Эрназар билан Кимёназар

Бир замонда бир подшоҳ ўтган экан. У подшоҳнинг учта ўғли ва учта қизи бўлган экан. Тўнғич ўғлининг оти Пирназар, ўртанча ўғлининг оти Хўжаназар, кенжа ўғлининг оти Эрназар экан. Пирназар билан Хўжаназар катта хотинидан, Эрназар билан учта қизи кичкина хотинидан туғилган экан. Подшоҳ учала ўғли ичида кенжасини яхши кўрар экан.
Подшоҳ шоҳлик давлатида айш-ишрат, кайф-сафо ичида давр-у даврон суриб ўта берибди. Болаларини ўқитмабди. Ўғиллари ҳам ота давлатида катта бўлибди. Катта ва ўртанча ўғли талтайган, айш-ишратга, қиморга берилган экан. Эрназар эса анча босиқ, ўйли-фикрли экан. Подшоҳ ўзининг дунёдан ўтиш вақти яқинлашганини билиб, болаларини ҳузурига чақириб, уларга панд-насиҳатлар қилибди. Подшоҳ катта ўғли Пирназарга:
— Фалон жойдаги катта боғ, фалон жойдаги ички-ташқили ҳовли-жой, мана бу икки хум тилла сенга. Мабодо мен ўлиб кетсам, шу нарсалар мендан сенга мерос, — дебди. Ўртанча ўғли Хўжаназарга айтибди:
— Фалон боғ ва фалон ҳовли-жой, мана бу икки хум тилла мендан сенга мерос бўлиб қолсин, — дебди.
Подшоҳ Эрназарни чақириб:
— Ўғлим, сенга нима керак? — дебди. Эрназар:
— Э, отажон! Менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Менга Сизнинг соғ-саломатлигингиз керак! — дебди. Шунда подшоҳ айтибди:
— Фалон ҳовли-жой, боғ, икки хум тилла ва мана бу чалабузар пичоқ сенга мерос бўлиб қолсин. Пичоқни акаларингга кўрсатма! Бу пичоқ тилсим пичоқ бўлади. Бунинг сенга кўп фойдаси тегади, — дебди. — Мана, сен қараб тур, деб подшоҳ қўлига чалабузарни олиб, бош-малдоқи билан бир чеккасини босиб туриб:
— Кимёназар! — дебди. Шунда чалабузар чиқ этиб очилиб, подшоҳнинг олдида абжир бир йигит пайдо бўлиб:
— Лаббай, Назар! — деб турибди. Подшоҳ:
— Менга бир косада қатиқ келтир! — дебди. Ўша замон бир коса қатиқ пайдо бўлибди.
Подшоҳ Эрназарга:
— Кўрдингми? Сен нимани истасанг, бу чалабузарни қўлга олиб Кимёназарни чақириб буюрсанг, айтганинг ҳозир бўлади. Бу пичоқнинг сирини ҳеч кимга айтмагин, — дебди. Подшоҳ Эрназарга яна:
— Мен ўлган куним бир чол келади. Унга катта синглингни олиб чиқиб бергин. Иккинчи куни бир чол келади. Унга ўртанча синглингни олиб чиқиб бергин. Учинчи куни тағин битта чол келади. Унга кенжа синглингни олиб чиқиб бергин! — дебди.
Орадан бир қанча кун ўтгач, подшоҳ ўлибди. Унинг мотамини қилиб, мозорга олиб бориб кўмишибди. Подшоҳ ўлган куни кечқурун Эрназарнинг ҳовлисига битта чол киши чақириб келиб: “Бизнинг қизимизни олиб чиқинг!”— дебди. Эрназар катта синглисини олиб чиқиб берибди. Чол қизни олиб кетибди. Иккинчи куни яна бир чол киши келиб: “Қани, бизнинг қизимизни олиб чиқиб беринг!” — дебди. Эрназар ўртанча синглисини олиб чиқиб берибди. Чол олиб кетибди. Учинчи куни яна битта чол келган экан, унга кенжа синглисини олиб чиқиб берибди.
Подшоҳ ўлгандан кейин Пирназар билан Хўжаназар бузуқчилик йўлларида юра берибди. Отасидан қолган тиллаларни, боғ-у роғ, ҳовли-жойларни ютқизиб, шип-шийдон бўлиб қолибди. Эрназар бўлса, ёмон йўлларга юрмай, отасидан қолган боғни ўз қўли билан парвариш қилиб, экин экиб, онасини боқиб юра берибди. Акалари оч қолиб, Эрназардан ёрдам сўраб келса, отасидан қолган тиллалардан берибди. Акалари бу тиллаларни ҳам қиморга бой берибди. Охири келиб, Эрназарнинг қўлига қарам бўлиб қолишибди. Бир куни Пирназар Хўжаназарга:
— Эрназар шундай бой бўлиб юра беради-ю, биз бундай фақир бўлиб, битта нонга зор бўлиб юра берамизми? Буни ўлдирайлик, бунинг нарсаларини ўзимиз олайлик, — дебди.
Иккаласи маслаҳатни бир қилишиб, кечаси ҳамма ухлаган чоқда, қўлларига ойболта олиб, укаси ётган уйга секин кираётганда, оёқларини мис кўзага уриб, мис кўза ағанаб чилопчинга тегиб, шарақлаб кетиб, Эрназар уйғониб кетибди. Эрназар ўрнидан туриб қараса, икки акаси қўлларига ойболта олиб: “Сени ўлдирамиз!” деб туришибди. Шунда Эрназар акаларига айтибди:
— Э, акалар! Мен сизларга нима ёмонлик қилдим? Нима сўрасаларинг беряпман-ку! — деса, акалари:
— Барибир сени ўлдирамиз, — дейишибди. Шунда Эрназар:
— Мени ўлдирманглар! Майли, отамдан қолган ҳамма тиллаларни, боғни, ҳовли-жойларни сизларга берайин. Ўзим бошимни олиб бир тарафларга кетайин! — дебди. Шунда акалари:
— Ундай бўлса, майли. Сен тезда бу ердан кетгин, — дебдилар. Тонг отибди. Эрназар ҳамма нарсаларини акаларига топшириб, боши оққан томонга кетибди.
