Гулиқаҳқаҳ

Бир бор экан, бир йўқ экан. Бир подшо бор экан. У подшо овга чиқиб кетаётса, узоқдан бир қизил нарса кўринибди. Подшо икки вазири билан бориб қараса, қир-қизил гулнинг тагида учта пари қиз ўтирган эмиш. Подшо қизларга айтибди:
— Сизнинг ҳунарингиз борми?
Бири:
— Мен шу қизил гулдан бичиб, тўн тикаман, — дебди.
Яна бири:
— Мен осмондаги қушдан нусха оламан, — дебди.
Яна бири — подшо хуштор бўлиб қолган қиз айтибди:
— Мен учар қушдан нусха оламан ҳам тилла кокилли ўғил туғиб бераман, — дебди. Подшо қизларни шаҳрига олиб бориб иккисини икки вазирга олиб берибди. Ўзи “Тилла кокилли ўғил туғаман”, деган қизни олибди. Эл-юртга тўй берибди. Қизнинг бўйида бўлибди. Кундан кун, ойдан ой ўтиб, ой-куни яқинлашибди. Буни билган кундошлари бир шум кампирни чақириб, унга: “Кундошимиз тилла кокилли ўғил туғса, унинг боласини йўқ қиласан. Сенга ҳаммамиз бир товоқдан тилла берамиз”, дебди. Кампир подшонинг кичик хотини туғмоқчи бўлиб турганда, иккита кучукваччани олиб келиб унинг ёнига қўйибди. Тилла кокилли болани бир чўл-биёбонга олиб бориб ташлабди. Подшо хотинининг тўлғоқ тутганини эшитиб, суюниб овдан қайтиб келаётса, кампир учрабди.
— Хотиним нима туғди? — деб сўрабди.
— Хотинингиз иккита кучуквачча туғди, — дебди кампир.
— Бўлмаса, хотиним билан болани зиндонга ташлансин, — деб подшо хотини билан кучукни зиндонга ташлатибди.
Чўл-биёбонга ташланган болани бир кийик келиб тўрт ёшгача эмизибди. Сўнгра кийик “Мени отиб ўлдириб қўймасин”, деб қочиб кетибди.
Бола тентираб юриб-юриб бир кун отасининг ўрдасига бориб қолибди. Подшонинг хотинлари кўриб, кампирга:
— Тилла кокилли бола келиб қолди, болани тезда йўқ қилиб юборинг. Ҳаммамиз бир товоқдан тилла берамиз, — дебди. Кампир болани битта эски сандиққа солиб, дарёга оқизиб юборибди. Бола сандиқда кун ҳам оқибди, тун ҳам оқибди. Бир балиқчи дарё бўйида балиққа қармоқ солиб ўтирган экан, сандиқни кўриб қолиб, астагина сувдан тортиб олибди. Сандиқни очиб қараса, ичида пахтадаккина тилла кокилли бир бола ётган эмиш. Болани уйига олиб келиб, тарбиялаб, катта қилибди.
Бола бир куни дарё бўйида ов қилиб юрганида жуда кўп ғоз, ўрдакларни тутиб олибди. Биттасини ҳам ўлдирмабди. Бир ўрдак дарёнинг у ёғидан-бу ёғига сузиб юрган эмиш. Бола бу ўрдакни ҳеч ту-толмай: “Энди қушимни солиб оламан” деб турган экан, дарёнинг нариги ёғида басавлат бир одамни кўрибди. Бола уни кўриб “Шундай отанг бўлса”, деб орзу қилибди. У ёқдан подшо эса суқсурдай йигитни кўриб “Ўғлинг бўлса, шундай бўлса”, дебди. Хуллас, бир-бирларига меҳрлари тушиб қолибди. Тилла кокилли бола “Кийимларим йиртиқ”, деб уялиб, уйига кириб кетибди. Подшо бола томонга ўта олмай: “Шу бола олдига бора олмадим. Шу бола ўлдирса ўлганимни ҳам билмас эдим”, деб уйига келибди. Тилла кокил уйига келса, уйида бир кампир келиб ўтирган эмиш. Кампир тилла кокилни кўриб:
— Болам, ўзингиз худди подшонинг ўғлидек экансиз. Сизга бир Гулиқаҳқаҳ бўлса яхши бўлар эди, — дебди.
