Подшонинг қирқта хотини бор экан. Уларнинг ичида Сарвигул дегани жуда чиройли экан. Уни подшо ҳамма хотинларидан кўпроқ севар экан. Кунларнинг бирида малика ўзининг исми гўзаллигига мос эмаслиги тўғрисида подшога шикоят қилибди. Шунда подшо: «Агар бундан кейин кимки маликани Сарвигул деб атаса, тилини кесиб, оғзига қўрғошин қуяман», деб фармон чиқарибди.
Иттифоқо, фармон чиққан куни Сарвигул боғда сайр қилиб юрар экан. Уни уйқу босибди. Гуллар орасига қўйилган сўрида ётиб ухлабди. Бир қанча вақтдан кейин уйғотмоқчи бўлганларида маликанинг қазо қилганлиги маълум бўлибди. Канизларни қайғу босибди. Бу хабар саройдаги кишиларга ҳам тез вақт ичида маълум бўлибди. Аммо, бу хабарни подшога етказиш энг оғир, мушкул иш экан. Чунки, биринчидан, маликага янги ном қўйилгунча йўқ, иккинчидан, аввалги исмини айтиб хабар қилинган тақдирда подшо ўз фармонига мувофиқ хабар берган кишини жазолаши турган гап экан. Подшога маълум қилинмабди. Лекин, ўликнинг ёта бериши мумкин эмас-ку. Бунинг устига, ўз вақтида хабар берилмагани учун саройдаги кишилар яна жазоланиши мумкин. Сарой кишилари бу мушкул ишдан қутулиш йўлини қидира бошлабдилар. Шу пайтда, канизаклардан бири дадил овоз билан:
— Мен бориб хабар қиламан, — дебди. Бошқалар масхара қилиб:
— Шунча ақли расолар турганда, сенга чикора, ўлгинг келяптими, — дейишибди.
— Майли, — дебди канизак ва чопиб, подшо ёнига келибди. Подшо тахтда ўтирган экан. Қиз эшикка яқинлашиб, эшик тирқишидан астагина овоз билан бир мисра шеър ўқибди:
Сарвигулнинг соясида сўлди гул, нетмоқ керак?
Подшо бу мисрани эшитгач, ғам остида қолиб жавоб берибди:
Баргидан тобут ясаб, гулдин кафан этмоқ керак.
Мушкул иш ҳал бўлибди. Сарвигулни кўмибдилар, кейин подшо шу хабарни етказган канизакни ҳузурига чақиртирибди. Канизак подшо қаршисида бош эгиб турар экан.
Подшо:
— Маликанинг ўлими ҳақидаги хабарни менга сен етказдингми? — деб сўрабди.
— Шундай, подшоҳи олам! —дебди канизак. Подшо:
— Бу ишинг учун сенга давлатимнинг ярмини бердим, — дебди.
— Марҳаматлари учун ташаккур, — дебди қиз, — мен ҳам ўз давлатимнинг ярмига сизни шерик қилдим, бўлмаса.
Подшонинг жаҳли чиқибди.
— Сен кимнинг қаршисида турғанингни унутма! Мен мамлакат шоҳиман, давлатнинг барчаси менда! Сен қул қизда давлат нима қилсин, эй беақл махлуқ!..
— Афв этсинлар, подшоҳи олам, — дебди қиз, — давлатингизнинг ҳаммасини берсангиз ҳам уни ўз ақл-идрокимнинг ярмига тенг кўрмайман!
Канизакнинг бу жавобидан подшо индаёлмай, мот бўлиб ерга қарабди.