Эрназар шу чиққанича кета берибди. Бир жойга борса, бир кал қўй боқиб юрган экан. У билан уст-бошини алмаштирибди. Кал нусхасига кириб олиб кета берибди. Юра-юра бир шаҳарга етибди. Бу шаҳарда айланиб юриб, бир кабобпазга шогирд тушибди. Кабобпаз гўштларни майдалаб, зира-пиёз қилиб, сихларга санчиб бера берибди. Эрназар сихларни оташкўрага териб, чап қўлидаги елпиғич билан елпиб, пишира берибди, кабобхўрлар ея берибди. Шундай қилиб, кабобпазнинг иши юришиб, пулдор бўлиб кетибди. Аммо кабобпаз хасис одам экан, Эрназарни бир йил ишлатса ҳам, қўлига лоақал икки танга пул бермабди.
Шу бозорга бир чол ҳар куни қатиқ олиб келиб, сотиб кетиб турар экан. Эрназар чолни чақириб, олдига нон, икки-уч сих кабобни қўйиб, “Ота, чарчаб келгансиз. Буларни еб, мени дуо қилинг!” дер экан. Чол ҳам нон-у кабобни еб: “Илоҳо! Тупроқ олсанг олтин бўлсин!” деб дуо қилар экан.
Бир кун Эрназар чолга:
— Ота! Ўғлингиз борми, йўқми? —дебди. Чол:
— Э, болам! Менда ўғил нима қилсин! Агар ўғлим бўлса, қариган чоғимда шундай қилиб юрармидим! — дебди. Эрназар айтибди:
— бўлмаса, мени ўғил қилиб олмайсизми?
Чол хурсанд бўлиб, Эрназарни ўғил қилиб, уйига олиб кетибди. Эрназар чолнинг хизматини ўғилдан ҳам зиёда қилиб, ҳар куни ота-бола бозорга келиб, қатиқ сотиб юра берибди.
Бир куни чол билан Эрназар жуда эрта туриб бозорда қатиқ сотиб турсалар икки ёқдан офтоб чиқиб турган эмиш. Эрназар ҳайрон бўлиб, чолдан:
— Ота, ҳар куни бир ёқдан офтоб чиқар эди. Бугун икки ёқдан кун чиқибди. Бу қанақа кун? —дебди. Шунда чол:
— Бу кунчиқар томондан чиққан офтоб ўзимизнинг офтобимиз. Бу томондаги кун бизнинг подшоҳимиз қизининг ҳусни, — дебди. Чол билан Эрназар қатиқни сотиб, яна уйларига қайтишибди.
Ўша куни кечаси чол билан кампир қаттиқ уйқуга киришганда Эрназар ўрнидан туриб, молхонага кирибди. Чўнтагидан чалабузарни олиб:
— Кимёназар! —дебди. Тилсим чалабузар очилиб:
— Лаббай, Назар! — деб, абжир йигит пайдо бўлибди. Эрназар айтибди:
— Шу молхонанинг ичи ипак гилам, атлас кўрпа, қандил чироқлар билан безалган чиройли уйга айлансин; ичида ҳар хил овқатлар, шароблар муҳайё бўлсин! Сўнгра шу шаҳар подшоҳининг гўзал қизи шу уйда ҳозир бўлсин! — дебди. Орадан кўп вақт ўтмай, Эрназарнинг айтганлари муҳайё бўлиб, подшоҳнинг қизи ҳозир бўлибди. Эрназар қизнинг олдига кал ҳолида кирибди. Кейин кал уст-бошларини, бошидаги пўстагини ечиб ташлаб, шаҳзодача кийимларини кийиб, чиройли йигит бўлибди. Қиз билан иккалалари базм қилиб ўтиришибди.
Шу пайтда чолнинг хотини уйғониб қолибди. Кампир ташқарига чиқса, оғилнинг ичи ёруғ. Бориб қараса, молхонанинг ичи чиройли уй бўлиб қолибди. Ичида кал бола шаҳзода кийимларини кийиб, подшоҳнинг қизи билан базм қилиб ўтирибди. Кампир буларни кўриб: “Ё, Оллоҳ! Бу қандай гап бўлди!” деб ёқасини ушлаб, ҳайрон бўлиб қолибди. Кейин бориб чолини уйғотиб:
— Тез туринг! Молхонадаги аҳволни бориб кўринг! — дебди. Чол ҳам бу гапга ҳайрон бўлиб, тез ўрнидан туриб, чиқиб оғилхонага бориб қараса, оғилхона қоп-қоронғи, ҳеч гап йўқ. Оғил ўз жойида турган эмиш. Чол кампирига:
— Э, кампир! Туш кўриб, алаҳлаб чиқибсан, кўзингга шундай нарсалар кўринибди! — дебди.
Эртаси куни кечаси Эрназар яна оғилга кирибди. Чалабузарни олиб, Кимёназарни чақириб, яна кечагидай бўлсин, деб буюрибди. Ўшандай бўлибди. Эрназар подшоҳнинг гўзал қизи билан базм қилиб ўтирса, яна кампир уйғониб чиқиб қолибди. Кампир буларнинг ишини кўриб, яна бориб чолини уйғотибди. Чол уйғониб туриб чиқиб қараса, яна ҳеч гап йўқ. Шунда чол кампирини:
— Сен тентак бўлиб қолдингми? Нимага бундай довдирайсан! Кал ўрнида ухлаб ётибди-ку, — деб уришибди.
Орадан бир неча кун ўтибди. Йигит билан қиз шу кебатада кечаси билан тонг отгунча базм қилиб чиқар экан. Тонг отай деганда қиз ўз ўрнида бўлар экан.
Кунлардан бир куни Эрназар отасига:
— Ота! Шу подшоҳнинг қизини менга хотинликка олиб беринг, — дебди. Чол:
— Э, болам! Подшоҳнинг қизига қанча бойвачча, беквачча шаҳзодалар ҳам етиша олгани йўқ. Сен бир калвачча бўлсанг, мен бир камбағал одам бўлсам! Подшоҳнинг қизига етишиш учун сен билан менга йўл бўлсин! — дебди. Шунда йигит:
— Э, ота! Подшоҳ қизини биздан ортиқ кимга беради? Совчиликка бора беринг! Беради, — дебди. Чол бўлса:
— Ҳой, болам! Ақлингни едингми? Ўзингдан ўзинг нималар деяпсан? — дебди. Эрназар: “Борасиз! Беради” деб қистай берибди. Чол совчиликка боришга мажбур бўлибди.
