Меҳригиё

Ўтган замонда шуҳрати оламга кетган бир савдогар бўлган экан. Бу савдогарнинг олти юз карвони бор экан. Аммо савдогар етмиш ёшга кирганида ҳам фарзанд кўрмабди. Кунларнинг бирида ўзининг олти юз карвонларини тўплаб, фарзанди йўқлигини уларга гапириб, жуда афсусланиб, дунёдан бефарзанд, ном-нишонсиз кетаётгани учун хафа бўлибди. Шундан кейин савдогар бошқа юртга савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланиш учун сафарга жўнабди. Бу вақтда хотини ҳомиладор бўлиб қолган экан. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг, савдогарнинг хотини ўғил туғибди. Ўғлини 6 ёшга киргунча ҳеч кимга кўрсатмасдан тарбиялабди. Савдогар ўз фарзандини ўқиш учун мактабга берибди. Энди савдогар ўз фарзандининг  ёшга кирганидан фахрланиб, савдо ишида ўғлим ўрнимни боссин, деган умидда кўп шаҳарларга олиб бориб, молларнинг сифати ва олди-сотди ишлари билан таништира бошлабди. Кунларнинг бирида савдогар ўз ўғлини синаш учун ёш карвонбошилардан  тасини унга қўшиб, қўлига 0 тилла бериб, бозорга жўнатибди. Бозорнинг бир четида кўпгина одамлар тўпланишиб турган экан. Ўғил уларнинг олдига борса, бир одам чиройли бир кучук боласини сотмоқчи бўлиб ушлаб турган экан. “Кучук неча пул”, деб сўраса, у киши “0 тилла”, дебди. У 0 тиллани бериб, кучук болани уйга олиб келибди. Ота-онаси эртасига яна 0 тилла берибди. Бола пулни олиб бозорга борибди. Бозорда бир киши мушук боласини кўтариб турган экан, уни ҳам сотиб олибди. Боланинг ота-онаси буни кўриб ҳайрон бўлибди. Эртаси куни унга яна 0 тилла бериб, бозорга жўнатишибди. Бу сафар бола улфатлари билан ошхонага кирибди. Ошхонада болага жой тегмай қолибди. Бурчакда бир сандиқ турган экан, бола шуни олиб келиб ўтирмоқчи бўлиб борибди-да, сандиқни очиб кўрибди. Сандиқ қопқоғини эндигина кўтарган экан, бирданига унинг ичидан бир илоннинг боласи чиқиб йигитнинг бўйнига ўралибди. Шу пайт бир лўли хотин дод-фарёд солиб, “Нега илонимни чиқариб юбординг”, деб йигитга ёпишиб кетибди. Йигит:
— Ма, оладиган нарсанг шу-да, — деб қўлидаги қирқ тиллани ҳалиги хотинга берибди. Тасодифан илоннинг боласи тилга кириб:
— Эй, йигит, мендан қўрқма, мен бутун йиртқич жониворлар подшосининг ёлғиз ўғли бўламан, ўйнаб юрган вақтимда бу хотин мени тутиб олиб, мана шу сандиққа солиб қўйган эди. Сен мени ўлимдан қутқардинг, энди мени ота-онам олдига олиб бориб қўясан, — дебди.
Йигит ҳайрон бўлиб, маслаҳат қилиш учун ота-онасининг олдига келибди. Ота-онаси бу воқеадан ташвишга тушибди ва ноилож унга рухсат берибди. Йигит илон билан бирга кучук ва мушугини эргаштириб йўлга чиқибди. Улар йўл юрсалар ҳам мўл юриб, етти тоғ-у етти қирдан ошиб, уч ой деганда илонлар водийсига етиб келибдилар. Шунда илон йигитга:
— Сен отамнинг олдига 9 та дарвозадан ўтиб кирасан, йўлда йиртқич ҳайвонлардан қўрқма, мен ”чир” десам, ҳаммаси бирга салом беришиб, дарвозаларни очиб қўйишади, кириб кетаверамиз, — деб уқтириб қўйди. Унинг ота-онаси ёлғиз фарзандларининг доғида куйиб, онасининг икки кўзи ҳам кўр бўлиб қолган экан. Боласи келганини эшитган илонлар подшоси фарзанди йўлига жуда кўп канизлари билан пешвоз чиқиб кутиб олибди. Шу вақтда боласини кўрган она илоннинг икки кўзи хурсандчиликдан очилиб кетибди. Улар йигитни қирқ кеча-ю қирқ кундуз меҳмон қилибдилар. Йигит ўз юртига қайтмоқчи бўлиб, илондан жавоб сўрабди. Шунда илон йигитга қараб:
— Сенга отам совғалар беради. Отам “Тила тилагингни”, деганда, “Менга ҳеч нарса керак эмас”, деб жавоб берасан. Учинчи мартаба “Тила тилагингни”, деб сўраганда: ”Тилингизнинг тагидаги меҳригиёйингизни беринг”, дейсан. Шунда отам тили тагидаги меҳригиёсини сенга беради, бунда жуда сир кўп. У бошингга мушкул иш тушса, сени қутқаради, — дебди.
