Мурқумомо

Бир камбағал чол дашт-биёбонлардан ўтин териб, уни сотиб кун кўрар экан. Бир куни у туш пайти ўтин териб, чарчаб ухлаб қолибди. Тушида бир қуш парвоз қилиб учиб келиб, тахланган ўтин ичига кириб тухум қўйибди-да, яна учиб кетибди. Чол бир вақт уйғониб ўтинни кўтармоқчи бўлса, ичидан бир дона тухум чиқибди. Чол ўрнидан туриб тухумни олиб бозорга қараб жўнабди. Шаҳарга келиб бозор томонга кетаётса, шу шаҳар подшосининг вазири тахтда қараб турган экан. Чолнинг қўлидаги тухумни кўриб қолибди. Дарров кириб подшога чолнинг қўлида қимматбаҳо тухум бор, деб айтибди. Подшо дарров ясовул юбориб, чолни олиб келтирибди. Чолнинг қўлидаги тухум жуда қимматбаҳо гавҳар экан. Подшо чолга:
— Шу тухумингни қанча мол-у дунёга алмаштирасан? — деб сўраса, чол:
— Ўзингизга нима маъқул келса, шуни беринг, — деб айтибди.
Подшо шу тухум эвазига жуда кўп мол-дунё бериб, чолни рози қилибди. Чол уйга хурсанд бўлиб қайтибди. Чолнинг икки ўғли бор экан. Биринчисининг оти Мажид, иккинчисининг оти Ҳамид экан. Бу бойликлар билан улар анча яхши яшай бошлабдилар. Чол яна ўтин тергани даштга жўнабди, ухлабди. Тушида яна ўша қуш келиб ўтин ичига кириб гавҳар тухум қўйиб кетибди.
Чол уйғониб қараса, яна бир дона гавҳар тухум турган эмиш. Чол тухумни яна подшога олиб борибди. Подшо тухумни олиб қирқ туяга зар, қирқ хачирга олтин юклаб берибди. Чунки ҳалиги бир дона тухумнинг баҳоси бир подшоликнинг етти йиллик харажатига тўғри келар экан. Чол ҳалиги зар, олтинларни олиб уйга борибди. Бутун камбағал-бечора, уйсизларни чақириб уй солдира бошлабди. Тез орада даштда салқин, чиройли уйлар пайдо бўлиб, шаҳар вужудга келибди.
Камбағалларнинг болаларини тўплаб мактабларда ўқита бошлабди. Чол шаҳарга подшо бўлибди.
Чол ўзини шундай бахтли қилган қушни тутиб олиб келмоқчи бўлибди. У қушни кўрмас экан. Эски чопонини кийиб, саҳрога чиқиб ўтин териб, ёлғондан ухлаган киши бўлиб қушнинг келишини кутиб турибди. Бир вақт қараса, бир қуш келиб ўтин орасига кириб кетибди. Чол ўрнидан туриб чопони билан ўтин устини ёпиб қушни тутиб олибди. Олтиндан тахт ясатиб, олтиндан қафас қилдирибди. Қафаснинг ичига ҳалиги гўзал қушни солиб, тахти олдига осиб қўйибди. Чол бир куни хотинига:
— Мен бир ҳажга бориб келай, — деб тайёрланиб ҳажга жўнаб кетибди. Чолнинг ўрнига унинг хотини подшо бўлиб қолибди. Шу шаҳарда бир уста бор экан. Чолнинг хотини уйни таъмирлаш учун шу устани чақиртирса, у айтибдики:
— Агар ўша Мурқумомо қушни менга сўйиб, шўрва қилиб берсангиз сизникига бораман, — дебди. Чолнинг хотини рози бўлибди. Қафаснинг ичидаги етти подшо хирожига тенг келадиган гўзал қушни сўйишга буюрибди. Қушни сўйиб, қозонга солиб, қайнатиб қўйишибди.
