Булбулигўё

Қадим замонда бир золим подшоҳ бор экан. У бирмунча кун, бирмунча йил халқни эзиб, янчиб, ейдиган овқатининг ярмини олиб сотиб, олтин-кумушни йиғиб, халқдан йиғган пул билан ўз ўрдасига бир туп чинор қилдирибди. Усталарни йиғиб: “Бу чинорнинг танаси ёқутдан, шохчалари зумраддан, барглари забаржаддан, мевалари гавҳар-у шамчироқдан бўлсин!” деб амр қилибди. Шаҳар халқи буни эшитиб: “Бу дарахт битгунча бош қашигани тирноғимиз ҳам қолмаса керак”, деб қайғурибди.
Чинорни етти йилда тайёр қилибдилар. Бир кун подшоҳ чинор тагида ухлабди. Шунда ўнг бетига иссиқ ўтибди. Кўзини очиб қараса, тангадек офтоб тушиб турибди. Бирдан подшоҳ юртини чақиртирибди:
— Кимки шу дарахтнинг баргини олган кимсани топса, подшоҳлигимга шерик қиламан. Айтганим топилмаса, бундай шаҳар менга керак эмас, шаҳарнинг кулини кўкка совураман, — дебди. Ўнг қўл вазири:
— Бу кеча пойлаш учун одам қўйинг, уддасидан чиқолмаса, кейин бундай сиёсат қилинг, — дебди.
Қирқ йигитни қўлига яроғ-аслаҳа бериб пойлатибди. Улар ярим кечага бориб якка-дукка бўлиб ухлаб қолибдилар. Подшоҳ уйқудан уйғониб қараса, бир мирилик чақадек дарахтнинг барги йўқ. Подшоҳ ғазабланиб ҳар тана мўйи ништардай бўлиб, тожини тепиб:
— Жаллод! — деб қичқирибди.
Ўн тўрт жаллод, мурғи саловат, қиличи бурро, тили гўё “Кимнинг ажали етди, офтобни сояга етказмай, жонини олай!” дебди.
— Буларнинг бошини танидан жудо қил!
Вазир:
— Ҳар куни қирқтадан бош кесаверсангиз, шаҳарда одам қоладими? Буларни ҳозирча зиндонга солинг, бошқа кишидан пойлоқчи қўйинг, — дебди.
Подшоҳ:
— Бу кеча дарахтимни ким пойлайди? Ҳеч ким менга шу сирни ошкора қилмаса, шаҳар халқини тиғдан ўтказиб, тупроқ билан баробар қиламан, — дебди.
Подшоҳнинг уч ўғли бор эди. Катта ўғли:
— Бу кеча мен пойлай, — деб дарахтнинг тагига борибди. Ярим кечада бу ҳам ухлаб қолибди. Тонг отиб подшоҳ қараса, кечагидан каттароқ офтоб тушиб қолибди. Подшоҳ катта ўғлини зиндонга ҳукм қилибди. Ўртанча ўғли отасига қараб:
— Бу кеча мен пойлай, сирни билмасам мени ҳам акамга қўшиб ўлдиринг! — дебди. Ўртанча ўғли ҳам кечаси билан дарахт тагида турибди, тонгга яқин кўзини уйқу олиб, ухлаб қолибди. Подшоҳ эрталаб уйғониб қараса, дарахт барглари орасида бир бурда нондек жойи йўқ.
Ҳар бир кўзи чарви тиқилган мушукнинг кўзидай бўлиб:
— Жаллод! —дебди. Ўртанча ўғлини ҳам зиндонга ташлабди.
Кичик ўғли:
— Эй отажон, ижозат берсангиз, қўлимга ўқ-ёйни олсам, бу баргни оладиган кимсанинг жигарини пора-пора қилмасам, элу халқни ёруғлик жаҳонга чиқармасам, подшоҳзода бўлмайман, — деб аҳд қилибди. Подшоҳ бунга ҳам ижозат берибди.
Кенжа шаҳзода қўлига ўқ-ёйни олиб, чилла-ю камонга пайваста қилиб, ўнгга-сўлга қараб ўтирибди. Айни саҳарда кўзини уйқу олиб келганда, чўнтагидан пичоқчасини олиб, бир жимжилоғини кесиб қўйибди. Қўли оғриққа турибди. Кесган жойига туз-қалампирдан босиб қўйибди. Уйқуси қочибди. Азонга яқин осмондан бир парранда учиб келиб, чинорнинг шохига қўнибди. Қушнинг тумшуқлари ёқутдан, оёқлари забаржаддан, қанотлари дурри маржондан экан. У чунон сайрабдики, замини-замон, макини-макон ларзага келибди. Шаҳзода симобдек эрибди, лекин ўзини тутиб олиб, камонини тўғрилаб, қушнинг кўкрагини мўлжаллаб отибди. Ўқ қушнинг бир тола қанотига тегиб, уни узиб туширибди. Ўқнинг шарпасига подшоҳ бошлиқ саркардаларнинг ҳаммаси уйқудан уйғонибди.
Кичик ўғлининг ўнг қўлида ўқ-ёйи, чап қўлида бир қанот: — Мен қушга ўқ отган эдим, қанотига тегди, — деб отасига қанотни кўрсатибди. Подшоҳ қўлига олиб қараса, бир тола қанот етти йиллик божи-хирожга арзийди. Подшоҳ:
— Кимки шу қушни қўлимга келтирса, тахтимга чиқариб, подшоҳлигимга шерик қиламан, — дебди.