Бир-икки кундан кейин илонлар подшоси йигитга: “Тила тилагингни”, деганда, йигит: “Менга ҳеч нарса керак эмас”, деб жавоб берибди. Шоҳ илон учинчи марта ундан сўрабди.
— Шоҳим, агар хўп десангиз менга тилингизнинг тагидаги меҳригиёйингизни беринг, агар йўқ десангиз мен унга ҳам хафа бўлмайман, — дебди. Шунда шоҳ илон:
— Ўғлим, майли, сен мени жуда нозик жойдан ушладинг, мен уни сендан аямайман. Чунки сен менга юрагимнинг мадори, кўрар кўзим, ёлғиз фарзандимни душманлар қўлидан қутқариб олиб келдинг. Бизга яхшилик қилдинг. Аммо сен бу меҳригиёни қўлингдан бой бериб қўйма, уни сир сақла, бу сени ҳар қандай мушкулдан омон қолдиради, сени мурод-мақсадингга етказади. Ма, мен сенга меҳригиёйимни берайин, — деб унга тили остидаги меҳригиёсини берибди ва унинг ҳамма сирларини айтибди. — Агар сенга керак бўлиб қолса: “Лаббай тош, мен сенга йўлдош”, деб тилагингни тиласанг, кўзингни юмиб-очгунингча хоҳлаган нарсанг тайёр бўлади.
Илон шоҳ йигит билан хайрлашиб, уни жўнатибди. Йигитга улар жуда чиройли қилиб ясатилган бир от ҳам берибдилар. Йигит отни миниб, мушук ва кучукни эргаштириб, йўлга равона бўлибди. Жуда кўп йўл юрибди, ниҳоят, мадордан кетиб, отдан тушиб дам олай, деб турган вақтида бирданига меҳригиёси ёдига тушиб қолибди. У меҳригиёдан бир коса сув билан иккита нон сўрабди ва кўзини юмиб-очсаки, нон, сув тайёр турибди. Битта нонни тенг бўлиб, ярмини кучукка, ярмини мушукка берибди. Иккинчи нонни тенг бўлиб, ярмини ярим коса сув билан ўзи еб, ярмини сув билан отга берибди. Дамларини олиб, яна йўлга равона бўлибдилар. Ўн беш кунлик йўл юрганларидан сўнг йигит: “Энди йўлнинг қоқ ўртасига келибман. Осмон йироқ, ер қаттиқ, қани, мен шу йиртқич ҳайвонларнинг айтганига амал қилиб боқай-чи, деб меҳригиёга: “Лаббай тош, мен сенга йўлдош, сен шу чўлни бўстонга айлантир, бу бўстоннинг ўртасидан жуда катта дарё ўтиб турсин, дарёнинг қоқ ўртасида эса, таги дарёга тегмаган, баландлиги осмонга етмаган, мармар тошлар билан тикланган, ичидаги анжомларни ҳеч қандай инсон кўрмаган бино бўлсин-у, бинонинг ичида ҳуснда ер юзида тенги йўқ, доно бир Малика бўлсин. Малика билан мен парқувларга ёнбошлаб ётиб, ноз-неъматлар билан чой ичиб ўтирган бўлай”, дебди. Йигит кўзини юмиб-очсаки, ўзининг айтганидан ҳам зиёда ҳамма нарса тайёр бўлибди. Ёнида Маликаси қирқ канизаклари билан таъзим қилиб, хизмат қилмоқда. Йигит бора-бора ҳар куни овга чиқа бошлабди.