Шу вақт чолнинг ўғиллари Мажид билан Ҳамид мактабдан қорнилари оч ҳолда келишибди-да, қозонда қайнаётган қушнинг тожисини олиб бўлишиб еб қўйишибди. Болалар ўйнагани кўчага чиқиб кетишибди. Чолнинг хотини гўштни устанинг олдига олиб чиқиб қўйибди. Уста пишган қушнинг гўштини кўрса, тожиси йўқ эмиш. Уста:
— Мен бу гўштни емайман, — дебди. Шунда хотин:
— Нима учун емайсиз? — деб сўраса, уста:
— Мен китобда ўқиганман. Агар кимда-ким Мурқумомонинг тожисини пишириб еса, ўша одам давлатга подшо бўлади, деб ёзилган, — дебди. — Бу қушнинг тожисини биров еб қўйибди. Энди ўша одам подшо бўлади, — дебди-да, аразлаб кетмоқчи бўлибди.
Чолнинг хотини ялиниб устани тўхтатибди ва қушнинг тожисини ким еган экан, — деб суриштириб кетибди.
Шу вақт уйга ўғиллари кириб келибдилар. Онаси улардан сўраса, биз едик деб айтишибди. Шу вақт уста хотинга “Ҳозир иккала болангни ўлдирсанг уларнинг жигарида тожи турибди. Менга жигарларини берасан, шундагина сенинг уйингни таъмирлаб бераман, — дебди. Уста кетиб қолишидан қўрққан хотин жаллодлардан бирига:
— Узоқ жойга олиб бориб Ҳамид билан Мажидни сўй-да, жигарини олиб кел, — деб буюрибди. Жаллод Ҳамид билан Мажидни отга миндириб жарнинг олдига олиб борибди. Лекин болаларни сўйишга қизғанибди. Бирини сўяй деса, “Мени сўйинг”, деб иккинчиси ёпишибди, иккинчисини сўяй деса, биринчиси: ”Аввал мени сўйинг”, деб ялинибди.
Буларнинг нолишларига раҳми келган жаллод ўйланиб қолибди. Шу вақт жар тагидан кучукларнинг ғингшиган овозлари эшитилибди. Жаллод дарров жарликка тушиб иккита кучукни олиб чиқиб, сўйиб, қорнини ёриб, жигарини олибди. Болаларни эса отларига миндириб:
— Бошларингиз оққан томонга қараб кетинглар, — деб қўйиб юборибди.
Икки бола биргаликда кетишибди. Уларнинг олдиларидан икки йўл чиқибди. Бир йўлга “Борса келмас” деб ёзилган, иккинчи йўлга “Борса келар” деб ёзилган экан. Мажид ўйлаб туриб:
— Ака, сен “Борса келар”га боргин, мен “Борса келмас”га бораман — дебди. Мажид бошқа йўлга, Ҳамид бошқа йўлга жўнабди.
Ҳамид йўл юрса ҳам мўл юриб, охири бир шаҳарга кириб борибди. Худди шу кунларда шаҳарнинг шоҳи ўлиб, халқ давлат қушини учириб турган вақт экан. Учиб юрган қуш ҳали отдан тушиб улгурмаган Ҳамиднинг бошига қўнибди. Кишилар келиб қарасалар, қуш бир мусофир йигитнинг бошига келиб қўниб турган эмиш. Қушни яна учиришибди. Қуш яна Ҳамиднинг бошига келиб қўнибди. Бу ҳол уч марта такрорланибди. Охири Ҳамидни подшо қилиб кўтаришибди. Ҳамид подшолик даврини сураверсин, эндиги сўзни Мажиддан эшитинг:
Мажид кетавериб жуда кўп йўл юрибди. Йўлда уч киши қонларига беланиб уришаётган экан. Мажид уларни уришишдан тўхтатибди. Сўнгра улардан нима учун уришаётганликларини сўрабди. Улар уришишнинг сабабини айтибдилар. Улар отадан уч ўғил бўлиб, оталари ўлгач, уларга бир ҳасса, қалпоқ ва тўрт теварагига турли сўзлар ёзилган гилам мерос қолган экан. Шу меросни бўлиша олмай уришаётган эканлар. Мажид ўйланиб туриб:
— Хўп, бу нарсаларнинг қандай хосияти бор? — деб сўрабди. Шунда каттаси туриб бу нарсаларнинг хосиятларини сўзлаб берибди:
— Кимки ҳассани ушласа, бир қадами минг қадам бўлади, қалпоғини кийса, киши кўзига кўринмайди. Гиламга ўтириб, хатларини ўқиб хоҳлаган жойининг номини айтса, ўша ерга олиб боради. Ҳассанинг яна бир хусусияти шуки, кўр кўзга суртса, кўзи очилади.