Тилла кокил:
— Ўша Гулиқаҳқаҳ қаерда бўлади? — деб сўрабди. Кампир болага:
— Гулиқаҳқаҳ фалон жойда бўлади, — дебди. Тилла кокил Гулиқаҳқаҳни қидириб кетибди. Қидириб кетаверибди-кетаверибди. Чарчаб бир жойга бориб ўтирса, унга бир чол:
— Қуш учса қаноти, одам келса оёғи куядиган бу жойларда нима қилиб юрибсан, болам? Ким сени бу ерларга юборди? — дебди.
Бола:
— Мени бир кампир юборди, — дебди.
— Болам, бўлмаса ўзингга эҳтиёт бўл, зинҳор-базинҳор бу йўлдан юрмай, ана у йўлдан юр, — дебди. Бола кетаверибди, йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир жойга борса, бир киши майса устида намоз ўқиб ўтирган экан. Бола ҳам бориб ўша киши ёнига ўтирибди. У киши намозни ўқиб бўлгач, бола унга салом берибди.
Чол:
— Бу ерга келиб салом берганинг учун мана бу ерда ўтир, — деб бир ўрага солиб, ўранинг устига бир тахта қўйиб бекитибди. Шу ердаги девлар уйғониб қолиб: “Уф-фа, одам иси келяпти, э, бува, одам иси келяпти”, деб у ёқ-бу ёқни қидиришибди, ҳеч кимни топиша олмабди.
Битта дев тишини кавласа, бир одамнинг сони чиқибди. Девлар “Ўшанинг ҳиди экан-да”, деб тағин ухлаб қолишибди. Чол Тилла кокилни ўрадан олибди. Бола бир уйга кирса, Гулиқаҳқаҳ кулиб юборибди. Ҳамма ёқ гул-лола бўлиб кетибди. Чол Гулиқаҳқаҳдан бир жуфт олиб Тилла кокилга берибди. Тилла кокил Гулиқаҳқаҳни олиб уйига борса, ҳалиги кампир ўтирган эмиш. Кампир ўз-ўзига “Ўлмабди, энди қирқ қозонга буюрай”, дебди. Болага айтибди:
— Қани энди бу Гулиқаҳқаҳга қирқ қозон бўлса, — дебди.
Бола:
— Қирқ қозон қанақа? — деб сўрабди.
Кампир:
— Болам, бир қўй гўштини солиб қўйсанг, бир йилгача қирқ қозонда қирқ хил таом пишиб туради. Қайсисини хоҳласанг, ўшани олиб ейсан. Бир йилгача тамом бўлмайди, йилда бир қўйни сўйиб олсанг, уни еб турсанг адо бўлмайди, — дебди. — Ўша қозонни олиб келсанг Гулиқаҳқаҳ хурсанд бўлади, — деб алдабди. Тилла кокил ҳам Гулиқаҳқаҳни бир пана жойга қўйиб, ўзи йўлга чиқибди. Йўлда унга яна аввалги чол йўлиқибди:
— Э, болам, йўл бўлсин, қаёққа борасиз? — дебди.
Бола:
— Э, ота, мени бир кампир йўлга соляпти. Қирқ қозон деган нарса бўлар экан, шунга кетаётибман, — дебди.
Чол:
— Э, болам, ўша кампир сенинг душманинг экан. Тўғри йўлдан кетавер. Бир қора тош бор, ўшани сал кўтариб кўр, сув чиқса, секин жойига ташлаб, орқангга қайт. Агар қон чиқса, тошни кўтариб боқ! “Қирқ қозоннинг ҳақига шу қозонни менинг юртимга олиб бориб қўйинглар”, десанг қозонни қирқта дев қулоғидан ушлаб, айтган жойингга олиб бориб қўяди, сенга зиён қилмайди, — дебди.
