Ҳусайн мирзонинг қирқ вазири бор экан. Қирқинчиси Алишер Навоий экан. Бир кам қирқ вазир Навоийни Ҳусайн мирзога ёмонлай берибди. Ҳусайн мирзо Алишерни вазирликдан бўшатибди.
Бир куни Ҳусайн мирзо бир кам қирқ вазирдан:
— Дунёда нима лаззатли? — деб сўрабди. Вазирлар билган ва бошларига келган ҳамма сирларни айтибдилар.
Ҳусайн мирзо:
— Йўқ, тополмадингиз! Эрталабгача топиб бермасангиз ҳаммангиз жонингиздан умидингизни узинг! — дебди.
Вазирлар ўзаро маслаҳат қилишибди.
— Буни Алишер билади, — дебди вазирлардан бири. Уни Навоийга юборибдилар. Вазир Навоийнинг олдига келиб:
— Ҳусайн мирзо бизга: «Дунёда нима лаззатли, шуни топинглар!» деб буюрди, биз топа олмадик. Айтиб бермасангиз бўлмайди, — дебди.
— Қайси овқатни оч қолиб есангиз, ўша лаззатли денг, — дебди Навоий.
Вазирлардан Ҳусайи мирзо сўраганида улар шундай дебдилар.
Ҳусайн мирзо айтибди:
— Буни сиз топмагансиз, тўғрисини айтинг, ким айтиб берди?
Вазирлар:
— Тақсир, ўзимиз топдик, — дебдилар.
Ҳусайн мирзо ҳаммаларини бир уйга қамаб:
— Кимки тўғрисини айтмаса, шу уйдан бирма-бир чақириб, бошини олавераман! — дебди.
Шунда вазирлар туриб:
— Биз Алишердан сўрадик, — дебдилар. Ҳусайн мирзо айтибди:
— Ўзингиз уни менга ёмонлаб ҳайдатиб юбориб, яна нега ундан маслаҳат сўрайсизлар? Демак, усиз сизларнинг миянгиз ишламас экан-да! — дебди ва Навоийни чақиртириб, яна вазирликка тайинлабди.