Ношуд чол

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг фарзанди йўқ экан. Жуда камбағал яшашар экан. Бир куни икковлари жуда оч қолишибди, ейишга ҳеч нималари қолмабди. Шунда кампир чолни койиб:
— Ҳой чол, уйда ўтираверасизми, кўчага чиқиб бирор нарса топиб келсангиз-чи, — дебди.
— Қаёққа борай? — деб сўрабди чол.
— Ҳозир деҳқонлар далада буғдой шопиришяпти. Ўша ерга бориб, бир ҳовуч-ярим ҳовуч буғдой олиб келсангиз, нон-пон қилардим, — дебди кампир.
— Менга беришармикан, — деб тусмолланибди чол.
— Бориб уларга яхши гапирсангиз, дуо қилсангиз, ажаб эмас, бир ҳовучгина буғдой беришса, — дебди кампир.
— Йўлда айтадиган гапларим эсимдан чиқиб қолса-чи, — дебди яна чол.
— Хирмонга етиб боргунча “бир ҳовуч, ярим ҳовуч” деб қайтариб кетаверинг, — дебди кампир.
Чол йўл бўйи шу -сўзларни такрорлаб кетаверибди. Хирмонга етиб боргач ҳам, “бир ҳовуч, ярим ҳовуч” деб тўхтамасдан айтаверибди. Деҳқонларнинг жаҳли чиқиб, чолни уришиб беришибди. Улар чолга “барака берсин”, “барака берсин” дегин, деб, ҳайдаб юборибдилар. Чол йўлда “барака берсин”, “барака берсин” деб давом этаверибди.
Бир ерда битта одам ўт ёқиб, бит куйдираётган экан. Чол унинг ёнидан ўтиб кетаётиб ҳам “барака берсин”, “барака берсин” деяверибди. У одамнинг жаҳли чиқиб, чолни уришиб кетибди. “Боринггаям қирғин келсин”, деб айтгин, шунда битларимга қирғин келади” дебди.
Чол “боринггаям қирғин келсин” деб, ўз йўлига равона бўлибди. Юриб-юриб бир қишлоққа кириб борибди. У қишлоқда бир бой бор экан, унинг битта-ю битта ўғли ўлган экан. Бир тўда эшон-муллалар бойнинг эшиги ёнида аза тутиб туришган экан. Ўша эшон-муллаларнинг ёнидан ўтиб кетаётиб, “боринггаям қирғин келсин”, деб айтаверибди. Эшон-муллаларнинг “бу нималар деяпти”, деб жаҳллари чиқибди. “Ўзимизнинг икки қўлимиз ёқамизда-ю, бу яна бунақа гаплар қилади” деб, чолни ура кетишибди.
Чол йиғламсираб, “нима дейин бўлмаса” деса, “ёқа тутиб тавба денглар” дегин, дейишибди эшон-муллалар. Чол шу сўзларни қайтариб, яна ўз йўлини давом эттирибди. Юриб-юриб бир тўйнинг устидан чиқиб қолибди. Тўйхонага кириб, ошпазлар ёнидан ўтаётиб “ёқа тутиб тавба денглар” деб такрорлайверибди. Ошпазлар чолни уришиб, “нималар деяпсан, тўйда ҳам шунақа дейдими”, деб қўлларидаги нарса билан ура кетибдилар. Чол нолиб:
— Нега капгир, чўмич билан урасизлар, нима дейин бўлмаса, — дебди.
Ошпазлар:
— Дўппингни осмонга отиб, “таралло, таралло”, — деб юргин дейишибди.
Чол шу сўзларни такрорлаб, юриб-юриб ўз уйига қайтиб келибди. Кампир чолни кўриб:
— Шунча вақтдан бери қаерларда юрибсиз? Дон олиб келдингизми? — деб сўрабди.
Чол бўлган воқеаларни кампирга айтиб берибди. Кампир хафа бўлиб, чолни роса койибди.