Чол бориб, подшоҳнинг ўрда эшигининг олдини супуриб юрибди. Дарвозабонлар эрта билан чолни кўрибди-ю, подшоҳга югуриб кириб:
— Тақсири олам! Сизга совчи келибди! —дейишибди. Подшоҳ сўрабди:
— Ким экан?
— Билмадик. Бир мўйсафид чол эшик олдини супуриб юрибди,— дейишибди. Подшоҳ:
— Ундай бўлса, ҳузуримга бошлаб киринглар? — дебди. Дарвозабонлар чиқиб, чолни эргаштириб, подшоҳнинг олдига олиб киришибди. Подшоҳ сўрабди:
— Хуш келибсиз, ота! Нима иш билан келдингиз? — дебди. Чол подшоҳга эгилиб-букилиб:
— Э, шаҳаншоҳим! Мени кечиринг! Мен бир камбағал одамман. Бир ўғлим бор. Қизингизни яхши кўради. Ўғлимга қизингизни берсангиз деб келдим, — дебди. Подшоҳ чолдан бу гапни эшитиб аччиғи келиб:
— Жаллод! — дебди. Жаллод етиб келибди. Подшоҳ:
— Бу чолнинг калласини ол! — дебди. Жаллод чолнинг калласини олиб, ёнига қўйибди.
Шу куни Эрназар отасини кутибди. Отаси келмабди. Эрназар тилсим чалабузарни қўлига олиб:
— Кимёназар! — дебди.
— Лаббай, Назар! — дебди.
— Қани чол? — дебди.
— Чолни подшоҳ ўлдириб қўйди, — дебди.
— Чолни ҳозир бориб, тирилтириб олиб келасан! — дебди. Орадан сал ўтгандан кейин чол Эрназарнинг олдида пайдо бўлиб қолибди.
Эрназар чолдан сўрабди:
— Нимага кеч қолдингиз? Подшоҳ билан гаплашдингизми? Нима деди? — дебди. Чол:
— Э, болам? Подшоҳ бизга қизини бермайди. Қизингизни беринг десам, жаллодини чақириб, калламни олдирди. Яна худо жон ато қилди, етиб келдим, — дебди.
Эрназар саҳар туриб чолни уйғотибди.
— Туринг, ота! Яна совчиликка боринг! — дебди. Чол унамабди.
Йигит қистабди. Чол ўрнидан туриб бориб, яна подшоҳнинг эшиги тагини супура берибди. Эрта билан уни яна подшоҳнинг олдига олиб киришибди. Чол подшоҳга: ”Совчиликка келдим!..” дебди. Подшоҳ:
— ”Сен тирилиб келдингми? Жонинг қаттиқ экан. Ўлмаган экансан!” деб жаллодини чақириб:
— Буни тўрт бўлак қил! — дебди. Жаллод чолни ўлдириб, тўрт бўлак қилибди.
Эрназар қараса, чол яна йўқ. Яна Кимёназарни чақириб, унга буюриб, чолни тирилтириб, олиб келибди.
Чол шу тариқа подшоҳнинг ўрдасига етти кунгача совчиликка бора берди: подшоҳ чолни ўлдираверди, у яна тирилиб келаверди. Қирқ биринчи куни борганида, подшоҳнинг доно вазири айтди:
— Э, подшоҳим! Сиз чолни ўлдира берасиз. Бу тирилиб кела беради. Бунда бир ҳикмат бор. Шошманг! Чолни ўлдирманг! Унга оғир бир шарт қўямиз. Шу шартимизни бажарса, қизимизни берамиз. Бажармаса, бермаймиз, деб қатъий қилиб айтамиз,— деди. Бу гап подшоҳга маъқул бўлди. Чолга айтишди:
— Сенга уч кун муҳлат. Шу муҳлатнинг ичида неча юз от, отга ортиб тилла, кумуш; неча минг қўй, неча юз туя олиб келсанг, қизимизни берамиз. Чол уйига қайтиб бориб, Эрназарни ура кетибди:
— Сен “Кал” мени шунча қийнадинг! — дебди. — Подшоҳ шунча нарсаларни топиб келасан деб айтди. Мен уч кунда бу нарсаларни қайдан топаман? — дебди. Шунда Эрназар.
— Э, ота! Хурсанд бўлаверинг! Подшоҳнинг қизи энди ўзимизники бўлибди. Бу нарсаларни мен топиб бераман, — дебди.
Орадан икки кун ўтди. Учинчи куни ҳам ҳеч нарсанинг дараги йўқ. Чолни ваҳима босиб, кечаси билан ухламай чиқди. Эрта билан туриб, Эрназарга айтди:
— Қани топганинг! Уч кун ўтди. Ҳеч нарса йўқ. Менда тўртта қўй, бир сигирдан бошқа нима бор? Нима қиламиз энди?— деб йигитни сўка кетди. Йигит:
— Сиз кўчага чиқиб қаранг. Мен тайёр қилган нарсаларни кўрасиз! — деди. Эрназар эрта билан туриб, Кимёназарни чақириб: “Подшоҳ айтган қалинни икки баравар миқдорда тайёр қилиб, подшоҳнинг ўрдасига жўнатилсин!” деган эди. Чол кўчага чиқиб қараса, от, мол, қўй, туя ҳеч қаерга сиғмайди. Чол бу нарсаларни кўриб, суюниб, подшоҳнинг ўрдасига чопиб етиб борди. Борса, подшоҳ бу нарсаларнинг ҳисоб-китобига етмай, қўйгани жой тополмай: “Бўлди! Етади энди! Бас энди!” деб бақириб-чақириб турган экан.
Шу билан орада қуда-андалик ири боғланиб кетди.
Бир куни Эрназар бозорда юрса, бир одам куйиб-пишиб бир сомсапазнинг ўчоғига ўт ёқяпти, кулга тушган куюк сомсаларни териб еяпти. Яқин бориб қараса, ўртанча акаси. Ўзини танитмай ўтиб кетди. Бир жойга борса, бир одам кир уст-бош кийган, соч-соқоли ўсиб кетган, эшакка ахлат ортиб, ҳаммомнинг гўлоҳига олиб кириб кетяпти. Шундай қараса, бу катта акаси экан.
