Бир бор экан, бир йўқ экан, бир балиқчи бобо бор экан. Бобо қишда дарёга балиқ тутишга борган экан. У қайтиб келаётганда йўлда ўлгандай ётган бир думи калта шоқолни кўриб, кўтариб аравага солибди. Бобо шоқолга бир-икки маротаба қарабди, шунда ҳам шоқол ўлгандай бўлиб ётган эмиш. Сўнг унга қарамабди.
Шоқол кўзини очиб, иккитадан, учтадан балиқни ерга ташлай бошлабди. У аравадаги бор балиқни ерга ташлаб бўлибди. Бобо билмабди. Шоқол тушиб, ҳамма балиқни йиғиб, тўқайга олиб борибди. У ҳамма шоқолларни йиғибди. Шоқоллар келиб: Шоқол жўра, сенинг ҳолинг қалай? — дейишибди. Шоқол: Менинг ҳолим яхши. Мен балиқ тутиб юрибман, — дебди. — Балиқ егингиз келса, дарёга боринг-да, қуйруғингизни музга босиб ўтиринг. Қачон қуйруғингиз жимирласа, туриб, балиқни оғзингиз билан тутиб олиб, майдонга чиқаринг, — дебди. Булар дарёга бориб қуйруқларини музга босиб ўтирипти. Шоқолларнинг қуйруғи музга ёпишиб қолибди. Уларнинг ёнига бир чўпоннинг ити келиб қолиб қўрқитибди. Улар итдан қочаман, деб ҳаракат қилишибди. Бироқ қуйруқлари муздан олинмай, узилиб қолибди. Шундай қилиб, шоқолларнинг ҳаммаси думи калта бўлиб қолибди.
Балиқчи бобо балиқдан ҳам, шоқолдан ҳам айрилиб қолаверибди.