Кенжа ўғил зиндондаги икки акаси ва қирқ йигитни ажратиб олибди.
Подшоҳ:
— Бу ишга ким қадам қўйиб боради? — деганда, икки катта ўғли:
— Бу хизмат биздан бўлсин, ота, — деб, қўл қовуштириб турибди.
— Шаҳар халқи, ўз фарзандларини ўлдирса, бизни ҳам ўлдиради, ўлдирмаса, биз шаҳарни бўшатиб бир ёққа кетамиз, — деб маслаҳат қилибдилар.
Подшоҳнинг кўзи тиниб, қўлидаги пиёласи ерга тушибди. Ноилож икки ўғлига жавоб берибди. Икки ўғли қирқ туядан мол қилиб, савдогар суратида бўлиб, шаҳардан чиқиб кетибди.
Орадан уч кун ўтибди. Подшоҳнинг кенжа ўғли туш кўрибди, тушида бир парча булут узилиб қўйнига тушибди. Чўчиб уйғонибди ва подшоҳнинг ёнига келиб:
— Эй отажон! Менга ҳам сафар йўли тушди. Туш кўрдим, тушимда сафарга чиқишни хуш кўрдим. Яхшилик билан жавоб берсангиз ҳам, йўқ десангиз ҳам кетаман, — дебди.
Подшоҳ ноилож бир қанча мол-у амвол бериб, кенжа ўғлини ҳам жўнатибди. У тез-тез юриб, бир ҳафта деганда акаларига етиб олибди. Юриб-юриб бир манзилга етибди.
Уч йўл келибди. Бири “борса келар”, иккинчиси “борса хатар”, учинчиси “борса келмас” экан.
Катта акасининг жони бўшроқ экан. У “борса келарга” кетибди, ўртанчаси “борса хатарга”, кичкинаси “борса келмас”га хайрлашиб жўнабди.
Ўртанчаси: “Бу борса хатар чатоқ. Акамнинг олдига бориб, биргалашиб кетсам бўлмайдими?” — деб акасининг кетидан кетиб, уни топиб олибди. Иккиси бир шаҳарга бориб, бир супада қатиқ ичишиб ўтирган чоғида, шу шаҳар подшоҳининг қизи равоқда ўтириб, кўзи иккала дангасага тушибди. Малика ғазабланиб: “Менинг тўғримда уялмай ўтирибди”, деб оғзида еб турган олманинг пўчоғини катта саҳзодага отибди. Улар орқага қайрилиб қарасалар, малика равоқда ўтирган эмиш.
Улар:
— Бу подшоҳнинг қизи бизга ошиқ бўлди, — деб гумон қилиб, қирқ туя молни унга туҳфа қилибдилар. Намоз асргача ўтиришибди, фойда бермабди. Маликанинг канизакларидан бири чиқиб:
— Нимага кетмай, бу ерда ўтирибсизлар? — дебди. Подшоҳзода:
— Малика бизга ошиқ бўлиб, олма отиб, ҳазил-мазаҳ қилибди. Биз бир илтифот бўлмаса кетамизми? — дебди.
Канизак:
— Бу ердан тез кетинглар. Бўлмаса бошингизни кесадилар, — деб қўрқитибди.
Икки шаҳзода қўрқиб, қалтираб, шаҳарга кирибдилар, кечаси бир дўконнинг тахтаси тагида ётибдилар. Эртасига бири шўрвапазга, бири ошпазга шогирд тушиб, ўт қаламоққа бошлабди.
Икки калима сўзни кенжа шаҳзодадан эшитинг:
Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, чўлма-чўл, кўлма-кўл, биёбонма-биёбон, мазгили мароҳил йўл босиб, бир булоқ бошига етибди. Булоқ ёнида бир чинор бор экан. Отни чинорга боғлаб, хуржунга қўлини солиб қараса, бир дона кулча қолибди. Сувга солиб, рўмолчасига ушатиб, энди ейман деб турган паллада биёбондан бир чанг пайдо бўлибди, сўнг ичидан бир маймун шаҳзодага қараб югуриб келибди. Шаҳзода қўрқиб, дарахтнинг тепасига ўзини олибди. Маймун ивиган кулчани еб, тумшуғини артиб, дарахтга қараб шаҳзодани имлаб:
— Тут! — дебди.
Шаҳзода:
“Нонни еб тўймади, энди мени ҳам ейди”, деб қўрққанидан чинорнинг шохини ушлаб турибди, маймун бир сакраб чинорнинг пастки шохига чиқибди. Шаҳзода яна дарахтнинг барглари орасига яширинмоқчи экан, маймун буни сезиб:
— Ерга туш, — дебди. Шаҳзода дарахтдан тушибди.
Маймун:
— Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяр бу ерларда нима қилиб юрибсан? — дебди.
Шаҳзода ерга тушиб, мардоналик билан бошидан ўтган воқеани баён қилибди. Маймун:
— Бир туз ичган ерга қирқ кун салом. Сенинг кулчангни емасам бўлар эди. Кулчангни едим, энди тузингни оқлайман. Отга минайлик, давлат бизга ёри берса, қушингни қўлга киритайлик — дебди. Иккиси йўлга тушибди. Бир манзилга етиб, отдан тушиб, дам олиб ўтиришганда, маймун:
— Мен шу ердан лахим ковлаб, беш кеча-ю беш кундузда чиқаман.
