тариқни хўрозга ортдик. Хўроз гандираклаб-гандираклаб зўрға олиб борди.
Эй, подшоҳим, ҳисоблаб кўринг-чи, олтмиш оғиз ёлғон гапингиз бир юз йигирма оғиз бўлдими ёки йўқми? — дебди.
Подшо ҳисобласа, бир юз йигирма оғиз бўлибди. Подшо калга:
— Энди сен ҳеч ким билмайдиган ҳунар ўрганиб кел, агар топиб келмасанг, ўласан, — дебди.
Кал:
— Хўп, — деб тўғри онасининг олдига борибди.
— Ойи, ойи, подшонинг айтган олтмиш оғиз ёлғон гапини қотириб келдим. Подшо менга “Киши билмайдиган ҳунар ўрганиб келгин”, деб буюрди. Буни қандай топаман, яхшиси мени бир устага олиб бориб топширсангиз. Мен киши билмайдиган ҳунар ўрганиб келмасам, бўлмас, — дебди. Бир куни онаси кални бозорга олиб борибди. Бир қатламахўр бор экан. Сандалнинг ичига оёғини тиқиб, қатлама еб ўтирган экан. Кал уни кўриб, онасига:
— Менинг устам шу одам экан, шунга шогирд тушаман, — дебди.
Калнинг онаси:
— Уста бобо, шу болам сизда шогирд юрса, майлими? Шуни бир ҳунарга ўргатсангиз, — дебди. Уста рози бўлибди. “Қирқ кундан кейин келиб, ё ўзини, ё суягини олиб кетасиз”, дебди. Қатламахўр қирқ кун меҳмондорчиликка кетибди. Бу чолнинг бир Бахтиқаро деган қизи бор экан. Бу қиз калга ошиқ бўлибди. Кал қизни алдаб:
— Мен сени яхши кўраман, сени оламан. Отангнинг ҳийла-найрангларини менга ўргат, — дебди. Бахтиқаро ўргатиб қўйибди. Кал жуда уста бўлиб қолибди. Бу орада бир кам қирқ кун ўтибди. Бахтиқаро кал номидан унинг онасига: “Эй, она, тез келинг, эртага қатламахўр мени сўяди”, деб хат ёзибди. Бу хабарни эшитиб, калнинг онаси етиб келибди. У ёқдан қатламахўр ҳам етиб келибди. Калнинг онаси:
— Бобожон, мен ўтин-чўпга кўп зориқдим, кални берсангиз, — дебди. Чол:
— Йўқ, эртага келинг, — деса, онаси:
— Йўқ, уста бобо, ҳозир беринг, — дебди. Уста бобо сандиқни очибди. Кал қип-қизил хўроздай бўлиб сандиқдан чиқибди. Онаси кални олиб кетибди. Йўлда кетишаётса, бир жойда одамлар хўроз уриштираётган эмиш. Бир кишининг хўрози қочибди.
— Она, мен хўроз бўлсам, мени кўтариб қўлтиғингизда олиб борсангиз, минг тангага сотсангиз-да, уйга кетаверсангиз, кетингиздан етиб бораман, — дебди. Онаси:
— Э, қўй, нима қиласан, юр кетамиз, — дебди.
Кал бир думалаб от бўлиб онасини қўрқитибди. Ўтай деса онасини ўтказмабди. Онаси:
— Кал!— деб қичқирибди. Кал:
— Она, мен қандай эканман? — дебди. Онаси қўрқиб:
— Эй, болам, сен соз экансан, хўроз бўла қол, мен сотиб кетақолай, — дебди. Кал хўроз бўлибди. Онаси қўлтиғида кўтариб бораверибди. Ҳалиги хўрози қочган йигит:
— Эй, момо, хўрозингизни сотасизми? — деб сўрабди. Кампир:
— Минг тангага сотаман, ками йўқ, — дебди.
