Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир девона бор экан.
У девона “кўкка тупурса, бетга тушади”, деб айтиб юрар экан. Ўнг кўзини кўрсаткич бармоғи билан кўрсатиб, “мана кўрдингларми” деб, кулиб кетаверар экан.
Шу гапдан бошқани айтмас, ҳеч ким билан сўзлашмас, бировдан бирор нарса тиламас экан. Ўша шаҳар подшосининг вазирлари девонанинг айтиб юрган сўзларини подшога етказишибди.
Подшо девонани ўз ҳузурига чақиртириб келтирган экан, подшонинг ёнига кирганида ҳам, таъзим қилиб ўз гапини такрорлабди: “кўкка тупурсанг, бетингга тушади” ва тупуриб кўрсатибди.
Девонанинг гапи ва қилиғи подшога манзур бўлибди-ю, унга қараб:
— Девона, бундан кейин бизнинголдимизга ҳар куни эрталаб салом вақтида бир келасан-у, шу гапни айтиб, хазиначидан битта олтин олиб кетаверасан, — дебди ва хазиначига қараб:
— Девонага битта олтин бергин! — деб буюрибди. Девона пулни олиб қуллуқ қилиб, айтадиган гапини яна бир марта айтиб чиқиб кетибди.
Шундан кейин девона ҳар куни эрта билан салом вақтида келиб, гапини айтиб, пулни олиб кетаверибди.
Девона подшоникига бир йилча қатнагандан кейин сарой вазири подшонинг хазинасига ачинибдими ёки девона олган пулларни ўзи олгиси келибдими, бир иложини қилиб, уни йўқотмоқчи бўлибди.
Ўйлаб-ўйлаб, бир куни кечқурун ошпазига эрталабгача турли-туман таом тайёрлашни буюрибди.
Эрталаб туриб, дастурхон ёзиб, тайёрланган овқатларни тортиб, ўзи девонани йўлини пойлабди. Девона вазирнинг ҳовлисига яқинлашиши билан вазир унга:
— Девона, бугун чойни бир ичайлик, атайлаб сени пойлаб турибман, — деб, уни “йўқ” дейишига қарамай, судраб олиб кирибди.
Ўзи ҳам девона билан ўтириб, уни овқат ейишга қистайверибди. Бечора девона бундай лаззатли овқатларни умрида емаган, тушида ҳам кўрмаган экан, ёнига суриб қўйилган овқатлардан оз-оз еб тўйиб қолибди.
Вазир девонанииг тўйганига қарамай, унинг олдига яна суриб қўяверибди, девонанинг кўзи очлик қилиб, ҳар хил овқатни аралаштириб сассиқ меъда бўлиб қолибди.
— Эй жаноби вазир, аҳволим ёмон-ку, энди подшонинг ҳузурига боришим қийин бўлади, — дебди девона вазирга.
— Ҳа, девона, нима бўлди? — ўзини билмасликка олиб сўрабди вазир.
— Эй тақсир, сассиқ меъда бўлиб қолдим-ку?
— Қеч нарса қилмайди, девона, — дебди вазир.
— Нимага ҳеч нарса қилмас экан! Подшонинг ҳузурига кирган замон кекириб юборсам, оғзимдан чиққан бадбўй ҳид подшонинг димоғига етиб борса, ёмон бўлади-да, — дебди девона.
— Эй девона, шуки ҳам ғамини едингми, бу жуда осон-ку! Сен саройга етиб боргач, енгингни мана бундай оғзингга тутиб киргин, то чиққунча оғзингдан олмагин, — деб ўргатибди вазир. Бу гап девонага ҳам маъқул келибди.
Вазир девонани жўнатиб, ўзи ундан аввалроқ подшо ҳузурига етиб келибди ва:
— Мен сизнинг давлатингизга, хазинангизга ачинаман, подшоҳим, — дебди.
— Хазинадан бирор марта ножўя пул чиқдимики, ачинасан! — дебди подшо.
— Бу лаънати девона кўчаларда сизни ёмонлаб, шаънингизга бўҳтон сўзларни айтиб юрганмиш, сиз бўлсангиз, унга ҳар куни битта олтин инъом қиласиз.