Эрназар уйига бориб, чалабузарни қўлига олиб деди:
— Кимёназар!
— Лаббай, Назар!
— Иккала акамни олиб кел!
Иккала акаси етиб келди. Уларни ювинтириб, соч-соқолини олдириб, яхши кийимларни кийдириб, олғир қушдай қилиб қўйди. Яхши от олиб миндирди.
Подшоҳнинг учта қизи бор эди. Эрназар яхши кўрган гўзал қизи кичкинаси эди. Бир куни подшоҳ учала қизини болохонага чиқариб қўйиб:
— Шаҳарнинг йигитларини шу жойдан ўтсин, кичкина қизимга ошиқ бўлган чолнинг ўғли ҳам шу йигитлар билан бирга ўтсин. Қизим ўша йигитни яхши кўрадими, бошқани яхши кўрадими, ўзи танласин, — дебди.
Йигитлар ўта берди. Уларнинг орасида Пирназар билан Хўжаназар ҳам от миниб ўтиб қолди. Шунда подшоҳнинг катта қизи Пирназарга олма отди. Пирназар от билан болохонага чиқиб, қизнинг пешонасидан ўпиб, олиб тушди. Ўртанча қизи Хўжаназарга олма отди. Хўжаназар ҳам чиқиб, қизнинг пешонасидан ўпиб, олиб тушди. Подшоҳнинг кенжа қизи ҳеч кимни ёқтирмади. Шунда подшоҳ одамларидан сўраб.
— Ўтмаган яна ким қолди? — деди. Одамлари суриштирса, Эрназар ўтмаган экан.
— Фалон маҳаллада, бир чолнинг оғилида ётган битта “Кал” ўғли ўтмай қолибди? — дейишди. Подшоҳ:
— Айтинглар! У ҳам ўтсин! — деди.
Шунда бир яғир эшакни миниб, чолнинг “Кал” ўғли Эрназар ҳам ўтиб қолди. Подшоҳнинг кичкина қизи Эрназарни таниди ва ўрнидан туриб, унга олма отди. “Кал” эшак билан чиқиб, қизнинг икки юзидан ўпиб, олиб тушди. Шунда қизнинг опаси:
— Ҳе, ўл! Сен келиб-келиб, шу қирмоч кални танладингми? — деб масхара қилди. Подшоҳнинг кичкина қизи айтди:
— Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига. Майли! Мен кал бўлса ҳам шу йигитга тегаман,— деди.
Подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қизларини бу ака-укаларга берди. Катта, ўртанча қизи ва куёвларини яхши-яхши уйларга жойлади. Кичкина қизи билан “Кал”ни бўлса, битта отхонага жойлади. Эрназар кечаси бўлганда Кимёназарни чақириб отхонани жуда ҳам яхши уйга айлантириб, ўзи шаҳзодага айланиб, тонг отгунча базмини қила берди. Тонг отганда уйни яна отхонага айлантириб қўйди.
Эрназарнинг иккала акаси камон-ўқларини олиб, отларига миниб: “Биз ов овлаб келамиз!” деб кўлга бориб, ҳеч нарса ота олмай, лаб-лунжлари тушиб, қайтиб келишди. Эртаси подшоҳнинг кенжа куёви ўзининг яғир эшагини миниб овга чиқиб кетиб, кечқурун ғоз ва ўрдакларни эшакка юклаб олиб келди. Бир жуфт ғоз билан бир жуфт ўрдакни яхшилаб пишириб, подшоҳга: “Мана бу кичик куёвингиздан!” деб киргизиб юборди.
Подшоҳ эрта билан иккала катта куёвини чақириб келиб:
— Қани, сизлар ҳам овга бориб, илвасин отиб келинглар-чи! Бир илвасинхўрлик қилайлик-чи! — деди.
Иккала куёви яна овга бориб, кечгача юриб, ҳеч нарса отолмай, икки қўлларини бурунларига тиқиб қайтиб келишди. Кенжа куёв бўлса яғир эшагининг икки ёғига биттадан иккита саватни осиб чиқиб, илвасинни кўп отиб, саватларни тўлдириб келди. Яхшилаб пишириб, подшоҳга киргизиб юбораверди. Икки акаси жуда бўғилишди. Улар укасига:
— Ҳой, кал! Бизга отиб келган ғоз ва ўрдакларингдан сотсанг-чи! — деди. Эрназар:
— Йўқ, сотмайман! — деди. Акалари: ”Сотгин!” деб ялинаверди.
Шунда Эрназар айтди:
— Бўлмаса, иккаланг яланғоч бўласан! Орқаларингга тамға босаман. Кейин иккала саватдаги илвасинни олиб кетаверасан! — деди.
Акалари: “Биз шу калнинг нимасидан уяламиз. Босса, босаверсин!” деди. “Кал” уларнинг орқасига тамғани қиздириб босди. Тамғанинг изи тушиб қолди. Кейин иккаласига бир саватдан ғоз, ўрдак берди.
“Кал” яна саватларини илвасинга тўлдириб, акаларидан бурун уйига етиб келиб, қўлига чалабузарни олиб:
— Кимёназар! — деди.
— Лаббай, Назар! — деди.
— Бир тўққиз ўрдакни, патини юлиб, ширин қилиб пишир! — деди.
Бир тўққиз ўрдак дарров пишди. “Кал” ўрдак гўштларини бир жонон товоққа босиб, подшоҳнинг олдига олиб кирди. Подшоҳ бу ўрдак гўштларини вазирлари билан бирга баҳам кўрди. Ҳаммалари: “Жуда мазали экан!” деб мақташди.
Подшоҳнинг икки куёви ҳам ўрдакларни олиб келди. Ўлиб-толиб, патларини юлиб, чала-чулпа пишириб, подшоҳга олиб кирдилар. Подшоҳ буларнинг ўрдакларини емай:
— Иккаланг калчалик ҳам бўлмадинг! — деб ғазаб қилди.
