Бир бор экан, бир йўқ экан, бир эр-хотин бор экан. Эр овчилик билан шуғулланар экан. Унинг отаси улардан узоқроқ жойда яшар экан.
Бир куни эр овга кетганида биров эшикни тақиллатиб, “Ҳазратқул” деб чақирибди. Унинг хотини эшикни очмай, ичкаридан туриб, “уйда йўқлар” деб жавоб берибди ва келган меҳмоннинг кимлигини ҳам сўрамабди.
Меҳмон эшикнинг ортида туриб-туриб қайтиб кетибди. У келган киши эрининг отаси экан. Кетмасидан аввал у киши шундай дебди:
— Ҳазратқул келса айтинг, остонани бошқа қурсин! Эри овдан қайтгач, хотини:
— Сиз йўғингизда бир киши келди. “Эрингиз остонани бошқа қурсин” деб кетди, — дебди.
Шунда эри бўлган воқеани тушуниб, хотинининг жавобини бериб юборибди.
Бир қанча вақт ўтгач, Ҳазратқул яна уйланибди. У овдалигида яна отаси келиб, эшикни қоқибди. Хотини чиқиб, уни уйга таклиф этибди, меҳмон қилибди. У хурсанд бўлиб, қайтаётганида:
— Эрингиз келса айтинг, остонани сира ўзгартирмасин, — дебди.