Ўтган замонда бир фақир одам бор экан. Унинг хотини ҳам бор экан. Буларнинг бисотида битта эчкиси бор экан. Фақир эчкига ҳар куни бир сиқим қуруқ хашак берар экан, холос. Фақирнинг хотини бир сиқим хашакни бериб, елинларига муштлаб-муштлаб, кунига бир коса сут соғиб олар экан. Уларнинг овқати шу бир коса сут билан ўтар экан. Лекин улар бечора эчкига ҳар ҳафтанинг бир кунида дам бериб, бўшатиб юборишар экан. Эчки шу куни бўшалиб бориб, эркин юриб, тирикчилик қилар экан.
Эчки эрта баҳорда, дам олиш кунларининг бирида, қишлоққа яқин бир ўрмонзорда ўтлаб юрар эди. Ногаҳон унга бир совлиқ қўй келиб салом берди. Эчки бундай қараса, бир шўринг қурғур совлиқ бечоранинг ҳоли хароб, бағри кабоб кўринди. Ориқ, териси бориб суягига ёпишиб, ҳар қовурғаси, мана мен, деб саналиб турибди. Эчки совлиқнинг саломига алик олиб, ундан сўради:
Кўзинг ўзини чуқурга солиб,
Юзингга боққали уялиб.
Пўстингда унда-бунда бир тук,
У ҳам бўлса ўзингга юк, —
деди. Эчкидан бу гапни эшитиб, совлиқ ҳайрон бўлиб, унинг юзига қараб:
— Эй, ўртоқ эчки: “Сен олдин ўзингга боқ, сўнг ноғора қоқ”, “Ўзингни бил, ўзгани қўй”, деган гапларни эшитганинг йўқми? Иштони йўқ, тиззаси йиртиққа кулмай қўя қолсин. У айтган байтинг ўзингга мос келади, — деди.
Ундан кейин булар бир-бирлари билан таниш-билиш бўлиб, гаплашиб кетдилар. Ҳар иккалалари бир-бирларининг бошларидан ўтганларини айтишдилар. Эчки айтди:
— Менинг хўжайиним бор. Хўжайинимнинг мендан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Ейдиган овқати ҳам йўқ. Фақат эр-у хотин менга бир тутам қуруқ хашак топиб бериб, елинимга муштлаб уриб, болам учун тайёрлаган бир коса сутимни соғиб олиб, шуни овқат қилишади. Ҳафтасига зўрға бир кун озодликка чиқаради. Фақат шу жума кунлари эмин-еркин юриб ўйнайман. Юрагимнинг чигилини анча бўшатиб кетаман, — деди. Эчкидан кейин совлиқ қўй ҳам бошидан ўтганларини гапирди. Унинг турмуши ҳам эчкининг турмушига ўхшаш экан. Унга ҳам фақат жума куни дам бериб, бошвоғини олиб қўйиб юборар экан. Шунда булар хўжайинларининг жабр-зулмидан қутулиш йўлини ахтардилар. Охири булар бир жойларга қочиб кетишга маслаҳат қилишди.
— Энди қаерга қочамиз, — деди совлиқ. Эчки атрофга қараб олиб айтдики:
— Менинг отам: “Ҳов ўша кўринган тоғ, жуда ҳам ўтлоқ жой, сувлари яхши, ҳавоси ундан яхши. Бир илож қилиб ўша жойга етиб олсак, умрбод роҳатда яшар эдик. Бу ерда кўрган бундай азобларимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетар эди”, — деган эди. Лекин отам раҳматлик шу ерга ета олмай, бизни ҳам етказа олмай оламдан ўтиб кетди. Шунда ҳам отам менга: “Болам бўлсанг, ўша жойларга борсанг, кенг яйловларда менинг учун ҳам у ёқ, бу ёқларга югуриб, арвоҳимни шод қилиб қўярсан”, — деб васият қилиб кетган эди. Энди шу жойга борсак кўп яхши бўлар эди, — деди.
Бу гап совлиққа жуда маъқул келди. Иккиси ҳайё-ҳайт деб ўша кўринган тоққа қараб жўнашди. Булар йўлда кетаётган эди. Узоқдан бир нарсага кўзлари тушди. Бу қандай нарса экан, деб боришган эди, у нарса ҳўкиз бўлиб чиқди. Ҳўкиз тинкаси қуриган экан, секин-секин саланглаб йўл босиб келаверди. Эчки билан совлиқ бу ёқдан етиб бориб қарашди: бир кенгфеъл ҳўкиз, сони худди бир қулоч келади. Жуда ҳам ориқлаб кетибди. Кўзлари шокосадай, шопоқ босган, бўйни қинғир толдай ерга эгилган, чўққиси қирдай ирғиб чиққан, юришга ҳам мадори қолмабди. Эчки салом берган эди, ҳўкиз бошини бир дўканглатиб, аранг алик олибди. Гапиргани мажоли ҳам йўқ. Ҳўкиз булардан:
— Ҳа, болалар, йўл бўлсин, — деб сўрабди. Эчки:
— Улуғимиз сиздан бўлсин, — деди.
