Бўри билан мерган

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан, товуқ тоқ этди, билмадим қаққа кетди.
Бир мерган бор экан. У мерган овга чиқибди. Бўри учраб қувиб кетибди. Бир жойда чол хирмон совураётган экан. Бўри югуриб келиб, чолга:
— Ота, бир мерган қувиб келаётибди, мени бекитиб қўйинг, — дебди. Чол «хўп» деб, бўрини қопга солиб, устига похол ёпиб бекитиб қўйибди. Мерган чолнинг олдига келиб:
— Ҳой чол, шу ердан бўри ўтдими? —  дебди. Чол:
— Мен ўзим бўридан қўрқаман, ҳеч нарса кўргаиим йўқ, — дебди.
Мерган чолнинг гапига ишониб, кетиб қолибди. Бўри похол тагидан:
— Мени қувиб келаётган мерган кетдими? —  дебди. Чол:
— Ҳа, кетди, — дебди.
— Кетган бўлса мени қўйиб юборинг, — дебди бўри. Чол:
— Хўп, — деб бўрининг устидаги похолни олиб ташлабди. Бўри похол тагидан чиқиб:
— Чол-чол, сени ейман, — дебди. Чол қўрққанидан шошиб:
— Мени егунча, молхонада қўш қўчқорим бор, уни егин, — дебди.
Бўри севиниб молхонага борибди.

Бўри борди қўчқор қошига,
Сузиб солди бўри бошига.
Яна келди чолнинг қошига.

— Жон бобо, жоним бобо, сени ейман, —дебди ул. Чол:
— Мени егунча, отхонада қўш отим бор, уни егин, — дебди.

Бўри борди отнинг қошига.
Тепиб солди унинг бошига.
Яна келди чолнинг қошига.

— Жон бобо, жоним бобо, сени ейман, —деб такрорлабди бўри. Чол яна:
— Мени егунча, отхонада қўш эшагим бор, уни егин, — дебди.

Борди эшак қошига,
У харб солди бошига.
Келди чолнинг қошига.

— Жон бобо, жоним бобо, сени ейман, — деб турганида, икковининг олдига тулки келиб қолибди, чол бечора йиғлаб:
— Мерган бўрини қувиб келаётган эди, бўри мендан ўзини яшириб қўйишни сўради. Мен уни қопга тиқиб, похол ёпиб, бекитиб қўйдим. Мерган келиб: «Чол-чол, бўри кўрдингми?» деб сўради. Мен бўридан қўрқаман, ўтгани йўқ дедим. Мерган ишониб, кетди. Похолни олиб бўрини қопдан чиқариб қўйсам «сени ейман», деб мени мушкул ҳолда қолдирди, — деган экан, тулки:
— Эй, бўри ўртоқ, чол сени шундай ўлимдан қутқарса-ю, сен шундай қари чолни ейсанми? —  деб дашном берибди. «Юр бўлмасам», деб бўри тулки билан биргаликда чолнинг олдидан «хайр, ота», деб жўнаб кетибди. Чол ҳам ўлимдан қутулганига хурсанд бўлиб қолибди. Бўри билан тулки бошларига тушган саргузаштларини айтишиб кетаверибдилар. Бир шудгорга келсалар, бир парча қуйруқ ётган экан. Оч қолган бўри шошилиб тулкига:
— Мен шу думбани ейман, — дебди. Тулки:
— Ема! — дебди. Бўри:
— Нега ема дейсан? —  деб ғазабланибди. Тулки:
— «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур», уни емагин, — дебди. Бўри:
— Мен ҳам бир гап айтай, сен ҳам тушунгин. Бир одам бозорга боргандир, гўшт-ёғ олгандир, отини миниб лўкиллатиб чопгандир, бир парча ёғи шу ерда тушиб қолгандир, ейман, — дебди. Тулки: «ема!» деб кўп ялинса ҳам бўри кўнмабди. Тулки аччиқланиб кетаверибди. Тулки кетгандан кейин бўри ёғни ейман, деб мерган қўйган қопқонга тушиб қслибди. Мерган бир катта толнинг тагида пойлаб ўтирган экан. Бўрининг қопқонга илинганини кўриб, вақти чоғ бўлиб, келиб бўрини ура бошлабди. Калтакнинг зарбига бўри чидай олмай, сакраб қопқондан чиқиб, жон ҳолатда бир дарёга борибди. Ундан сузиб ўтиб, дарё бўйида у ёққа-бу ёққа қараб ўтлаб юрган қўзини кўрибди, ҳаллослаб қўзининг олдига борибди ва қўзига:
— Сени ейман, — дебди. Қўзи:
— Мени ейишга ейсан, мени туз коига олиб бориб тузлаб егин. Ана маза-ю, мана маза, — дебди. Бўри: «Хўп, сенинг ҳам гапингга кирай», деб конга олиб борибди. Қўзи.
— Сен шу ердан жилмай тур, мен дарров туз олиб чиқай, ундан кейин туз билан ейсан, — деб конга кириб, йўлни чаппа солиб қочиб кетибди. Бўри ҳали чиқар, ҳали чиқар, деб бир қанча вақт кутибди, қўзининг ҳеч дараги бўлмабди. «Қўзи мени алдаб кетган экан», деб уми-дини узиб, жўнабди. Бир жойга борса, бир от ўтлаб юрибди. Отнинг олдига бориб:
— От, от! Сени ейман, — дебди. От:
— Мени есанг ерсан, менинг тақамга ёзилган васият бор, шуни ўқиб бер, мен эшитай, — дебди. Бўри тақадаги хатни ўқийман деб бориши билан от бир тепибди, бўрининг оғзи қонаб, думалаб кетибди. Ўрнидан туриб бир жойга бориб, у ёққа-бу ёққа қараб, нима қилишини билмай турган экан, бир семиз эшакнинг ўтлаб юрганини кўриб қолибди. Эшакнинг олдига бориб.
— Эшак, сени ейман, — дебди. Эшак айтибди:
— Хўп, мени ейишга ейсан. Ота-бувамдан қолган йўрға юришим бор, шуни қилиб берай, армонда кетмайин, — дебди. Бўри: «Хўп, бўлмаса», деб эшакнинг устига минибди. Эшак бўрини у ёққа лўкиллатиб-бу ёққа лўкиллатиб олиб келиб, устидан ирғитиб қочибди. Бўри йиқилганича қолибди. Қорни оч, бедармон бўлиб ётганида бир чолнинг ўтин териб юрганини кўрибди. Жойидан туриб, чолга томон жўнабди. Чол узоқдан бўри келаётганини фаҳмлаб шошиб-пишиб ўтинини арғамчисига боғлабди. Бир дарахт илдизини ковлаб олгандан қолган чуқур бор экан. Чол дарров шу чуқурнинг ичига тушиб, ўтинини чуқурнинг оғзига қозон қопқоғидек ёпиб, бекитиб ётаверибди. Бўри ўтин ёнига келиб қараб туриб, чолни топа олмай, ўтиннинг тепасига чиқиб ўтириб:

