Бир бор экан, бир йўқ экан, бир ку ни барг билан кесак дўст бўлишибди. Улар бир-биридан ажралмасликка аҳд қилишибди ва оғир кунларда бир-бирларига ёрдам беришга ваъдалашибди.
Улар аҳил яшай бошлабдилар.
Кунлардан бир кун қаттиқ шамол турибди.
Шамолнинг ғувиллашидан қўрқиб кетган барг кесакка нолиш қилиб йиғлабди. Шунда кесак:
— Ҳеч қўрқмагин, мен сени бу балодан қутқараман, — деб баргни пана қилиб тўсибди.
Шамол қанчалик кучли бўлмасин, баргни учириб кета олмабди. Бу аҳволни кўрган шамолнинг аччиғи келиб, ёмғирни юборибди. Бу билан у кесакдан ўч олмоқчи бўлибди. Лекин ёмғир ҳам буларни қўрқита олмабди.
Ёмғирнинг ёғишини кўрган кесак баргга нолиш қилибди. Ўзини ёмғирдан қутқаришини сўрабди. Шунда барг бир сакраб кесакни пана қила бошлабди. Қанчалик кўп сел ёғмасин, кесакни қўрқита олмабди. Ёмғир тингач, кесак билан барг қучоқлашиб кўришибдилар. Улар ўзларининг меҳр-оқибатларидан хурсанд бўлиб, янада иноқлашиб кетибдилар.