Ботир эчки

Ўтган замонда бир фақир эр-хотин бўлар экан. Уларнинг бисотида фақатгина битта эчкиси бор экан. Эчкисига ҳар куни бир сиқим қуруқ хашакни бериб, елинларига муштлаб кунига бир коса сут соғиб олишар экан. Уларнинг кунлик овқати шу бир коса сут билан ўтар экан. Лекин бечора эчкига ҳар ҳафтада бир кун дам беришар экан. Эчки шу дам оладиган куни бўшалиб бориб, эркин тирикчилик қилар экан.
Эчки эрта баҳорда, қишлоққа яқин бир ўрмонзорда ўтлаб юраркан, ногаҳон унга бир совлуқ қўй келиб салом берибди. Эчки бундай қараса, шу шўринг қурғур совлуқ бечоранинг ҳоли хароб, бағри кабоб кўринибди. Ориқ, териси бориб суягига ёпишиб, ҳар қовурғаси «мана мен», деб саналиб турибди. Эчки совлуқнинг саломига алик олиб, унга айтибди:
— Кўзинг ўзини ерга солиб, юзингга боққани уялиб,  пўстингда унда-муда бир тук, у ҳам бўлса, ўзингга оғир юк, — дебди. Эчкидан бу гапни эшитиб, совлуқ изза бўлиб, унинг юзига қараб:
— Ўртоқ эчки, сен олдин ўзингга боқ, сўнгра ўзгага боқ. «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган гапни эшитганинг йўқми, иштони йўқ, тиззаси йиртиққа кулмай қўя қолсин. Бу айтган байтинг ўзингга мос келади, — дебди.
Шундан кейин булар бир-бирлари билан таниш-билиш бўлиб, гаплашиб кетибдилар. Ҳар иккалалари ўзларининг бошларидан ўтганларини айтишибдилар. Эчки:
— Менинг хўжайиним бор. Хўжайинимнинг мендан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, ейдиган овқати ҳам йўқ, фақат эр-хотин менга зўрға бир тутам қуруқ хашак топиб бериб, елинимга муштлаб уриб, болам учун тайёрлаган бир коса сутимни соғиб олиб, овқат қилишади. Ҳафтасига зўрға бир кун эркинликка чиқаради. Фақат жума куни эркин юриб ўйнайман, юрагимнинг чигилини анча ёзиб кетаман, — дебди.
Эчкидан кейин совлуқ қўй ҳам бошидан ўтганларини гапирибди. Унинг турмуши ҳам эчкининг турмушига ўхшаш экан. Уни ҳам фақат жума куни бошвоғини олиб, дам бериб қўйиб юборар эканлар. Шунда булар хўжайинларининг жабр-зулмларидан қутулиш йўлини ахтарибдилар. Ахири булар бир жойга қочиб кетишга маслаҳат қилишибди.
— Энди қаерга қочамиз? —  дебди совлуқ.
Эчки бутун атрофга қараб олиб:
— Менинг отам: «Ҳу, ўша кўринган тоғ жуда ҳам ўтлоқ жой, сувлари яхши, ҳавоси ундан ҳам яхши, болам, бир илож қилиб ўша жойга етиб борсак, умрбод роҳатда ўтардик, бу ерда кўрган азобларимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетарди», дегувчи эди. Лекин отам раҳматли у ерга етолмай, бизни ҳам еткизолмай, оламдан ўтиб кетди. Отам менга: «Агар менинг болам бўлсанг, ўша жойларга барсанг, кенг яйловларда мен учун ҳам у ёқ-бу ёққа югуриб, менинг арвоҳимни шод қилиб қўясан», деб васият қилиб кетган эди. Энди шу жойга борсак, кўп яхши бўлади, — дебди.
Бу гап совлуққа кўп маъқул келибди. Иккаласи ҳайё-ҳу, деб ўша кўринган тоққа қараб жўнашибди.
Булар йўлда кетаётганда, узоқдан бир нарсага кўзлари тушибди. «Бу қандай нарса экан», деб туришганда, у нарса бир ҳўкиз бўб чиқибди. Ҳўкизнинг тинкаси қуриган, секин-секин қадам босиб кетаётган экан. Эчки билан совлуқ бу ёқдан етиб бориб қарашса, бир қўнғир ҳўкиз шохи худди бир қулоч келади. Жуда ҳам ориқлаб кетган. Кўзлари шокосадай, шафақ босган, бўйни қинғир толдай ерга эгилган, чўққиси қирдай ирғиб чиққан, гапиришга ҳам мадори қолмабди. Эчки салом берган экан, бечора ҳўкиз бошини бир ликанглатиб, аранг алик олибди. Гапиргани мажоли ҳам қолмабди. Ҳўкиз булардан «ҳа болалар, йўл бўлсин?» деб сўрабди. Эчки:
— Улуғимиз сиздан бўлсин? —  дебди.
