Бир бор экан, бир йўқ экан, битта бой савдогар билан битта камбағал савдогар бўлган экан. Улар жуда қалин дўст эканлар. Камбағал савдогар узоқ сафарга савдо важи билан кетмоқчи бўлибди. Қимматбаҳо темир буюмларини бой савдогар дўстиникида қолдирибди.
Бир қанча вақт ўтгач, камбағал савдогар сафардан қайтиб келибди ва дўстиникига бориб қолдирган қимматбаҳо темир буюмларини қайтариб беришини сўрабди. Бой савдогар эса унинг барча буюмларини сотиб юборган экан. Шунинг учун қандай қилиб бўлса ҳам, бирор баҳона топиб, ундан қутулиш йўлини ахтарибди.
— Сизнинг қимматбаҳо буюмларингиз устида бир бахтсиз ҳодиса рўй берди, — деб йиғламсираб гап бошлабди.
— Ҳа, нима бўлди? — деб сўрабди камбағал савдогар.
— Мен уларни буғдой омборига беркитиб қўйган эдим. У ердаги сичқонлар ҳаммасини еб қўйибди. Мен буюмларингизни сичқонлар қандай қилиб еганларини ўз кўзим билан кўрдим. Агар гапимга ишонмасангиз, юринг, мен сизга уларни қиймалаб ташлаган парчаларини кўрсатаман, — дебди.
Камбағал савдогар эса: — Кўришнинг нима кераги бор? Мен шундай ҳам сизга ишонаман. Мен сичқонлар ҳар доим темирни қирқишларини билардим, — деб жўнаб кетибди. У йўлда кетаётиб савдогарнинг ўйнаб юрган боласини кўриб қолибдию У шартта болани кўтариб, уйига олиб кетибди.
Эртаси куни бой савдогар ҳалиги камбағал савдогарни йўлда учратиб қолибди. Бой савдогар бошига тушган фалокатни айтиб йиғлабди ва ундан:
— Менинг боламни кўрмадингизми? — деб сўрабди.
—Ҳа, кўрдим, кўрганда қандоқ! Кеча мен сизнинг ёнингиздан чиқиб кетаётганимда, бир қирғий келиб, болангизни кўтариб, учиб кетди, — дебди камбағал савдогар.
Унинг бу гапларидан бой савдогар аччиғланиб:
— Сиз мени майна қилмоқчимисиз? Қирғийнинг болани кўтариб учмаслигига кимнинг ақли етмас экан? — дебди.
— Йўқ, мен сизни майна қилмоқчи эмасман. Сичқонларнинг темир буюмларни ейиши майнабозчилик бўлмаган, қирғийнинг болани кўтариб олиб қочиши майнабозчилик бўлармиди? — деб жавоб берибди камбағал савдогар. Бу гаплардан кейин бой савдогар:
— Темир буюмларни сичқон еб қўйган эмас, мен сотиб юборган эдим. Сенга уларни икки ҳисса қилиб қайтариб бераман, — дебди.
— Ҳа, ундай бўлса, сизнинг болангизни ҳам қирғий олиб қочгани йўқ. У менинг уйимда. Мен ҳам сизга қайтариб бераман, ўғлингизни, — дебди камбағал савдогар.
Бой савдогар бир қанча буюмларини унга берибди, у ҳам унинг ўғлини қайтариб берибди. Улар орани очиқ қилибдилар. Бу воқеадан кейин улар бир-бирлари билан бошқа дўстлашмабдилар.