Бир кун деҳқонлар подшоҳни хонадони ва бутун амалдорлари билан қовун сайлига айтишди. Подшоҳ хонадони ва амалдорлари билан бирга қовун сайлига борди. Учала қизи ва иккала катта куёви ҳам боришди. Аммо кенжа куёви бормади. Деҳқонлар меҳмонларни яхши кутиб олдилар. Подшоҳни ва бола-чақаларини баланд жойларга ўтқазишди. Дастурхонларни ёзиб, об-таом тортилаётган пайтда тилла эгар, тилла юганли отни миниб, зар-зарбопга ўраниб, бир шаҳзодасифат йигит етиб келди. Унинг отининг икки томонида биттадан иккита чиройли ит ирғиб, ўйнаб келяпти. Бу Эрназар эди. Унинг пешвозига одамлар чиқиб, дарров отдан қўлтиқлаб олиб, юқорига таклиф этишди. Шаҳзода юқорига чиқиб бориб, ўз хотинининг ёнига ўтирди ва хотинининг пешонасидан бир ўпди. Шунда хотиннинг икки опаси:
— Бу ким? Нимага сени ўпади? — дейишди.
— Бу эрим! — деди. Опалари:
— Ёлғон айтасан! — деб ишонишмади.
Зиёфатлар кетма-кет ўтиб турар эди. Ашула, ўйин авжига чиқди. Эрназарнинг икки акаси подшоҳнинг ёнида укасини сира писанд қилмай, тўрсайиб ўтиришар эди.
Шунда подшоҳ иккала катта куёвларидан қандай қилиб илвасинларни овлаганлари ҳақида сўраб қолди. Улар қандай ов қилганлари ҳақида ёлғон ишлатиб гапириб берадилар.
Шунда Эрназар подшоҳга:
— Тақсир! Куёвларингиз ёлғон айтади. Булар чумчуқнинг ҳам бурнини қонатолмайди. Буларга ёрдам бериб, орқасига тамғамни босганман, Ишонмасангиз, текшириб кўринг! — деб подшоҳга тамғани берди. Подшоҳ буларнинг орқаларини очириб кўрса, шаҳзоданинг айтгани тўғри. Куёвлари жуда уялиб, шарманда бўлишди.
Қовун сайли тугаб, ҳаммалари қайтиб келишди. “Кал” подшоҳга:
— Менга уч кунга рухсат берсангиз. Бир ишим бор эди. Қилиб келайин! —деди. Подшоҳ рухсат берди. Эрназар бундан жўнаб, дарёнинг лабига борди. Чалабузарни чақириб:
— Кимёназар! —деди.
— Лаббай, Назар! — деди. Эрназар:
— Шу сувнинг устига бир қаср ясагин! Тепаси осмонга, таги сувга тегмасин! — деди. Бир зумда сувнинг устида шундай қаср бино бўлди. Кўрган одамнинг оғзи очилиб қоладиган, жуда чиройли қаср бўлди.
Эрназар қайнотасининг олдига қайтиб бориб:
— Мана, мен келдим! Энди бизга рухсат беринг! Биз кетайлик,— деди. Подшоҳ айтди:
— Қаерга борасан? Эрназар айтди:
— Бизнинг ҳам жойимиз бор. Қизингиз билан бориб, ўша жойимизда турамиз.
Подшоҳ:
— Сенинг қаерда жойинг бор?
Эрназар айтди:
— Сизни уйимизга зиёфатга чақирамиз. Шунда бориб кўрасиз.
Подшоҳ рухсат берди. Эрназар хотинини олиб, қасрга жўнади.
Қасрга шоти билан чиқиб, шотини юқорига тортиб олиб қўйди. Малика билан шу жойда яшай берди. Эрназар ўзларига нима керак бўлса, Кимёназарни чақириб айтади, айтганлари дарров тайёр бўлади. Маишат, кайф-сафони суриша беради. Эрназар баъзан овга чиқади. Хотинини ҳам бирга олиб чиқади. Агар хотинини қолдирса: “Қасрга ҳеч кимни чиқарманг! Агар ўзингиз пастга тушиб-чиқсангиз, шотини яна баландга олиб қўйинг!” деб тайинлаб кетади.
Хайр, булар бу ерда шундай айш-ишрат қилиб ёта берсин. Энди гапни бошқа жойлардан эшитинг. Подшоҳнинг мамлакатида шундай овоза бўлиб кетди: “Бир қатиқфуруш чол бор экан-у, унинг “Кал” ўғли бор экан. Шу “Кал” подшоҳнинг кичкина қизига уйланибди. Қизнинг қалинига шунча минг от, шунча минг қўй, шунча минг туя, от ва туяларнинг устига олтин-кумушларни ортиб берибди. Ўзи ҳозир фалон дарёнинг юзига тепаси осмонга, таги сувга тегмайдиган қаср қуриб, шу қасрда турар эмиш” деган дунг-у дароз гап тарқалиб кетди. Бу овоза Қорахон подшоҳнинг ҳам қулоғига бориб етди. Қорахон подшоҳнинг бир айёр, жодугар кампири бор экан. Дарров шоҳ жодугарни чақиртириб келиб, унга:
— Фалон подшоҳнинг бир “Кал” куёви бор экан. У ”Кал” подшоҳнинг кичик қизига жуда катта қалин берибди, ҳали Одам Атодан бери ҳеч ким бу қадар кўп қалин бера олган эмас. Ўша “Кал” бир дарёнинг устига қаср қурган эмиш. Сен ўша мамлакатга борасан. Шу “Кал” шунча нарсаларни қандай муҳайё қила олди экан, қандай қилиб сув устига, сувга тегмайдиган, муаллақ қаср қурди экан, шуларнинг сирини билиб келасан! — дебди. Жодугар:
— Хўп, подшоҳим! Бу топшириғингизни бажариб келаман! —деб жўнаб кетибди.
