Бир вақтда Доро деган катта подшо ўтган экан. У бир подшонинг қизига уйланган экан. У қизга Доронинг бир вазири ҳам ошиқ бўлиб қолибди. Доро подшо намоз ўқиётганида, вазир у аёлни йўқ қилиш пайига тушибди-ю, бир хат ёзиб Доро подшо кавушининг ичига солиб кетибди. Доро подшо буни билмай қолибди, намоз ўқиб бўлгач, кавушини кийгани келибди. Доро қараса, кавишининг ичида бир хат ётганмиш. У хат ердан келдими, осмондан тушдими, билолмабди. Хатни ўқиб кўрса, шундай сўзлар ёзилган эмиш: “Аёлингизни тезда йўқотинг, подшоликда нопок аёл турмасин!”
Хотини ҳомиладор экан. Подшо суриштирмай бир қанча буюм-аслаҳалар бериб, хотинини ҳайдаб юборибди. Хотин бир чордеворга бориб ўғил туғибди. Ўғлининг отини Искандарбек қўйибди. Бир хатга боланинг номини ҳамда: “Кимки шу болани топса, шу буюмларни олиб, болани боқсин”, деб ёзиб, чақалоқнинг бошига бир қанча қимматли буюмлар қўйиб, отаси подшолик қиладиган мамлакатга кетибди. Бир подачи эчкиларини шу ерга олиб келиб қолибди. Унинг эчкиларидан бири келиб Искандарбекни эмизиб кетибди. Подачи буни билмабди. У бир момонинг эчкиси экан. Подачи кечқурун уйга қайтганда, момо кўрадики, эчкисининг сути йўқ. У подачидан: “Эчкининг сути қани?” деб сўрабди. Подачи: “Эчкининг сутини мен қайдан билай”, деганда, кампир уни койибди. Эртаси ҳам подачи эчкиларни шу ерга ўтлатгани олиб келибди. Яна эчки чақалоқни эмизибди. Подачи буни билмай қолибди. Кун кеч бўлибди. Подачи подаларни уйларига қайтариб, “ошҳалолга” борибди. Момо эчкисини соғай деса, бугун ҳам сути йўқ. Бугун кечагидан кўра қаттиқроқ уришибди. Эртасига подачи билан бирга ўзи чиқиб эчкисини боқиб келмоқчи бўлибди.
Бир вақт эчки бирдан чордеворга кириб кетибди. Подачи билан момо бундай келиб қараса, эчки бир болани эмизаётган эмиш. Момо димоғи чоғ бўлиб, у болани ўғил қилиб олибди. Момонинг қўлида бола тарбия топиб, йилдан-йилга улғая борибди.
Олти-етти ёшларга кирибди. Бола ҳунарга кўп қизиқибди, устахоналарга бориб, дурадгорлик, милтиқ ясаш, қилич ясаш ишларини ўрганибди. У бир кун қилич ясаётган устада бир катта қилични кўриб, уни қўлига олишга рухсат сўрабди. Уста:
— Бу баҳодирларнинг қиличи, уни кўтариш сенинг қўлингдан келмайди! — дебди. Бола қилични бир кўриб бераман, деб қистай бергач, усталардан бири “Қилични беринг, боланинг кўнгли қолмасин!” дебди. Искандарбек қилични қўлига олиб бир силкиб кўриши билан, қилич уч-тўрт бўлак бўлиб кетибди. Усталар бу бола момонинг ўғли эканини билиб, қилич ҳақини тўлаттириб олибдилар. Момо болани койибди. Шунда бу воқеадан бир вазир ҳам хабардор бўлиб турган экан, қиличнинг пулини тўлаб, момодан болани сўраб олиб кетибди. Вазирнинг шу қатори бир ўғли бор экан. Искандарбекни олиб бориб унга қўшиб қўйибди, улар иккови ўйнаб юриша берибди.