Энди гапни Чин мамлакатининг подшосидан эшитинг. Чин мамлакатининг подшоси ҳар куни овга чиқар экан, ов овлашда бу подшога ҳеч ким тенг келолмас экан, кейинги кунларда подшо назар солиб юрса, бу савдогарвачча йигит овнинг энг яхшиларини отар экан-у, подшо эса майда овларни отар экан. Шунга қарамай, иккаласи ҳам бир ерда ов қилишар экан. Подшо бу савдогарваччанинг яхши ов қилганига ҳасади келиб, мамлакат одамларини чақиртирибди ва овчи йигитнинг аъло даражада ов қилиш сирини билиб беришларини буюрибди, бунинг учун у халққа бир кеча-ю бир кундуз муҳлат бериб: “Агар кимда-ким бу сирни билиб келса, то умрининг охиригача олтин беланчакда қирқ канизакка тебраттириб парвариш қиламан, агар ҳеч ким била олмаса, ҳамма ёқни хонавайрон қилиб юбораман”, дебди. Муддат тугай деб қолганда бир кампир подшонинг олдига келиб:
— Сизнинг хизматингизни мен бажаргани келдим, — дебди. Подшо бу жодугардан хурсанд бўлибди. Кампир:
— Энди менга бир туяга зар юклаб, бир эшакка ўзимни миндириб қўясиз, мен шунда бу сирни сизга билиб келаман, — дебди. Подшо кампирнинг айтганларини тайёрлаб берибди. Кампир йўлга равона бўлибди, 8 кун деганда кампир йигитнинг эшиги олдига келиб, бир тишини суғуриб пичоқ қилиб, эшакнинг оёғига санчиб-санчиб чўлоқ қилибди, туяни чўктириб, унинг оғзига иккита совунни солиб, оқ кўпигини оқизиб, қўлига рўмолчани олиб, кўзидан оққан ёшни артиб ўтирибди. Бир куни канизлар чиқиб, кампирни кўрибдилар ва Маликага кириб воқеани айтибдилар. Малика ҳам чиқиб қараса, бир кампир дарвоза олдида йиғлаб ўтирибди. Малика кампирдан: “Нима бўлди, эна, нега мунча йиғлаб ўтирибсиз”, деб сўрабди. Кампир:
— Эй, болам, мен ҳажга зиёрат қилгани борган эдим, шу ерга келганимда эшагимнинг оёғи синиб, туянинг мадори кетиб, йиқилди; ўзим эса биргина қизим бор эди, уни кўрармиканман ёки кўчада қолармиканман, деб йиғлаб ўтирибман, — дебди. Маликанинг кампирга раҳми келиб, уни уйига олиб кириб кетибди. Канизлар эса туя ва эшакларга ем-сув бера бошлабди. Кеч кирганда йигит келибди ва кампир билан сўрашибди. Бироқ у кампирнинг хосияти йўқ, жодугар кампир эканлигини сезиб: “У менинг Маликамни ўғирлагани келган бўлса керак, аммо менинг меҳригиёйим бор, олиб кетса ҳам йўлдан қайтариб келаман”, деб ўйлабди-да, бепарво юраверибди.
Кампир эса Маликанинг олдига кириб, “Болам, куёвингиз мунча кўп ов қилиб келади, ҳамма подшоваччалар ҳайрон қолишса керак, қандай қилиб ов қилишини биласизми?” деб сўрабди. Малика: “Йўқ, энажон”, деб жавоб берибди. Кампир Маликани алдаб, эрининг яхши ов қилиш сирини билишга буюрибди. Малика эри билан ўтирганда кампирнинг гапи ёдига тушиб, бирдан қовоғини солиб, хафа бўлиб қолибди. Йигит Маликадан нима учун хафа бўлганини сўраган экан, Малика:
— Мен сиз билан етти йил бирга умр кечирдим. Сиз менга қандай қилиб ҳаммадан кўп ов қилишингизни айтмадингиз, — дебди. Йигит шунда Маликанинг ҳусн-жамолига маҳлиё бўлиб, бутун бошидан кечирганларини ва сири — меҳригиёсини ҳам айтиб берибди. Қиз меҳригиёни кўрсатинг, деб қўймабди. Йигит Маликага берибди. Эрта билан меҳригиёни эсидан чиқиб қолдирибди-ю, йигит овга чиқиб кетибди. Кампир Маликадан эрининг ов қилиш сирини яна сўрабди. Малика меҳригиёни қўлга олиб, кампирга кўрсатибди. Буни нима қилар экан, бу оддий тош-ку, деб кампир ҳайрон бўлибди. Шунда Малика: “Лаббай тош, мен сенга йўлдош, мени тилагимга етказ”, деса, кўзни юмиб-очгунча, кишини муродига етказар экан, дебди. Кампир уни қўлига олиб кўришни сўрабди. Малика унга берибди.