Беш кеча-ю беш кундузда чиқмасам, келган йўлингга қайт, — деб ер ковлагани машғул бўлибди. Олтинчи куни маймун чиқиб:
— Сен айтган жонивор ”булбулигўё” экан. Қафаснинг тагидан чиқдим. Бу ғорга кирасан. Тешик оғзига етасан. У ерда сарой бор, аскарлар кўп. Ярим соат истиқомат этасан. Аскарлар ухлайди. Шунда қафасга қўлингни узатасан, тепасини очиб кўрмасдан олиб чиқасан. Подшоҳ билиб қолса, ўн жонингдан бир жонингни ҳам қўймайди, — дебди.
Маймуннинг сўзини уқиб, ғорга кирибди. Ғорнинг оғзига бориб, сабр қилиб турибди. Посбон-қоровуллар бешта-ўнта бўлиб, ерда ухлай бошлабдилар. Шаҳзода ғордан чиқиб, қафаси билан қушни қўлига олиб “Отам айтган етмиш қават парда ичидаги жонивор шуми ёки бошқами?” деб парданинг бир қаватини кўтарибди. Қуш чунон сайрабдики, олам халқи маст бўлибди. Шаҳзода беихтиёр бўлиб, қўлидан қафас ерга тушибди. Кўзини очиб қараса, икки ясовул олдида, учтаси кетидан ҳайдаб подшоҳнинг ўрдасига етказибди. Подшоҳ мирғазаб жаллодни чақириб:
— Бу ўғрининг иккала қўлини чиғаноғидан кес! — дебди.
Вазир подшоҳга мурожаат қилиб:
— Бир қушни деб шундай йигитни ўлдирасизми? Бундан гап сўрайлик, — дебди.
Шаҳзодадан воқеани сўрабди. Шаҳзода бошидан кечирган воқеаларни айтиб берибди. Вазир воқеани эшитиб:
— Эй подшоҳ, бу йигитни бир қийин ишга буюринг, ўз ажали билан ўлиб кетсин. Бир қушни деб, бир йигитни ўлдирсак, бизга иснод бўлиб қолади, — дебди.
Подшоҳ:
— Кунботарда бир шаҳар бор. Бу шаҳардан отлиққа тўққиз ойлик йўл. У шаҳар подшосининг бир қизи бор. Шу қизни менга келтирсанг, қафасдаги қушни сенга бераман, — дебди. Подшоҳ бир ҳамён тилла бериб, шаҳзодани йўлга солибди. Шаҳзода қилган ишидан маймунни огоҳлантирибди. Иккови отга миниб, яна сафарга кетибди. Тўққиз ой деганда бир катта шаҳарга етибдилар. Отни ўтга қўйибдилар. Маймун ғор ковлаш билан машғул бўлибди. Тўққиз кеча, тўққиз кундузда ғорни ковлаб, битириб чиқибди. Маймун:
— Мен ер ковлаб малика равоғининг қоқ тагидан чиқдим. Қўнғироқларга эски увадаларни тиқиб, қўнғирамайдиган қилиб қўйдим. Малика қирқ канизак ўртасида ойдек бўлиб ўтирибди. Унда бир кичкина олтиндан ясалган тахт бор. Тахт устида бир қути турибди. Агар малика ухламоқчи бўлса, худди ана шу қутининг ичига тушиб ухлайди. Сен аввал бу қутини очиб қара, маликанинг кўзи очиқ бўлса, уни ол, кўзи ёпиқ бўлса тегма, — дебди.
Шаҳзода ғорга кириб, маймун айтган ердан бошини чиқарибди.
Зинадан чиқиб, қирқ ҳужрадан ўтиб равоққа кириб кўрса, қирқ канизак ўртасида бир малика дилором ўтирибди.
Шаҳзода андек сабр қилиб турибди. Ҳар қайсиси ўз жойига ўтириб ухлай бошлабди. Шаҳзода бориб қутини қўлига олса, ўн тўрт кечалик ойдек барқ уриб, малика ётибди. Шаҳзоданинг ақли бошидан учиб, юраги жўш уриб, қайнаб-тошиб, сабр-тоқати қолмай, маликанинг нақш олмадай юзидан бир бўса олай, деб яқин борганда, оғзининг ҳоврига маликанинг юзи хираланиб, кўзини очиб:
— Эй одамзод, менинг тепамда нима қилиб турибсан? — дебди ва канизакларини чақирибди.
Канизаклар уйғониб, шаҳзодани подшоҳга олиб борибдилар. Подшоҳ дарғазаб бўлиб, ўлимга буюрибди. Подшоҳнинг вазири:
— Тақсир, бу болани кечаси ўлдирсак, тонг отса катта-кичик эшитиб “подшоҳ қизининг ўйнашини ўлдириб, қизини олиб қолибди, деган иснодга қоламиз. Уни бир хизматга буюринг, ўз ажали билан ўлиб кетсин, — дебди.
Подшоҳ:
— Менинг бир шартим бор, шуни бажарсанг қизимни сенга бераман. Шу ердан ўттиз ойлик йўлда бир дарё-ю қулзум бор, деб эшитаман. Шу дарёнинг нариги юзида Арзақи деган бир жодугар бор эмиш.
Унинг “Қорақалдирғоч” номли бир оти бор эмиш. Бир ойлик йўлни кўзни юмиб, очгунча босармиш. Шу отни менга келтириб берсанг, қизим сеники, — деб тилхат берибди ва бир ҳамён олтин бериб жўнатибди.
