Ойжамол билан кал

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бўлган экан. Подшонинг жуда ҳам чиройли, дунёда тенги йўқ Ойжамол деган қизи бор экан. Кундан кун, ойдан ой ўтиб, Ойжамол вояга етибди, кўп ерлардан совчилар кела бошлабди.
Ойжамол келган совчининг ҳар бирига: «Бир шарт қўяман, уни кимда-ким бажарса, ўша кундан бошлаб, мен уники. Агар шартимни бажара олмаса, шу заҳотиёқ унинг калласи кетади», деб шарт қўйибди.
Қизнинг шарти қанчалик оғир бўмасин, барибир турли мамлакатлардан «бахтимизни синаб кўрамиз», деб подшоваччалар келиб, ҳаммаси Ойжамол айтган жумбоқни еча олмай бошлари таналаридан жудо бўлаверибди. Подшоликнинг узоқ бир четида бир подачи кал яшар экан. У ҳам Ойжамолнинг шартларини эшитиб қолиб, «бахтимни бир синаб кўрай», деб шаҳарга келибди. Кўрган киши: «Шу подшо қизининг шартини бажара олармиди, бекорга аҳмоқ бўлиб юрибди-да», деб мазах қилиб кулар эмиш. Кал йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, подшонинг саройига етиб келибди. Дарвозабон — соқчилар калнинг йўлини тўсиб:
— Ҳой кал, қаёққа? — деб сўрашибди.
—Подшонинг қизи Ойжамолнинг шартини бажариб, уни хотинликка олишга келдим, — дебди кал қоровуллардан тап тортмай.
— Маликанинг шартини бажариш сенга йўл бўлсин. Манман деган шаҳзодалар келиб бажара олмади-ю, аллақаёқда чангда беланиб ётган сен бажара олармидинг, — дейишибди қоровуллар.
— Қўйиб юборинглар, мен ҳам бахтимни бир синаб кўрайин, — дебди кал.
Охири бўлмабди, қоровуллар кални ичкарига киритиб юборибдилар. Кал саройга кириб, ундаги бойликларни, деворлардаги безакларни кўриб, олдинига ўзини йўқотиб қўйибди, кейин ўзини босиб олиб, тўппа-тўғри Ойжамолнинг олдига кириб:
— Сиз билан шартда беллашгани келдим, — дебди. Ойжамол хохолаб кулиб туриб:
— Ўлгинг келиб, ажал ҳайдаб келган экан, майли мен розиман, — дебди.
«Кўрамиз, — дебди кал ичида, — ким-кимни ўлдирар екан».
Ойжамол калга, ўтир деб, гиламни кўрсатибди. Кал кўрсатилган жойга бориб, чўккалаб ўтириб олибди.
Ойжамол ўзининг бешта топишмоқдан иборат шартини айта бошлабди.
Ойжамол:
— Узун-узун ҳамён, ундан узун ҳамён, уни топинг дилбарим? — дебди.
Кал:
— Узун-узун ҳамён — тутун аланга эмасми, ундан узун ҳамён — булут эмасми? Топдимми, дилбарим, топмадимми, дилбарим? —  деб жавоб берибди.
Ойжамол:
— Топдингиз! Иккинчи шартим бу турур: Қамиш учи қалтироқ, игна учи ялтироқ, буни топинг, дилбарим? — дебди.
Кал:
—Қамиш учи қалтироқ — шамол анинг эмасми, Игна учи ялтироқ —чироқ анинг эмасми? Топдимми, дилбарим, топмадимми, дилбарим? —  дебди. Ойжамол:
— Топдингиз! Учинчи шартим бу турур: Такур-тукур такрабо, ичи тўла меҳрибо, уни топинг дилбарим? — дебди. Кал:
— Такур-тукур такрабо — бешик анинг эмасми, Ичи тўла меҳрибо — бола анинг эмасми? Топдимми, дилбарим, топмадимми, дилбарим? — дебди.
Ойжамол:
—Топдингиз! Тўртинчи шартим бу турур: Сассиқ кўлда ит ҳурар, уни топинг дилбарим? —  дебди. Кал.
— Сассиқ кўлда ит ҳурар — бақа аканг эмасми? Топдимми, дилбарим, топмадимми, дилбарим? —  дебди. Ойжамол:
— Топдингиз! Бешинчи шартим бу турур: Тоғнинг учи тўқирчоқ, буни топинг дилбарим? — дебди. Кал:
— Тоғнинг учи тўқирчоқ — кал аканг эмасми? Топдимми, дилбарим, топмадимми, дилбарим? — дебди. Ойжамол:
— Топдингиз! Шартларимни тўла бажардингиз. Энди мен сизники, қаерга десангиз ўша ерга кетаверамаи, — дебди.
Шундай қилиб, подачи кал Ойжамолнинг ҳамма топишмоқларини топиб, унга эришибди. Подшо элу юртда гап бўлишидан қўрқиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қизини подачи калга никоҳлаб берибди.
Тўйдан кейин кал Ойжамолни олиб ўз жойига қайтиб, подасини боқиб, шоду хуррамликда мурод-мақсадига етибди.