Жодугар кампир Эрназарнинг қасрини сўраб-сўраб топиб борибди. Бориб, маликани чақириб: “Мен бир кимсасиз кампирман. Мени ўзингга хизматчи қилиб олгин! Хизматингни қилиб юраман!”— дебди. Малика: “Бизга хизматчи керак эмас!” дебди. Кампир кетмасдан ўн кунгача ялиниб, пастда ёта берибди. Бир куни малика эрига айтибди:
— Пастда бир кампир ўн кундан бери мени хизматчи қилиб ол, деб йиғлаб ётибди. Ҳеч кими йўқ экан. Шу кампирдан нима ёмонлик келар эди. Келинг, шуни хизматчи қилиб олайлик! — дебди. Эри рози бўлибди. Кампирни қасрга чиқариб, ўзларига хизматчи қилиб олишибди. Кампир қулоғини динг қилиб юра берибди. Кампир диққат қилса, ҳар куни қозон қурилмай, гўшт-ёғ, сабзи-пиёз, гуруч тайёр қилинмай, ширин-ширин таомлар; ун элаб хамир қилинмай, яхши нонлар пайдо бўлиб қолар эмиш. Жодугар: “Шошма! Бунда бир гап бор!” деб дилига тугиб қўйибди.
Кампир маликага ўзини яқин тутиб, ўзини жуда жонкуяр кўрсатиб, ҳар хил ширин гаплар билан унинг кўнглини овлай берибди. Бир куни Эрназар овга кетиб, булар иккови қолибди. Шунда айёр кампир маликага:
— Эринг жуда аломат йигит. Худоё, қўша қаринглар! Эринг барака топкур сенга қанча қалинлар берибди. Мана бу қасрни қурибди. Бу бир мўжиза-я! Эрингдан бир сўрасанг-чи! Шунча нарсаларни қандай қилиб тайёрлади экан-а! — дебди.
Бу гаплар маликани ҳам қизиқтирди. Кун кеч бўлди. Маликанинг эри овдан келди. Кечки овқат ҳам ўтди. Кечаси уйқуга ётишганда малика эридан:
— Сиз дадамга шунча нарсаларни қаердан топиб бергансиз. Ҳеч одамнинг ақли бовар қилмайди-я! Бу қасрни қандай қилиб қурдингиз? — деб сўради. Эри:
— Бу сир. Буни ҳеч кимга айтганим йўқ, сизга ҳам айтмайман, — деб айтмади.
Эртасига кампир яна ўргатди:
— Бу кеча ётганда бўйнига осилиб олгин! Сиз мени яхши кўрмас экансиз! Агар яхши кўрсангиз айтар эдингиз, дегин, — деди. Эртаси куни кечаси эри билан ётганда, малика кампир айтганларини қилиб, эрининг бўйнига осилиб, йиғлади. Шунда эри айтди:
— Мен бу нарсаларни мана шу тилсим чалабузарнинг кучи билан қилганман, — деб чалабузарнинг бутун сирини хотинига айтиб қўйди. Малика:
— Мен бу чалабузарни шу кунгача сизда кўрмаган эдим-ку! — деса, эри:
— Кундуз куни чўнтагимда юради. Кечаси ёстиқнинг тагига қўйиб ётаман,— деди.
Эртаси кампир:
— Ҳа, қизим, сўрадингми? —деди.
— Сўрадим! —деди. Эрининг айтган гапларини кампирга айтди.
Жодугар:
— Бўлмаса, бугун кечаси эринг ухлаганда секин чалабузарни олиб чиққин-чи! Бир кўрайлик, қанақа экан! —деди.
Кун кеч бўлди. Эрназар қайтди. Малика унинг йўлига чиқиб: “Ҳорманг!” деб бориб, бўйнига осилиб, қучоқлади. Кейин олиб келган илвасинларини олиб кирди. Кечки овқат ейилди, ичилди, охири булар ухлаш учун ётишди.
Кечаси осмонда юлдузлар чарақлар, дарёнинг ёқимли сувлари ўйнаб оқмоқда эди. Осмондаги ой ҳамма ёқни ёритиб турар, ой шуъласи деразадан кириб, Эрназар билан маликанинг ўринларини ёритиб турарди. Овдан чарчаб келган эри малика билан узоқ гаплаша олмай ухлаб қолди. Шунда эрига сездирмай ёстиқнинг остидаги чалабузарни секингина олди ва кампирга олиб чиқиб кўрсатди. Кампир маликанинг қўлидан чалабузарни олиб, у ёқ-бу ёғини кўрган бўлди. Шунда кампир маликани нариги хонага бир ишга буюрди. Малика ўша иш билан кетганда кампир фурсатни ғанимат билиб, дарров чалабузарга қараб:
— Кимёназар! —деди.
— Лаббай, Назар! —деди.
— Кални бир тўқайга олиб бориб ташла! Сўнгра бу қасрни шу кўйича Қорахон подшоҳнинг шаҳарига олиб бориб қурасан! — деди.
Жодугарнинг айтгани бўлди.
Эрназар субҳи содиқ вақтида бир туш кўрди: тушида кўлга овга борган эмиш. Аммо бу куни ҳеч нарса отолмабди. Кўлда айланиб юрса, бир йўлбарс чиқиб, бунга қараб, ириллаб кела берибди. Эрназар йўлбарсни қанча мўлжаллаб отади, ўқи тегмайди. Ўқларини отиб тугатади. Йўлбарс оғзини очиб, етиб келади. Эрназар чўнтагидан чалабузарни олиб: “Кимёназар!” дейди, Кимоназар келмайди. Шунда йўлбарс келиб унга ташланади. Шу пайт малика кўлга чўкиб; “Дод, мени қутқаринг!” деган товуши эшитилади. Эрназар чўчиб уйғониб кетади. Кўзини очиб қараса, бир жойда ботқоққа ботиб ётибди. Йигит: “Ҳай, аттанг! Отам: Пичоқни ҳеч кимга кўрсатма!” деган эди. Мен кўрсатиб қўйдим. Ҳам жойдан ажралдим, ҳам ёрдан, деб хафа бўлди. Ботқоқдан чиқиб, боши оққан томонга кета берди. Бир жойга борса, дарвозаси темирдан, жуда мустаҳкам бир қўрғон турибди.
Йигит дарвозани тақиллатди. Дарвозани очиб бир ёш аёл чиқиб келди. Эрназар шундай қараса, отаси ўлганда бир чол олиб кетган кичкина синглиси. Булар бир-бирини танишиб, қучоқлашиб, йиғлашиб кўришишди. Ҳол-аҳвол сўрашди. Қиз акасини уйига олиб кирди. Акаси:
— Бу қандай жой? — деб сўради. Синглиси:
— Бу девларнинг макони. Отам ўлганда бориб мени олиб келган чол одамхўр дев экан. Бу ўша девнинг жойи. Ҳали келса, сизни еб қўймасин, мен сизни дуо ўқиб, олма қилиб, токчага қўяман! — деди.