Шаҳзода маймуннинг олдига келиб зор-зор йиғлабди. Маймун:
— Эй шаҳзода, ғам ема, давлат бизга ёр бўлса, жодугарнинг тахт-бахтини тахта-ю тобутга уриб, рахтини бузиб, отни сенга олиб бераман, — дебди. Ҳар иккиси йўлга равона бўлибди. Саҳроларда сайри томоша қилиб, шикор қила-қила, бир дарёнинг бўйига етишибди. Бу дарёнинг у юзидан бу юзи асло кўринмас экан. Маймун:
— Бу дарёдан қандай ўтамиз? — деб сўрабди.
Шаҳзода:
— Бу дарёдан нима бўлса ҳам ўтишимиз керак. Келган йўлимизга асло қайтмаймиз, ё ўтамиз, ёки дарёга тушиб ўламиз, — дебди.
Маймун боланинг ҳимматига завқ қилиб:
— Ҳар ишга қадам қўйсанг, шердек ҳайқириб қадам қўй. Асло қўрқма! Сен, мен омон бўлсак, муродингга етасан. Сени ўз шаҳрингга етказаман, — деб дарёнинг лабидан чуқур ковлай бошлабди. Қирқ кеча, қирқ кундуз деганда маймун қайтиб чиқиб:
— Мен отнинг охури ёнидан тешиб чиқдим, ўзингга ҳушёр бўлиб, бошингни тешикдан бир марта кўрсатасан. От бир сайҳа тортиб кишнайди. Жодугар уйқудан туради, чиқиб отни уриб, яна уйига кириб ётади. Яна бошингни иккинчи марта кўтарасан. Жодугар отни уриб, қасам ичади. Учинчисида ҳушёр бўл, от кишнагунча тўрвадаги кишмишни унинг бошига ил: “Эй жонивор, золимнинг зулмидан, жодугарнинг илгидан қачонгача калтак еб юрасан”, деб чаққонлик билан отни ечиб ол, эгар, юган, тўқим дема. Жодугар бир ухласа, қирқ кеча-кундуз ухлайди. Бир ухламаса қирқ кеча-кундуз ухламайди. Жодугар шу бугундан бошлаб уйқуга тушди, — дебди.
Шаҳзода маймуннинг сўзини уқиб олибди. Ғорга кириб, дарёнинг тагидан, отнинг охури ёнидан чиқибди. Тешикдан бошини чиқариб қараса, отхонанинг тўрт бурчагида тўртта олтин қозиқ. Тўртта олтин қозиққа боғланган от қулоғини қалам, қуйруғини алам қилиб ўйнаб турибди. От шаҳзодани кўриб, бирдан сайҳа тортиб, кишнаб юборибди. Жодугар уйқуга ётган экан. У отнинг овозини эшитиб, уйғониб кетибди. Оғзидан ўт сочиб, отхонага кирибди. Шаҳзода кўрса, бўйи минордек, ҳар кифти чинордек, оғзи ғордек, кўзи эски қопдек, бурни мисли тандирдек, бадани филнинг баданига ўхшармиш.
— Эй, жонивор, бу ерларда қуш учса қаноти куяр, одам юрса оёғи куяр, одамзоднинг қадами етмас. Бу ерни Жазираи Олмас дейдилар. Одамзоднинг ҳидини олдингми сен? — деб отга бир қамчи урибди. Сўнгра кириб ўз жойига ётибди. Шаҳзода яна бир карра бошини чиқарибди.
От кишнабди. Жодугар қайтиб чиқиб, қўлида қамчи:
— Э ҳаром ўлгур. Одамзоднинг исини олдингми? Ернинг остида, осмоннинг устида бўлса ҳам тутиб бир ямлаб, бир ютаман деб, отга уч қамчи урибди. От қўрққанидан қон сийибди. Жодугар уйга кириб кетибди. Шаҳзода чаққонлик билан чиқиб, отнинг бошига тўрвани илиб:
— Эй жонивор, золимнинг зулмида, жодугарнинг илгида қачонгача калтагини еб юрасан? — деб отнинг бошини-кўзини силаб-сийпаб, эгар-юган, тўқимини уриб узасига ўзини олибди. Отнинг бўйнидан қучоқласа, бир депсинибди. Унинг икки биқинидан қанот пайдо бўлиб, қарчиғайдек осмонга кўтарилибди. Отнинг туёғидан чиққан учқун жодугарнинг пешонасига тегибди. Жодугар отни булут орасида кўрибди. У “Шошма, одамзод!” деб отнинг орқасидан чангалини ёзиб учиб, қувлаб кетибди. Отга яқин етиб, отнинг думидан ушлай деб қасд қилибди. От билиб дарёга ўзини отибди. Тезпар лочин от сувга яқин етибди. Жодугар қўлини отнинг думига етказиб, қуйруғидан тутиб, дарёга урай деб турганда, от қўш оёқ қилиб жодугарнинг оғзига тепибди. Жодугарнинг оғзи паранжидек йиртилиб, жони чиқиб, дарёга ғарқ бўлибди. От қайтадан ҳавога парвоз қилиб учибди. Шаҳзода кўзини очиб кўрса, ўттиз ойлик йўлни уч кунда учиб, бояги мамлакат устида от давра олиб турибди. Шаҳзода отнинг чап қулоғини уч марта ҳимариб қўйибди. От сузилиб, бояги ғорнинг оғзига тушибди. Шаҳзода хурсанд бўлиб, атрофга қараса, бояги маймун ғорнинг оғзида ёнғоқ чақиб еб ўтирибди.
