Қадим ўтган замонда бир киши икки паррандага — булбул билан қарқуноққа сўз ўргатибди. Булбул битта сўз ўрганибди, қарқуноқ эса қирқта сўз ўрганибди. Кунлардан бир куни қарқуноқ билан булбул учрашиб қолишибди. Булбул қарқуноқдан сўрабди.
— Сўз ўргандингми?
— Ҳа, — дебди қарқуноқ. — Бир эмас, қирқта сўз ўргандим.
— Қани, ўрганган сўзларингни бир айтиб кўрчи, дебди булбул. Қарқуноқ қирқта сўзининг ҳаммасини бирма-бир санаб чиқибди.
— Сен ҳам сўз ўргангандирсан? — сўрабди қарқуноқ ўз навбатида булбулдан.
— Бўлмасам-чи, — деб жавоб берибди булбул. — Мен қирқ битта сўз биламан.
Булбул биттасини биладиган сўзи ёнига ҳозиргина қарқуноқдан ўрганиб олган қирқта сўзини қўшиб санаб берибди. Шундай қилиб булбул булбулигўё бўлиб боғ-роғларга кириб кетибди. Қарқуноқ бўлса, афсусланиб дашт-у саҳроларга чиқиб кетибди.