Бир бор экан, бир йўқ экан, бир қишлоқда эр-хотин яшар экан. Хотини ақлли, тадбиркор, эри бўлса аҳмоқроқ, бўшанг экан. Бечора хотини саҳардан то шом қоронғусигача ишлар экан, эри бўлса лақиллаб юрар экан.
Бир куни хотини эрига:
— Бирорта иш билан шуғуллансангиз яхши бўларди, — дебди.
— Бирор иш қилсам, қиларман-да, дунёда ишдан кўпи борми? — дебди эри.
— Унда балиқ сота қолинг. Мен дарёдан балиқ тутиб келаман, сиз эса уларни сотиб келаверасиз, — дебди хотини.
— Балиқни ким ҳам сотиб оларди? Ҳамма ўзи тутиб олаверади-да, — дебди эри норози бўлиб.
— Дарё, кўл йўқ ерга олиб бориб сотасиз-да, — дебди хотини.
Аҳмад рози бўлибди. Хотини тутиб келган балиқларни сотиш учун дарё йўқ жойни қидириб йўлга тушибди. Юриб-юриб бир қишлоққа етиб борибди. У ернинг одамларидан сўраса, “бизда катта дарё бор” деб жавоб беришибди. Кейин бошқа бир қишлоққа етиб борибди. У ердан ҳам шундай жавобни олибди. “Ишим ўнгидан келмаяпти-да”, деб хафа бўлибди. Шунда ўтиб кетаётган бир одамдан:
— Билмайсизми, дарё йўқ жой қаерда бор? — деб сўрабди.
— Шу босган йўлингиздан яна икки баробар кўп йўл юрсангиз, етиб борасиз, у ерда сув йўқ, — деб жавоб берибди йўловчи.
Аҳмад ўша ерга ҳам етиб борибди. Ҳақиқатан ҳам у ерда дарё йўқ экан. Атроф тоғлар билан ўралган экан. Аҳмад:
— Ким балиқ сотиб олади? — деб бақириб юраверибди. У ерда ҳеч ким яшамас экан. Аҳмад хафа бўлиб, иши юришмай уйига қайтиб келибди ва хотинига бўлган воқеани айтиб берибди.
— Одамлар бор жойда сотиш керак-да, балиқни, — дебди хотини.
Эртасига яна икки сават балиқни кўтариб, йўлга тушибди. Аҳмад у кўчадан бу кўчага югуриб ҳеч қаерда тўхтамабди. Унга атрофда одам камдек туюлаверибди. Ниҳоят, тор бир кўчага кириб қолибди. У ерда бир тўда одамлар тўпланиб турган экан. Битта уйни ўт олган экан, одамлар ўшани ўчиргани йиғилишган экан. Аҳмад ўша ерга бориб “ким балиқ олади?” деб қичқираверибди. Одамлар кўплигидан севиниб кетиб, уларнинг ичига кириб кетибди. Одамларнинг аччиги келибди.
Биттаси Аҳмаднинг белборидан ушлаб бир тепибди, бечора у ердан қандай қилиб учиб кетганини билмай қолибди. Аҳмад бечора уйига келиб, хотинига дўқ қилиб:
— Одамлар ўртасида балиқ сотишни сен менга ўргатган эдинг, сенинг гапингга кириб калтак едим, — деб бақирибди. Шунда хотини:
— Ким ахир ўт ўчираётганлар орасига кириб балиқ сотади. Ундан кўра ўт ўчираётганларга ёрдам берсангиз бўлмасмиди? — дебди.
Эрталаб Аҳмад яна балиқ сотгани кетибди. Аҳмад темирчиларнинг ёнидан ўтиб кетаётса, даранг-дурунг овоз эшитилибди. Қараса, ўт ёнаётган эмиш. Бир челак сувни олиб, ёнаётган ўтга қараб сепиб юборибдй. Бир вақт темирчилар Аҳмадни савалай кетишибди.
— Сен нега бизнинг ўтни ўчирдинг? — деб роса уришибди. Аҳмаднинг балиқлари ерга тўкилиб кетибди. Аҳмад балиқларидан ажралиб, кўйлаклари йиртиқ ҳолда уйига қайтибди, юзига ҳам қараб бўлмас экан.
— Тағин нималар бўлди? — дебди хотини жаҳл билан.
Аҳмад бўлган воқеани хотинига айтиб берибди:
— Темирчининг дўкони ёнидан ўтиб кетаётсам, биров бир нарсани иккинчисига ҳадеб ураётибди. Кириб қарасам, олов экан. Дарров бир пақир сувни олиб сепиб уни ўчирдим. Яхшилигимни билмайдиган темирчи мени шундай аҳволга солди.
— Темирчининг оловини ўчириш керак эмас эди. Бунинг ўрнига сиз темирчига ёрдам берсангиз, сизга “раҳмат” айтарди, — дебди хотини.
— Аттанг, яхшилик қиламан деб аксини қилиб қўйибман-да. Бундан кейин энди шундай қиламан, — дебди Аҳмад.
Бир неча кундан кейин Аҳмад яна балиқ сотгани чиқиб кетибди. Туш пайтида қандайдир бир шаҳарга кириб келибди. Бир катта бино ёнидан ўтиб кетаётса, қий-чув овозлари эшитилиб қолибди. Бу ерда томоша бўлаётган экан. Аҳмад югурганича ичкарига кирибди. Қараса, одамлар бир-бирлари билан дўппослашиб уришаётган эканлар. Шу вақтда хотинининг гаплари ёдига тушиб, уларга ёрдам бермоқчи бўлибди. Аҳмад саҳнага чиқиб, артистларни ура кетибди. Томошабинлар, “бу аҳмоқ, артистларни майиб қилиб қўймаса эди” деб, уни саҳнадан пастга олиб тушиб савалашибди. Ҳамма жойи шилиниб, яра бўлиб кетибди.
Уйига келгач, бўлган воқеани хотинига айтиб берибди. Шунда хотини:
— Артистларнинг томошаларига нега аралашасиз? Энди сиз биронта одам уришаётган бўлсагина, уларни ажратиб қўйинг. Кейин улар сизга “раҳмат” айтишади, — дебди.
Аҳмад икки сават балиқни олиб яна йўлга чиқибди. Йўлда иккита молнинг бир-бири билан сузишаётганини кўриб қолибди. У молларни ажратмоқчи бўлибди:
— Ярашинглар, уришманг. Менга эса “раҳмат” айтинглар, — дебди.
Моллар эса бечора Аҳмадни роса сузибдилар. Икки томондан урибдилар. У ўлар ҳолатда зўрға уйига етиб келибди ва овози борича “вой-дод” деб бақирибди. “Аҳмадга нима бўлди?” деб қишлоқдагилар югуриб келишибди. Аҳмад уларга уришаётган молларни яраштирмоқчи бўлганини айтиб берибди, йиғилганлар роса кулишибди.
Шунда кекса бир чол шундай дебди:
— Ақлли одам чўлда сув топади. Аҳмоқ эса дарёни ўртасида сувсизликдан ўлади.
Ўшандан бери Аҳмад ўзининг қишлоғидан ҳеч қаерга чиқмас экан.