Ўтган замонда бир подшо бўлган экан. У ҳамма нарсадан ҳам отни яхши кўрар экан. Кунлардан бир кун, подшо отхонага кириб қараса, отлари анча ориқлаб қолган эмиш. Подшо отбоқарини чақириб:
— Отлар нима учун ориқлаб қолди? — деб сўрабди. Отбоқар подшонинг ғазабидан қўрқиб:
— Э жаноби олийлари, отларингиз бир неча кундан буён ем-беда емай, зўр бериб кишнайдилар. Шаҳардан четроқда бошқа отлар бўлса керак. Ўша отларнинг овозига булар беда емасдан қўйган бўлсалар керак, деб ўйлайман, — дебди
Подшо ўнг қўл вазирини чақириб:
— Э доно вазир, навкарлар билан шаҳар ташқарисига чиқ, бошқа отларни кишнаб отларимнинг тинчлигини бузмайдиган қилиб кел! — дебди. Вазир подшога таъзим қилиб:
— Э, подшоҳим, фармонингиз бекаму кўст ўз ерида қарор топгай, — деб навкарлари билан шаҳардан ташқарига чиқиб кетибди, юриб-юриб, шаҳардан йигирма-ўттиз чақирим нарида бўлган бир тоққа етибди. Тоққа чиқиб кўрсалар, бир чўпон йилқиларини ўтлоққа қўйиб, ўзи бир катта харсанг тошнинг устида чўзилиб ётган эмиш. Вазир чўпоннинг олдига бориб:
— Э, аҳмоқ чўпон, ҳамма йилқиларингни ўтлоққа қўйиб юбориб, кишнатиб, уларнинг овозига маст бўлиб ётибсан. Шаҳарда бўлса сенинг отларингнинг кишнашини эшитиб, подшонинг отлари беда емай озиб қолмоқда. Мен сенга тезда отларингнинг оғизларини боғлаб қўйишни буюраман. Агарда буйруғимдан бўйин товлар экансан ўзингни жаллодга, отларингни подшога тортиқ қиламан, — дебди.
Чўпон ҳайрон бўлиб, ноилож вазирнинг айтганларини қилишга мажбур бўлибди, йилқиларнинг оғизларини латта билан боғлабди. Кейин отларини бу фалокатдан қутқазиш йўлини ўйлаб, у бир қарорга келибди. Яйловда юрган бир катта туяни ва соқоли икки қарич келадиган бир такани ушлаб келиб, дадасидан қолган бир эски камон билан ўқларини олиб, шаҳарга қараб равона бўлибди. Чўпон шаҳар қалъасидан ичкарига кириб, растага борибди. Растада ноғора чалиб ўтирганларнинг ноғорасини отиб ёра берибди. Ноғорачилар чўпоннинг бу ишидан саросимага тушибдилар, ўрдага бориб чўпоннинг устидан арз қилибдилар. Подшо ўз ёнидаги вазирига чўпонни ушлаб, ҳузурига келтиришни буюрибди. Вазир навкарлар билан шаҳар бозорига бориб қараса, туяга миниб, бир такани ўнгариб олган бир чўпон йигит дуч келган ноғорани камон билан отиб ёраётган эмиш. Вазир навкарларига:
— Бу бебошни ушланглар! — деб буюрибди. Навкарлар чўпонни туядан тушириб, қўлини орқасига боғлаб, туяси билан такасини етаклаб, подшо ҳузурига олиб келибдилар
Подшо чўпондан:
— Сен кимсан, нима учун шаҳар ноғорачиларининг иоғораларини отаётибсан? — деб сўрабди.
Чўпон:
— Мен шаҳар яқинидаги тоғда яшовчи халқдан элчи бўлиб келдим, — дебди
Подшо чўпоннинг устидаги эски чопонига, оёғидаги йиртиқ чориғига тикилиб, элчилигига ишонмабди:
— Элчилик қилишга сендан бошқа тузукроқ одам йўқ эканми? — дебди. Чўпон ҳайрон бўлиб, подшодан сўрабди:
— Сизга қандай тузукроқ одам керак? Мен ҳам оёқ-қўлли одамман-ку, — дебди. Подшо ғазабланиб:
— Мен сендан кийими янгироқ, бўйи баландроқ, соқоли узунроқ одам йўқ эдими, деб сўраяпман, — дебди. Чўпон жавоб бериб:
— Сизга бўйи баланд, кийими янгироғи керак бўлса, мана менинг туям, у яқинда туллаган, бўйи ҳам баланд. Агарда соқоли узунроғи керак бўлса, мана менинг такам, нақ соқоли икки қарич. Агар сизга ақллироқ одам керак бўлса, мана менинг ўзим. Менга ҳар қанча саволингиз бўлса бераверинг, — дебди.
Подшо чўпоннинг бу жавобидан кейин:
— Ҳай майли, бўлмаса сен элчи экансан, нима учун шаҳардаги ноғораларни ёриб ташладинг? — деб сўрабди.
