Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир кампир бўлган экан. Унинг саккизта эчкиси бор экан. Кампир ҳар куни ухлагани ухлаган экан. Эчкилари қурт-қурт ўт-ўлан чайнагани чайнаган экан.
Кунлардан бир куни кампирнинг эчкисига бир очкўз бўри илашиб қолибди. Бир куни бўри келса, кампир ухлаб ётган экан. Эчкиларининг ҳеч нимадан хабари йўқ, ўт еб ётган экан. Шунда бўри остонанинг тагига бориб:
— Кампир пиш-пиш ухлайди,
Эчки қурт-қурт ковшайди, —
деб қўшиқ айтибди. У эчкилардан биттасини еб кетибди. Кампир кўрса, эчкисининг биттаси йўқ. У бўрини қарғаб-қарғаб, яна ётибди. Бўри яна келиб иккинчи эчкини еб кетибди. Шундай қилиб, бўри кампирнинг саккизта эчкисини еб қўйибди. Энди кампирнинг ўзи қолибди. Кампир ухлаб ётса, яна бўри келиб, кампирни емоқчи бўлиб, остонадан кирган экан, кампир бир йўталибди. Бўрининг ўтакаси ёрилиб ўлибди. Қорнидан кампирнинг саккизта эчкилари тирик чиқибди. Кампир суюниб, уларни яна боқа бошлабди.