Бурунги замонда бир чол билан кампир бўлган экан. Уларнинг биргина сигирлари бор экан. Шу сигирга ем-хашак солиш, сув беришга чол-кампир жуда эринар эканлар.
Бир куни чол-кампир бу ишни бир-бирларига буюриб, сансалор қилиб, айтишиб қолишибди. Шундан кейин улар, “ким биринчи бўлиб сўзласа, ўша сигирга сув беради” деб келишиб олишибди.
Икковлари сўзлашмай ўтираверибдилар. Охири кампир зерикканидан қўшнисиникига чиқиб кетибди. Чол эса уйда қолибди. Шу пайт эшик тақиллабди. У бир девона экан. Ҳеч ким жавоб бермагандан кейин, девона уйнинг ичига кириб келибди. Чол шунда ҳам оғиз очмабди. Девона уйдаги кўзга кўринган нарсаларнинг ҳаммасини кўтариб чиқиб кетибди. Чолнинг индамаганига ҳайрон бўлиб, унинг соқол-мўйловларини ҳам қириб ташлабди. Бир оз вақт ўтгач кампир келибди. Қараса, уйдаги нарсаларнинг кўпи йўқ, чолнинг соқол-мўйловлари олиб ташланган. Шунда кампир:
— Нималар қилиб ўтирибсиз? Уйдаги жиҳозлар қани? Ўзингизга нима қилди? — деб бақириб кетибди.
Шунда чол суюниб:
— Ана, энди сигирни ўзинг суғорадиган бўлдинг, — дебди.