— Ҳе болалар, ҳафта ишладик, эртага шанба бўлса, букун бир ҳордиқ чиқариб, сал тикланиб олай деб келяпман, — дебди. Ундан кейин эчки билан совлуқ ҳам бошларидан ўтказганларини айтиб, ахирида хўжайинлари билан хайр-маъзурни насия қилиб, тоққа қараб кетаётганликларини айтишибди. Шунда ҳўкиз туриб айтибди:
— Дунёнинг ғам-ғашидан жуда чиқдим. Саҳардан то намозшомгача ишлайсан, анча-анча ерни ҳайдайсан, кеч кириб жуда дармонингдан кетганингда қўшдан чиқаради, ўлганинг устига кўмган дегандай, кетишда қуруқ кетмасин бир арава чўп-чўмакни ҳам юклаб кетишади. Уйга борсанг тузук-қуруқ овқат йўқ. Энди баданда жир тугади. Қувват кетди. Бу жабр-зулмлардан қанақа қилсам қутулар эканман, деб кўп вақтлардан бери ўйланардим. Яхши бўпти. Сизлар шу маслаҳатни топибсизлар. Энди мен ҳам сизлар билан кетаман, — дебди. Улар: «хўп, бўпти», — дейишибди.
Шундай қилиб, булар учаласи тоққа қараб жўнашибди.
Булар йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, мўл юрса ҳам кўл юриб, ахири бир кун тоққа етишибди. Токқа боришса, бу тоғ эчки айтгандай, жуда ҳам обод экан. Истаган овқат топиларкан. Ҳавоси жуда баланд, сувлари тиниқ. Булар бориши билан яхшилаб қоринни тўқлаб, адирликдаги катта чинорнинг тагида макон қуриб ёта беришибди. Шу куни кечаси оёқларини узатиб ухлашибди. Саҳарга борганда эчки уйқусида босинқирабди. Унинг тушига хўжайинлари кириб: «Сен қаёққа йўқолдинг, сендан неча кунлик сутни соғиб оламан», деб уни тушовлаб, соға бошлабдилар. Бир коса сут чиққандан кейин, сут чиқмай қолибди. Шунда хўжайини: «Сен қолган сутларни нима қилдинг», деб қўлига катта сўйилни олиб ҳадеб ургани турибди. Шунда эчки овозининг борича «дод» деб қичқирибди. Бунинг овозини совлуқ билан ҳўкиз эшитиб, бунга нима бўлди, деб уйғотишибди. Эчки уйғониб дарров ичига тупуриб:
— Худога шукур-эй, тушим экан! Тушимда ҳадеб хўжайиним уряпти, — дебди.
Ҳўкиз айтибди.
— Бу тушинг бўлмай, нима бўлади, энди хўжайининг хам йўқ. Хўжайиннинг катта сўйили ҳам ўзи билан бирга қолди, — дебди. Шундай қилиб булар бу ерда жуда яйраб қолишибди. Кундагидай саҳар уйғотиш, бўйнига арқон солиш йўқ. Овқат сероб, тергайдиган одам йўқ. Булар тез кунда жуда ҳам тозариб, семириб кетишибди. Ҳўкиз жуда ҳам семирибди. Унинг савлатини кўрганда ҳар қандай ёввойи ҳайвонлар ҳам қочадиган бўлибди.
Бир куни ҳўкиз шерикларига айтибди:
— Мен ҳар куни ичкарида ётиб, иссиқлаб қолаётибман, бу кун чинорнинг тагида ётаман, — дебди.
Шу куни эчки билан совлуқ ичкарида ётишибди. Хўкиз ташқарида ётибди.