Кўрдингки қўзи,
Термилади икки кўзи.
Сенга ким қўйибди.
Қўзини тузлаб ейишни, ув-ув.
Кўрдингки ўтлаб юрибди от,
Ота-бобосидан қолган хат.
Сенга ким қўйибди
Унинг васиқасини ўқишни, ув-ув.
Кўрдингки эшак,
Ёнига солдинг тўшак.
Сенга ким қўйибди
Йўрғасини кўриб боқишни, ув-ув, —

деб йиғлаб-йиғлаб ўтин устидан тушиб саҳрога қараб кета берибди. Юриб-юриб очлигидан ўлиб қолибди. Чол бечора чуқур ичидан чиқиб ўтинини кўтариб, у ёқ-бу ёққа қараб, шошиб болалари ёнига қайтиб келибди. Бўлган воқеани болаларига айтиб берибди. Болалари: «Дадам бечора бир ўлимдан қолибди-да», деб оталарини далага чиқармай қўйибдилар.

Ўтинчи йигит билан шер

Бир йигит далага ўтин тергани чиқибди. Бир дарахт ёнига келиб шу дарахтни йиқитмоқчи бўлибди. Бир шер келиб қолиб:
— Э одамзод, нимага келдинг, бу ерда нима иш қиласан? — дебди.
У йигит:
— Мана шу теракни қулатаман, — дебди.
Шер:
— Мен шундай кучим билан бу теракни қулата олмайман-ку, сен қандай қилиб қулатасан? — дебди.
Йигит:
— Эй, жўра, мен жуда зўрман, — дебди.
Шер:
— Сен зўр бўлсанг, кел икковимиз курашиб кучимизни синаймиз, — дебди.
Йигит:
— Майли, курашамиз, — дебди. Иккови курашмоқчи бўлиб турганда йигит:
— Кучимнинг ярми уйда қолибди, бориб олиб келай, — дебди.
Шер:
— Ҳа, бориб кел, бўлмаса йиқилсанг кучим уйда қолган эди, деб тан бермай юрарсан, — дебди. Йигит кучини олиб келмоқчи бўлиб кетиб, бир жойда кўринмай бекиниб туриб, яна қайтиб келибди.
Шер:
— Олиб келдингми? — дебди.
— Олиб келдим, — дебди йигит.
— Ундай бўлса қани курашайлик, — дебди шер. Яна иккови курашмоқчи бўлиб турганда йигит:
— Эй, шер жўра, кучимнинг тағин пичаси уйда қолибди. Олиб келай, — деб кетиб, йўлдан қайтиб келиб:
— Сен қочиб кетма, — дебди.
Шер:
— Йўқ, мен қочмайман, шернинг гапи бир, — дебди.
Йигит:
— Йўқ, сенга кўнглим ишонмайди. Сени боғлаб кетаман, — дебди.
Шер:
— Боғлай қол, — деб ўзини боғлатибди. Йигит шерни маҳкам боғлабди. Толдан яхши бир таёқ қилиб олиб келиб гурсиллатиб шерни ура бошлабди.
Шернинг: «Жон одамзод, мени урманг, энди одамзодга йўлиқмайман», деб ялинганига ҳам қарамай, ура берибди. Шу пайт бир йўлбарс келиб қолибди. Йигит йўлбарсдан қўрқиб терак бошига чиқиб кетибди. Йўлбарс шернинг боғланиб ётганини кўриб:
— Эй, шер, шунча кучинг билан нимага ўзингни одамзодга урдирасан? — дебди.
Шер:
— Эсинг бўлса одамзодга йўлиқма. Қоч бу ердан. Сени ҳам ушлаб, боғлаб уради, — дебди.
Йўлбарс шердан бу гапни эшитиши билан орқасига қарамай қочиб кетибди. Йигит терак устидан тушиб, шерни бўшатиб юборибди. Теракни қулатиб, арралаб уйига олиб бориб, мурод-мақсадига етибди.