— Ҳафта ишладик, эртага шанба бўлса, бугун бир ҳордиқ қилиб, сал тикланиб олай, деб келаяпман, — деди. Ундан кейин эчки билан совлиқ ҳам бошларидан ўтказганларини айтиб, охирида хўжайинлари билан хайр-маъзурни насия қилиб, ўша кўринган тоққа қараб кетаётганликларини айтишди. Шунда ҳўкиз:
— Дунёнинг ғам-ташвишидан жунжикдим. Бизнинг ота-бобомиз заб кишиларга бойлаб берган экан-да. Саҳардан то намозшомгача ишлайсан, анча-анча ерни ҳайдайсан, кеч кириб, дармонсизланганингда қўшдан чиқаради. Ўлганнинг устига тепган, дегандай, кетишда қуруқ кетмасин, деб бир арава чўп-ҳашакни ҳам юклаб кетишади. Уйга борсанг, тузук-қуруқ овқат йўқ. Бир боғ қуруқ-буруқдан бошқа нарса йўқ. Энди баданда жир тугади. Қувват кетди. Бу жабр-зулмлардан қандай қилсам қутулар эканман, деб кўп вақтлардан бери ўйланар эдим. Яхши бўлди, энди мен ҳам сизлар билан кетаман, — деди. Улар хўп, бўпти, дейишди. Шундай қилиб, булар уччаласи тоққа қараб юришди.
Булар йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, охири бир кун тоққа етишди. Тоққа боришиб, бу тоғ эчки айтгандай жуда ҳам обод экан. Истаган овқат топилади. Ҳавоси тоза, сувлари тиниқ. Булар яхшилаб қоринларини тўқлаб олиб, бир адирликда, катта бир чинор бор эди, шу чинорнинг тагида макон қуриб ётаверишди. Шу куни саҳарда эчки уйқусида босинқиради. Унинг тушига хўжайинлари кириб: “Сен қаёққа йўқолдинг, сендан неча кунлик сутни соғиб оламиз”, — деб уни тушовлаб соға бошлабди. Бир коса сут чиққанидан кейин сут чиқмай қолибди. Шунда хўжайини: “Сен қолган сутларингни нима қилдинг”, — деб катта сўйилни олиб, ургани тушди. Шунда эчки овозини борича дод, деб қичқирди. Бунинг овозини совлиқ билан ҳўкиз эшитиб, нима бўлди, деб уни уйғотишди. Эчки уйғониб, дарров ичига тупуриб, Худога шукур-ей, тушим экан, тушимда ҳадеб хўжайиним ураяпти, — деди. Ҳўкиз айтди:
— Эй эчки, бу туш, холос. Энди хўжайининг ҳам йўқ, хўжайинингнинг катта сўйили ўзи билан бирга қолди, — дебди. Шундай қилиб, булар бу ерда жуда яйраб қолишди. Кундагидай саҳар уйғотиш, бўйнингга арқон солиш, қийнаш йўқ. Овқат сероб, тергайдиган одам йўқ. Булар тез кунда жуда ҳам семириб кетишди. Ҳўкизнинг савлатини кўрганда ҳар қандай ёввойи ҳайвон ҳам қочадиган бўлди. Бир куни ҳўкиз шерикларига айтди:
— Мен ҳар куни ичкарида ётиб, кўп иссиқлаб қоляпман. Бугун чинорнинг тагида ётаман, — деди. Шу куни эчки билан совлиқ қўй ичкарида ётишди. Ҳўкиз ташқарида ётди. Кечаси қаттиқ совуқ бўлиб, ҳўкиз ётган жойда шамдай қотиб қолди. Эрта билан ўртоқлари чиқиб, ҳўкизни чақиришди. У товуш бермабди. Нима бўлди экан, деб унинг олдига бориб қарашса, совуқдан шодиён қоқиси бўлиб музлаб қолибди. Энди нима қилдик, дейишди. Охири буни ўтда иситмасак бўлмайди, деб эчки дарров чинорнинг устига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Қараса, яқин бир пастликдаги ўнгурда тутун чиқиб турибди. У чинордан дарров тушди. Эчки билан совлиқ иккаласи ҳўкизни аранг тортишиб тутун чиққан тарафга бошлашди. Йўлда кетаётса, бир жойда бир йўлбарс, бир бўри, яна бир тулки териси ётибди. Эчки териларни олиб ҳўкизнинг устига ёпди. Улар яна жўнашди. Булар тутун чиққан ерга етиб бориб қарашса, бу жой бутун ваҳший ҳайвонлар ўтирадиган жой экан. Булар шу ерда тўпланиб олиб, гап ейишар экан. Совлиқ билан ҳўкиз қўрқиб, орқаларига қайтмоқчи бўлдилар. Эчки уларни тўхтатиб, ҳўкизнинг устидан бояги йўлдан топган териларни олиб ўнгурнинг оғзига ташлаб, ичкарига салом бериб кирди. Ҳўкиз билан совлиқ ҳам кирди. Ичкарида бўри, арслон, тулки, шердан тортиб ҳамма ваҳший ҳайвонлар бор. Йўлбарс подшо ҳам тахтида ўтирибди. Бу кун тулки гап берадиган кун экан. Булар тулкини ўртага олиб, нимага овқат топиб келмадинг, деб турган экан. Тулки:
— Ҳамма жойни қидириб келдим, сира овқат учрамади, Худо ўзи етказмаса, бандаси нима қилар эди, — деб турган экан. Шунда бирдан булар кириб қолишган эди. Тулки эчки, совлуқ, ҳўкизни кўриб, хурсанд бўлиб кетибди.