Шу вазир подшосининг бир гўзал қизи бўлиб, унинг қирқта канизи бор экан. Подшонинг қизи бир йигит билан гаплашиб юрар экан. Йигитни қиз кийимида сақлар экан. Бу сирни ҳеч ким билмас экан. Улар бир кун дарё лабига чўмилгани борибдилар. Шунда дарёдан бир катта балиқ чиқиб қараб турган экан, у қиз балиқни номаҳрам, деб қоча бошлабди. Балиқ қаҳ-қаҳ уриб кулибди. Қиз бунга ҳайрон бўлиб, қайрилиб балиққа қарабди ва унинг нима сабабдан кулаётганини сўрабди. Шунда балиқ тилга кириб: “Сен гаплашиб юрган бегона йигит номаҳрам бўлмай, мен бир балиқ номаҳрам бўлайми? Гапингга кулмай бўладими”, дебди. Шунда балиқнинг гапига қиз ҳайрон бўлиб, отасининг олдига борибди. Қиз отасига шундай деб талаб қилибди: “Ота, кеча мен дарё лабига борган эдим, унда бир балиқни кўрдим. Мени кўриши билан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бунинг нима сабабдан кулганини мен билолмадим. Шунинг сабаби нима экан, билиб берсангиз”. Отаси дарров вазирни чақириб қизи айтган масалани ўртага қўйибди ва буни уч кун ичида билиб беришни буюрибди. “Агар уч кун ичида билиб келмас экансан, каллангдан умидвор бўлма!” деб дўқ қилибди.
Орадан икки кун ўтибди, вазир сирни билолмабди. Вазир қўрққанидан ўз ўғли билан Искандарбекни ҳар томонга қочириб юборибди. Вазирнинг ўғли бир мамлакатга бориб қолибди. Унинг ҳайрон бўлиб юрганини бир момо сезиб: “Ўғлим, қаердан келгансан, нима учун бундай қилиб юрибсан?” деб сўроқлабди.
Вазирнинг ўғли отасининг кимлигини ва унинг бошига тушган мушкул ишни, отаси қўрқиб болаларини ҳар томонга қочириб юборганини айтибди. Шунда кампир ўйлаб туриб: “Бу сирни билиш осон, ғам ема, болам, бунга мен чора топаман”, дебди. Кампир дарҳол вазирнинг ўғли билан вазирни қидириб борибди. Вазир кампирни подшо ҳузурига олиб бориб балиқнинг не сабабдан кулганини шу кампир билади, деб подшога уқтирибди.
Момо бир холи уй топтириб подшо билан вазирни бошлаб кирибди, подшога: “Қизингизни ва унинг дугонасини чақиринг”, дебди. Подшо қизи билан дугонасини чақиртириб келибди. Кампир:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз сирни айтаман, — дебди. Подшо бир қошиқ қонидан кечибди. Шунда кампир қизнинг дугонасини ечинтириб кўришни сўрабди. Ечинтириб кўрсалар, у қизлар кийимини кийган йигит экан. Подшо ғазаб билан дарҳол ўз қизининг ва йигитнинг калласини узибди.
Энди гапни Искандарбекдан эшитинг: Искандарбек тиланчилик қилиб, ўз онасининг олдига бориб қолибди. Онаси қараб болани ўзига ўхшатибди. Кейин кўнгли бузилиб кетибди: “Аттанг, мен чордеворга ташлаб кетган болам ўлмаган бўлса, шундай тиланчи бўлса ҳам дунёда юрган бўлар эди”, деб ўйлабди. Шу маҳал онанинг эсига боланинг номини сўраш тушибди. Сўраган экан “Искандарбек” деган сўзни эшитибди. Она ўз боласи эканлигини таниб, у билан қучоқлашиб кўришибди, болани бағрига олиб, анча вақт йиғлабди. Ўғлини подшо бувасига кўрсатмай, бир яширин хонада сақлаб парвариш қилибди.