Шунда Мажид:
— Мен сизларга бир шарт қўяман, шу шартни бажарсаларинг учала нарса ўшанга тегади, — дебди. Ака-укалар кўнибди.
— Ким сойдаги чиройли тошлардан бир этак териб келтирса, бу мерослар ўшанга тегади, — дебди Мажид. Мерос нарсалар Мажиднинг олдида қолибди.
Учала ака-ука югуриб кетишибди. Шу замон Мажид ҳассани ушлабди, қалпоқни кийибди-да, гиламга ўтириб, хатларни ўқибди. Шу вақт гилам осмонга кўтарилибди. Гилам учиб тўғри бир подшонинг жуда шинам боғига бориб тушиб, катта ҳовуз олдидаги супага солиниб қолибди. Шу вақтда подшонинг гўзал парилардек қизи қирқ канизи билан боғда сайр қилиб юришган экан.
Шоҳнинг қизи супага солинган гиламни кўриб, уни томоша қилмоқчи бўлиб ўтирибди. Мажидни кўрмабди, чунки Мажид қалпоқни кийиб олган экан. Мажид дарров гиламнинг хатини ўқибди. Гилам шу пайт осмонга кўтарилиб шоҳнинг қизини ҳам олиб учиб кетибди. Гилам жуда узоқ учиб бир дарё ёқасига қўнибди. Мажид бошидан қалпоғини олибди. Қиз йигитни кўриб, унга салом берибди. Мажид қизни севиб қолиб:
— Бирга турмуш қилайлик, — дебди. Подшонинг қизи аввал кўнмабди. Орадан бироз вақт ўтгач, қиз рози бўлибди. Йигит унга уйланибди. Икки йил ўтгач, бир қиз, бир ўғил кўрибдилар.
Мажид жуда меҳнатсевар экан, у тинмай меҳнат қилиб уй қурибди. Ҳар куни овга бориб, кундалик овқатларини топиб келар экан. Шоҳнинг қизи отасининг шаҳрига кетишни истабди. Бир куни малика гиламнинг сирини сўрабди. Мажид шу вақтга қадар гилам, қалпоқ, ҳассанинг сирини айтмаган экан. Энди икки боласи билан қаерга кетарди, деб гиламнинг сирини айтибди. Бир кун Мажид овга кетгач, хотини болаларини олиб гиламга ўтирибди ва гилам теварагидаги хатни ўқибди. Гилам кўтарилиб, отасининг шаҳрига қараб учибди. Гилам бориб боғдаги супага ёзилиб қолибди. Қиз отасиникига келиб тураверсин, гапни Мажиддан эшитинг.
Мажид овда кўп ўлжаларни олиб келса, уйда чироқлар ёқилган, бироқ ҳеч ким йўқ экан. Уйга кирса, сеҳрли гилам йўқ. Шунда хотини болалари билан отасининг юртига учиб кетганини билибди. Мажид дарров беркитган еридан ҳасса билан қалпоқни олибди, қалпоқни кийиб, ҳассани қўлга олиб, болаларини излаб кетибди.