Кампир меҳригиёни қўлига олиб, “Лаббай тош, мен сенга йўлдош, сен шу ерда турган ҳамма нарсани Чин мамлакати подшосининг ўрдасига олиб бориб қўй,” дебди. Кўзини юмиб-очгунча Чин шаҳрига бориб қолибди. Подшо бутун халқини чақириб, бу мўжизани кўрсатибди. Кампирни эса олтин беланчакда тебратиб, канизакларни унга хизматкор қилибди. Малика кампирдан ўз эрининг нега келмаганини сўрабди. Беш кундан сўнг кампир Маликага “Шу сенинг эринг бўлади”, деб подшони кўрсатибди. Малика дод-фарёд қилиб йиғлабди. Подшо меҳригиёни олганлигига хурсанд. Малика эсига ҳам келмабди. У овқат вақтида меҳригиёни дастурхоннинг бир чеккасига қўйиб қўяр экан.
Йигит овдан қайтиб келса, боғ-роғи йўқ, кучуги билан мушуги йиғлаб ўтирар экан. Йигит бу ишларни кўриб, пешанасига бир уриб, қилган ишига минг пушаймонлар қилибди. Ит билан мушук:
— Э, ака, сен йиғлаб хафа бўлма, бошингга тушган бу мушкул ишни биз енгиллатамиз, — дейишиб, Чин мамлакатига жўнаб кетибдилар. Чин мамлакатига етиб келганидан сўнг подшонинг уйига мушук кирибди. Кучук эса Маликанинг олдига кириб акиллабди. Малика кучукни танибди. Шу вақтда подшо “тош”ни дастурхоннинг четига олиб қўйиб овқатланаётган экан. Мушук у ёқ-бу ёққа ўтиб туриб “тош”ни олиб қочиб, кучукнинг олдига келибди. Улар йўлда кетаётганларида бир катта кўприк учрабди, кучук “Тошни мен олиб ўтаман”, дебди. Мушук кучукдан қўрққанидан унга берибди. Яқин жойда овчилар балиқ овлаб юришган экан, кучук овчиларга қараб ҳуриган экан, тош сувга тушиб кетибди. Балиқ уни ютиб юборибди. Овчилар сувга тўр солганларида катта бир балиқ илинибди. Улар балиқнинг қорнини ёриб, ичакларини ирғитиб, танасини олиб кетибдилар. Ит билан мушук балиқ ичакларини титкилаб, тошни топиб олибдилар. Тошни йигитга олиб келиб берибдилар. Йигит хурсанд бўлиб, кучук билан мушукни қучоқлаб ўпиб, меҳригиёга “Лаббай тош, мен сенга йўлдош, менинг боғ-роғимни шу ердан қандай олиб кетилган бўлса, ўшандай ҳолида қайтаргин ва улар билан бирга қирқта от, қирқта хачир ҳам бўлсин”, дебди. Йигит кўзини очиб юмгунча айтганидан ҳам зиёда уйи, Маликаси қирқта канизи билан пайдо бўлибди. Жодугар кампир ҳам келтирилибди. Йигит кампирнинг ҳамма гуноҳларини бўйнига қўйиб, уни қирқта от, қирқта хачирнинг думига боғлаб, чўл-биёбонга қаратиб ҳайдаб юборибди. Йигит эса ота-онасининг олдига келиб, соғ-саломат дийдор кўришибди. Қучоқлашиб, бошидан ўтган воқеаларни бир-бир ота-онасига баён қилибди, гўзал Малика билан бирга яшаб, давлатлари зиёда бўлиб мурод-у мақсадига етибди.