Ҳалиги йигит минг танга бериб хўрозни сотиб олибди. Онаси жўнаб кетибди. Хўроз майдонга кирибди. Донлаб-донлаб хўрозлар олдига бораверибди. Битта хўроз билан олишибди, уни бир тепиб ўлдирибди. Иккинчи хўроз билан олишибди, уни ҳам бир тепибди, у ҳам ўлибди. Учинчисини ҳам шундай қилибди. Хўрозни ушлай деб, эгаси борса, у қақиллаб учиб, деворнинг нариги ёғига тушибди-ю, яна кал бўлиб кетаверибди. Ҳалиги одам ундан:
— Ҳой, кал, хўрозни кўрмадингми? —дебди. Кал:
— Бир қизил хўроз шу томонга учиб ўтди, — дебди. Кал онасига етиб олибди.
— Эй, она, эрта бозор куни мен бир бўталоқ туя бўламан, бозорга олиб чиқиб сотинг, баҳомни ўн минг танга денг, лекин бошвоғимни сотманг, — дебди. Эртаси кал бир думалаб бўталоқ бўлибди.
Онаси бозорга олиб борибди, туяга қатламахўр харидор бўлибди.
— Туянг неча пул? — деб сўрабди. Кампир:
— Туямнинг баҳоси ўн минг танга, — дебди. Қатламахўр ўн минг танга бериб, бўталоқни бошвоғи билан етаклаб кетмоқчи бўлибди. Кампир бошвоғини маҳкам ушлаб, “бермайман” деса, чол:
— Айт, бошвоғи неча пул? — дебди. У бошвоғини ҳам ўн минг танга деса, ўн минг танга бериб кетаверибди. Бўталоқ эса, онасига қараб гапира олмай, йиғлаб бораверибди. Қатламахўр дарё бўйидан бир таёқ кесиб олиб, сингунча туяни уриб, уйига борибди. Уйига етиши билан:
— Ҳой, Бахтиқаро, ханжаримни олиб кел, бир бўталоқ олиб келдим, сўяман, — дебди. Бахтиқаро уйига чопиб кирибди. Ханжарни олиб чиқибди. Қиз қараса, бўталоқ ўша кал экан. Қиз ханжарни енгига бекитиб туриб:
— Ота, ханжарингизни топа олмадим, йўқ экан, — дебди. Шунда чол:
— Бу ёққа кел, туяни ушлаб тур, мен ўзим уйдан топиб чиқаман, — дебди. Қизи келиб туяни ушлаб турибди. Қиз ханжар билан бўталоқнинг бўйниидаги ипни кесиб юборибди. Қиз:
— Ота, туянгиз қочди, — дебди, кал кўчага чиқиб, бир ағанаб каптар бўлиб учиб кетибди. Қатламахўр қуш бўлиб унинг кетидан қувлаб кетибди. Кал бориб подшонинг чеккасида бир даста гул бўлиб очилиб тура берибди.
Қатламахўр бориб, подшонинг олдида шоир бўлиб, дўмбира чертиб, достон ўқиб, ўтира берибди. Подшо эриб кетиб шоирга:
— Эй, шоир, тила тилагингни, бераман, — дебди. Шоир:
— Мен тиласам, чакканггиздаги гулни берсангиз, — дебди. Подшо гулни олиб бир искаб ”хушбўй гул экан” деб уйидаги етимини чақирибди.
— Ма, бу гулни шоир бобога элтиб бер, битта искаб берсин, — дебди.
Подшонинг етими гулни подшонинг қизига берибди. Улар искаб кўрса жуда ҳам хушбўй экан. У:
— Бу гулни бермаймиз, бу яхши гул экан, — дебди. Подшонинг етими шоирга:
— Бибим бермадилар, — дебди. Подшо:
— Айт, берсин! — дебди. Етим гулни шоирга келтириб берибди.
Шоир қўлини узатиб, гулни олаётганда, гул тариқ бўлиб сочилиб кетибди. Қатламахўр жўжалик товуқ бўлиб териб еяверибди. Икки дона тариқ подшо кавушининг патаги тагига кириб қолибди. Биттаси шақал, биттаси калхат бўлибди. Товуқни шақал, жўжани калхат еб қўйибди.
Кал:
— Ассалому алайкум, подшоҳим, мана буни киши билмас ҳунар дейдилар. Энди қизингизни берасизми? — дебди. Шунда подшо қирқ-кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қизини калга берибди. Кал мурод-мақсадига етибди.