Бўри билан эчки

Бир куни эчки подадан ажралган экан, олдидан оч бўри чиқиб қолибди.
— Сени ейман! — дебди бўри.
— Мени-я? — дебди эчки.
— Ҳа, сени.
— Раҳм қил.
— Мен жуда очман. Раҳм қилмайман. Сени бир ямлаб ютаман.
Эчки:
— Жуда оч бўлсанг майли, ея қол. Сенга раҳмим келди, — дебди.
— Яхши эчки экансан, — дебди бўри.
— Яна бир яхшилик қилай: сен қийналиб ўтирма, оғзингни очиб тур, мен шундайгина оғзингга кираман-қўяман.
Бу гап бўрига маъқул тушибди. У оғзини очиб турибди.
Эчки нима қилибди денг!
У тисланиб узоқдан чопиб келибди-да, кучининг борича бўрининг оғзига сузибди. Бўри шу заҳотиёқ ҳушидан кетибди.
Бўри ҳушига келиб қараса, жағи йиртилган, ҳаммаёғи тирналган, аъзойи бадани қақшаб оғрир экан. Эчкидан эса ном-нишон йўқ эмиш.