Маймун:
— Энди нима қиламиз? — деб шаҳзодадан сўрабди:
— Отни бериб, қизни оламиз, — дебди шаҳзода.
— Бу отни шу подшоҳга бериб бўладими? Мен бир юмалаб, бир от бўламан. У мени ёқтириб қолади. Сўнгра маликани олиб, илгариги жойга бориб турасан, — дебди. Маймун шу он бир юмалаб бир от бўлибдики, бунинг олдида бояги от хачирча ҳам бўлмай қолибди. Шаҳзода икки отни ёлпўшлаб, қулоқчинлаб подшоҳнинг ўрдасига борибди. Подшоҳнинг кўзи отга тушибди, кўрса икки қорақалдирғоч от турибди.
Подшоҳ вазирга қараб:
— Чақир отчини, бизбоп от экан, сотса олайлик.
Вазир қичқирибди. Тахтнинг тагига келиб отга бир депсинибди. Тахтнинг икки кунгурасига икки от қўниб, тўрт оёғини жуфт қилиб турибди.
Подшоҳ ҳайрон бўлиб:
— Бу отнинг баҳоси неча пул? — деб сўрабди.
Шаҳзода:
— Пулга сотмайман. Биттасини бир қизга бераман, — дебди. Подшоҳ:
— Э нодон бачча, шу отни бир қизга берса бўладими? — дебди. Бола қўйнидан қоғозни чиқариб подшоҳнинг олдига қўйибди. Подшоҳ ўқиб кўрса: “Кимки шу отни келтирса, қизимни бераман”, деб ёзилган экан. Подшоҳ вазирга қараб:
— Нима қиламиз? — дебди.
Вазир:
— Мард сўзидан, йўлбарс изидан қайтмас. Қизингизни берсангиз шундай йигитга берасиз-да, — дебди.
Подшоҳ:
— Бирига пул, бирига қизимни берай, икки отни менга бер? — дебди.
Бола:
— Бирини қизингиз учун бераман, яна бирини қизингизнинг ўзи шикорга чиққан пайтларида минади, — дебди.
Подшоҳ хурсанд бўлиб отнинг иккаласини яланғочлаб:
— Эй вазир, отнинг қайсиси яхши? Танла! — дебди. Вазир Арзақи жодугарнинг отини ёқтирибди. Подшоҳ:
— Эй вазири нодон, мана бу от яхши, — деб маймун-отни ёқтириб олибди. Чунки маймун-от ҳар нафасда сайҳа тортиб кишнаб тураркан.
Подшоҳ қизини олиб чиқиб бир қанча тиллалар билан жўнатибди. Энди подшоҳдан эшитинг:
Подшоҳ “отни эртага овга минаман”, деб отхонага олиб кириб қўйишга буюрибди. Сайислар отни бойлай деса, от қулоғини қалам қилиб, қуйруғини алам қилиб, сўлиғини чайнаб, олдидан келганни тишлаб, кетидан келганни тепиб, ҳеч кимни таблага киргизмабди. Подшоҳ хафа бўлиб, отхонанинг эшигига калладек қулфни солиб, ўзи эшикнинг тагида, томга қирқта кишини қўйиб ётибди. Маймун-от деворнинг тешигидан чиқиб бадар кетибди. Эрталаб подшоҳ эшикнинг дарзидан “отим турибдими, йўқми” деб қараса, синиқ курак билан қашлағич ҳам йўқ эмиш. Буларнинг ҳаммаси тилладан қилинган экан. Подшоҳ хафа бўлиб, ўзини у ёққа-бу ёққа уриб қолаверибди. Бир замон вазирини чақириб ўтган ишларни баён қилибди. Вазир:
— Бу от Арзақи жодугарнинг оти экан. Арзақи жодугардан дев париларнинг ҳаммаси қўрқар экан. Неча-неча подшоҳлар бу отни оламиз деб жодугарнинг қўлида боши кесилган экан. Яхши сизга зиён етказмай, отни олиб кетибди. Бу ишдан сиз хафа бўлманг. Қизингизни бўлса, бир шаҳзодага бердингиз. Яна бир от қизингизнинг қўлида қолди-ку, — деб подшоҳнинг кўнглини хотиржам қилибди.
Энди сўзни шаҳзодадан эшитинг.
Булбулигўёни олиш учун ғор кавлаган жойга борса, маймун ёнғоқ чақиб еб ўтирган эмиш. Шаҳзода отдан тушиб ўлтирибди. Маймун:
— Нима қиламиз? — деб сўрабди.
Шаҳзода:
— Қизни бериб, қушни оламиз, — деб жавоб берибди.
Маймун:
— Эй, нодон бачча, бир қушга шу қизни бериб бўладими? Мен бир юмалаб қиз бўламан. Менинг олдимда бу қиз тўқсонга кирган кампир ҳам бўлмайди. Подшоҳнинг олдига олиб кирасан. У мени ёқтириб олиб қолади.
Шаҳзода:
— Қизни шу ерга қўйиб, сизнинг ўзингизни олиб борсам-чи? — дебди.
Маймун:
— Ёлғиз мени олиб борсанг номардлик бўлади. Подшоҳ иккимиздан биримизни танлаб олса, кейин пушаймон қилмайди, — деб бир қиз бўлибди. Шаҳзода отни ғорнинг ичига яшириб, икки қизни икки қутига солиб подшоҳнинг олдига борибди. Подшоҳ уни кўргач девона фаҳмлаб, хазиначига қараб:
— Келган меҳмонга бир нарса бериб юбор! — дебди.