Синглиси акасини зиёфат қилди. Бир замон ҳаво юришиб, шамол, бўрон бўлди, момақалдироқ гулдуради. Синглиси: “Дев келяпти” деб дуо ўқиб, акасини олма қилиб, токчага олиб қўйди. Шамол-тўполоннинг ичида дев етиб келиб:
— Пуф, одам иси келяпти! Уйда одам бор, деб ташқарида тура берди. Шунда малика айтди:
— Кира беринг! Отам ўлганда мени сизга олиб чиқиб берган акам келибди! — деди. Дев кирди ва:
— Қани аканг? — деди.
— Сизни, билмасдан, еб қўймасин деб, токчага олма қилиб олиб қўйган эдим,— деб олмани олиб, дуо билан яна одам қилиб, девга тўғри қилди. Дев Эрназар билан кўришиб, сўрашиб, гаплашиб ўтирди. Уч кундан кейин дев Эрназардан ҳол-аҳвол сўрайди. Эрназар бутун бўлиб ўтган воқеани гапириб берди. Шунда дев айтди:
— Жодугар қасрингизни учириб ўтганда кўрган эдим. Ушлаб олайин дедим, синглингиз унамади. Энди мен сизга ҳар хил дуолар ўргатайин, — деб бир ойгача унга исми аъзам ўргатди. Эрназар бир дуо ўқиб қуш, яна одам бўлиб қолар эди. Эрназар девдан илтимос қилди.
— Менга бунча дуоларни ўргатдингиз! Сизга раҳмат! Энди менга ёрдам беринг, мен бориб қасрни ва чалабузарни топиб олиб келайин,— деди.
Дев Эрназарни елкасига миндириб осмонга учди. Учиб бориб-бориб, неча тоғдан ошиб, бир қўрғон дарвозасининг олдига тушди. Елкасидан йигитни туширди ва:
— Бу қўрғон ўртанча акамнинг қўрғони. Ўртанча синглингиз ҳам шунда туради. Сизга ўртанча акам ёрдам қилади, — деб дев яна учиб кетди. Йигит шу жойда қолди. Бир вақт ҳаво бузилиб, шамол, бўрон бошланди. Йигит дарвозани тақиллатди. Ичкаридан бир аёл чиқиб:
— Ким? — деб сўради. Йигит синглисининг товушидан таниди ва:

— Ҳаво ҳаводин ошди,
Ҳавога булут тошди.
Очмайсанми, жон синглим,
Юрак тўлиб, ғам тошди, —

деди. Синглиси эшитса, акасининг товушига ўхшайди. Юраклари уриб кетди: “Акам мени ахтариб келдимикин?” деб дарвозани очиб, кўчага чиқди. Қараса, акаси экан. Булар бир-бирини танишди. Йиғлаб, кўришиб, ичкарига олиб кирди. Акасига:
— Ҳозир дев келади, — деб дам солиб, олма қилиб, токчага олиб қўйди. Бўрон-тўполон ичида осмонда дев учиб келди ва пастга тушмай, осмонда айланиб юра берди. Хотини:
— Тушинг! — деди.
Дев:
— Уйдан одам ҳиди келяпти! — деди.
— Ҳеч одам йўқ! Туша беринг! — деди.
— Сен ёлғон айтяпсан! Уйдан одам ҳиди келяпти,— деди.
— Отам ўлганда борганингизда, мени олиб чиқиб берган акам келибди. Туша беринг! — деди.
Шунда дев тушиб, уйга кирди ва:
— Қани аканг? — деди. Хотини:
— Кўрсатсам, еб қўймайсизми? — деди. Дев:
— Емайман! — деди. Шунда синглиси олмани олди, дуо билан яна одам қилиб, девга тўғри қилди. Дев у билан сўрашди, гаплашди.
Эрназар девга ҳамма воқеани гапириб берди. Дев йигитга дуолар ўргатди. Иккови каптар бўлиб, девнинг катта акасиникига учиб боришди. Дев йигитни шу жойда қолдириб:
— Катта синглинг шу жойда туради. Эшикни тақиллатсанг, чиқади, — деб ўзи учиб кетди.
Дев кетгандан кейин яна шамол, тўполон бошланди. Йигит дарвозани тақиллатди. Бир аёл чиқиб:
— Ким тақиллатган? — деди. Эрназар катта синглисининг овозидан таниб:
— Менман? — деди. Синглиси келиб эшикни очди. Ака-сингил бир-бирларини танишиб, сўрашди. Қиз акасини уйига олиб кирди. Иккаласи гаплашиб ўтирди.
Бир вақт яна ҳаво бузилиб, жала қуйди. Шу тўполонда катта дев етиб келди. Қиз акасини игна қилиб, ёқасига санчиб қўйди. Катта дев келиб, бу ҳам пастга тушмасдан осмонда тура берди. Хотин:
— Тушмайсизми? — деди. Дев:
— Уйдан одам ҳиди келяпти,— деди.
— Одам йўқ, туша беринг, — деди. Дев:
— Ёлғон айтасан! — деди. Шунда хотини:
— Отам ўлган куни борганингизда мени сизга олиб чиқиб берган акам келди. Туша беринг! — деди.
Дев тушиб уйига кирди.
— Қани аканг? —деди. Хотини:
— Еб қўймайсизми? — деди. Дев:
— Емайман. Кўрсатавер! — деди.