Тулкининг хурсандлигини кўриб, эчки чўнқайиб, подшога қараб шу байтни айтди:
— Наманган шаҳрида қассоб эдим, дўстлар,
Олтмиш йўлбарс, олтмиш бўри, олтмиш тулкига.
Қўл қўйган пудратчи эдим. Худойимдан
Ўргилай, энди конига келдим ишонмасанг,
Чиқиб қара, анди бўлди биттадан, —
деди. Шундан кейин ваҳший ҳайвонлар бирин-бирин чиқиб қаради. Улар бояги териларни кўриб, қайтиб кирмасдан кетабердилар. Охири йўлбарс подшо ўзи якка қолиб, қўрққанидан у ҳам чиқиб кетаётган эди. Ҳўкиз югуриб бориб, йўлбарснинг қорнидан сузиб, тақаб туриб қолди. Буни кўриб эчки билан совлиқ ҳам завққа келди. Улар ҳам бориб тисарилиб туриб, олдинга қараб югуриб, йўлбарс подшони суза бошлади. Йўлбарс қараса, булар ўлдириб қўяди. Охири ялингани тушди. Йўлбарс айтди:
— Жон акалар, энди бундан буён сизларга ҳеч беадабгарчилик қилмайман. Сизлар турган жойга бирорта бегона ҳайвонни қадам бостирмайман, мени қўйиб юборинглар, — деди. Булар йўлбарс подшодан ваъдани олиб, уни уриб-уриб, ҳайдадилар. Ваҳший ҳайвонлар кетганидан кейин булар бу жойдаги ўлжаларни олиб, ҳўкизга юклашиб жойларига қараб кетдилар.
Бояги ваҳший ҳайвонлар булардан қочиб бориб, бир ерга тўпланишдилар. Булар шу учта гўштдан қочдикми, деб пушаймон қилибдилар. Улар буларнинг орқасидан қувиб бормоқчи бўлиб жўнадилар. Эчки буларнинг келаётганини кўриб, у дарров қўй билан ҳўкизнинг олдига келиб ва уларни чинорнинг устига чиқариб юборибди. Ўзи бир баландликка чиқиб турди. Эчки қўй билан ҳўкизга: “Ҳалиги ваҳший ҳайвонлар билан излаб келиб топа олмай, шу ерда ўтириб қолишса, қаттиқ овоз чиқариб чинордан ўзларингни ташланглар”, — деб ўргатган эди. Бояги ваҳший ҳайвонлар излаб келиб қолди. Улар чинорнинг тагига келганда тулкига:
— Сен ромчи эдинг, бир ром очиб кўр-чи, улар қайда экан, — дедилар. Тулки ҳам чўнқайиб ўтириб олиб, ром қараб кетди. Қолган ҳамма ҳайвонлар унинг оғзига қараб ўтиришган эди. Бирдан юқоридан аллақандай овоз чиқиб, бир нарсалар тушиб келиб қолибди. Улар бояги ҳўкиз билан қўй эди. Шу ҳолда бирдан нариги ёқдан:
— Ромчини ушла, ромчини ушла, — деган овоз келиб қолди. Бу аҳволдан қўрқиб ваҳший ҳайвонлар орқа-олдига қарамасдан қочиб кетишди. Бундан кейин улар бу жойларга бутунлай келмайдиган бўлиб кетди. Шу билан ҳўкиз, эчки, қўйлар бу жойда умрбод яшаб қолишди.