Қадим замонда бир лақма одам ўтган экан. Бир кун унга хотини бир хумча бериб: “Ботмон дахсар”, ёғ олиб келинг”, деб буюрибди. Лақма ботмон дахсар эсимдан чиқмасин, деб йўлда кета-кетгунча ”ботмон дахсар, ботмон дахсар” деб кета берибди. Далада хирмон қила-ётган бир киши лақманинг “ботмон дахсар, ботмон дахсар”, деб кетаётганини эшитиб:
— Нимага “ботмон дахсар” дейсан, шунча сепилган буғдойдан атиги ботмон дахсар буғдой олади, деб ўйлайсанми, нафасинг қурсин.
“Хирмонга барака” дегин, — деб лақмани тутиб ура берибди.
Лақма қўрққанидан “ботмон дахсар” деган гапни эсидан чиқариб қўйиб, “хирмонга барака”, “хирмонга барака” деб кетибди. Йўлда бит боқиб ўтирган бир хотинга учрабди. Хотин лақманинг “хирмонга барака” деб келаётганини эшитиб:
— Ўзим битимдан қутулолмаётибман-ку, нега сен ”хирмонга барака” дейсан? — деб лақманинг бошига косов билан туширибди.
Лақма:
— Нима дей ахир? — деб сўрабди.
Хотин:
— Баринг ўл, биринг қолма, де, — дебди. Лақма йўлда ”баринг ўл, биринг қолма”, “баринг ўл, биринг қолма” деб кетаётган экан, тобут кўтариб кетаётган кишиларга учраб қолибди. Улардан бири лақмани тутиб, ура бошлабди.
— Шу ҳафтада маҳалладан етти ўлик чиқди-ку, сен тағин “баринг ўл, биринг қолма” деб айтасанми, ундан кўра “бандалик-да” деб кетгин, — дебди.
Лақма бир қанча йўл юриб, бир тўй бўлаётган маҳаллага бориб қолибди. Ундан: ”бандалик-да” деб ўтиб кетаётса, бир киши келиб лақманинг ёқасидан тутибди:
— Бу маҳаллада катта тўй бўлаётибди-ку, сен нима учун бундай сўзни айтасан, ундан кўра “харала-тарала” деб айт, — дебди.
Лақма “харала-тарала” деб кета берибди. Бир тўқайзорга “харала-тарала” деб кирган экан, бир мерганнинг пойлаб турган қушини учириб юборибди. Мерган лақмани сўкиб:
— Юрганда оёғингни судраб бос, секин юр, — дебди. Лақма ҳам мерганнинг айтганидек оёғини судраб кетаётган экан, йўлда бир бўзчининг тандасига оёғи илиниб, уни судраб кетибди. Бўзчининг жиғибийрони чиқиб:
— Юрсанг сакраб-сакраб юр, — деб лақмани уришибди. Чол бир кўприкка келиб бир сакрабди. Кўприк тақир-туқур этиб кетибди. Лақма “сувга биров тушиб кетди шекилли” деб, ариққа тушиб қидира берибди. Йўлда кетаётган бир йўловчи сувдан нарса қидираётган лақмага ҳайрон бўлиб:
—Ҳой биродар, сувга ниманг тушиб кетди? — деб сўрабди.
Лақма:
— Жуда қимматбаҳо нарсам тушиб кетди. Қидиришвор, — дебди, йўловчи ҳам қидириб-қидириб ҳеч нарса тополмай сувдан чиқибди. Йўловчи оёғига қараб:
— Вой-бўй оёғимга ботмон дахсар лой илашиб чиқибди-ку, — деб кулибди. Лақма сувдан сакраб чиқибди, ёғ эсига тушиб “ботмон дахсар”, “ботмон дахсар” деб кета берибди. Йўловчи лақманинг орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолибди.