Илгари вақтда бир чол-у кампир бўлган экан. Уларнинг бир ола сигири бўлган экан. Бир куни чол кампирга:
— Эй кампир, ола қопнинг унидан, ола сигир мойидан бир кулча нон қилгин, дебди. Кампир ола қопнинг унидан, ола сигир мойидан бир кулча қилибди. Кулчани олиб келиб, чол-у кампир иккови ўртага қўйибдилар. Кампир:
— Қани чол, синдиринг, — дебди. Чол, бисмиллоҳир раҳмонир раҳим, деб синдирмоқчи бўлган экан, кулча югуриб қочиб кетибди. Кулча югуриб қочаверибди, чол билан кампир қувалайверибди. Иккови қўрғонни уч айланиб қувлашибди. Кулча дарвозадан чиқиб, кўчага қочибди. Кўчага чиққанда чол билан кампир кулчани топа олмай қолибди. Кулча қочиб бир йилқичининг олдига бориб, уни чақирибди:
— Ҳой йилқичи, ола қопнинг унидан, ола сигир мойидан бўлган мени е, мени е, мени е. Емасанг, ота-онангнинг этини е! — дебди. Шунда йилқичи бир отини миниб, бир отини етаклаб кулчани қувлаб қолибди. Йилқичи кулчага ета олмай қолибди.
Кулча қочиб бир подачининг олдига борибди. Кулча подачини чақирибди:
— Ҳой подачи, ола қопнинг унидан, ола сигир мойидан бўлган мени е, мени емасанг ота-онангнинг этини е! — дебди. Шунда подачи бир ҳўкизни миниб, бир ҳўкизни етаклаб қувалаб, ета олмай қолибди.
Кулча кетаверибди. Бир тулки уясини ковлаётган экан. Кулча тулкини чақирибди:
— Ҳой тулки, ола қопнинг унидан, ола сигирнинг мойиданман, мени е, мени е. Мени емасанг, ота-онангнинг этини е, — дебди. Кулча тулкини икки марта чақирибди. Тулки қарамай, индамай, уясини ковлайверибди. Кулча тулкининг яқинига келиб:
— Ҳа тулки, ола қопнинг унидан, ола сигир мойидан мени е, мени е. Емасанг, ота-онангнинг этини е! — дебди. Бир вақт тулки кулчага қараб қулоғини мундай-мундай қоқиб:
— Менинг қулоғим кар, эшитмайман, — дебди. Мен мана шу қулоғимни тўсиб тураман. Бу қулоғимга гапирсанг, эшитаман, — дебди. Кулча тулкининг олдига келибди. Тулки бир қулоғини тўсиб турибди. Шунда кулча иккинчи қулоғининг тагига келиб қаттиқ гапирибди. — Эй тулки, мени е, мени е, мени емасанг, ота-онангнинг этини е! — деган ҳам эканки, тулки лип этиб кулчани ушлаб олибди. Тулки кулчанинг чеккасидан кичкинагина тешиб, ичидаги мағзини-мойини еб тўйибди. Кулчадаги тешик оғзини маҳкам беркитибди. Тулки кулчани кўтариб, бир қўйчивоннинг олдига олиб борибди. Тулки айтибди:
— Эй қўйчивон, мен сенга бир совға олиб келдим, шунга нима берасан, — дебди. Қўйчивон:
— Нима берайин, — дебди. Тулки:
— Битта яхши қўзи бериб қўя қолгин, — дебди. Қорни очиб турган қўйчивон, битта қўзи бериб, кулчани олибди. Тулки:
— Эй қўйчивон, мен қўзини етаклаб, ҳув анови қирдан ошиб кетганимдан кейин кулчани синдиргин, — дебди. Тулки қўзини етаклаб, қирдан ошибди. Қўйчивон кулчани синдириб қараса, ичида ҳеч нима йўқ, тулки ичини еб қўйган экан, қўйчивон хафа бўлибди. Тулкининг битта бўридан ўртоғи бор экан. У тулкининг олдидан чиқиб қолибди. Бўри қўзини кўриб, хурсанд бўлибди. Бўри тулкидан:
— Эй тулки, қўзини неча пулга олдинг? — дебди. Тулки:
— Эй, қўзини шунча пулга олдим, — дебди-ю, ўтиб кетаверибди. Тулки бориб қўзини уйига боғлаб қўйибди. Кейин қирга бориб, қўзига бир тутам шувоқ олиб келибди. Тулки қўзини чақирибди:
Уйдан уйга югурдим,
Уй шувоғин суғурдим.
Қирдан қирга югурдим,
Қир шувоғин суғурдим.
Жониворим қўзичоқ,
Эшик оч, эшик оч, —
дебди. Қўзи товуш бермабди. Уч марта чақирибди. Тулки шошилиб эшикни бузиб, уйга кирибди. У уйга кирса, қўзининг калласи ўрта устун тагида турганмиш. Тўрт бути уйнинг тўрт бурчагида турибдимиш. Тулки буни кўриб кайфи учиб кетибди, кўп хафа бўлибди. Бадбахт бўри дўстим, йўлда қўзини етаклаб келаётганимни кўрган эди, қўзини қанчага олдинг, деб сўраган эди. Шу сўрагандаёқ, еб қўйиши кўнглимга келган эди, — деб кўп ачинибди. Тулки яна: “Энди сени бир боплайин”, — дебди-да, уйнинг тўрига ўра ковлабди. У ўранинг ичига тошкўмир солиб чўғ қилибди. Ўранинг бетига бир кичкина ёғочни қўйиб, бир бўйрани солибди. Бўйранинг устидан бир кўрпачани солибди. Ўша куни қўзичоқнинг калласини қозонга солиб қайнатган эди. Тулки бўри дўстининг олдига келибди:
— Эй бўривой дўстим, бизникига юр. Мен сени бугун зиёфатга чақираман, — дебди. Бўри:
— Эй дўстим, бугун менинг тобим йўқ, касал бўлиб қолибман, бошим оғриб, зўрға ётибман, — дебди. Тулки:
— Эй дўстим, тургин. Кечаги қўзини сўйган эдим. Қўзининг калласини қозонга солган эдим. Борсанг, иссиқ-иссиқ шўрва ичамиз, тузалиб кетасан, — дебди.
Тулки бўрининг унамаганига қўймабди. У бўрини бошлаб уйига олиб келибди ва кўрпача устига таклиф қилибди. Бўри келиб кўрпачанинг чеккасига ўтирибди. Тулки:
— Эй ўртоқ, кўрпачанинг ўртасига ўтиринг, ёзилиб ўтираверинг, дебди. Бўри кўрпачанинг ўртасига ўтирай, деб турган экан, тулки бўйранинг чеккасидан тишлаб туриб тортибди. Ўранинг бетидаги кичкина ёғоч ўранинг ичига тушиб кетибди, бўри ҳам ўрага тушиб кетибди. Тулки кўчага қараб қочиб кетибди. Бўри ўранинг ичида шошиб қолибди. Ирғиб чиқаман, деб чалқанчасига думалаб, чўғнинг устига тушибди. Бўрининг ҳамма жунлари куйиб, гўшти чиқиб қолибди. Бўри ўлмасдан, гўшт бўлиб, ўрадан чиқибди. Чиқиб қараса, тулки қочиб қолибди. Бўри келиб бир қирнинг орасида ётибди. Тулки бўлак тулки сифатида бўлиб, бўрининг олдига келиб, ҳол-аҳвол сўрабди. Бўри айтибдики: — Менинг бир тулки дўстим бор эди. Унинг қўзисини еб қўйган эдим. Мени алдаб ўрага ташлаб, ўзи қочиб кетди. Энди азоб еб ётибман, — дебди.
Тулки: — Бай-бай, яхши иш қилмабди, наҳотки сизга азоб берса. Мен табибман. Бундай яраларнинг кўпини тузатганман. Мана шу чангал тиканакнинг ичига кириб югурасан. Шунда чангалдаги тиканак мана бу ярангиздаги зардобларни оқизаверади. Уч кунда тузалиб кетасиз, — деб кетаверибди. Шунда бўри ўрнидан туриб, чангалларнинг ичида югураверибди. У ёққа-бу ёққа югуриб, баданлари тешилиб, ўладиган бўлибди. Бўри келиб, чўзилиб ётибди. Эртасига тулки яна бўлак тусда келибди. У бўридан ҳол сўрабди. Бўри айтибдики:
— Кеча бир тулки келиб, “чангалда югурасан”, деди. Мен югурдим, Ўладиган бўлдим, — дебди. Тулки:
— Улар тоғ тулкиси, биз қир тулкисимиз. Улар даволашни билмайди, мен биламан, — дебди. Сўнг томирини ушлаб туриб: — Сиз кулга ағанайверинг, — дебди. Бўри кулга ётиб ағанайверибди, баданларига кул кириб, жуда азоб тортибди, ўладиган бўлибди. Бўри баданининг ачиганига чидай олмасдан, дод солибди.
Эртаси куни тулки яна бўлак тусли бўлиб бўрининг олдига келибди: — Эй бўривой, нима бўлди сизга? — дебди Бўри:
— Менинг бир ўртоғим бор эди. Унинг қўзиси бор эди, уни мен еб қўйган эдим. Ўртоғим мени зиёфатга бошлаб бориб, ўрага ташлаб, ўзи қочиб кетди. Менинг баданим куйиб, чидай олмай йигиаб ётсам, бир тулки келди. Бу тулки айтдики, мен табибман. Сиз мана шу чангалда югураверинг, тузалиб кетасиз, деди. Чангал баданимни тешиб ўладиган бўлдим. Шунинг оғриғига чидай олмай ётган эдим. Яна бир тулки келиб, сени чангалда югуртирган тоғ тулкиси экан, мен қир тулкисиман, кулга ағанагин, деди. Мен кулга ағанаб, куллар баданимга кириб, ундан баттар ўладиган бўлдим, — дебди. Шунда тулки:
— Ҳе, илгариги табиб тоғ тулкиси, кейингиси қир тулкиси, мен уй тулкиси боиаман, — дебди. — Бу жароҳатни мен даволайман, — деб бўрининг томирини ушлаб кўрибди-да:
— Сен дарёнинг музини тешиб, бир косани олиб, шу коса билан бошингга сув қуясан, шунда тузаласан, — деб қочиб кетаверибди. Бўри битта косани қўлига олиб, дарёнинг музини тешиб, музнинг устига ўтириб олиб, сувни бошига қуяверибди. Бир вақт бўрининг бадани музлабди. Бўри музга чидамасдан, қочаман деса, тура олмасдан, думи ҳам музга ёпишиб, музлаб қолибди. Муздан қутула олмасдан илжайиб, ишшайиб ўлиб қолибди. Тулки келса, бўри ўлиб ётганмиш. Тулки:
— Ўл-ўла, сен ёмонлигингни қўймадинг. Сен ёмонлигингни қўйганингда бундай бўлиб, ўлиб ётмас эдинг, — деб кетиб қолган экан.