Икки донишманд

Кунлардан бир совуқ кунда бир подшо бир донишманд чол билан йўлда кетаётса, бир киши ер ҳайдаётган экан. Шунда донишманд чол ҳалиги кишига:
— Тўққизни учга бермабсиз-да, иним, — дебди. Ҳалиги киши эса:
— Тўққизни учга берай десам, ўттиз олтиликдан ортмаяпти-да, — дебди.
Подшо билан донишманд чол бир жойда тўхташганда, подшо ундан сўрабди:
— Сиз боя нега “тўққизни учга бермабсиз-да”, деб ҳалиги кишидан сўрадингиз? У эса “ўттиз олтиликдан ошмаяпти” деди. Сиз нима деган эдингиз-ку, у нима деб жавоб қайтарди?
Донишманд:
— Мен “тўққиз ой ишлаб, уч ой шу ишлаганингизни еб ётмайсизми” деб сўрадим. У эса “тўққиз ой ишлаб уч ой еб ётай десам, ўттиз олти тишлик бола-чақамдан ортмаяпти”, деб жавоб қайтарди, — дебди.
Подшо икки донишманднинг савол-жавобига қойил қолибди.