Икки ўртоқ

Бир мерган йўлдан ўтиб бораётган экан. Мерганнинг қўлида ғози бор экан. Йўлда қорни очиб келаётган икки ўртоқ:
— Шу мерганнинг ғозини еб бўлмасмикан? —дебди. Иккиси маслаҳатлашиб, мерганни чақиришибди. Мерган келибди. Мергандан ғозини сўрашибди. Мерган:
— Яхши, ола қолинг, бирга ейсиз, — деб ғозни берибди.
Икки ўртоқ ғозни қозонга солиб пиширишибди. Кейин:
— Энди ухлаймиз, ким яхши туш кўрса, ғозни ўша ейди, — дейишибди. Мерган ҳам рози бўлибди.
Учови ухлашга ётибди. Икки ўртоқ ухлаб қолибди. Мерган ухламай ётган экан. Пишган ғозни еб қўйибди. Икки ўртоқ уйқудан уйғонишибди. Ўртоқларнинг бири иккинчисидан:
— Сен нима туш кўрдинг? — деб сўрабди.
Иккинчиси:
— Мен осмонда учиб кетаётган эмишман, сен-чи? — дебди.
— Мен денгизда сузиб кетаётган эмишман, — дебди.
Сўнг улар мергандан сўрашибди:
— Сен нима туш кўрдинг?
Мерган айтибди:
— Мен бирингизнинг осмонда учиб кетаётганингизни, иккинчингизнинг эса, денгизда сузиб кетаётганингизни кўрдим. Икки ўртада ғоз қолиб кетмасин деб, еб қўя қолдим.