Йигит билан қиз турмуш қуришибди. Орадан тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соату тўққиз дақиқа ўтгач, фарзанд кўришибди.
— Боламизни қандай тарбия, қиламиз? — дебди она.
— Уни шундай тарбия қилайликки, катта бўлганда эл-юртга фойдаси тегадиган бўлсин, — дебди ота. Хотини:
— Тўғри айтасиз, мен ҳам шуни ўйлаб турган эдим. Яхшиси, устоз Ибн Синодан сўраб кўрайлик-чи, у киши нима деркин, — дебди.
Бу гап эрига ҳам маъқул тушибди. Эр-хотин болани кўтариб, Ибн Синоникига келишибди. У бир кичик тор кулбада яшар, шундай бўлса-да, донғи оламга кетган экан.
Ибн Сино уларни яхши кутиб олибди, нима иш билан келганликларини сўрабди.
— Боламизнинг тарбияси ҳақида бизга маслаҳат берсангиз. Токи катта бўлгач, эл-юртга фойдаси тегадиган киши бўлса? — дебди эри.
— Қачон туғилди? — деб сўрабди Ибн Сино.
— Эрта билан туғилди, — деб эрининг ўрнига хотини жавоб берибди.
— Эй болаларим, — дебди Ибн Сино, — бола эрта тонгда туғилган экан, ҳозир чошгоҳ бўлди, кечикибсизлар. Бола туғилиши билан унинг тарбияси ҳақида қайғуриш керак эди.