Чўпон:
— Шаҳарингизда ҳар куни ноғора чалинади. Ноғора овозига бизнинг яйловдаги йилқиларимиз ҳуркиб, тек турмай қўйдилар. Ноғораларнинг овозини ўчирсам зора йилқиларим тек турсалар, деб кўринган ноғораларни ёра бердим, — дебди.
Подшо чўпоннинг жавобидан кулиб:
— Шаҳардан йигирма-ўттиз чақирим узоқда бўлган отларнинг ноғора овозига тек турмасликлари ҳеч ақлга тўғри келадими? Бу бўлмаган гап, — дебди. Чўпон ҳам подшодан:
— Шаҳардан йигирма-ўттиз чақирим нарида бўлган отларнинг кишнашига шаҳардаги отларнинг беда емасдан ориқлашлари ҳеч ақлга тўғри келадими? — дебди.
Подшонинг ўнг қўл вазирига берган буйруғи эсига тушибди. Бу чўпонни сўз билан енга олмаслигига ақли етиб, чўпонга:
— Тила тилагингни! — дебди. Чўпон:
— Агар лойиқ кўрсангиз, менга шу шаҳардан беш ҳўкиз терисидек ер берсангиз, — дебди.
Подшо чўпоннинг тилагини назарига илмай, муншисига қараб:
— Бу чўпоннинг номига менинг тарафимдан «беш ҳўкиз терисидек ер берилсин», деб васиқа қилиб бер! — дебди.
Мунши васиқа ёзиб муҳрлатиб берибди. Чўпон васиқани олиб уйга қайтибди.
Чўпон ўзи сингари уч-тўртта дўстини йиғиб, уларга бўлган воқеани айтиб бериб, сўнгра:
— Энди мен бир иш қиламан, ҳамма ҳайрон қолади, — дебди. Чўпоннинг ўртоқлари:
— Қандай иш қилмоқчисан? — деб сўрабдилар. Чўпон:
— Ҳаммамиз бир бўлиб, бешта ҳўкиз топишимиз керак. Сўнгра мен сизларга қиладиган ишимни айтаман, — дебди. Чўпонлар биттадан ҳўкиз олиб келибдилар. Бешта ҳўкизни сўйишибди. Териларни бир чеккасидан каноп ип қалинлигида қилиб қирқибдилар. Тери иплар тайёр бўлгандан кейин, иплар билан бирга бир қанча қозиқчалар олиб шаҳар қалъасига келишибди. Қалъа бўйлаб қозиқларни қоқиб қозиқларга тери иплари боғлаб, шаҳарни айлантириб чиқибдилар. Беш ҳўкиз терисидан қилинган ип шаҳарни айлантириб чиқишга етибди-ю, шу билан тамом бўлибди.
Чўпон ўртоқлари билан шу ишларни қилиб бўлгандан кейин қўлига подшо томонидан берилган васиқани олиб, подшо олдига борибди. Чўпон таъзимни бажо келтиргач, подшога қараб:
— Эй подшо, ўз фармонингиздан қайтмайсизми? — дебди. Подшо:
— Муҳрим бўлса қайтмайман, — дебди. Чўпон қўлидаги васиқани кўрсатиб:
— Мана шу восиқага биноан шу шаҳар бутун халқи билан меники бўлди, — дебди.
Подшо ҳайрон бўлиб:
— Бу сўзни қандай асос билан айтасан? — дебди. Чўпон жавоб бериб:
— Агар менинг асосимни ўз кўзингиз билан кўришни истасангиз мен билан шаҳар ташқарисига чиқинг, — дебди.
Подшо чўпоннинг сўзини қабул қилиб, бутун амалдорлари билан шаҳар қалъасига чиқибди. Подшо чўпонга.
— Қани, асосингни кўрсат? — дебди.
Чўпон подшони бошлаб шаҳар қалъасини айлантириб, теридан қилинган ипларни кўрсатиб, шаҳарни айланиб чиққанларидан сўнг, ўртоқларига ҳамма тери ипларни йиғиштириб чиқишни буюрибди. Ўртоқлари ипларни йиғиштириб келгандан сўнг, чўпон ҳар бир ҳўкиз терисининг рангига қараб бошқа-бошқа қилиб ажратиб, тери ипларни қирқилиб олинган жойларига қўйиб, ҳар бир ҳўкиз терисини ўз ҳолига келтириб подшога кўрсатибди. Подшо чўпоннинг ақлига қойил қолиб, ўзининг берган васиқасини қайтариб олишга амалдорлардан уялиб, чўпонга:
— Бор, сенга шу шаҳарни бердим, — деб ўзи шаҳардан чўл томонга чиқиб кетибди. Подшо амалдорлари ўша ерда чўпонга подшолик тожини кийдириб, карнай-сурнайлар чалдириб, ўрдага келишибди. Шундай қилиб чўпон шаҳарга подшо бўлибди. Ёрдамлашган тўртта чўпонни ўзига ёрдамчи қилиб, уларни ярамас амалдорлар ўрнига тайинлабди. Зиндонда ётган бегуноҳ камбағалларни озод қилибди. Ўзи одил подшо бўлиб, мурод-мақсадига етибди.