Подшоҳнинг вазири:
— Эй подшоҳ, бу ўртада турган йигит девона эмас, булбулигўёнинг ишқида келган шаҳзодадир, — дебди. Шаҳзода қўйнидан бир хат олиб, подшоҳнинг олдига қўйибди. Подшоҳ ўқиб кўрса, ўзининг берган тилхати. Подшоҳ:
— Эй ўғлим, хизматни бажо қилдингизми? — деб сўрабди.
Шаҳзода:
— Келтирдим, — дебди.
Подшоҳ, вазир ва шаҳзода бир уйга кириб ўлтирибдилар. Бола қўйнидан икки қутини олиб, ерга қўйибди. Подшоҳ:
— Қиз қани? — деб сўрабди.
— Қиз шу қутининг ичида. Сиз бир қиз деб эдингиз, мен икки қиз келтирдим. Иккаласидан бирисини ёқтириб оласиз. Бири ўзимга қолади, — дебди.
Подшоҳ кулиб:
— Қиз қутининг ичига сиғадими? — дебди:
Шаҳзода қутини очибди. Икки қиз баравар акса уриб, қутидан чиқибди. Подшоҳнинг ақли шошиб, ҳуши бошидан учибди… Ошиқи-беқарор бўлибди. Подшоҳ:
— Эй вазир, қайсисини олай? — деб сўрабди.
Вазир подшоҳнинг қизини ёқтирибди. Чунки подшоҳнинг қизи бошини паст қилиб, сўзламай, одоб сақлаб ўтирган экан. Маймун-қиз қутидан чиқиб, подшоҳнинг тиззасига ўтириб, бўйнига қўл солиб, юз-кўзини артиб, юз ноз-карашма билан турар экан. Подшоҳга маймун-қиз ёқибди.
Подшоҳ вазирга: “От бўлса йўрға бўлсин, хотин бўлса сатанг бўлмасин-у, сатангсифат бўлсин, деб эшитмаганмисан?” дебди. Подшоҳ маймун-қизни олиб, булбулигўёни шаҳзодага берибди. Шаҳзода отга миниб, қизни ўнг тиззасига ўтқизиб, чап тиззасига олтин қафасни қўйиб жўнаб кетибди.
Энди сўзни подшоҳдан эшитинг:
Подшоҳ юртни чақиртириб, тўй-томоша қилибди, пешин ўтибди, хуфтон бўлибди, чироқлар ёқилибди. Подшоҳ қиз турган уйга кирибди. Маймун-қиз подшоҳни алаҳситиб, уй ичидан бари яхши нарсаларни йиғиштириб, бир тешикдан чиқиб қочибди. Подшоҳ уйқудан уйғониб қараса, бошидаги тожи, қиличи, камари йўқ эмиш. Қиз ҳам кўринмабди. Подшоҳ вазирни чақириб воқеани баён қилибди.
Вазир:
— Бу малика бир подшоҳнинг қизи бўлса, унинг сизга ўхшаган ошиқлари жуда кўп. Шулардан бири қизни олиб, сизни ўлдирмай кетибди. Бунга ҳеч хафа бўлманг, — дебди.
Энди гапни шаҳзодадан эшитинг.
Шаҳзода биринчи йўлдаги чинорнинг тагига борса, маймун бирталай ёнғоқни чақиб еб ўтирибди. Маймун:
— Энди нима қиламиз? — деб сўрабди. Шаҳзода:
— Мен кетаман, — дебди.
Маймун:
— Менинг уйимга бориб уч-тўрт кун меҳмон бўласан, — дебди.
Шаҳзода:
— Сенинг уйинг бир тоғнинг тешиги бўлса, мен сиғаманми? — дебди.
Маймун кулиб:
— Ҳалиям менинг ким эканимни билмас экансан. Юр, менинг уйимни кўриб кетасан, — деб йўл бошлабди. Улар бир тоғнинг орқасига ўтибдилар. Шаҳзода қараса, бир ажойиб бўстон, булбуллар сайраган, сув устида себаргалар ўрнаган; анжир, шафтолилар пишиб, тагига тўкилган. Бўстоннинг тўрт бурчагида тўрт олтин тахт. Зар кўрпачалар солиғлиқ. Тўрт атрофда қатор ҳужралар тузуғлиқ. Ҳар тарафда уч юз саксон олти ҳужра бор. Ҳар ҳужрада паризодларнинг боласи ўқиб, хат ёзиб ўтирибди. Маймун бир юмалаб, бир малика бўлибдики, оламда бундай чиройли қиз онадан туғилган эмас. Шаҳзода кўрган ҳамон ҳушидан кетиб йиқилибди. Бир замондан кейин кўзини очиб қараса, маймун парининг тиззасига бош қўйиб, тахтнинг узасида ётибди.
Маймун пари шаҳзодани уч кун меҳмон қилибди. Уч кундан кейин:
— Қайси бир парини хоҳласанг сенга берай, —дебди.
Шаҳзода:
— Хоҳласанг ўзингни сўрайман.
— Мен эр қилмайман, парилар подшоҳининг қизиман. Бу қизларга мен устоз. Мен эр қилсам мени ўлдиришади. Энди, кетсанг тахтга ўтқизиб, шаҳрингга етказиб қўяй, — дебди.
Шаҳзода:
— Ўзим келдим, ўзим кетаман, — дебди.
