Қадим замонда бир подшо ўтган экан. Подшо ҳукм чиқаришда гуноҳкор ва гуноҳсизларни чек ташлаш йўли билан аниқлар экан. Гуноҳкор деб топилган одамни подшо ўз олдига чақириб бир қутини кўрсатар экан. Унинг ичида иккита қоғозга, бирига “ўлим”, иккинчисига эса “озодлик” деган сўзлар ёзилган экан. Гуноҳлари қай даражада бўлишидан қатъи назар, гуноҳкорлар шу қоғозлардан биттасини олар ва унда ёзилган ҳукм ижро этилар экан. “Озодлик” деган қоғозни олса, озод бўлар экан. “Ўлим” деган қоғозни олса, ўлимга ҳукм қилинар экан.
Кунлардан бир куни ҳасадгўйлардан бир нечтаси тўпланиб, бир донишманд йигитни подшога гуноҳкор қилиб кўрсатишибди. У йигитнинг душманлари қутидаги иккала қоғозга ҳам “ўлим” деган сўзни ёзиб, солиб қўйишган экан. Бу сир-асрордан донишманд йигитнинг дўстлари хабардор бўлиб қолишибди ва йигитни огоҳлантиришибди.
Подшо одати бўйича гуноҳкорни чақиртириб, қутидан қоғозлардан бирини олишни буюрибди. Донишманд эса қоғозлардан бирини қўлига олибди-ю, ютиб юборибди. Подшо эса қутидаги қолган қоғозни очиб қараса, унда “ўлим” деб ёзилган экан.
Подшо йигит ютган қоғозда “озодлик” деган ҳукм бўлса керак, деб гуноҳсиз донишмандни озод қилиб юборибди. Донишманд шундай қилиб ақл-заковати туфайли ўлимдан қутулиб қолган экан.