Тилла кокил кетаверибди-кетаверибди, бир жойга борса бир уй турган эмиш. Уйнинг ичига кириб қараса, бир тош турган эмиш. Тошни секин кўтариб кўрса, бир четидан қон чиқиб кетибди. Дарров тошни кўтара солиб, “Қирқ қозоннинг ҳақига шу қозонни менинг юртимга олиб бориб қўйинглар”, дебди. Девлар қозонни олиб бориб қўйибди. Борса яна кампир ўтирган эмиш. Кампир: “Вой, шунда ҳам ўлмабди. Энди бир жойга юборайки, ўн жонидан бир жони ҳам қолмасин”, дебди. Болага:
— Энди, бу Гулиқаҳқаҳга, қирқ қозонга ойнайи жаҳоннома бўлса, ҳамма юртлардаги нарсаларни, подшоларнинг жойларини кўриб турар эдингиз, — дебди. Тилла кокил ҳам унинг гапига кириб, ойнайи жаҳонномани излаб кетибди. Йўлда яна чол учрабди.
— Тағин қаёққа кетяпсан, болам? — деб сўрабди. Тилла кокил айтибди:
— Ойнайи жаҳоннома деган нарса бўлар экан, ўшани олиб келгани кетаётибман, — дебди.
Чол:
— Бўлмаса мана шу йўлдан юр, йўлда бир чинор бор. Ўша чинорнинг устида қуш бола очган. Тагида бир аждар бор, шу аждар қушнинг болаларини егани чиққанда, мана шу тош билан пешонасига қараб ур. Ўлса, унда қуш сени муродингга етказади, — дебди.
Тилла кокил чол кўрсатган йўлдан юрибди. Чинорнинг тагига бориб ётса, бир аждар оғзидан оловини сочиб, дарахтга ўралиб, қушлар турадиган шохга чиқиб кетаётган эмиш. Тилла кокил чол берган тош билан аждарнинг пешонасига бир урибди. Аждар тап этиб, дарахтдан тушибди. Қуш болаларининг олдига келса, аждар ўлиб ётган эмиш. Қуш болаларидан: “Аждарни ким ўлдирди?” деб сўрабди. Болалари: “Анави киши ўлдирди, биз қутулдик”, дейишибди. У қуш Тилла кокилга: “Тила тилагингни, берай муродингни”, дебди. Тилла кокил: “Ойнайи жаҳонномани олиб келишга ёрдам берсанг”, дебди.
Қуш:
— Қаттиғидан тутдинг-ку, бўлмаса менинг икки оёғимни маҳкам ушла. Мен учиб, булутларнинг устига олиб чиқаман. Ўша булутнинг устида бир қўйчивон бор. Ўша қўйчивоннинг боши йўқ бир қўйи бор. Ўша қўйни ундан тилаб ол. “Бунинг боши йўқ, қай еридан сўяди”, деб сўра. Қўйчивон: “Сен қўйни ҳайдаб тур, мен сўйиб бераман”, деб сенга қўй ҳайдайдиган таёғини беради. Шу таёқда ойнайи жаҳоннома бор. Олганингдан кейин, секин менинг олдимга кел, сени учириб кетаман, — дебди. Тилла кокил қушнинг айтганини қилибди.
Қуш Тилла кокилни учириб жойига олиб келиб қўйибди, озгина патидан бериб “Қачон бошингга мушкул иш тушса, шуни куйдирсанг етиб келаман”, деб учиб кетибди. Бола эсон-омон уйига келибди.
Бир кун Тилла кокил овга чиқса, отаси подшо ҳам нариги томонда ов қилиб юрган эмиш. Тилла кокил дарёнинг бу ёғида ов қилиб юрибди. Дарёнинг ўртасида бир ўрдак юрган экан. Подшо уни кўриб, Тилла кокилга:
— Қушни солинг, ўғлим, қушни солинг, — деб қичқирибди.
Тилла кокил:
— Йўқ, аввал каттадан, кейин кичкинадан, — дебди. Подшо уч марта қуш солса ҳам овни ололмабди. Тилла кокил бир марта қуш солиши билан ўрдакни тутиб олибди. Тилла кокил подшога айтибди:
— Энди бу ўрдакни сиз олинг, — дебди.
Подшо:
— Йўқ, ўғлим, ов сизники, мен олмайман, — дебди.