— Мен ҳақимда нималар дер экан? — деб сўрабди подшо.
— “Подшонинг ўзи ҳам сассиқ, унинг суҳбати ҳам сассиқ. Мен ундан қўрққанимдан саройга бораман, бўлмаса унинг берган пули қуриб кетсин”, деб айтаётганини ўзим эшитдим. Илгари ҳар кимдан эшитиб юрар эдим-у, ишонмасдим. У яна “Подшоҳнинг суҳбати шундай сассиқки, мен унинг ҳузурига кирганимда димоғимга енгимни тутиб кираман ва ўша ердан чиққунча енгимни димоғимдан олмайман”, деб айтибди. Менга ишонмасангиз, келганида кўрасиз, — дебди вазир.
Бир пайт подшо ҳузурига енгини оғзи-бурнига тутиб девона келиб қолибди.
Вазир подшога қараган экан, подшо кўзи билан тасдиқ аломатини қилибди.
Девона айтадиган гапини айтиб бўлганидан кейин, подшо бир қоғоз халтанинг устига. “Шу халтачани олиб борган одамга юзта олтин берилсин”, — деб ёзибди. Вазир подшонинг ўнг томонида ўтирган экан, устидаги хатни ўқибди. Подшо уни девонага узатибди ва:
— Бориб олгин, ҳаммаси сенга, — дебди.
Девона саройдан чиқиши билан вазир унга етиб олиб ва унинг йўлини тўсиб:
— Девона, бу мукофотни менга берсанг бўларди, биз дўстлашдик-ку, — дебди.
— Мана, ола қолинг, — деб қўлидаги халтани унга узатибди ва саройдан чиқиб кетибди.
Вазир яна бир марта ўқиб, шошиб хазиначининг ёнига борибди.
Хазиначи қараса, халтача устига, “Шу халтачани олиб борган одамга юзта олтин берилсин”, деб ёзилган. У, “бу ерда бирор сир йўқмикан” деб ўйлабди ва вазирга:
— Бирпас туриб турсалар, ҳозир олиб чиқаман, — дебди. Халтанинг ичини очиб қсараса, ичида бир хат бор экан. Унда: “Шу хатни олиб борган одамни махфий ҳужрага олиб кириб ўлдиргин!” деб ёзилган экан. Хазиначи махфий хужрадаги жаллодга: “Эшикдан кирган кишини чопиб ташла!” — деб тайинлабди-да, вазирнинг ёнига чиқиб:
— Марҳамат, тақсир, мана бу ҳужрадан оласиз, — деб, вазирни махфий ҳужрага киргизиб юборибди.
Эртаси куни эрталаб ҳамма вазирлар, уламолар саройга йиғилганда, девона ҳар кунги одати бўйича келиб, ўз сўзини айтибди. Подшо ҳайрон бўлиб, хазиначига одам юборибди, у келгач, сўрабди:
— Нима учун менинг буйруғимни бажармадинг?
— Бажардим, — дебди хазиначи.
— Олдингда турибди-ку, яна бажардим дейсан! — деб бақирибди подшо.
— Мен буйруғингизни бажардим, — деб подшонинг кечаги хатини ўзига кўрсатибди.
— Бу қандай бўлди экан? — деб подшо ҳайрон бўлибди.
— Девона, кеча бўлган воқеаларни айтиб бергин, — дебди подшо.
Девона кеча эрталаб вазирнинг зиёфат қилганини, сассиқ меъда бўлганини, вазир унга енгини оғзига тутиб боришини тайинлаганини, подшодан халтачани олиб хазинага кетаётганида вазир чиқиб халтачани ундан сўраб олганлигини айтиб берибди. Ва доимгидек “кўкка тупурсанг, бетингга тушади”, деб тупуриб ҳаммага кўрсатибди.
— Девона, бугундан бошлаб ҳар куни бир олтин эмас, беш олтин оласан ва шу гапингни ҳамма вақт айтиб юргин, — деб буйруқ берибди подшо.