Хивада Эралихон деган подшо ўтган экан. У кечаси эски либослар кийиб, шаҳар кўчаларини айланар экан. Бир кеча уч нафар ўғрига учрабди. У ўғриларга ўзининг ҳам “ўғрилик қилиш” мақсадида юрганини билдирибди. Ўғриларнинг ҳар қайсиси ўз санъатини баён қилибди. Биринчиси ҳайвон тилини биладиган; иккинчиси қирқ томнинг тепасида юриб, қайси бирида олтин борлигини биладиган; учинчиси бир кўрган кишини қирқ йилдан кейин ҳам танийдиган экан. Булар Эралихоннинг ҳунарини сўрабдилар. Эралихон:
— Мўйловимни бураб ишора қилсам, дорга осилаётган киши озод бўлади, — дебди.
Тўртови маслаҳатлашибди. Эралихон подшо хазинасини тешиш учун маслаҳат берибди.
Тўртови ўрданинг томига чиқиб, олтин текширувчининг ишорати билан томни тешибдилар. Шунда ит ҳура бошлабди. Шерикларидан бири ҳайвон тилини биладигандан: “Ит нима деяпти?” деб сўрабди.
— Ит “тўртовингдан биринг Эралихон”, деяпти, — дебди у.
Улар эътибор қилмай, хазина тешиб тўрт яхдон олтинни кўтариб, қабристонга бориб эски гўрга жойлабдилар.
Уларни қўйиб, Эралихон саройга жўнабди. Саҳарда подшо хазинасига кириб, олти яхдон олтин ўғирланганини кўрибди.
Хазиначи икки яхдон олтинни ўзига олиб, олти яхдон ўғирланганини Эралихонга хабар берибди…
Эралихон текшириб, ўша куни қабристондаги мазкур ўғриларни тўрт яхдон олтин билан ўрдага келтириб дорга осишга ҳукм қилибди. Шунда танувчи ўғри Эралихонга тикилиб туриб:
— Қани мўйловингизни бураб, бир ишора қилинг! — деганда, Эралихон кулиб учовини бўшатиб юборибди. Хазиначини эса дорга остирибди.