Шу куни қаттиқ совуқ бўлиб ҳўкиз ётган ерида шамдай қотиб қолибди. Эрта билан ўртоқлари чиқиб, ҳўкизни чақирса ҳеч товуш бермабди. Нима бўлди экан, деб бориб қарашса, совуқдан шодиянгқоқи бўлиб, музлаб қолибди. «Энди нима қиламиз» дейишибди. Ахири буни ўтга қизитмасак бўлмайди деб, эчки дарров чинорнинг устига чиқиб у ёқ-бу ёққа қарабди. Қараса яқин бир пастликдаги ўнгурдан тутун чиқиб турибди. Чинордан дарров тушибди, тушиб совлуқ иккаласи ҳўкизни аранг суяшиб тутун чиққан тарафга бошлашибди. Йўлда кетаётса, бир жойда бир йўлбарс, бир бўри, яна бир тулкининг териси ётибди. Эчки териларни олиб ҳўкизнинг устига ёпибди. Яна жўнашибди. Булар тутун чиққан ерга бориб қарашса, бу жой бутун ваҳший ҳайвонлар ўтирадиган жой экан. Булар шу ерда тўпланиб олиб, гап ейишар экан. Совлуқ билан ҳўкиз қўрқиб орқаларига қайтмоқчи бўлибдилар. Эчки уларни тўхтатиб ҳўкизнинг устидаги бояги йўлдан топган териларини олиб, унгурнинг оғзига ташлаб, ичкарига салом бериб кирибди. Ҳўкиз билан совлуқ ҳам кирибди. Киришса ичкарида бўри, арслон, тулки, қоплон ва шердан тортиб ҳамма ваҳший ҳайвонлар бор. Йўлбарс подшоҳ ҳам тахтда ўтирибди. Шу куни тулки гап берадиган экан. Тулкини ўртага олиб жуда ҳам сиқиб: «Нимага бу кун овқат топиб келмадинг?» деб туришган экан. Тулки: «Ҳамма жойни қидириб келдим, сира ҳам овқат учрамади, худо ўзи етказмаса, бандаси нима қилади», деб турган экан. Шунда бирдан булар киришиб қолишибди. Буларни кириши билан тулки жуда хурсанд бўлиб кетиб, бир байтни айтибди.
Тулкининг байтини эшитиб, эчки ҳам чўнқайиб, подшоҳга қараб байт айтибди.

Наманган шаҳрида қассоб эдим, дўстлар,
Олтмиш йўлбарс, олтмиш бўри, олтмиш тулки
Сўйишга қўл қўйган пудратчи эдим.
Худойимдан ўргилай энди келдим конига.
Ишонмасанг чиқиб қара, энди бўлди биттадан, —

дебди.
Шундан кейин, ундаги ваҳший ҳайвонлар бирин-кетин чиқиб қараб бояги териларни кўриб ичкарига қайтиб кирмасдан, шундан нари кетаверибдилар. Ахири йўлбарс подшоҳ ўзи якка қолиб, қўрққанидан у ҳам чиқиб кетаётган экан, ҳўкиз югуриб йўлбарснинг қорнидан сузиб бориб, жарга тақаб туриб қолибди. Буни кўриб эчки билан совлуқ ҳам ҳуришга кирибди. Улар ҳам бориб тисарилиб туриб, олдинга қараб югуриб, йўлбарсни суза бошлабди. Йўлбарс қараса, булар ўлдириб қўяди. Ахири ялингани турибди. Йўлбарс айтибди:
— Жон акалар, энди бундан буёқ сизга ҳеч даъвогарлик қилмайман, сизлар турган жойга бирорта ҳайвоннинг қадамини бостирмайман. Мени қўйиб юборинглар, — дебди.
Улар йўлбарс подшоҳдан ваъдани олиб, уриб-суриб ҳайдабдилар. Ваҳший ҳайвонлар кетгандан кейин булар бу жойдаги ўлжаларни олиб, ҳўкизга юклашиб жойларига қараб кетибдилар.
Бояги ваҳший ҳайвонлар улардан қочиб бориб, бир ерга тўпланишибди. Улар: «Шу учта гўштдан қочдикми?» деб, қочганларига пушаймон қилиб, яна уларни қувиб бормоқчи бўлиб жўнабдилар. Эчки уларнинг келаётганини билибди. Эчки дарров қўй билан ҳўкизнинг олдига келиб, уларни чинорга юборибди. Ўзи бир баландликка чиқиб турибди. Эчки қўй билан ҳўкизга агар ҳалиги ваҳший ҳайвонлар бизни излаб тополмай, шу ерда ўтириб қолишса, қаттиқ овоз қилиб чинордан ўзларингни ташланглар, деб гап ўргатган экан. Бояги ваҳший ҳайвонлар излаб келиб қолибди. Улар чинорнинг тагига келганда тулкига ялинибдилар:
— Ана биз уларни тополмадик. Сен ромчи эдинг, бир ром қараб қўйгин, улар қайда экан? —  дейишибди.
Тулки ҳам чўнқайиб ўтириб ром қараб кетибди. Тулки ром қараб, ҳамма ҳайвонлар унинг оғзига тикилиб ўтирган экан, бирдан юқоридан аллақандай бир овоз чиқиб, бир нарсалар тушиб келиб қолибди. Улар бояги ҳўкиз билан қўй экан. Шу ҳолда бирдан нариги ёқдан:
— Ромчисини ушла, ромчисини ушла, — деб овоз келиб қолибди.
Бу аҳволдан қўрқиб ваҳший ҳайвонлар орқа-олдига қарамасдан қочиб кетишибди. Бундан кейин улар бу жойларга бутунлай келмайдиган бўлиб кетибдилар. Шу билан ҳўкиз, эчки, қўйлар бу жойда умрбод яшаб қолишибди.