Маймун пари бир тола кокилидан кесиб берибди.
— Қачон бошингга мушкул иш тушса, шу сочнинг учини куйдирсанг, мен шу ерда ҳозир бўламан. Шаҳзода ундан:
— Менга мунча яхшилик қилиб олиб келишингнинг сабаби нима? — деб сўрабди.
Маймун пари:
— Сен келмасдан илгари қуръада кўрдим. Кун чиқар тарафда бир золим подшоҳ бор, фуқаросининг ейдиган овқатининг ярмисини олиб, бир туп олтин дарахт ясайди. Шу дарахт туфайли шаҳарни вайрон қилади. Подшоҳнинг уч ўғли бор, кичкина ўғли шу дарахтни деб отам шаҳарни бузса, эл-у халқ кўчада қолса, яхши бўлмайди. Шу дарахтга зиён етказувчи қушни олиб келаман, деб шу биёбонга келади.
Бир гўдак бола бечора халқ учун жонини фидо қилса, мен нечук тахтда фароғатда ўтирай, деб етти йилдан бери шу чинорнинг тагига ҳар куни етти марта келаман, — дебди.
Сўнгра шаҳзода маймун пари билан хайр-маъзур қилиб жўнабди. Неча вақт, неча замон йўл юриб, уч кўчанинг бошига етибди. “Акаларимдан хабар олай” деб “борса келар” йўлга юрибди. Шаҳарга кириб кўчама-кўча юриб, бир шўрвапазнинг дўконига кўзи тушибди. Катта акаси ўт ёқиб ўтирибди. У одамлар еб ташлаган суякни ғажиб кун ўтказар экан. Шаҳзода:
— Эй шўрвапаз, шу ўт ёқаётган боладан рўпарангиздаги мачитнинг ичига бир коса шўрва юборинг, — дебди. Шўрвапаз катта шаҳзоданинг юзига бир тарсаки уриб, қўлига шўрва бериб:
— Ўзингдан узоқроқ ушла, бошингдаги чанглар косага тушмасин, — дебди. У шўрвани олиб бориб мачитнинг супасига қўйибди.
Шаҳзода:
— Ўтириб ўзинг ич! — дебди.
— Мен ўтирсам устам уришади.
— Уришмайди, ич шўрвани! — деб шўрвани ичкизибди.
— Сен қаерликсан, асли зотинг ким?
— Мен шўрвапазнинг шогирдиман. Шу шаҳарнинг боласиман.
— Мендан яширма, мен сени танидим. Рост сўзласанг, ўз шаҳрингга олиб кетаман.
Шўрвапазнинг шогирди йиғлаб, бошидан ўтказган воқеаларни айтиб берибди.
— Укангни кўрсанг танийсанми?
— Танийман.
— Қандай биласан?
— Ёшлигимда дарёга от суғоргани борганимда, “Мен ҳам бораман”, деб отга ёпишди. От боланинг елкасига тепди. Отнинг тақаси чап елкасига тамға бўлиб қолган, — дебди.
— Нима учун укангни ўйнагани олиб бормадинг?
— Биз икки ўғил бир онадан, кичик ўғил бошқа онадан эди.
Ўгайлик қилиб олиб бормадим.
— Укангнинг тамғаси шунга ўхшайдими? — деб шаҳзода чап елкасини очиб кўрсатибди. Акаси укасининг оёғига ўзини ташлаб, зор-зор йиғлабди. Кичик шаҳзода уни бозорга олиб чиқиб, усти-бош ва яхши бир от олиб берибди.
Шаҳзода ўртанча акасини ахтариб, уни ҳам шундай аҳволда топибди.
Учови ўз мамлакатига жўнабди. Икки ака йўлда маслаҳат қилиб:
— Бу болани ўлдирсак, отамиз ҳузурига маликани, отни, Булбулигўёни олиб борсак яхши бўлади, — дейишиб, шаҳзодага қасд қилишибди.
Бир дарёнинг лабига борганда, малика шаҳзодани чақириб:
— Иккала акангнинг дили бузуқ, сени ўлдириб, мени олмоқчи. Бу кеча ўзингни бир панага торт, — дебди. Шаҳзода бир ухлаб туриб, ётган ерига эски замбилни келтириб қўйибди, ўзи бошқа жойга бориб ётибди. Икки акаси замбилни дарёга ташлабди ва “укамизни йўқотдик”, деб ўйлабдилар. Ҳар иккиси:
— Энди маликанинг олдига кирсак, бир базм ораста қилсак деб турганда, тонг ёришибди. Узоқдан бир шарпа келибди. Қараса, укаси дарёнинг нариги ёғида бетини ювиб ўтирган эмиш. Шаҳзода бу сирларни кўриб, икки акасига қилган яхшилиги учун пушаймон қилиб, дарёдан ўтибди. Икки ака маслаҳат қилиб, илгарироқ кетиб, бир қум тепага етибдилар. Улар ўткир қиличнинг дамини осмонга қаратиб, қумга кўмиб қўйибдилар. Ўзлари унинг ёнида белидан пастини кўмиб ётибдилар. Укаси бориб:
— Бу қумда ётишнинг маъноси нима? — деб сўрабди. Катта акаси:
— Бел оғриқ, оёқ оғриқ бўлмайди киши. Сен ҳам туш, сени ҳам кўмамиз. Оёқларинг яхши бўлади, — дебди.