Бола:
— Ов олмасангиз, бизнинг уйга меҳмон бўлинг, мен сизга ўрдакни пишириб берай, — дебди. Подшо “Хўп” деб Тилла кокилнинг уйига келибди. Подшо оловсиз қайнаган қозонда ҳар хил овқатлар пишиб турганини кўриб ҳайрон бўлибди.
Тилла кокил подшонинг олдига ҳар хил таомларни қўйибди. Подшонинг қуши ирини узиб келиб, таомларни чўқиб ташлабди.
Подшо:
— Э, аҳмоқ, нимага бундай қиласан? — дебди.
Қуш:
— Эй, подшо, сиз аҳмоқми, мен аҳмоқми?! Ўзингизнинг болангизни танимай ўтирибсиз-ку, — дебди.
Подшо ҳайрон бўлиб, чолдан:
— Бу бола ўзингизнинг ўғлингизми? — деб сўрабди.
— Йўқ, тақсир, дарёда бир сандиқ оқиб келди. Мен уни сувдан чиқариб, очиб қарасам, шу бола ётибди. Орқасида тилла кокили бор, буни тарбиялаб катта қилдим, — дебди.
Подшо суюниб, йиғлаб:
— Сен менинг ўғлим экансан, — дебди. Жодугар кампир ҳам шу ерда экан. Ундан суриштирса, кампир айтибди:
— Хотинларингиз бир товоқдан тилла беришди. Мен болани чўлга ташлаб келдим. Бола уч-тўрт ёшлигида ўрдага келиб қолди. Яна тилла беришди, мен болани дарёга оқиздим.
Подшо ғазаб билан хотинларини йиғдириб келибди.
Уларга:
— Ошпичоқ керакми, қирқ бия керакми! — дебди.
Хотинлари:
— Ошпичоқни нима қиламиз, бия керак. Соғиб, қимиз ичиб юрамиз, — дебди. Подшо икки хотини билан айёр кампирни отнинг думига боғлаб янтоқма-янтоқ олиб юрибди, гўштларини бурда-бурда қилиб юборибди. Тилла кокилни уйига олиб кириб, тахтига ўтқазибди. Чолни вазир қилиб, ўзи “Энди боламнинг давлатида ўтираман”, дебди.
Подшога Тилла кокил:
— Менинг онам қаерда? — дебди.
— Подшо:
— Зиндонда, — дебди.
Тилла кокил:
— Зиндондан онамни олиб келинглар, — дебди. Онаси билан йиғлаб-сиқтаб кўришибди.
Саройдагиларга:
— Парвариш қилинглар, — дебди.
Тилла кокил бир кун ойнайи жаҳонномага қараб ўтирса, бир юртда шовқин-сурон эмиш. Қандай шовқин-сурон деса, ўша юрт подшосининг жуда чиройли қизи бор экан, подшо қизини бир баланд аркнинг устига чиқариб қўйибди: “Кимки тепага чиқиб, шу қизимнинг узугини қўлидан олса, ўшанга қизимни бераман”, дебди.
Тилла кокил: “Мен шу ойнайи жаҳонномада кўринган қизни оламан”, дебди. Дарров қушнинг патини тутатибди. Қуш етиб келибди. Тилла кокил қушнинг оёғига маҳкам ёпишиб олибди. Қуш учиб бориб, подшонинг қизи олдига тушибди. Подшонинг қизи Тилла кокилни севиб қолибди. Қизга Тилла кокил айтибди:
— Шу қушнинг оёғига икковимиз ёпишиб олайлик, менинг юртимга олиб бориб қўяди.
Подшонинг қизи ҳам қушнинг оёғига маҳкам ёпишиб олибди. Қуш Тилла кокилни юртига олиб келиб қўйибди.
Тилла кокил қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қизни никоҳлаб олибди. Қизнинг отасига қирқ туя тилла, қирқ туя мол бериб юборибди. Қизнинг отаси қизи билан куёвини чақириб, бир неча кун тўй-томоша қилиб берибди. Тилла кокил давр-даврон суриб, мурод-мақсадига етибди. Сиз ҳам етинг муродга, биз ҳам етайлик муродга, ёмон қолсин уятга.