Охири хотини турган подшоликка етиб келибди. Шу шаҳарнинг бир четида бир чол билан кампир туришар экан. Чол ҳар куни азонда бориб подшо тахтининг олдидаги майдонни супурар ва шунинг эвазига тирикчилик ўтказар экан. Подшо саройида юриб, у ерда бўлаётган ишлардан хабардор бўлиб турар экан. Мажид бориб шу чол билан кампирникига тушибди. Улар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, чол:
— Ўғлим, нима қилиб юрибсан? — дебди.
Шунда Мажид бошидан ўтган ҳамма воқеаларни бирма-бир сўзлаб берибди. Чол гапни тинглаб бўлгач, шундай дебди:
— Ўғлим, қайғурма, гилам подшонинг хазинасида, болаларинг соғ ва саломат, боғда ўйнаб-кулиб юришибди. Эрта саҳар мен билан борасан. Сенга хазинага кириш йўлларини айтиб бераман, — дебди.
Эртасига чол Мажидга хазинага кириш йўлини кўрсатибди.
Мажид қалпоқни кийиб олган экан, ҳеч ким уни кўрмабди. У тўғри хазинага кириб гиламни кўрибди. Гилам ерда ёзиғлиқ турган экан. Гиламга ўтириб хатларни ўқибди. Шу вақт гилам учиб хазина дарчасидан чиқиб кетибди ва бориб боғдаги супага тушибди.
Ҳовуз бўйида болалари ўйнаб юришган экан. Гиламни кўришлари билан болалар югуриб келишибди. Болаларни гиламга ўтқазиб олиб кетибди. Бу ҳолни кўрган подшо ва унинг қизи дод-вой деганларича қолаверибдилар. Мажид тўғри укаси Ҳамид подшолигига қараб учибди. Укаси билан кўришиб, гаплашибди. Мажид:
— Юр, ука, ота-онамиз олдига борамиз. Улар соғ-саломатмикан, — дебди. Маслаҳатлашиб ота юртига қараб учиб кетишибди. Булар учиб кетишаверсин. Сўзни ота-онасидан эшитинг:
Жаллод онага кучук жигарини олиб келгач, устага едирибди. Уста еб олгач, бутун бойликларни олиб қочиб кетибди. Хотин:
— Чолим келиб болалар қани, деса нима дейман, яхшиси иккита гўр қилай-да, қароқчилар ўғилларингни ўлдирди, дейман, деб ўйлаб, иккита гўр қазитиб, катта сағана қилдирибди. Бирига Мажид, бирига Ҳамид деб ёздирибди. Ўзи эса, шу гўр олдида “йиғлаб” ўтирибди. Бир неча вақтлар ўтгач, чол ҳаждан қайтиб келибди. Бу воқеаларни кўриб ниҳоятда қайғурибди. Чол ҳам тарки дунё қилиб, болаларининг “гўри” олдида йиғлаб ўтирибди. Иккаласининг кўзлари ҳам йиғлайвериб кўр бўлибди. Шундан кейин болалари гиламда учиб келибди. Кўришса, шаҳарлар вайрон, излаб юришиб, гўр олдига келиб қарашса, бирига Мажид, иккинчисига Ҳамид деб ёзиб қўйилган эмиш. Ёнида эса ота-онаси йиғлаб кўр бўлиб ётган эмиш. Бутун воқеани дарров билиб олибдилар. Ота-онасининг олдига бориб кўришибдилар. Мажид хосиятли ҳассани отасининг кўзига суртибди. Отасининг кўзи очилибди. Лекин онасининг кўзига суртмабди. Бутун бўлган воқеани отасига гапириб беришибди. Улар гиламга ота-онасини ўтқазишиб, Ҳамид подшо бўлган мамлакатга учиб кетишиб, мурод-мақсадига етишибди.