— Эй ака, қум иссиқ экан-ку, — дебди. Акаси:
— Оёғингни қимиллатсанг қум совийди, — дебди.
У оёғини қимиллатибди, қилич иккала тиззасидан шартта кесиб кетибди. Шаҳзода қонига беланиб, қумда ётиб қолибди. Иккала ака қизни, отни, қушни олиб ўз мамлакатига жўнабди. Отаси қизни ўрдадаги қирқ канизакка қўшиб қўйибди. Отни отхонага қўйибди. Булбулигўёни қафас билан олтин чинорга осибди. Қуш ҳеч сайрамай, бошини қанотининг тагига олиб ётибди.
От келган одамни олдидан келса тишлаб, кетидан келса тепиб, ҳеч кимни олдига келтирмабди. Малика қирқ канизакларнинг ичида бошини кўтармай, олтин қутисидан чиқмай ётаверибди.
Энди сизга ёш берсин, бизга ҳаёт. Шаҳзодадан эшитинг.
Уч кеча-кундуздан кейин шаҳзода кўзини очибди. Ўз аҳволини кўриб ҳушидан кетиб, бир замондан кейин ҳушига келиб, маймун парининг берган тутатқиси ёдига тушиб, учини куйдирибди. Кўзини юмиб-очгунча тўрт бурчини тўрт пари кўтарган, тепасида маймун пари ўтирган олтин тахт пайдо бўлибди.
— Эй одамзод, сенга бу зулмни ким қилди? — деб шаҳзоданинг бошини тиззасига олибди ва маконига олиб кетибди. Маймун пари шаҳзодани олтин тахтга ўтқизиб, бир канизак парини ёнига қўйиб отасига хат ёзибди.
“Бу одамзод фарзандини Баҳрул ҳаёт сувига солиб, париларнинг қоидасида муолижа қилиб, қирқ кунда тузатиб тезлик билан юборасиз. Бу одамзод менга бир туғишган ини бўлиб қолган”, деб муҳрини босиб, тахтни париларга кўтартириб, Кўҳиқофга жўнатибди. Парилар Биллур тоғдан ўтиб, уни парилар подшосига топширибди. Шаҳзода қирқ кунда сиҳат топиб, илгариги ҳуснига неча баробар ҳусн қўшилиб, парилар юртидан қайтибди. Маймун пари: “Сени шу аҳволда отангга юбормайман. Қаландар суратида қишлаб олиб бораман. Маликани акангга бериб, тахтга чиқариб подшоҳ қилган бўлса, шаҳарга кирмай қайтмаймиз. Агар отанг ўз ўрнида турган бўлса, маликани сенга тўй қилиб, сени тахтга ўтказиб келаман”, — деб болани уч ой сақлабди. Уч ойда боланинг сочи ўсиб пешонасига тушибди. Тирноқлари ўсибди. Маймун пари шаҳзода билан тахтга ўтириб шаҳарнинг чеккасига келиб тушибди. Шаҳарнинг ташқарисида париларни қўйиб, шаҳзоданинг қўлидан ушлаб подшоҳнинг ўрдасига келибди.
Подшоҳ билан вазир сўзлашиб: “Олти ой бўлди, мен ғам лойига ботдим, бу қуш бирор марта сайрамайди. От бир марта кишнамайди. Малика бир луқма таом емайди”, деб турганда, подшоҳ ўрдасига кирган бир қаландар баччага кўзи тушибди. Подшоҳ уни кўриб қадди-қоматини, зулфи сиёҳини кичик ўғлига ўхшатиб:
— Эй қаландар бачча, кел бери! — деб чақирибди. Қаландар бачча кўрса, отасининг икки ёнида икки акаси ўтирибди. Билдики, бу акаларига ҳали амал теккани йўқ.
Тахтга қадам қўйибди. Шу он олтин чинордаги булбулигўё чунон сайрабдики, халқи олам мумдек эрибди. От отхонада туриб уч марта сайҳа тортиб, кишнабди. Малика қутидан ирғиб чиқиб, қўлига тилла созини олиб, қирқ канизакнинг ичида ўйин-кулги бошлабди.
Подшоҳ севиниб:
— Бу қаландарнинг пойқадами ёқди, — деб қаландарнинг бошидан бир лаган тилла сочибди. Қаландар бачча:
— Мен қаландар эмасман. Маликадан сўрасангиз ишонасиз ё ишонмайсиз. Қафасдаги булбулдан, охурдаги отдан сўранг, — дебди.
Подшоҳ:
— Эй ўғлим, оламда от билан қушнинг сўзлаганини қачон кўрдинг? — дебди. Ўша ҳамоно қуш тилга кириб, бўлган воқеаларни бошдан-оёқ сўзлаб берибди. Подшоҳ ўғлининг пешонасидан ўпибди.
У икки катта ўғлининг қўлини орқасига бойлаб, қўй қўшоқлагандек қўшоқ қилиб, кичик ўғлининг олдига қўйибди. “Сенга зулм қилувчи шу икки оғангни нима қилсанг ўзинг қил!” дебди, тахтига чиқариб, ўз тожини унга кийдирибди. Кенжа ўғил отасининг ўрнига подшоҳ бўлиб, халқни зулмдан қутқарибди. Қирқ кун юртга ош-нон бериб, маликага уйланибди.
Маймун пари парилар қоидасида тўйни ўтказиб, шаҳзодага:
— Қачон бошингга мушкул иш тушса, сочимни ўтга солсанг, ҳозир бўламан, — деб хайрлашибди.