Шунда синглиси ёқасидаги игнани олиб, бир дуо ўқиб дам солиб, яна одам қилиб қўйди. Йигит дев билан сўрашди. Булар ҳам ҳар тарафдан гаплашиб ўтиришди. Йигит нима иш билан келганлигини ва бошидан ўтганларни девга гапириб берди. Дев уч ойгача йигитга ҳар хил тилсимларни ўргатди. Йигит девга айтди:
— Сиз менга ёрдам қилинг! Бориб қасримни олиб келайин,— деди. Дев айтди:
— Қасрингиз шу жойдан учиб ўтган эди. Мен ушлаб олай десам, синглингиз унамади. Энди туринг. Қорахон подшоҳнинг шаҳрига борамиз! — деди. Иккалалари лочин бўлиб учиб, Қорахон подшоҳнинг юртига етиб боришди. Ерга қўнишди. Дев йигитга айтди:
— Сиз кечгача шу жойда турасиз. Кеч бўлганда мусича бўлиб, Қорахон подшоҳнинг деразасига қўнасиз. Қорахон подшоҳ ётгандан кейин, чумчуқ бўлиб уйига кирасиз. Ёстиғининг тагидан чалабузарни оласиз! — деб ўзи орқасига қараб учиб кетди. Кетаётиб:
— Қасрни қўлга киритсангиз, бизнинг жойга қўниб ўтинг. Бизнинг ҳам кўнглимиз таскин топсин!— деди.
Йигит кечгача ўтирди. Намози аср бўлганда бир тилсим ўқиб, мусича бўлиб учди ва Қорахон подшоҳнинг деразасига бориб қўниб: “ҳув-ҳув”лаб сайрай берди. Кечаси бўлиб, Қорахон подшоҳ ухлаб қолди. Шунда йигит яна бир дуо ўқиб, чумчуқ бўлиб, уйнинг ичига кирди. Кирса, Қорахон подшоҳ ухлаётган экан. Секин бориб, ёстиғини кўтариб, остидан чалабузарни қўлига олди. Уйнинг бир чеккасига олиб келиб:
— Кимёназар! — деди.
— Лаббай, Назар! — деди. Эрназар Кимоназарга ҳазиллашиб, қулоғининг тагига бир тарсаки солиб:
— Қаерда эдинг?! — деди. Кимоназар ҳам Эрназарнинг қулоғининг тагига бир тарсакини тушириб:
— Шу ерда эдим,— деди. Иккаласи қучоқлашиб кўришиб, кулишди, йигит айтди:
— Нимага бу ерларга келиб қолдинг? — деди. Чалабузар айтди:
— Мен ўзим келибманми? Мени ким қўлига олса, ўшанинг қулиман. Нима иш буюрса, қиламан. Сенга отанг: “Пичоқни ҳеч кимга кўрсатма, сирини бировга айтма!” деган эди. Сен хотинингга айтдинг. У билмасдан жодугар кампирга айтди. Жодугар шу ишларни қилди! — деди. Йигит:
— Малика қани? — деди.
— Маликани подшоҳ ўз никоҳига олмоқчи эди, малика рози бўлмади. Подшоҳ кўп қийноқларни бериб, бир уйга қамаб, кампирни унга қоровул қилиб қўйди,— деди. Йигит:
— Подшоҳ билан кампирни тош қилиб қотириб қўй, — деди.
Кампир билан Қорахон подшоҳ тош бўлиб қотиб қолди. Эрназар малика қамалиб ётган хонага борса, маликанинг жамоли уйни ёритиб турибди. Ўзи оҳ уриб:

Шоввозимдан жудодурман,
Бошимда соябоним йўқ.
О, ғамим ғам тоғидан ошди,
Ани айтурга ёрим йўқ! —

деб йиғлаяпти. Шу замон йигит эшикни очиб кирди. Ҳар иккаласи бир-бирини қучоқлаб, йиғлаб кўришди. Йигит маликасиз жуда қийналганини ёрига билдириш учун:

— Дарахтсиз ҳовлига кирдим,
Бошимдан офтоб ўтди! —

деди. Шунда малика:

— Бўйингдан айланай ёрим,
Сенинг қадринг ёмон ўтди,—

деди. Йигит чалабузарни чақирди:
— Кимёназар,
— Лаббай, Назар!
— Қасрни ўз жойига олиб бориб қур!— деди.
Қаср осмонга кўтарилиб учди. Қаср Эрназарнинг сингилларининг қўрғони устидан учиб ўтди. Сингиллари ва девлар буларни кўриб, хурсанд бўлиб қолишди.
Қаср ўз жойига қурилди. Малика билан йигит яна топишиб, шодликда умр ўтказа берди.
Кунлардан бир куни Эрназар бориб, қайнатаси билан кўришиб, уни ҳамма амалдорлари билан бирга зиёфатга таклиф қилди. Подшоҳ хотинлари, қизлари, куёвлари ва ҳамма амалдорлари билан кенжа куёвникига зиёфатга келди.
Эрназар бўлса, “Кал” тахлитидан чиқиб, шаҳзодалардек кийинди. Кимёназарга буюриб, подшоҳнинг йўлига гиламлар ёздириб, йўлнинг икки томонига келишган йигит ва қизларни қаторлаштириб қўйди. Подшоҳ келганда булар: “Хуш келибсизлар!” деб эгилиб салом қилиб турди, отларини олиб боғлади. Подшоҳ одамлари билан қасрга чиқиб жойлашди. Подшоҳ қараса, куёви кал эмас, жуда келишган йигит. Подшоҳ ҳайрон қолди. Келганларнинг ҳаммаси йигитнинг ишларига қойил қолишди. Эрназар билан хотини иккови келганларни зиёфат қилди, ўйин-кулгилар бўлди. Келганларнинг ҳаммасига сарпо беришди.
Энг охири йигит подшоҳнинг якка ўзини бир хонага олиб кириб, унга бошидан ўтган ҳамма воқеани гапириб берди. Подшоҳ бу гапларни эшитиб: “Э, болам! Мен сени билмабман! Танимасни сийламас бўлибди! Энди хафа бўлмайсан! Сен менинг ўрнимга подшоҳ бўлгин. Мен сенинг давлатингда умр ўтказайин!” деди. Эрназар Кимёназарга айтиб, Қорахон подшоҳ билан жодугар кампирни яна тирилтирди. Подшоҳ дор қурдириб, бу икковини дорга остирди.
Подшоҳ одамлари билан ўз жойига қайтиб бориб, Эрназар билан қизига яна қирқ кеча-кундуз тўй қилиб берди. Ўз ўрнига Эрназарни подшоҳ қилди, бояги қатиқфуруш чолни олиб келиб, иккаласи улфат бўлиб, авғон боғида ёта берди. Шундай қилиб, ҳаммалари мурод-мақсадларига етишибди.