Подшо бува бир кун бир туш кўрибди, тушида ҳовлисида бир ой пайдо бўлиб, бутун оламни ёритиб юборганмиш. Подшонинг бир қари пири бор экан, у ўз тушини шу пирига айтибди. Пири шундай деб таъбир берибди: “Сенинг авлодингдан Искандарбек деган бир бола пайдо бўлади. У бутун ер юзига подшо бўлади”. Бир кун бу тушнинг таъбирини подшо ўз қизига айтган экан, қизи шодлигини отасидан яширолмабди. “Ота, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир сир бор, айтаман”, дебди. Отаси “Бир қошиқ қонингдан кечдим, қизим, айт!” дебди.
Шунда қизи: “Э, ота, менинг эрим туҳматга учиб, бесабаб бир қанча мол-анжомлар билан қўйиб юборганда, мен ҳомиладор эдим, йўлда кўзим ёриди. Болани нима қилишни билмай, ноилож бир чордеворга ётқиздим, бошига қимматли мол-анжомларни қўйдим ва номини Искандарбек қўйиб, бир хатга: “Боланинг номи Искандарбек, шу болани ким боқса, шу қимматли моллар ўшаники бўлади”, деб ёздим. Мендан кейин болани бир эчки келиб эмизибди. У эчки бир момонинг эчкиси экан. Момо эчкиси нима сабабдан кам сут бераётганини билиш учун эчкини пойлабди, кўрсаларки, эчки подалар ичидан ажралиб, бир чордеворга кириб кетибди. Кейин улар Искандарбекни топибдилар”, деб Искандарбекнинг тарихини гапириб берибди. Буваси Искандарбекни ўқитиб уни ўз аскарларига лашкарбоши қилиб қўйибди.
Эндиги гапни Искандарбекнинг ўз отаси — Доро подшодан сўранг.
Доро катта подшо экан. У камида беш-олтита бошқа подшоларга солиқ солар экан. Доро подшога Искандарбекнинг буваси ҳам қарам экан. У ҳам бу йил катта солиқ тўлаши керак экан. Доро подшо солиқ тўлашни қистайверибди. Искандарбекнинг отаси ёш паҳлавон лашкарбошига ишониб солиқ тўлашдан бош тортибди. Шу орада Доро подшо вафот этибди. Унинг ўрнига катта хотинидан бўлган катта акаси ўтирибди. Катта акаси Искандарбекнинг бувасидан ўч олмоқчи бўлибди. Чунки у Доро подшо ўлганда фотиҳа ўқишга ҳам келмаган экан. Доронинг катта ўғли қўшин тўплаб, Искандарбекка уруш эълон қилибди. Искандарбек ҳам ўз қўшинларини тўплаб, ўгай акасига қарши юриш қилибди. Искандарбекнинг буваси ўз набирасининг кучини синаб кўриш учун, унинг ўз акасига қарши бораётганини билдирмабди. Искандарбек қўшинлари шиддатли жанг қилиб, ўз акасининг қўшинларини енгай дебди. Шунда акасининг мунофиқ вазирларидан бири ухлаб ётганида ўз подшосининг калласига қилич солиб, буни Искандарбекка маълум қилибди. Буваси бундан хабардор бўлиб, сирни Искандарбекка айтибди. “Бу подшо сенинг ўз аканг, мен кучингни ва ғайратингни синаш ниятида сенинг уруш очишингга қарши турмаган эдим”, дебди. Шунда Искандарбек акасига қилич солган мунофиқ вазирга “Подшонинг ётган жойига мени олиб бор!” дебди. Вазир олиб борганда акасининг жони ҳали чиқмаган экан. Искандарбекни танигач, акаси вазирнинг мунофиқлигини, унинг нияти тахтга чиқиш эканлигини уқтирибди, кейинчалик бу вазир Искандарбекка ҳам шундай хиёнат қилишини айтибди. Искандарбекка: “Подшолик сенга қолди, подшоликда фалон жойга бекитиб боқиладиган бир от бор ва фалон жойда сақланиб қўйилган бир гўзал қиз бор, шуларни биринчи навбатда ўз ҳимоянгга ол!” деб васият қилиб, жон берибди. Искандарбек акаси айтганларини қилибди, мунофиқ вазирни ўлдирибди, бутун мамлакатга ўзини подшо деб эълон қилибди.